Исломбек Исмоилов: "Биринчи бўлимда йўл қўйилган хато эвазига гол ўтказиб юбордик"
30 янв 2021 19:30
Новости
Исломбек Исмоилов: "Биринчи бўлимда йўл қўйилган хато эвазига гол ўтказиб юбордик"
- Бугун қийин ўйин бўлишини билардик. Сабаби "Қўқон-1912" бир неча йиллардан буён Суперлигада яхши ўринлар эгаллаб келаётган клуб ҳисобланади. Шунингдек, анча шаклланган ва ўйин услубига эга бўлган жамоа. Лекин шунга қарамасдан ўйин тенг курашлар остида ўтди. Биринчи бўлимда йўл қўйилган хато эвазига гол ўтказиб юбордик.
Таркибимиздаги бир қатор футболчилар ўзаро бир-бирларини тушуниб олишлари учун вақт талаб этилади. Насиб бўлса Суперлига янги мавсумига қадар жамоамиз футболчилари ўртасидаги мослашиш жараёнини амалга оширамиз деган умиддаман.
Ўйин борасида айтадиган бўлсам, биз биринчи бўлимда назоратни кам қилдик. Биз футболчиларга қайта-қайта тушунтирмоқдамиз, тўп ва ўйин назорати бўйича устунликка эришишимиз керак. Биринчи бўлимда жамоамиз футболчилари ҳиссиётларга берилишди ва шу сабабли оддий вазиятларда тўпни йўқотдик.
Учрашувнинг иккинчи бўлимида ўйинимиз тубдан ўзгарди. Биринчи бўлимга нисбатан иккинчи бўлимда тўп назорати бўйича кўпроқ устунликка эга бўлдик. Рақиб дарвозаси олдида кўплаб хавфли вазиятлар ярата олдик. Лекин ҳозирча ҳужумларни якунлашда камчиликларимиз бор. Ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғимизда узилишлар бўлмоқда, бу холатларни бартараф этиш учун машғулотларда астойдил ишлаймиз.
Жамоамиз ўйинини кучайтириш мақсадида иккинчи бўлимда таркибимизда ўзгаришларга қўл урдик. Бу мусобақа жамоамизга тайёргарлик вазифасини ўтаб бераётгани учун ҳар бир футболчини синовдан ўтказиб олмоқдамиз. Афсуски, тажрибали футболчи Фозил Мусаев майдонга тушганига ҳеч қанча вақт бўлмасдан жароҳат олди. Ҳозирда унинг аҳволи яхши, керакли муолажалар қилинди.
Насиб бўлса Суперлига янги мавсумига астойдил тайёргарлик қилиб жамоамиз мухлисларини ғалабаларимиз билан хурсанд қиламиз деган умиддаман.
Бекзод Толибов ёзиб олди
Комментарии