Суперлига. Мураббийлар ўзгариши қайси жамоага фойда келтирди? (таҳлил)
05 дек 2023 18:02
Новости
Суперлига. Мураббийлар ўзгариши қайси жамоага фойда келтирди? (таҳлил)
Одатда давралар оралиғида, мавсум ўртасида бунга қўл уриларди. Лекин натижалар салбий кўриниш беравергач, клубларнинг сабри 3-4 турдан сўнг тугади, ортиқ кутишмади.
"Сўғдиёна". Ёрқин Назаров > Иван Бошкович
2022 йил Бакаев билан еттинчи ўринни эгаллаган ва совриндорлар қаторидан четда қолган "Сўғдиёна" янги мавсумда Ёрқин Назаровга ишонч билдирди. Аввал камтарин жамоаларида фаолият олиб борган тажрибали мутахассис учун катта клубдан янги чорлов эди.
Дастлабки турда "Бунёдкор"га кичик ҳисобда имконият бой берилди. 2-турда "Олимпик" жамоасига қарши ўтган учрашув 2-2 ҳисобда якунланди. 3-турда Фарғонанинг "Нефтчи" жамоаси қабул қилиниб, 0-2 ҳисобда имконият бой берилди. Сўнгги 4-турни сафарда "Навбаҳор"га қарши ўтказган "бўрилар" йирик ҳисобда мағлуб бўлди (0:3). Бу пайтда жиззахликлар 3 та мағлубият ҳамда 1 маротаба дуранг натижа қайд этиб, турнир жадвалининг сўнгги поғонасида кетаётганди. Янги мураббий номзодлари орасида Улуғбек Бакаевни ортга қайтариш варианти фаворит бўлиб турган паллада, клуб Иван Бошкович танловида тўхтади. Черногориялик мураббий билан "Сўғдиёна" 22 та учрашувда 26 очко тўплади ва мавсумни 11-ўринда якунлади. Бошкович бошчилигидаги жамоанинг иштироки барқарор бўлгани йўқ. Иккинчи даврада 13 та учрашувда 3 та ўйинда ғалаба қозонди, кетма-кет 6 та ўйинда ғалабасиз серия қайд этди. Лекин бу ерда жамоани Суперлигада олиб қолгани амалга оширган асосий иши бўлди, дея оламиз.
"Бухоро". Ҳаким Фузайлов > Улуғбек Бакаев
"Бухоро" 4-турдан сўнг Фузайловга чиқиш эшикларини кўрсатди. Тожикистонлик мутахассис 4 та ўйинда 3 очко билан 11-ўринда кетаётганди. Бакаев вазиятни ўнглаши кутилганди-ю, ўзи йиғмаган ва услубига мос келмаган футболчилар билан нимадир кўрсатиши қийин эди. Иккинчи даврада ҳам айтарли йирик трансферларга қўл ургани йўқ. Норхоновнинг қайтиши ҳужумдаги муаммоларга барҳам бериши керак эди. Аммо бу бокс эмаски биргина футболчи натижа келтириб берса. Улуғбек Бакаев билан "Бухоро" 22 та ўйинда 11 очко ишлади ва 14-ўрин билан Про лигага равона бўлди. Мураббий ўзгариши "Бухоро"га ҳеч нарса тақдим қилгани йўқ.
"Металлург". Луисма Эрнандес > Веско Стешевич
Бекобод жамоасида мавсум давомида мураббийларнинг ўзгаришига ҳар доим ҳам гувоҳ бўлавермаймиз, чунки клуб Суперлигада ўрта ўринларда барқарор иштирок этиб келади. "Металлург" 3-турдан сўнг испаниялик Луисма Эрнандес билан ҳамкорликни бекор қилди. Бунда натижаларни сабаб сифатида келтириш қийин, чунки жамоа 3 очко билан 12-ўринда кетаётган, ҳеч нарса йўқотилмаганди.
"Мураббий билан хайрлашиш учта турдаги натижаларга боғлиқ эмас. "Пахтакор" билан ўйинга тайёргарлик жараёнида, дам олиш куни белгиланди. Эртаси куни Луисма томонидан оилавий сабабларга кўра шартномани бекор қилиш ҳақида мурожаат бўлди. Раҳбарият билан ўрганиб чиққан ҳолда дўстона хайрлашув келишилди",- деганди "Металлург" бош директори Шавкат Саидов.
Веско Стешевич қўл остида жамоа 23 та учрашувда 27 очко жамғарди ва мавсумни 10-ўринда якунлади. Умумий олиб қаралганда, Стешевич келгач жамоанинг ўйини, футболчиларнинг ҳаракатида ижобий ўзгариш кўзга ташланди. Забиҳилло Ўринбоевнинг янгги қирралари очилди ва энг яхши мавсумини ўтказди. Клуб эса черногориялик мутахассис билан шартномани 2026 йилга қадар узайтиришга қарор қилди.
"Турон". Бахтиёр Ашурматов > Денис Бушуев > Ёрқин Назаров
Ўзбек клублари орасида энг кўп мураббий алмаштирадиган жамоа "Турон" ҳисобланади. Яйпанда 2021 йилдан буён 8 нафар мураббий фаолият олиб борди. Ҳар мавсум камида 2 та ўзгариш амалга ошди. Бу нарса жорий йилда ҳам давом этди. Бахтиёр Ашурматов билан мавсумни бошлаган "тулпорлар" 5-турдан сўнг 2 очко билан 13-ўринда кетаётганди. "Нефтчи" билан ўйиндан сўнг клуб россиялик Денис Бушуевни таклиф қилди. Нимадир ўзгардими? Афсуски, ҳеч нарса. Суперлигада ғалабасиз юриш давом этди ва иккинчи даврада "Турон" мавсумдаги учинчи мураббийга юзланди. Ёрқин Назаров ёш футболчилар билан иккинчи даврани жуда яхши бошлади. Сафарда "Бухоро", уйда "Насаф" таслим этилди. Аммо клубда борган сари ташкилотчилик, молиявий муаммолар кўпая бошлаган пайтда, кучсиз таркиб билан кучлилар орасида олиб қолиш имконсиз эди. Натижаларга қарайдиган бўлсак, Ёрқин Назаров аввалги икки ҳамкасбига нисбатан натижа борасида яхши натижа кўрсатди ва 10 очко жамғарди, лекин бу лигада қолиш учун етарли бўлгани йўқ.
2023 йилда умуман мағлуб бўлмаган мураббий борлигини биласизми? "Турон" мураббийи Миржалол Жўраев 6-турда "Нефтчи" билан ўйинда (1:1) ва 13-турда "Қизилқум"(0:0) билан баҳсда жамоани бош мураббий сифатида майдонга олиб тушди ва бу ўйинларда яйпанликлар 2 очко қўлга киритди.
"Қизилқум". Асрор Алиқулов > Тачмурод Агамуродов > Жамшид Саидов
Бу йил бошида Навоийда таркиб ҳам, мураббийлар штаби ҳам бутунлай янгиланди. Аввалгидек кучли футболчилар йўқ, Суперлигада ҳали мураббий сифатида тобланмаган Асрор Алиқулов маҳаллий футболчилар билан натижа кўрсатиши талаб қилинарди. Алиқуловга 8 та ўйинда имконият берилди ва бу вақт ичида жамоа 1 ғалаба, 2 дуранг билан 13-ўринда бораётганди. Клуб раҳбарияти Алиқуловнинг штабига Агамуродов, Чирица, Саидовни жалб қилди. Саидов бошчилигида "олтин изловчилар" 19 очко йиғди ва 12-ўрин билан ўтиш ўйинига қолди. "Қизилқум"ни Суперлигада олиб қолиш миссиясини Жамшид Саидов бажарди ва ўтиш ўйинида "Қўқон-1912"ни енгди.
"Бунёдкор". Мурод Отажонов > Александр Крестинин
Ўзбек футболида аллақачон бренд клуб мақомини олиб бўлган, вақтида халқаро майдонда барчани ўзига қаратган "Бунёдкор"да сўнгги икки йилда ҳам мураббий, ҳам раҳбариятда кўп ўзгаришлар амалга ошди. Эътибор қаратадиган бўлсак, бу даврда 5 нафар мураббий, 4 нафар раҳбар фаолият олиб борди. Натижаларда эса тафовут сезилмаяпти, бир хил 8-ўрин. 2023 йилни "қалдирғочлар" Мурод Отажонов бошчилигида кутилганидан яхши бошлади ва 6 та турда мағлубиятга учрамади (4 та ғалаба, 2 та дуранг). 7-турдан бошлаб 8 та учрашувда ғалабасиз серия қайд этди ва турнир жадвалида 16 очко билан 8-ўринга тушиб кетди. Иккинчи давра олдидан раҳбариятдаги ўзгариш мураббийлар штабига ҳам кўчди ва Қирғиз Республикаси терма жамоасида танилган россиялик Александр Крестинин постга келди. Крестинин қўл остида "қалдирғочлар" 13 та учрашувда 6 ғалаба, 4 мағлубият, 3 дуранг қайд этди ва 21 очко жамғарди. Юқори бешликдаги жамоалардан фақат "Навбаҳор"га мағлуб бўлди, "Насаф", "Нефтчи", "Пахтакор" таслим этилди. Бундай кўрсаткичларга қарамасдан, "Бунёдкор" мавсумни 8-ўринда якунига етказди.
Комментарии