Penalty: Азиз Ибрагимов: "Менинг юрагим бошқалариникидан каттароқ"
08 окт 2015 14:00
Новости
Penalty: Азиз Ибрагимов: "Менинг юрагим бошқалариникидан каттароқ"
Футболчи Европадаги фаолияти, оилавий ҳаёти, қайси мураббийларни кучли деб билиши ва Роберто Баджонинг кўпчилик билмайдиган пенальтиси ҳақида гапириб берди.
Матлуба Саъдуллаева: Болалик ва футболга кириб келишингиз ҳақида гапириб беринг.
- Ўзим Тошкент шаҳрида туғилганман. 8-9 ёшда футболга қатнашишни бошлгандим. Аслида футболчи бўламан деб ўйламагандим. Каратэ ва таэквандо спорт турларига қизиқишим баланд эди. Кўпинча “Брюс Ли”, “Ван Дам” ва шу каби жанг усталарининг фильмларини кўриб катта бўлганман. Футболга кириб келишимга асосий сабабчи Асқар Толибжонов ҳисобланади. Кейинчалик эса тақдир тақозоси туфайли Бахтиёр Нуралиев жамоасида футболга қатнай бошлагандим.
Нарзулла Сайдуллаев: Дастлаб "Трактор"да, сўнгра "Шўртан" ва "Машъал"да ўйнадингиз. Ушбу клублардаги фаолиятингиз ҳақида.
- “Трактор”га келишимга Равшан Ҳайдаровнинг ёрдамичси бўлиб ишлаган Мирзоҳид Ғуломовнинг хиссаси катта бўлган. Ўша йил биринчи даврадан сўнг Вадим Абрамов жамоага бош мураббий этиб тайинланган эди. Очиғини айтадиган бўлсам Абрамов ёшларга имкон беришдан қўрқмасди. “Пахтакор” билан ўйинда асосий таркибда мени майдонга туширганди. Ўшандан сўнг ўйнаётган ўйинларимдаги натижалар яхши тарафга ўзгара бошлади. Бироқ кейинроқ Рауф Инилеев бошчилигидаги “Шўртан” мени ижарага олди. Ғузорда ҳам фаолиятим яхши кечган. Айнан уша пайтлари Ўзбекистон кубогидаги ўйинимни Виктор Романович Жалилов кўриб мени “Машъал”га таклиф қилганди. Муборак клуби сафида Осиё чемпионлар лигасида майдонга тушгандим. Тез орада Жалиловнинг ўрнига Виктор Кумиков келган. Унинг қўл остида “Ал Аҳли” клубига қарши учрашувни асосий таркибда бошлгандим. Ўша учрашувда Зафар Холмуродовга голли пас оширганман. Айнан ўша воқеалар ҳаётимни тубдан узгартириб юборди ва ўзимга болган ишонч оширди.
Матлуба: Азиз Ибрагимов ҳаётда қандай инсон?
- (уйланиб) Аслини олиб айтадиган бўлсам футболда умуман бошқа, ҳаётда умуман бошқа инсонман. Ота-онам укаларим олдида ўзимни оғир босиқ тутишга ҳаракат қиламан чунки оилада тўнғич фарзандман. Турмуш ўртоғим ёнида эса ўзимни эркинроқ, шўхроқ тутаман. Хулоса қилиб айтадиган бўлсам ҳар бир нарсани ўз ўрни, ўз йўриғи бор!
Нарзулла: "Слован" варианти қандай пайдо бўлди? Братислава клубидаги икки йиллик фаолият ҳақида...
- Бунга Ислом Ходжаев сабабчи болган. Улар билан Сардор исмли ўртоғим орқали танишиб қолганмиз. Ислом Ходжаев “Слован” клуби хўжайинининг ўғли билан Москвада бирга ўқган. Айнан шу инсон туфайли клубга кўрикдан ўтиш учун борганман. Аслида “Слован”га ҳужумчи керак бўлганди. Мен эса ҳимоя ва ярим ҳимояда ўйнардим. Ўзимни ҳужумда ҳам синаб кўришга қарор қилгандим. Ёш бола эдим, меҳмонхонадан стадионга боришда мендек йигитлар бу ерда ҳам кўп бўлса керак деб ўйлаб ҳеч бўлмаса Словакияни кўриб кетар эканманда деган ҳаёл ўтганди. Бироқ машғулотларда ишлаб шуни билдимки у қадар қийин эмас экан. Икки кунда иккита ўртоқлик учрашуви ўтказгандик ва мен иккита гол ургандим. Клуб президентининг ўзи келиб “Cени жамоада олиб қоламиз, ажойиб ҳужумчи экансан деганди” (кулади). Ўшанда “Машъал” билан амалдаги шартномам бор эди. Трансферим учун қанча пул беришганини билмайман, лекин Муборак клуби икки марта Словакияда йиғин ўтказиши, икки йил форма билан таъминлаш мана шу трансфер доирасида бўлганди. Ўшанда Шухрат Мирхолдиршаев, Дилявер Ваниев йиғинлардан сўнг шароитлар ажойиб бўлганини ҳозиргача кулиб эслашади.
Жамоа мени жуда яхши қабул қилганди. “Слован”даги фаолиятим ажойиб кечган. Клуб президенти мистер Чернак мени яхши кўрарди. Мураббийлар алмашгач янги мураббий менга кам ишонч билдирарган. Шу боис президентнинг ўзи келиб “Азиз яхшиси янги клуб топ, бу ерда кам ўйнайсан шекилли” деганди. Шу тариқа бошқа клубга ижарага ўтишни ўйлаб қолдим...
Матлуба: Футбол сиз учун ...
- Футбол мен учун ҳамма нарса. Бир воқеани айтиб бераман. 18-19 ёшлигимда тиббий кўрикдан ўтганимда юрагим билан муаммо чиққан. Тўғрироғи шифокорлар юрагим бошқаларнинг юрагига нисбатан каттароқ экани айтишган ва менга бошқа футбол ўйнаш мумкин эмаслигини айтишганида дунё кўзимга қоронғу кўринган. Футболчи бўла олмаслигимни хатто тасаввур ҳам қила олмаганман. Бу худди бир қизни яхши кўриб қолсангизу, оила азоларингиз йўқ дейишганидек гап эди. Шукурки шунча йилдан буён футбол ўйнаб келаяпман, юрагим ҳеч қандай муаммо чиққани йўқ. Лекин ҳар сафар тиббий кўрикдан ўтганимда юрагим катта эканини доим айтишади.
Нарзулла: Энди "Богемианс"га ўтиш ва у ердаги ҳаёт ҳақида.
- Мени “Богемианс”га ижарага беришди. Бошида “Слован”га қайтиб бораман деб ўйлагандим. Аммо клубга келганимда унинг мухлислари мени лол қолдирганди. “Богемианс”нинг стадиони худди ўзимизнинг “ЖАР” стадионига ўхшарди, яъни югуриш йўлакчалари йўқ эди. Мухлислар жамоани ажойиб тарзда қўллаб туришарди. Ярим йил ўйнаганимдан сўнг мени “Слован”дан тўлиқ сотиб олишганди ва мен билан 3,5 йиллик шартнома тузишди. Иккита ҳужумчи тактикасида ўйнардик. Ҳужумда Милан Шкода билан бирга тандемда ўйнардик. Асосан орқароқда, қора ишлар билан шуғулланардим. Шкода эса сўнгги зарбани берадиган ҳужумчи эди. Мавсум давомида 1та ёки 2та гол урардим. Мухлислар хатто бир овоздан “Азиз, гол, Азиз, гол” деб бақириб ҳар ўйинда мендан гол кутишарди. Ростини айтсам бу менга ёқарди (кулади).
Матлуба: Турмуш ўртоғингиз Оксана билан қандай танишгансиз. Унинг қайси жиҳатларини қадрлайсиз?
- Бу ҳам ўзига хос тарихга эга. Прагага учаётганимда ўзбекистонлик Элеонора исмли қиз билан танишиб қолгандим. Ўзга давлатда ўз юртдошимни кўриб хурсанд бўлгандим. Бир сафар у билан кўришгани борганимда Элеонора Оксана билан келганди. Ўшанда у билан танишиб уни ёқтириб қолгандим. Унинг камгаплиги, камтарлигини қадрлайман. Тўғриси нотаниш инсонлар билан тез чиқишиб кета олмайман, лекин Оксана билан ундай бўлмади биз жуда тез тил топишиб кетганмиз. Оксана билан 3 йил учрашиб юрдик ва турмуш қуришга қарор қилгандик. Тўйимиздан олдин уни Ўзбекистонга олиб келиб ота-онамнинг розилиги билан турмуш қурдик. Улар менинг қароримни ҳурмат қилишгани учун раҳмат айтаман.
Нарзулла: Европанинг икки давлатида ўйнагач Хитой клубига ўтишга қарор қилдингиз...
- “Богемианс” билан шартномам тугаётганида “Прешов” клуби йиғинида қатнашгандим. Шу боис собиқ клубимдагилар менга катта жарима солишганди. Ўшанда “Опел Астра” машинасини “Богемианс” клубига совға қилгандим. Хитойга ўтишимга ҳам Ислом Ходжаев сабабчи бўлганди. Эркин агент бўлганим учун ўзимни “Циндао Жонун” клубида синаб кўришга қарор қилгандим. Илдар Магдеев билан бир ой ўша жамоада ўйнагандик. Бразилиялик Лео билан дўстлашиб кетгандим. Ҳозирга қадар алоқаларимиз сақланиб қолган. Хитойда Сейду Кейта, Анелька, Дрогба, Якубу Айигбени каби юлдузларга қарши ўйнаганман.
Матлуба: Словакия, Чехия, Хитой. Қайси мамлакатда кўпроқ маош беришади?
- Сўзсиз Хитойда. Хитойда футболга катта пуллар тикилган. Фақат маош борасида эмас, бошқа шароитлар ҳақида ҳам шуни айтишим мумкин. Оддий мисол “Циндао”да бир мавсумда менга 6 жуфт бутса беришганди. Футболкангизнинг кичкина жойи йиртилиб қолган бўлса ҳам клуб маъмури келиб янгисини бериб “Буни кийма клуб обрўсини тушурасан” дейди. Жамоа доим беш юлдузли меҳмонхоналарда яшарди. Футболчилар учун шароитлар ажойиб эди. Хитойда футболга бўлган эътибор ўсиб бормоқда. Оддий дарахтга ҳам меҳр ва эътибор берсангиз бир кун келиб мева беради. Ривалдо каби уйинчилар ўйнаганида Ўзбекистон футболида анча ривожланиш кузатилганини ҳеч кимга исботлаш шарт эмас. Мухлислар ташрифи кўпайганди ва ҳоказо.
Нарзулла: Аммо яна Чехияга қайтишга қарор қилдингиз. Қисқа вақт ичида учта клубда ўйнадингиз.
- “Циндао” билан шартномам тугаганди. Улар менга дарҳол янги келишувни таклиф қилишганди. Бироқ ўйлаб олишга вақт беринглар дегандим. Бундан ҳозиргача афсусланаман. Чехияга бориб бироз дам олиб ўйлаб олмоқчи эдим. Бироқ шартномадан дарак бўлавермади. Кейин билсам жамоа Шерзод Каримовни сотиб олган экан. Чехияда ҳам трансфер ойнаси ёпилаётганди. Биринчи лига вакили “Баник Мост” билан ярим йиллик шартнома туздим. Кейин “Богемианс”да бирга ишлаган мураббийим Павел Хофтич “Ческе Будейвийце”га мени чақирганди. Жамоа ўз олдига олий лигага чиқиш вазифаси бўлгани учун рози бўлгандим. Бу ерда 3-4та ўйинда захирадан майдонга тушгандим. Кейинроқ жамоа мени “Богемианс”га ижарага берди.
Матлуба: Блиц саволлар:
- "Слован" тарихидаги энг машҳур футболчи?
- Марек Хамшик
- "Богемианс" тарихидаги энг машҳур футболчи?
- Антонин Паненка
- Чехословакия қайси йил Европа чемпиони бўлган?
- 1996 (жавоб: 1976)
- Ёқтирган машинангиз?
- “Фольксваген”
- ЖЧ-2006да биринчи голни ким урган?
- Билмайман (жавоб: Филипп Лам)
- Қай бири кучли? Бразилиялик Роналдоми ёки Зидан?
- Зидан
Нарзулла: "Андижон", "Динамо" ва "Бухоро"даги фаолиятинингиз ҳақида нима дея оласиз?
- Ўтган йил “Андижон” раҳбарияти менга жамоани олий лигада қолишига ёрдам беришини сўраб таклиф билан чиқишганди. Бир неча йил хорижда фаолият олиб бордим. Ота-онамга яқинроқ бўлиш учун ҳам “Андижон”га ўтишга рози бўлдим. Афсуски таклиф қилганлар футболчиларга шароитларни яратиб бера олишмади. Агар етарлича эътибор бўлганида эди, “Андижон” олий лигада қолган бўларди. Бу йил бошида Тачмурад Агамуродов “Динамо”га таклиф қилдилар. Уларни мураббий сифатида жуда ҳам ҳурмат қилардим. Агамуродовга оғизаки тарзда розилигимни айтгандим. “Локомотив” бош мураббийи Вадим Абрамов ҳам менга таклиф билан чиққанди. Бироқ ҳали шартнома тузмаган бўлсам ҳам Агамуродовга сўз берганим учун “Динамо”га ўтдим. Самарқанд жуда чиройли шаҳар, стадион ажойиб, аммо оддийгина машғулот майдони йўқ. Машғулот ўтказадиган майдонимиз сифати жуда ҳам ёмон эди. Иссиқда узоқ йўл босиб машғулот ўтказиш учун бориб келардик. Хозирги кунга келиб “Динамо” раҳбариятида ўзгаришлар содир бўлмокда, мана кўриб турибсизки вазият ўнгланмоқда. “Бухоро” раҳбари эса доим жамоага ёрдам беради. Машғулотларга ўйинларга келиб йигитларга руҳан далда бериб туради. Бу абатта футболчилар учун жуда ҳам муҳим ҳисобланади.
Матлуба: Андижон, Самарқанд ва бухоролик мухлислар ҳақида қандай фикрдасиз?
- Барча мухлислар доим жамоани қўллаб туришади. Лекин улар орасида андижонлик мухлисларга етадиган бўлмаса керак. “Андижон” олий лигадан тушиб кетиши аниқ бўлганига қарамай стадионга минглаб одамлар келиб жамоа ютқазаётган бўлса ҳам қўллаб туришарди. Уларга рости раҳмим келганди, бундай мухлисларга кучли “Андижон” керак. Агар яхшилаб эътибор қилсангиз “Андижон”, “Самарқанд” ва “Бухоро”нинг уй ўйинларига жуда кўплаб мухлислар келади. Стадионларда уларга янада яхши шароит яратиб берилиши керак. Баъзида барабанларни, баъзида плакатларни киритишмас экан. Европада бундай ҳолатларни умуман кўрмаганман. Мухлисларга кўпроқ эркинлик берилишини хоҳлардим.
Нарзулла: Терма жамоадаги энг ёқимли, энг ёмон ва энг чиройли ўйинингиз қайси?
- (уйланиб) Адашмасам энг ёқимли ўйин Сингапурга қарши сафардаги ўйин. Ўшанда 7:3 ҳисобида зафар қучгандик (кулади). Иккинчи бўлимда майдонга тушиб гол уришга эришгандим. Энг чиройли баҳс 2007 йилги Осиё Кубоги доирасидаги Малайзияга қарши баҳсда 5:0 ҳисобида ютгандик. Бу ўйинда ҳам гол ургандим. Энг ёмон ўйиним Ироққа қарши Жанубий Кореядаги ўртоқлик учрашуви. Ўша баҳснинг бошида қўполлигим учун ҳакам менга дарҳол қизил карточка кўрсатган. Ўшанда ўртоқлик учрашуви бўлгани учун ўрнимга бошқа футболчи тушганди.
Матлуба: Тасаввур қилинг сиз клуб раҳбарисиз. Ўз клубингизга оладиган 11 нафар футболчини санаб беринг.
- Дарвозада Эдвин ван дер Сар, унг қанот ҳимоясида Кафу, марказий ҳимоячилар – Серхио Рамос ва Давид Луиз, чапда Марсело, ярим ҳимояда Зидан ва Кака, унг қанот ярим ҳимоясида Озил, чап қанотда Криштиану Роналду, хужумга Роберто Баджо билан Алессандро Дель Пьеро. Жамоага мураббий этиб шубхасиз Жозе Моуриньони тайинлардим.
Нарзулла: Ўзбекистонлик футболчилар Европада ўйнаб кетишлари учун нима қилишлари ва нима қилмасликлари керак?
- Энг аввало профессионалликка интилишлари керак. Гоҳида афсус қиламан ёшлигимда ҳозирги ақлим бўлганидами. Уша пайтлари менга берилган шароитлардан унумли фойдалана олиаганман. Баъзан машғулотлар эрталаб бўларди, бир неча марта ухлаб қолиб машғулотларни ўтказиб юборганман. Машғулотларда баъзида 100 фоиз куч билан ишламасдим. Ёшларга бундай қилмасликларини тавсия қиламан. Меҳнатда гап кўп. Юртимизда қобилиятли футболчилар жуда кўп, агар ўзларига ишончи бўлса ва меҳнат қилишдан тўхташмаса Европа клубларида бемалол ўйнай олишади.
Матлуба: Пенальтини ўзгача амалга оширган ва тарихга кирган Антонин Паненка "Богемианс" клубида фаолият олиб борган. Ҳозир эса у клуб хўжайини саналади. Клубда унга эътибор қандай?
- У буюк шахс ҳисобланади. Нафақат “Богемианс”да балки бутун Чехияда унинг обрўси жуда катта. Миллий байрамларда у доим фахрий меҳмон сифатида иштирок этади. Миллат қаҳрамони десам янглишмаган бўламан.
- У билан суҳбатлашганмисиз? Қандай инсон?
- Бир неча марта суҳбатлашганман. Тўғриси у кишига ҳурматим беқиёс. Паненка ҳаддан ташқари жиддий инсон. Уни кулиб юрганини деярли кўрмайсиз. Очиғини айтсам жуда кам кулади.
Нарзулла: Сиз билан бирга ишлаган энг кучли уч нафар мураббий ким? Уларга таъриф беринг.
- Виктор Кумиков – ўз ишининг ҳақиқий устаси. Ўйинларга тайёргарлик вақтида видеолар орқали футболчиларнинг барчасига оддий икир-чикиригача тушунтириб берарди. Баъзи мураббийлар ўйиндан олдин “демак йигитлар 3-5-2 тактикасида ўйнаймиз”, дейди. Кумиков эса ундай эмасди. Барчасини эринмасдан тушунтирарди. Кейинги мураббий “Слован” мураббийи Йозеф Янкеш. 1937 йилда туғилган тажрибали мураббий. Бу инсон жуда қаттиққўл ва талабчан эди. Машғулотлар вақтида ўзи майдонда туриб ўргатиб турарди. Ёшлари бир жойга бориб қолган бўлса ҳам футболда оламида мураббийлик қилишда етакчилардан бири эди. Нималар қилишни ёрдамчилари кўрсатиб беришарди. Ниҳоят учинчи мураббий Тачмурад Агамуродов. У ҳам Кумиковга ўхшаб ўз ишига жуда яхши муносабатда. Бу инсонни ҳам тажрибали устоз деб биламан. Агамуродовнинг ҳар бир машғулотида қандайдир янгилик бўлади.
Матлуба: Европада футбол матбуоти қандай ишлайди? Улардан нималарни ўрганиш мумкин?
- Жуда кучли ишлайди. Оддий мисол яқинда Чехия терма жамоаси ҳужумчиси Давид Лимберски маст ҳолда машина ҳайдаб бунинг устига ДАН ходимларидан қочган. Буни матбуот ёритди ва футболчини кескин танқид қилди. Бунинг натижасида мураббийлар уни ЕВРО-2016 саралаши доирасидаги навбатдаги ўйинларга чақиришмади. Мана сизга матбуотнинг кучи. Улардан нималарни ўрганиш мумкинлигини айтиб бера олмайман, яхшиси бориб кўриш керак холос (кулади). “Слован”да ҳам, “Богемианс”да ҳам матбуот хизмати профессионал ишларди. Бир неча ходим интервьюлар, фото ва видеоларни тақдим этиб боришарди.
Нарзулла: Агар бунинг имкони бўлса фаолиятингизда нимани ўзгартирган бўлар эдингиз?
