RU

Последние новости

09:33«Пахтакор» футболчиси легионерга айланиши мумкин  1 08:58«Арсенал» етакчиси узоқ муддатга сафдан чиққани эълон қилинди  2 08:22«Сўғдиёна» футболчиси «Қўқон-1912»га ўтишга яқин  1 07:49Роналду: «Винисиус «Олтин тўп»ни ютиши керак эди, унга нисбатан адолатсизлик қилишди»  13 03:07АПЛ. "Арсенал" "Эмирейтс"да минимал ҳисобда ғалаба қозонди  2 02:26"Ювентус" Рэшфорд билан шартнома имзоламайди. Туринликларга МЮ форварди қизиқ эмас  1 00:40Роналду: "Агар "Манчестер Юнайтед" хўжайини бўлсам, ҳаммасини тўғирлайман"  10 23:42Роналду Саудия Арабистони чемпионатини Францияникидан кучли деб атади: "Лига 1да фақат ПСЖ бор, қолганлар ҳеч нарса эмас"  19 23:00Беллингем Globe Soccer Awards томонидан йил хавбеки деб топилди  1 22:38Роналду барча даврларнинг энг яхши тўпурари сифатида Globe Soccer Awards мукофотини қўлга киритди  8 22:32Globe Soccer Awards. Винисиус йилнинг энг яхши футболчиси  3 22:27Ямал Globe Soccer Awards томонидан йилнинг энг яхши ёш ўйинчисига бериладиган мукофотни олди  0 22:17Араб Кўрфази кубоги. ЖЧ саралашидаги рақибларимиз бўлмиш Қатар ва БАА гуруҳ босқичида қолиб кетишди  3 21:48Эрон Про лигаси. "Персеполис" иродали тарзда ғалабага эришди, Ўруновдан ассист  1 21:36Роналду Яқин Шарқда йилнинг энг яхши ўйинчисига бериладиган Globe Soccer Awards мукофотини олди  19

Асрор Алиқулов: "Суперлигага қайтишимизнинг асосий сири аҳил оила бўла олганимизда" Новости

Асрор Алиқулов: "Суперлигага қайтишимизнинг асосий сири аҳил оила бўла олганимизда"

Икки йиллик танаффусдан сўнг “Машъал” яна Суперлигага қайтди.

Ўтган мавсум Пролигада иштирок этган муборакликлар ишончли ўйин кўрсатган ҳолда якунда биринчи ўринни эгаллашди. Шу муносабат билан жамоа бош мураббийи Асрор Алиқуловдан интервью олдик. 


- Асрор ака, “Машъал” жамоасини икки йиллик танаффусдан сўнг яна Суперлигага қайтгани билан табриклаймиз. Жамоа бутун мавсум ишончли ўйин кўрсатган ҳолда Пролига чемпиони сифатида Суперлигага йўл олди. Мавсум якунлари борасида дастлабки таассурот қандай? 

- Табрик учун раҳмат. Энди мавсум ҳақида гапирадиган бўлсак, чемпионликни нишонлаган бўлсак-да, Пролига баҳслари осон ўтди деб бўлмайди. Жамоамиз футболчилари бирмунча ёш бўлгани учун ҳамма бизга жиддий қаршилик қилди. 

Пролига “А” гуруҳида 8та жамоа кураш олиб борган бўлса, ҳеч бирини кучли ё кучсиз деб ажратмаган бўлардим. Кўп жамоалар савия жиҳатидан ҳам бир-бирига яқин эди. Таркибимиз ёшлардан иборат бўлгани боис ўйиндан олдин йигитларнинг ҳаяжонни енгиб ўтишлари қийин бўлди. Энди футболчи ёш бўлганидан кейин барибир ҳаяжон бўлади ва вақт ўтиб бу нарса камайиб боради. 

Чемпионат якунига бир неча тур қолганида чемпионликка эришдик. Ўйлайманки, бунинг ортида катта меҳнат ётибди. Бу нафақат мураббийлар штаби ёки футболчиларнинг меҳнати, балки клуб раҳбарияти, ҳомийлар ва албатта мухлисларимиз кўмаги деб биламан. Қолаверса йил давомида тўғри йўналиш бўйича иш олиб бордик. Клуб раҳбарияти ва ходимлар машғулот ўтказиш учун барча шароитни қилиб беришди. 


- Пролига баҳсларида энг жиддий қаршилик кўрсатган клуб деб кимни кўрсата оласиз? 

- Фарғона водийсининг икки клуби “Нефтчи” билан “Истиқлол”ни тилга олаган бўлардим. Ҳар икки жамоа бутун мавсум давомида бизни қаттиқ таъқиб этиб борди. Ўзаро ўйинлар ҳам ниҳоятда қийин кечди. Ўз навбатида бу икки жамоанинг борлиги “Машъал” учун ҳушёрликни йўқотмасликка сабаб бўлди.

 

- Аввалги интервьюнгизда Пролига формати ҳақида танқидий фикр билдиргандингиз. Яъни, битта жамоа билан ўзаро тўрт марта ўйнаш жуда ғалати дегансиз. Ўтган йил бош мураббий сифатида яна шу форматда жамоани ўйнатдингиз. Ҳозир қандай фикрдасиз? 

- Ҳа, тўғри шундай деганим рост. Ўшанда “Шўртан” бош мураббийи эдим ва бир жамоа билан тўрт марта ўйнаш менга ғалати кўринганди. Футболда доим турли жамоаларга қарши ўйнаган маъқул. 

Доим битта жамоа билан куч синашиш руҳий томондан қийинчилик келтириб чиқаради. Мен ўзим ҳам футболчилик пайтимда икки даврали чемпионатда тўп тепганман ва шуни энг маъқули деб биламан. Лекин ҳозир ПФЛ Пролига форматини сал бошқача қилиб ўтказяпти. Балки бу йил яна ўзгариб қолиши мумкин.

 

- Мавсум давомида футболчилар хаёлида биринчи ўринни олганимиз билан ПФЛ бизни Суперлигага қўймаса-чи деган фикр бўлдими? 

- Албатта, футболчилар билан доим суҳбат олиб борамиз ва уларнинг хаёлидан бундай фикр ўтганми-йўқми мавсум давомида билинмади. Чунки ҳаммамиз бир мақсад йўлида ҳаракат қилдик. Йил бошида жамоамиз олдига Суперлигага қайтиш вазифаси қўйилганди. 

Ёзда ЎФА раҳбариятида ўзгариш бўлиб, бизни қўллаб-қувватловчилар кўпайди. Бир сўз билан айтганда, “Машъал”га бўлган муносабат ўзгарди. Шундан сўнг янада ўзимизга ишонч билан ўйнай бошладик. Янги раҳбарият агар “Машъал” ўз кучи билан Суперлигага чиқса, ҳеч ким қаршилик қилмайди деганидан кейин бундай саволга ўрин қолмади. 


- Катта эҳтимол билан кейинги йил ҳам 14та жамоа иштирокида Суперлига гувоҳи бўламиз. Сиз 14 жамоа қатнашадиган миллий чемпионатга нима дейсиз? 

- Агар 16та бўлса яхши бўларди, менимча 14 жамоа бироз камроқдек. Чунки юртимизнинг кўплаб жойларида футболни яхши кўришади. Агар 16та жамоа иштирок этса ўйинлар сони 30тадан бўлади, буни энг оптимал вариант деб ўйлайман. ПФЛ жамоалар сонини камайтириб чемпионат сифатини оширишга ҳаракат қиляпти. Бир томондан уларни ҳам тўғри тушуниш лозим. 


- Бу йил вазифа уддаланишида “Машъал” академияси тарбияланувчиларининг роли кўпроқ бўлдими? 

- Мавсум аввалида таркиб тузаётганимизда асосий урғу ўз тарбияланувчиларимизга қаратилишини билардик. Лекин барибир кучайиш учун четдан ҳам ўйинчиларни таклиф этдик. 

Ҳар қандай клуб вазифани бажариш учун ёши катта ўйинчиларни таклиф қилади ва уларнинг тажрибасига суянади. Қолаверса катталар ёшларга ўрнак бўлишга ҳаракат қилади. Лекин биз ҳаммага бир хил қарадик. Кимдир кўп ўйнаган, кимдир кам майдонга тушган бўлиши мумкин, ҳаммаси рақобатга боғлиқ. Мени хурсанд қилган жиҳати биз бир оила бўла олганимизда. Давралар оралиғида келган футболчилар ҳам тезда қўшилиб кета олишди.

 

- Ҳал қилувчи ўйинлар деб қайси учрашувларни алоҳида таъкидлаб ўтасиз? 

- Тақвим шундай тузилдики, уйда “Истиқлол”ни қабул қилсак, кейин сафарда “Шўртан” билан ўйнашимизга тўғри келди. Кетма-кет қийин жамоалар тушди. Мақсад эса асосий рақиблардан очко олиш эди. Негаки асосий рақобатчингизни енгсангиз чемпион бўлиш имконияти ошиб боради. Менга кўпроқ “Истиқлол” ва “Шўртан” билан кечган ўйинлар маъқул келди. 


- “Оқтепа” клубининг учинчи ўринни эгаллаши сизни ҳайрон қолдирдими? Ҳар ҳолда бу жамоа йил бошида қайта тузилганди. 

- Тўғриси, ҳайрон қолдирди. Чунки Пролигада “Нефтчи” ва “Шўртан” каби ўз номига эга жамоалар бўлишига қарамай, “Оқтепа” учинчи ўринни эгаллади. Бу жамоа мавсумни яхши ўтказди. “Оқтепа”нинг учинчи ўринни олиши тасодиф демаган бўлардим. Жамоа ҳужумкор ўйини туфайли шундай натижа қайд этди.

 

- Суперлигага қайтган “Машъал” буёғига қандай тайёргарлик кўради? 

- Ҳозирча янги мавсум учун режаларни тўлиқ ишлаб чиққанимиз йўқ. Дастлабки режага кўра, 5 январь куни Муборакдаги қароргоҳимизда йиғиламиз ва машғулотларни бошлаймиз. Шундан сўнг клуб раҳбарияти билан маслаҳатлашган ҳолда кейинги режаларни ишлаб чиқамиз. 

Жамоа таркиби анча ёш ва шу футболчиларни сақлаб қолган ҳолда тайёргарлик олиб борамиз. Биз Пролигада меҳнат қилган барчага Суперлигада ҳам имкон бермоқчимиз. Лекин тан олайлик, Суперлига барибир бошқа савия ва бунда кураш юқори даражада кечади. Шундан келиб чиқиб биз ҳам кучайишга ҳаракат қиламиз.


- Мавсумлар оралиғида доим бериладиган савол футболчи ва мураббийларнинг шартномаси билан боғлиқ. Клуб билан амалда шартномангиз борми?

- Шартномам бор. Шу боис яна “Машъал”да қолиб жамоани шуғуллантиришни хоҳлайман. Энди футболчилар ҳақида гапирадиган бўлсам, ёшларда шартнома бор. Ёши катталарда тугаган бўлиши мумкин ва бу масалани клуб ҳал қилади. 

Бугунги кунда “Машъал”нинг сиёсати шундай: кучли жамоалардан таклиф тушса футболчиларни мажбур ушлаб ўтирмаймиз. Чунки буёқда академия ҳам ишлаши керак. Лекин бу дегани кимни чақиришса ҳаммага рухсат берамиз дегани эмас. Унда “Машъал” кучсизланиб қолиши мумкин. Яхши футболчилар ўзимизга ҳам керак. Бу йил ҳам ёши катта футболчиларни таклиф этмоқчимиз. Бизга кўп пул сўрайдиган ўйинчилар керак эмас. Бизга кўпроқ ўз олдига мақсад қўядиган футболчилар лозим бўлади. 


- Бундан келиб чиқяптики, ҳар турда курашувчан жамоани хоҳлайсиз? 

- Шуни ваъда бериб айтишим мумкин, биз ҳар бир ўйинга худди финалдек муносабатда бўламиз. Қандай натижа қайд этишимизни билмайман. Фақат футболчиларга ҳар бир учрашувда тер тўкиб “жанг” қилишлари кераклигини уқтирамиз. “Машъал” Суперлигада ҳам ўз ўрнини топишини ва курашувчан жамоа бўлишини хоҳлаймиз. 


- Асрор ака, суҳбат учун катта раҳмат. Фурсатдан фойдаланиб “Машъал”нинг Суперлигага қайтгани билан яна бир бор табриклаб қоламиз. 

- Шу ўринда мен ҳам қашқадарёлик мухлисларни Муборакка катта футбол қайтгани ҳамда халқимизни кириб келган Янги йил билан табриклайман. Ўйлайманким, 2020 йил ўзбек футболи учун янада омадли келиб кўплаб ютуқларга эришамиз.

Рейтинг: +2   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика