Сэр Алекс Фергюсон (Автобиография). 10-боб (1-қисм)
20 фев 2014 16:04
Новости
Сэр Алекс Фергюсон (Автобиография). 10-боб (1-қисм)
Афсонавий мураббийнинг автобиографик китобининг ўзбекча таржимасини беришда давом этамиз. Бугун 10-бобнинг биринчи қисми мухлисларимизга тақдим этилади.
Алекс Фергюсон: “Китоб ўқиш, турли хилдаги винолар сотиб олиш ва от чоптириш бироз бўлса-да футболдан чалғишимга ёрдам берарди”
ЎНИНЧИ БОБ
ФУТБОЛДАН ТАШҚАРИ ҚИЗИҚИШЛАР
Футболни кузатиб борадиган одамлар мени “Манчестер Юнайтед”дан бошқа ҳеч бир соҳага қизиқмайдиган ва атрофида футболдан бошқа ҳеч нарсани кўрмайдиган инсон деб ўйлашса керак. Бироқ вақт ўтиши билан клубдаги ишларим янада кўпайишига қарамай, шуғулланишим мумкин бўлган бошқа қизиқишлар мени спортдан бирмунча чалғитиб турарди ва кайфиятимни кўтаришга ёрдам берарди: жовонлар қизиқарли китоблар билан лиқ тўла эди, ертўлада эса кўплаб яхши виноларни йиғардим.
Мен ёқтирган от пойгалари эса бошқалар кўзидан йироқда эди. Бу Кэррингтондага базамизда ўтказилган навбатдаги кундан сўнг ёки бирор ўйиндан кейин мен қайтадиган ва дам оладиган ўзга дунё эди. Сўнгги 10 йилдан бери “Юнайтед”ни самарали бошқариб келишим учун катта ёрдам берган мана шу қизиқишларимдан завқланиб келганман. Мен футболда қанчалик қаттиқ ишласам ҳам, бошимдаги бошқа қизиқишлардан ҳам унумли фойдаланиб турардим. Уйим қизиқишларим учун ўзига хос база эди. У ерда диктаторларнинг биографиясидан тортиб, Жон Ф.Кеннедининг ўлдирилиши ҳақидаги ҳужжатлар ва вино коллекциямнинг файлларини ҳам сақлардим.
Менинг сиёсий қарашларим Гованада касаба уюшмаси вакили вазифасида ишлаган давримдан бери ўзгармаган. Вақт ўтиши билан одамларнинг қарашлари ўзгариб боради, бу уларнинг бойлик ва тажриба орттириши туфайли келиб чиқади. Бироқ мен ёшлигимда мафкуравий қарашлар, қадрият ва дунёни кўра билиш тушунчаларини пухта ўзлаштириб олганман.
Мен тез-тез уюштириб туриладиган тушликларда ва ҳар бир сайловда қатнашишни истайдиган Лейбористлар партиясининг уй ҳайвонига айланмаслик учун ҳеч қачон сиёсий жиҳатдан фаол бўлмаган бўлсам-да, доимо ўша партиядан чиққан парламентнинг маҳаллий аъзоларини қўллаганман. Кэти сиёсат ҳақида гаплашишни ёқтирарди ва ушбу мавзуда гап очилса уни тўхтатиш қийин бўларди. Социал тамойилларга ва Лейбористлар партиясига ишониш бир масала, лекин сиёсий ҳаракатларнинг фаол қатнашчисига айланиш бу умуман бошқа масала.
“Юнайтед”нинг мураббийида бўлмагани каби, мазкур талабларга жавоб бериш учун менда ҳам умуман вақт йўқ эди. Сайлов бюллетенларига белги қўйиб ошкора равишда партияни қўллардим. Сиз бирор маротаба мени Дэвид Кэмероннинг ортида турганимга гувоҳ бўлмагандирсиз ахир? Лекин мени парламентдаги маҳаллий лейбористлар партияси аъзоси ёнида кўриш мумкин эди. Чунки мақсадим ҳам айнан шу эди.
Мен доимо сўл томон қарашларини қўллаб келганман, бу эса Гордон Браун ва Жон Смитнинг ишларини ҳурмат қилишимдан далолат беради. Фикримча, раҳматли Жон Смит ҳаёт бўлганида лейбористлардан чиққан энг яхши бош вазир бўлган бўларди. Нил Киннок ажойиб йигит эди, лекин унинг омади юришмаганига ачинаман. Мен уни Даунинг-стритда кўришни истардим. Унинг зеҳни жуда ўткир эди. Қарашларим жиҳатдан Браунга яқин эдим, аммо Блэрнинг халқ орасида машҳурлиги унинг сайловларда ғалаба қозониш учун бўлган ягона йўли эди. У ўзини тўғри намойиш эта олди. Блэр узоқ муддат омма орасида машҳурлигини йўқотмади, фақатгина унинг аскарларни Ироққа киритиш қарори халқнинг унга бўлган ишончи ўзгаришига сабаб бўлди.
Аластер Кэмпбелл билан алоқаларимизнинг яхшиланишига футбол журналистикасининг фахрийси ва лейбористлардан чиққан бош вазирларнинг ишонган одами Жим Рожер сабабчи бўлган. У менга қўнғироқ қилиб, ўша пайтда “Миррор”да ишлаган Аластер билан ҳамкорлик қилишимни сўради. Биз у билан дўстлашиб олдик ва Аллестер ора-сира менга қисқа хабарлар юбориб турди. У керакли одамлар билан алоқа ўрнатишни биларди. Кейинчалик Кэмпбелл Блэрнинг матбуот-котиби лавозимини эгаллади ва Лейбористлар партиясида ишлагани туфайли у билан яхши дўст бўлиб олдик. 1997 йилги сайловдан бир ҳафта олдин биз Аллестер, Тони ва Шери билан Манчестердаги “Мидлэнд” меҳмонхонасида бирга кечки овқатга бордик. Ўшанда Тонига шундай дегандим:
-Агар сиз ҳукуматни битта ўйга қамаб қўйсангиз, унда сизда ҳеч қандай муаммо пайдо бўлмайди. Чигаллик шундаки, ҳукумат аъзоларининг ҳар бири ўз билганича иш тутади: ўз хоҳишига кўра иттифоқ тузади ва ўз мухбирлари билан суҳбатлашади. Бундай ҳукуматни бошқариш – қийин вазифа.
Тони маслаҳатимга диққат билан қулоқ соларди. Ҳокимият қўлида бўлган ҳар бир инсон заиф бўлади. Мамлакатни бошқариш катта жавобгарликни талаб этади, бу эса баъзан ўзингни ёлғиз ҳис этишингга сабаб бўлади. Мен ҳам баъзан худди шундай туйғуни ҳис этардим. Ишларимни бажариб бўлгач, кабинетимда ёлғиз қолиб ўз атрофимда кичик бўлса-да компания йиғишга кўп маротаба уринганман. Иш атрофида ўзига хос бўшлиқ бўлади ва унга бошқалар киришни истамайди. Тони ёш йигит бўлишига қарамай, ушбу лавозимни эгаллаш учун машаққатли йўлни босиб ўта олди.
Бош вазир бўла туриб ўзининг эсдаликларида, ўшанда Даунинг-стрит 11-уйда яшовчи Гордон Брауннинг ҳайдалиши бўйича мен билан маслаҳатлашгани ҳақида ёзганди. Адашмасам, у мендан айнан Гордон ҳақида сўрамаган. Унинг саволи футболчилар ва супер юлдузларни қандай бошқараётганим ҳақида эди. Бунга жавобим эса қуйидагича бўлган:
-Менинг ишимда асосийси бошқарув. Бирор футболчи ишимга аралашишни бошласа, тезда у билан алоқани узиб хайрлашаман.
У эса менга Гордон билан ўртасида баъзи муаммолар борлигини айтди. Аммо тўғридан-тўғри бу масаланинг ечимини сўрамади. Мен унга фақатгина умумий маслаҳат бердим ва қолган ишларига аралашишни истамадим.
Ҳокимият қўлингда бўлгани яхши, чунки керакли пайтда ундай фойдаланиш мумкин, аммо буни аксарияти ишчи қатламдан чиққан футболчиларга қўллаш бемаънилик деб ўйлайман. Мен фақатгина уларни бошқаришни истардим. Қўлимдаги ҳокимиятдан фойдалансам бўларди ва баъзан шундай ҳам қилиб турардим, бироқ сен ҳам “Юнайтед”да эришган натижаларимга эриша олсанг ҳокимиятнинг ўзи олдингга келади. Кузатувчиларга бизнинг ишимиз ўз кучини кўз-кўз қилишдек туюларди, ваҳоланки бошқарув уларнинг қўлида эди.
Лейбористлар ва мусалласларни ҳисобга олмаганда, қизиқишларим асосида Америка ётарди. Футболнинг ҳаётимдаги босимини пасайтириш мақсадида америкача ҳаётга: Жон Фицжеральд Кеннеди, Фуқаролар уруши, Винс Ломбарди ҳақида ўқиш ва америкача тўп ўйинларига қизиққанман. Нью-Йорк Америка маданиятини ўрганишнинг бошланғич нуқтаси эди. Манхэттендан уй сотиб олдик ва бу жой оилам ва мен учун қисқа таътиллар пайтида қўним топиб ҳордиқ чиқарадиган жойга айланди.
Қўшма штатлар ҳар доим мени ўзига ром этган ва илҳомлантирган. У ерга биринчи марта 1983-йилда Абердин Кубок эгалари Кубоги соҳиби совринини қўлга киритган пайтда борганман. Оилам билан бирга дам олиш кунини Флоридада ўзказишга қарор қилдик. Бу давлатга боришимдан олдим унинг тарихи қон-қонимга сингиб бўлганди. Жон Кеннедининг ўлимини эшитган куним бир умр ёдимда сақланиб қолади. Унинг ўлимидан кейин хаёлимда фақат детективга қизиқиш пайдо бўла бошлади – у қандай ўлдирилди, ким ва нега ўлдирди.
Ўша мудҳиш кун дунёни ларзага келтирганини яхши эслайман. Жума куни кечқурун ўртоғим билан рақсга бормоқчи бўлиб соқолимни олаётган эдим. Отам паст овозда мени чақирди:
- Жон Кеннедини отиб ўлдиришгани ростми?
-Ота сизга шундай эшитилгандир, - деб жавоб бердим.
Ярим соатдан сўнг бу хабарни барча янгиликларда ўқиш мумкин эди. Кеннедини алла-қачон “Парклэнд”даги касалхонага олиб боришган экан.
Эсимда, Гованадан унчалик узоқда бўлмаган рақс майдонида кейинчалик хитга айланган “Юлдузларга учишни истармидим?” деган қўшиқ янграётган эди. Лекин ҳамма сукунатда ва рақсга тушиш ўрнига қотилликни муҳокама қилаётган эди.
Кеннеди билан бўлган мудҳиш ҳодиса мен тенги ёшларнинг хаёлидан ҳеч ҳам кетмади. У кўркам йигит эди ва нимасидир инсонни ўзига тортарди. Одамларга унга ўхшаш тетик ва чаққон инсоннинг президент бўлгани жуда ёқарди. Кеннедининг сиймоси хаёлимда маълум бир қиёфада гавдаланса-да, унинг ўлдирилишига бўлган қизиқишим, Брайан Картмел томонидан Стокдаги кечки овқат пайтида сўзга чақирилишимдан сўнг бехосдан пайдо бўлди.
Кечки овқатга Стэнли Мэтьюз, Стэн Мортенсен ва Жимми Армфилд ҳам келган эди. Ўшанда хаёлимга келган фикр ҳали ҳам ёдимдан чиқмайди: “Буюк ўйинчилар даврасида нима қилиб юрибман ўзи? Йиғилган меҳмонлар мендан кўра Мэтьюзнинг сўзларини эшитишни афзал кўришади ахир”.
Лекин кечки овқат вақтида Брайан мендан хоббим тўғрисида сўради.
-Қизиқишларга вақт ажратишим қийин, - деб жавоб бердим, чунки “Юнайтед” билан банд эдим-да. – Уйимда снукер столи бор, баъзан гольф ўйнаб тураман ва фильмлар томоша қилишни ёқтираман.
У менга визиткасини узатди:
Лондонда ўғлимнинг фильмлар билан шуғулланувчи фирмаси бор. Хоҳлаган пайтингда фильмлар бўйича унга мурожаат қилишинг мумкин.
Ўтган куни кечқурун “Далласдаги отишмалар” деган фильмни томоша қилиш учун Уилмслоуга боргандим.
-Сенга шу қизиқми? – қизиқиб сўради Брайан. Бундан олдин эса мен суюқасдлар ҳақида бир нечта китоблар олиб қўйгандим. – Мен автоколоннадаги ўн бешинчи машинада эдим.
Поттерисда бўлганимда ўша йигит менга Жон Кеннедининг кортежида бўлганини айтди.
-Қандай қилиб?
-“Дэйли экспресс” газетасининг мухбири бўлганман. Кейинчалик Сан-Францискога бориб у ерда “Тайм” журналида ишлай бошладим, - деб жавоб берди. 1958-йилги сайловларда қатнашиш учун Кеннеди маъмуриятига ишга жойлашдим.
Жонсон қасамёд қилаётган пайтди Брайан самолётда бўлган.
Шахсан таниш бўлганим бу ишга янада чуқурроқ қизиқишимга сабаб бўлди. Аукционларда қатнашишни бошлаганимда бу ишга қизиқишимни билган бир америкалик йигит менга тергов баённомасини жўнатди. Машғулотлар базасида менда бир жуфт расм бор эди. Улардан бирини аукциондан сотиб олган эдим, иккинчисини эса совға қилишганди. Бундан ташқари аукциондан Жеральд Форд томонидан қўл қўйилган Уоррен Комиссиясининг ҳисоботини ҳам сотиб олдим.
Кэти билан турмуш қурган кунимизни байрам сифатида нишонлаш учун Чикаго, Сан-Франциско, Гавайи, Лас-Вегасга бордик ва Техасдаги дўстларимиздан ҳам хабар олдик. Саёҳатимизнинг сўнгги нуқтаси сифатида эса Нью-Йоркни танладик. Шундан кейин Америкага тез-тез келадиган бўлдик. Китобларни йиғишга бўлган қизиқишим янада ортиб борди. Жон Кеннедининг ҳаёти ҳақида тўлиқ маълумот Роберт Даллекнинг “Ноқунуний ҳаёт. Жон Ф. Кеннеди. 1913-1963” китобида келтирилган. Жуда ажойиб китоб. Даллек Кеннедининг тиббий варақасига кириш ҳуқуқига эга бўлгани боис, унинг асаридан Жондаги Аддисон касаллиги ва жигар хасталигини ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, у мўъжизанинг ўзгинаси бўлганини билиб олиш мумкин.
У президентлик лавозимида ишлаган уч йил мобайнида катта қийинчиликларга дуч келди, - Чўчқалар кўрфазидаги операциянинг омадсизликка учраши, мамлакат ичидаги ирқий муаммо билан кураш, Совуқ уруши, Вьетнам ва Кубадаги инқироз шулар жумласидандир. Мамлакатда соғлиқни сақлаш борасида олиб борилаётган ишлар норозиликларга сабаб бўлган эди. Кеннедининг иши ўзига етиб орттарди. Футболнинг жаҳондаги энг муҳим ва барча хуш кўрадиган ўйин эканини бевосита исботи сифатида қуйидаги мисолни келтириб ўтаман. 1969 йилда ЦРУ Кубада руслар ўрнашиб олганини қандай аниқлаганини биласизми? Футбол майдонларидан. Аэрофото суратларда совет ишчилари қурган футбол майдонлари кўринган. Ўша пайтда кубаликлар футбол ўйнашмаган. Генри Киссинжер европалик бўлгани боис бунга эътибор берган.
Кеннедига бўлган қизиқишим бир нечта ажойиб асарлар билан танишиб олишимга сабаб бўлди. Улар орасидан Дэвид Хальберштамнинг “Энг зўр ва энг ёрқин” асарини алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин. Китоб Вьетнамга бостириб кириш сабаблари ва ака-ука Кеннедилар орасида ёлғон-бўҳтон тарқатилгани ҳақида маълумот беради. Ҳаттоки АҚШ мудофаа вазири ва Кеннедилар оиласининг дўсти Роберт Макнамара ҳам уларни алдаб келган. Истеъфога чиққанидан сўнг у Кеннедилар оиласидан узр сўраган.
2010-йили Америкага борганимда Геттисбергга ташриф буюриб, Фуқаролар уруши ҳақида “Озодликнинг жанговор шиори” асарини ёзган Жеймс Макферсон билан биргаликда Принстон университетида тушлик қилдим. Бундан ташқари мен учун Оқ уй бўйлаб саёҳат уюштиришди. Фуқаролар уруши генераллари ҳақидаги китоб қўлимга тушганидан сўнг, ушбу давр тарихига қизиқа бошладим. Икки томонимда уруш ҳақидаги асарлар тўлиб-тошиб ётарди. Ҳаттоки ўқитувчилар ҳам генерал бўлганини ўшанда ўқиганман. Бир куни Гордон Браун мендан қандай китоб ўқиётганимни сўради. “Фуқаролар уруши ҳақида”, - деб жавоб бердим. Шунда Гордон қанақадир кассеталарни менга юборишини айтди. Тез кунда менга ҳарбий-денгиз флотининг ўша даврда тутган ўрни ҳақида маълумот берувчи Гари Галлахер ва Макферсон маърузасининг 35та ёзувини олиб келишди.
Сэр Алекс Фергюсон (Автобиография). Кириш
1-боб (1-қисм) (2-қисм)
2-боб (1-қисм), (2-қисм), (3-қисм), (охири)
3-боб (1-қисм), (2-қисм), (охири)
4-боб (1-қисм), (2-қисм)
5-боб (1-қисм), (2-қисм)
6-боб (1-қисм), (2-қисм)
7-боб (1-қисм), (2-қисм), (3-қисм)
8-боб (1-қисм), (2-қисм)
9-боб (1-қисм), (2-қисм)
10-бобнинг навбатдаги қисми яқин кунларда сайтимиздан ўрин олади. "CA"ни кузатиб боринг.
Муродов Миразиз таржимаси.
Комментарии