RU

Последние новости

11:31Гвардиола: "Кейинги мавсум Чемпионлар Лигасида иштирок этмаслигимиз мумкин"  1 10:53"Машъал" Суперлигага қайтибгина қолмай, чемпионлик учун кураш олиб боришга тайёр!"  13 10:51«Сурхон» яна икки нафар футболчиси билан шартномани узайтирди  0 10:22«Нефтчи»ни яна бир легионер тарк этди  0 09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  7 08:42ЎФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  4 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  1 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  3

Соқолли важоҳат ва табассум Новости

Соқолли важоҳат ва табассум

Арон Гуннарссоннинг намунавий сардор эканлигига далиллар. Бу-гунги Исландия термаси ёрқин ижрочилардан таркиб топганига энди шубҳа йўқ.

Бироқ шу ёрқин футболчилар сафида ҳам алоҳида ажралиб турадигани бор. Гап чинакам намунавий сардор сифатида кўзга ташланган Арон Гуннарссон ҳақида кетяпти. Кимдир айтиши мумкин: эҳ, яна Исландия термаси ва яна исланд футболчисими? Ҳа, шундай. Зеро, бу юрт вакиллари Евро-2016даги иштироклари билан қайта-қайта эътироф этишга муносиб эканликларини исботлашди.

Англия термаси футболчилари охирги кучларини йиғиб, финал ҳамласига шайланишаётган вақтда бу ҳаракатлари қўлда шунчаки, сув пуркайдиган тўппонча ушлаганча бутун дунёни забт этишга уринишдек туюлди. Чунончи, исланд жамоаси  иштиёқ билан ўйинни давом эттираётган, хотиржам ҳолда, орқа чизиқни мустаҳкам ушлаётганди. Бундай ҳолатда барча футболчиларнинг юмушлари тайин: Халлдорссон ўз жамоадошларини бошқариб, уларга ишонч бағишлайди, Арнасон ва Рагнар Сигурдссон бутун ҳаво ҳужумини тўлиқ бартараф этишади, Гилфи Сигурд-ссон рақибнинг узатмалари йўлини батамом ёпиб, тўпни ўз измига бўйсиндиради. Хуллас, ҳаммаси режалаштирилганидек. Йўқ, бу мувозанатни 84-дақиқада исландлар сардори Арон Гуннарссон (бир лаҳзага эътибор қаратинг - таянч ярим ҳимоя­чиси) учинчи голни уришга уриниб бузди. Орқа чизиқдан тўпни қабул қилган соқолли важоҳат электричка тезлигида (тўхтанг, Исландияда темир йўлларнинг ўзи йўқ-ку) рақиб жарима майдонига бостириб кирди ва Жо Харт дарвозасини ўққа тутди. Кейинги лаҳзада важоҳати пича пасайиб, соқоли атрофида анча самимий ва беғубор табассум югурди. Унинг бу қиёфасидан тахминан қуйидаги фикрни илғаш мумкин: «Нима, ростдан ҳам, учинчи голни уришимизни кутдингларми? Ҳе, йўқ, бу ерга келганимдан ўзим ҳам эсанкираб қолдим». Бу Евро-2016нинг энг шов-шувли натижасини тақдим этган ўйинлардан бири - Англия-Исландия (чорак финал, 1:2) лавҳаларига озгина шарҳ.



Айнан шу, гоҳида ёқимли табассум тортиқ этадиган, лекин бошқа вақтларда важолат уйғотадиган соқолли қиёфа бугунги Исландия терма жамоа­сининг бош рамзидир. Барчага тушунарлики, исланд эртаги замирида аниқ-тиниқ йўлга қўйилган тизим, машаққатли меҳнат ва тактик томондан пухта тайёргарлик ётибди.  Шунингдек, «Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун» шиорига мувофиқ ҳаракатланиш. Тўғри, бу шиорни Россия термаси ўзига дастак қилиб олганди, бироқ турнирдаги ўйинлар кўрсатдики, руслар шунчаки, тилда айтишган экан, амални эса исландлар намойиш этишди. Бироқ Франция-2016нинг энг ёқимли ва барча (фақат инглизларга эмас)га бирдек манзур бўлган жамоасини ягона футболчи тимсолида таърифлаш зарурати туғилса, ақл бовар қилмас даражада яхши ўйнаган Сигурд­ссонлардан бирини эмас, айнан Арон Гуннарссонни танлаш жоиз. Ҳа, Исландия термаси сардорига тенг келадигани кўринмади ва энди унинг суратларини ҳар жойга осиб қўйиш мумкин. Табиийки, Аронни орол жамоасининг бош етакчиси сифатида мақташ учун бир неча далиллар бор.

Биринчидан, Гуннарссон энг малларанг соқол соҳиби. Моҳиятан олганда, бу чиндан ҳам, исландлар учун ғурурланишга катта асос беради. Россия премьер-лигаси тарихидаги биринчи исланд - Ханнес Сигурдссон (айтганча, унинг қиёфаси 5 йил олдин Нальчикда ўйнаган вақтдагидан заррача ўзгарган эмас - тақирбош ва қалин соқол)нинг айтишича, шимолий мамлакатда соқол ўстириш мардлик белгиси саналади ва ҳамма шуни истайди. Хуллас, Арон Гуннарссон бу масалада ҳар бир жамоадошига дарс бера олади.

Иккинчидан, унинг Исландияга муҳаббати чексиз. Соқол футболчининг умумий характерини тўлиқ очиб бермаяптими? Яхши, унда Ароннинг ўнг қўлига назар солиш керак - терини ўйиб ёзилган 603 рақами. Бу Гуннарссон туғилиб-улғайган Акюрейри шаҳрининг почта коди. Арон футбол ўйнашни ҳам шу мўъжаз шаҳарда ўрганган. Айтишларича, у ҳозирда Акюрейрида ҳаттоки, мэрдан ҳам муҳим «фигура»га айланиб улгурибди Бундан ҳайрон қолишнинг ҳожати йўқ, ахир мамлакат президенти ўзини фанатлар билан тенг кўраётган вақтда мэр иккинчи даражага тушса, нима қилибди? Энди футболчининг ўнг қўлига нигоҳ: яна жонажон шаҳри - Акюрейридаги ибодатхона тасвири. Агар булар ҳам Ароннинг ўз юртига муҳаббати даражасини англаш учун камлик қилса, шунчаки, унинг ўйинолди матбуот анжуманида айтган гапларига эътибор қаратинг. Эҳтимол, айримлар бундай ғурурбахш сўзларга бепарво қарашар ёки истеҳзо аралаш кулиб қўйишар, бироқ тан олиш жоиз, жамоани олға бошлаш учун айнан шундай ёндашув керак: «Биз - исланд халқимиз. Биз - мағрур викинглармиз. Биз - жангчилармиз ва рақибимиз ким бўлиши мутлақо аҳамиятсиз!»

Учинчидан, унинг етакчилик хусусиятлари ақл бовар қилмас даражада кўп. Ароннинг акаси Арнор унинг характери қандай шаклланганини қуйидагича ҳикоя қилади: «Бир-биримиз билан футбол ёки гандболда ўзаро рақобатлашмаган пайтлар товоқдаги бўтқа ёки балиқни ким тезроқ паққос тушириш бўйича баҳслашардик. Баъзида эса машинага ўтириб, пойгада беллашардик». Хуллас, акаси билан курашга тўла болалик туфайли Арон етарлича чиниққан. Қаранг, терма жамоа бош мураббийи Ларс Лагербек сардорлик боғичини Гуннарссонга топширган пайт у 23 ёшли йигитча эди. Арон етакчилик фазилатлари билан қайсидир маънода «Довюрак» фильми бош қаҳрамонини эслатади. Уларнинг ўхшаш томонлари биргина таш-қи қиёфалари эмас - Уильям Уоллес ўз халқи озодлиги учун курашган бўлса, Арон майдонда унинг ғурури учун олишади. Умуман, исландлар ғоят эркпарвар халқ саналишади ва ўз мустақилликларини ниҳоятда қадрлашади.

Тўртинчидан, буниси асосийси, Гуннарссонга хос муайян ҳолатга кўникиб юрмаслик табиати кишини ҳайратга солади. Исландия термаси ва унинг «сенсацион» юриши ҳақида етарлича гапирилди, ёзилди. Бироқ кўпчилик Арон Гуннарссон ёшлигида гандболчи бўлганини ҳали эшитмаган бўлса керак. У оддий эмас, ўта ёрқин гандболчи саналган. Дейлик, 15 ёшида катталар ўртасидаги Исландия чемпионатида («Тор» жамоасида) дебют қилган. Бироқ бу спорт унинг учун эмаслигини тезда тушунган. Ваҳоланки, Арон ўсмирлар тоифасида энг бақувват ва энг чаққон ўйинчи бўлган. Айтишларича, рақиб жамоалар устозлари уни зарарсизлантириш учун мудом икки ўйинчини бириктириб қўйишган. Гуннарссоннинг ўзи эса футболдан кўра, гандболда кучли эканлигини тан олган. Бироқ у бу спорт туридан зериккани учун воз кечган. Боз устига, спорт йўналишини ўзгартираётган пайти отасига Исландия футбол терма жамоасида ўйнашга ваъда берган. Ишончни қаранг! Табиийки, отаси бунга ишонмаган.

Хуллас, Арон Гуннарссон 15 ёшида қўл тўпидан воз кечиб, «Тор» клубининг футбол секциясига қатнай бошлайди. 15 ёшида! Жойларда мураббийлар 10 ёшли болалар йўлига ҳам шунчаки, тўсиқ қўйишлари сир эмас. Ахир ким ҳам 3-4 йилдан буён ўзи шуғуллантираётган бола қолиб, четдан ногаҳон келган нотаниш йигитча билан ишлашни хоҳлайди? Бу катта таваккал-ку. Лекин Исландияда 15 ёшли Аронни иккиланмай футбол тўгарагига қабул қилишади ва у 17 ёшида Голландияга йўл олади. Яна 2 йил ўтгач эса, асосий таркибдаги 2та ўйиндан қониқмай, Англия томон юзланади. Йигитча бошида туманли ўлкада кўп ноқулайликларни сезади. Айниқса, таомларга сира кўниколмайди. Зеро, асосан фаст-фуд (тезкор тайёрланадиган таом) ва ўзи пишира оладиган нималарнидир тановул қилишига тўғри келади. Шунинг учун кейинроқ футболчининг онаси ҳам Ковентрига кўчиб ўтади ва 2 йил давомида ўғлининг маиший ҳаётини тартибга солади. Бундай эътибор изсиз кетмади - Арон бор диққатини профессионалликка қаратиб, яна 2 йилдан кейин Исландия термасининг соқолли сардори ва етакчисига айланди. Бир жойда туриш, қулай яшаш шароитини излаш унга хос эмас. Дейлик, Арон Евро-2016 старти арафасида «Кардифф Сити»дан кетишни ихтиёр этди. Чунки бу жамоада захирачи роли уни сира қониқтирмаётганди.

Айтиш жоиз, Арон Гуннарссон ганд­болдан футболга озгина суперкучни ўзи билан олиб ўтди. Унинг аутдан тўп ташлашлари бунга далил. Шундай такрорланмас, шундай эффектли - худди бурчак зарбасидай. Унинг ҳаракатларини такрорлаш жуда мушкул ва бунда гап қўлларда ҳам эмас. «Агар сизнинг қўлларингиз меникидан икки баравар бақувват бўлса ҳам, ҳеч нарса ўзгармайди, - дейди Гуннарссон. - Ҳаммаси тўпни  куч билан улоқтиришингиз эмас, балки қайси нуқтага ташлашингизга боғлиқ». Хуллас, Арон ижросидаги аутлар шунчаки, исландча «совуқ» қурол. Жамоа бу орқали кўп гол уради. Англия термаси дарвозасига йўлланган биринчи голни эсланг  - ҳаммаси айнан Гуннарссоннинг тўп ташлашидан бошланганди.



Арон - мамлакат терма жамоаси учун идеал сардор. Зеро, жамоадошларини қандай олға бошлашни яхши билади, уларни трибуна томон эргаштириб, жанговар  ҳайқириқни жўр ҳолда айтишни қойиллатади. У яна ташқи қиёфаси, хатти-ҳаракати, қўрқув билмаслиги, бутун таянч ҳудудини ёпиши билан ўз мамлакатини улуғлайди, унинг  шарафини ҳимоя қилади. Шунингдек, ҳавас уйғотадиган турмуш тарзига амал қилади: хотини - Кристбьорг Йонасдоттир Исландияда элит бодибилдер сифатида машҳур. Бироқ уларнинг ўғиллари билан бирга тушган суратларига қараб, аёлнинг бодибилдер билан шуғулланишига сира ишонолмайсиз. Умуман, бу оила анчадан буён мамлакатда энг намунавийларидан бири саналади.

Ниҳоят, Арон ўз мисолида бу ҳаётда имконсиз орзу йўқлигини кўрсатиб берди. Мақсад сари йўл анча ўнқир-чўнқир - қулайликлардан воз кечиш, нотаниш даврада курашиш, янги шароитлар ва ўзгача масъулият, қийинчиликларга тик боқиш... Инсон хоҳласа, буларнинг барчасини эплайди - бу Арон Гуннарссон тажрибаси билан ҳам тасдиқланди. Муҳими, инсон ўз хоҳиши ва нима қилаётганини билса, бас. Жорий ёз Исландия термаси ўз таркибидаги режиссёр, ҳовли тозаловчиси, порт хизматчиси ва бошқалар билан орзу томон қандай бориш мумкинлигини кўрсатиб берди. Арон эса шу уюшқоқ жамоа сардори ва мақсадга элтадиган йўлларни шерикларидан-да яхшироқ билади. У ўз табассуми билан барчанинг эътиборини ўзига қаратиб улгурди. Тўғри, Франция термаси билан ўйинда бу табассумни чин маънода кўрмаган, исланд эртаги бирозгина ўхшовсиз узилган бўлсада, у ўз аҳамиятини йўқотмайди. Зеро, олдинда бошқа турнирлар ва ўйинлар борки, уларда Арон Гуннарсон ҳали кўп бора табассум улашса, ажабмас.

А.ҚОДИРОВ тайёрлади

Рейтинг: +11   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика