Обид Жўрабоев: "Устунликка эришсакда, ғалаба қозониш насиб этмади"
10 апр 2016 10:10
Новости
Обид Жўрабоев: "Устунликка эришсакда, ғалаба қозониш насиб этмади"
Жўрабоев ҳам бошқа жамоадошлари каби Муборакдан ижобий натижа билан қайтиш умидида эди. Аммо, "Навбаҳор" 4-турда ҳам мухлисларига ғалаба тортиқ эта олмади. Футболчи учрашув хусусида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
- Бугунги учрашув ҳақида нима ҳам дея олардим. Ўйин давомида устунликка эришдик. Тўпни назорат қилиш ва ҳужумлар ташкил этиш борасида ёмон ҳаракат қилмадик. Аммо, натижа ижобий кўриниш ҳосил қилмади. Мухлислар ва ўйинимизни четдан кузатаётганларга ўйиндан кўра натижа муҳимроқ. Яъни ўйин эсдан чиқади, натижа эса тарихда қолади. Биринчи бўлим охирларида жарима зарбасидан кейин ўз дарвозамиздан тўп олиб чиқишга мажбур бўлдик. Дарвозабонимизни ушбу тўпни қайтариши қийин эди. Ўйин борасида олиб қараганда, "Машъал" футболчиларидан устун эдик. Камида дуранг қайд этишимиз ёки бўлмаса ғалаба қозонсак бўларди.
Танаффусдан кейин ҳисобни тенглаштиришни уддасидан ҳам чиққандик. Бироқ, голдан кейин ҳаракатларимизда қандайдир пасайиш юзага келиб, йўқ жойдан иккинчи тўпни ўтказиб юбордик. Тўртта турдан бери ғалаба қозонишга эриша олмаяпмиз. Бунинг сабабини тушуна олмаяпмиз. Назаримда ғалаба бизга кулиб боқишни истамаяпти. Аслини олганда учрашувлар давомида гол уриш борасида кўплаб имкониятлар бўлмоқда. "Машъал" эса иккита имкониятдан самарали тарзда фойдалана олди. Балки бизга омад етишмаётгандир. Камчиликлар устида ишлаб, мухлисларимизни хурсанд қилиш учун ҳаракат қиламиз, - дейди Жўрабоев.
"Навбаҳор" матбуот хизмати
Комментарии