- “Слован” ва “Богемианс”да ўйнаб юрганимда кўп нарсани қўлдан бой берганман деб ўйлайман. Ёшлигим панд берганми деб ўйлаб коламан. Масалан, машғулотлар соат 9да бошланса мен соат 9да борардим. Қолганлар эса 8да базага келиб тренажер залида ишлашарди. Агар ҳозирги ақлим бўлганида олдинроқ бориб ўз устимда ишлардим, кўпроқ меҳнат қилган бўлардим. Якуб Силвестр ҳозир “Ньюрберг”да ўйнмоқда. У “Слован”да менинг ўрнимга захирадан майдонга тушарди. “Богемианс”да шеригим Милан Шкода ҳозир Чехия терма жамоасининг асосий ҳужумчиси ҳисобаланди. Яна бир мисол “Спарта”да менга қарши ўйнаган Уильфрид Бони айни пайтда “Манчестер Сити”да ўйнамоқда...Бундай мисоллар жуда кўп.
Матлуба: Футболчиликни тугатгач ўзингизни қайси соҳада кўрасиз?
- (уйланиб) Мураббий бўлиб ишламоқчиман. Чехияда мураббийлар билан танишиб олгандим. Дастлаб “C” лицензиясига ўқишни режалаштираяпман. Насиб қилса мураббий бўлиб фаолиятимни давом эттираман.
Нарзулла: Анъанавий савол: Ёдингизда қолган пенальти ёки пенальтилар серияси...
- "Слован" сафида "Нитра" билан ўйинда ҳисоб 1:1 бўлиб турганди. Биз пенальти тепишимиз керак эди. Рақиб дарвозасида Словакия терма жамоаси дарвозабони Нитранский турарди. Шукрки 11 метрли жарима тўпидан гол уриб жамоамга ғалаба келтиргандим. Шундан кейин “Богемианс”да штатли пенальтичилардан бирига айлангандим.
Жаҳонда футболида эса, Роберто Баджонинг пенальтиси ёдимда қолган. Йўқ, 1994 йилги эмас, 1998 йил Франция бўлиб ўтган мундиалнинг илк ўйинида Чили билан баҳсда унинг ўзи пенальти ишлаганди. Тўғриси ўша пенальти белгиланган вақтда Баджо тўрт йил олдинги ноаниқ пенальтисини ёдга олиб ерга қараб йиғлагудек бўлганди. Ўзида куч топган Роберто 11 метрли жарима тўпидан гол урганди.
Матлуба Саъдуллаева ва Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди
Фото: Толибжон Қосимов
“Penalty”. Хайрулла Каримов: “Футболда “Юлдузлик касали” ривожланиб кетди”
“Penalty”. Икром Алибоев: “Абрамов туфайли “Локомотив”да қолдим”
“Penalty”. Зоҳир Пиримов: “Футбол мени ўзгартирди”
“Penalty”. Лочин Солиев: “Чемпионатимиз анча қизиқарли кечмоқда”
“Penalty”: Игорь Сергеев: “Футболдаги ҳиссиётларни ҳеч қандай пул эвазига сотиб олиб бўлмайди”
"Penalty": Темурхўжа Абдухолиқов: “Хайрия фонди очиш ниятим бор”
“Penalty”: Ғулом-Ҳайдар Ғуломов: “Футбол туфайли ҳаётда тўғри йўлдан кетяпман”
“Penalty”: Тимур Ҳакимов: “Пенальтидан гол уришни ҳам билиш керак”
“Penalty”: Шаҳзодбек Нурматов: “Манчестер Юнайтед” туфайли футболчи бўлганман”
“Penalty+Шахмат”: Нафиса Мўминова: “Футболда ҳам, шахматда ҳам ақлни ишга солиш керак”
“Penalty”: Мансур Саидов: “Умуман пенальти тепмаслигимга жиддий сабаб бор”
“Penalty”: Расул Раҳмонов: “Андижон”ни қийин вақтда ташлаб кетгим келмаган”
“Penalty”: Сато Минори: “Якисоба, велосипед ва 2002 йилги мундиал ҳақида”
“Penalty”: Артур Геворкян: “Пенальти бу лотерея”"Penalty": Жалолиддин Машарипов: “Неймарга раҳмат дейишни ўргатардим”
Комментарии