RU

Последние новости

01:21МЮ янги устози: "Манчестер Сити" - дунёнинг энг яхши жамоаси, Гвардиола эса энг яхши мураббий"  0 01:01ЭЛИТ ОЧЛ. Неймар яна жароҳат олди, "Ал Ҳилол" йирик ғалабага эришди  2 00:06Мората ижтимоий тармоқлар ҳақида: "Родри қолганлардан хотиржамроқ"  0 23:09Фирмино ва Махрезнинг голлари туфайли "Ал Аҳли" йирик ғалабани тантана қилди  0 23:04Элит ОЧЛ. Остон Ўрунов жамоаси дурангга рози бўлди  4 22:42Эшитдик-да! "Пахтакор"нинг Эрон клубига қарши ўйини Тожикистонда ўтиши мумкин  6 22:13"Арсенал"ни тарк этаётган Эду Гаспар бирданига 3та клубни бошқаради ва маоши 3 баравар ошади  1 21:35"Ал-Райян" бош мураббийи: "Дастлабки турларда Саудия "гранд"ларига қарши ўйнадик. Икки жамоа учун ҳам очколар жуда-жуда зарур"  3 21:17Аморим "Манчестер Сити"га қарши баҳс ҳақида: "Агар "Спортинг" ютса кимлардир МЮга янги Фергюсон келяпти дейди"  3 19:52Бруну Фернандеш: "Тен Хагдан кечирим сўрадим"  5 19:211 ой олдин "Насаф"га мағлуб бўлган мураббий "Рома"да Шомуродовнинг янги устозига айланиши мумкин  6 18:52МЮ афсонаси: "Манчестер Юнайтед" - мутлақо ўртамиёна жамоа"  1 18:25Дербида кучлар тенг келди ГАЛЕРЕЯ  0 17:5619 ёшли тўпурар ва бошқалар — Суперлигада 23-турнинг энг яхшилари  3 17:30Эшитдик-да! "Металлург" ва "Қизилқум"га таъқиқ қўйилади, "Нефтчи" ва "Навбаҳор" ҳам жазоланиши мумкин  8

Қувондиқ Рўзиев: “Қўқонлик мухлисларни қўмсаяпман” Новости

Қувондиқ Рўзиев: “Қўқонлик мухлисларни қўмсаяпман”

Ўтган йилги мавсумни “Қўқон-1912” жамоаси сафида ижара асосида тўп тепган Қувондиқ Рўзиев бу йил “Локомотив” клубида ҳаракат қилмоқда.

Ўз олдига юқори мақсадларни қўйган “темирйўлчилар” ОЧЛда ҳам бўш келгиси келмаяпти. Биз “Локомотив” клуби футболчиси Қувондиқ Рўзиев билан учрашиб ундан олдиндаги мусобақалар ва фаолияти тўғрисида интервью олдик.  

-  Чемпионатимизнинг биринчи давраси “Локомотив” учун қандай ўтди?
-  Биринчи давра биз учун кўнгилдагидек ўтди деб ўйлайман. Керакли ўйинларда очколар жамғаришга муваффақ бўлдик. Умумий қилиб айтганда, биринчи даврани мағлубиятсиз ўтказдик. Ҳамма нарса иккинчи даврага боғлиқ. Тўғри, бу йил “Металлург” жамоаси кўп жамоаларга бош оғриқ бўлмоқда. Биринчи даврада “Металлург” билан тўқнаш келганимизда ушбу жамоадан бундай ўйин кўрсатишини кутмаган эдик. “Металлург” дарвозамизга гол уриб олганидан сўнг, уларда қандайдир ўзига бўлган ишончи янада ортди. Уни ортидан иккинчи ва учинчи голларни ўз дарвозамиздан олиб чиқдик. Шунга қарамасдан жамоадошларим ўзларига келиб олишди, руҳан тушкунликка тушиб қолмади. Ўзимизга бўлган ишонч эвазига мағлубиятдан қутилиб қолдик. Бу йил “Локомотив” учун омадли йил бўлмоқда.

-  ОЧЛ мусобақасидада шу босқичгача етиб келдинглар...
-  ОЧЛ жуда ҳам юқори савиядаги мусобақа. Бу йил ОЧЛда гуруҳ босқичидан бошлаб шу ерга келгунимизгача мағлубиятга учраганимиз йўқ. Жамоадошларим билан ўзимиз учун максимал даражадаги вазифаси бажариб бўлдик. Энди буёғига қаергача бора оларканмиз, ўзимизни синаб кўрмоқчимиз. Ўзимиз финалга қадар етиб боришни мақсад қилганмиз. Менимча буни устидан чиқса бўлади, қийин иш эмас. Чорак финалда энг қийин жамоа бизга тўғри келди. Агарда, ушбу босқичдан ўта олсак, финалга қадар етиб борамиз. Бир томондан бизга қарши “Ал-Айн” тушгани яхши бўлди. Агарда “Ал-Айн” тўсиғидан ўта олсак қолган босқичларда бизга осонроқ бўлади.



-  Жамоага бир нечта легионерлар таклиф қилинди. Ушбу легионерлар ҳақида қандай фикр билдирасиз?
-  Геворкянни барча яхши билади. Ўзбекистонда жуда ҳам савияли легионер футболчи. Геворкян таркибимизга келганидан сўнг жамоага тезда қўшилиб кетди. 5 та учрашув ўтказган бўлса, деярли барча ўйинларда фойдаси тегди. Голлар урди, голларга паслар ҳам берди.  Степанович ҳақида гапирадиган бўлсам, ушбу футболчини техникаси юксак даражада. Менимча бу футболчи ўзини спорт формасида эмас, агарда мукаммал спорт формасини тиклай олса бизга жуда ҳам катта фойдаси тегади. Агарда ўз ўйинини кўрсата олса “Ал-Айн”га қарши баҳсда уларга қарши хавфли қурол бўлиши мумкин.


-  Ўтган йили чемпионатимиз анча қизғин тарзда ўтганди. Бу йил чемпионатимиз қанчалик қизғин тарзда ўтяпти деб ўйлайсиз?

-  Ўтган йили мен “Қўқон–1912” жамоаси сафида ижара асосида ўйнаган эдим. Менимча ўтган йили “Локомотив”ни чемпионликдан маҳрум қилган жамоа, бу “Қўқон-1912” клуби бўлса керак. Ўша пайтда “Локомотив” билан бўлган ўйинда жуда ҳам қимматли очкони тортиб олгандик. Агарда ўша учрашувда “темирйўлчилар” бизни мағлуб этишганда балки амалдаги чемпион номига эга бўлармиди. Мени ўйлашимча чемпионатимизнинг қизғин дамлари ҳали олдинда. Бу йил бизни жуда ҳам қийин бўлган ўйинлар кутиб турипти. Бизда ҳам "Бунёдкор”, “Пахтакор” ва “Насаф” жамоаларида ҳам. Ўтган йилгига қараганда, бу йил чемпионатимиз анча қизиқарлироқ ўтяпти. Бунга оддий мисол, “Пахтакор” қуйи поғоналарда юргани. Эътибор берган бўлсангиз ҳеч ким шунчаки очко тортиб олмаяпти. “Пахтакор” Андижонга бориб сафарда мағлубиятга учради. Бундай натижа ҳали кузатилмаган бўлса керак деб ўйлайман. Айтмоқчиманки, уйда ўйнаётган жамоалар рақибларга шунчаки очкони тақдим этишмаяпти. “Нефтчи” биз билан дуранг ўйнади, ўз уйида “Бунёдкор”ни мағлуб этди “Андижон”га мағлуб бўлди. Бу йил юқори поғоналар учун ҳам ОЧЛ йўлланмаси учун ҳам ўйинлар қизиқарли ўтмоқда. “Бухоро” билан “Қизилқум” жиддий кураш олиб бормоқда. “Бухокро” ва “Қизилқум”да ОЧЛга чиқиш имкони бўлса мен хурсанд бўлган бўлар эдим. Чунки, уларни майдонидаги муҳитни кўрганман. Мухлислари футболни жуда ҳам яхши кўришади. Ушбу жамоалар ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритишса мухлислар учун жуда катта совға бўлар эди ва биз учун ҳам янгилик бўларди. Тўғри, “Металлург” ҳам ижобий натижа қайд этишга интилмоқда. Лекин, бекободликлар иккинчи даврага келиб биринчи даврадаги ўйинини намойиш эта олмаяпти. Менимча “Металлург”га қараганда “Бухоро” ва “Қизилқум”да имконият кўпроқ деб ўйлайман. “Бухоро” жамоасининг  таркиби “Локомотив” таркибидан кейинги ўринда турса керак. “Бухоро” клубидан ҳам миллий терма жамоага футболчилар чақирилмоқда. Уларда ҳам катта ўзгаришлар бўлмоқда. Бизни мақсадимиз чемпион бўлиш. Биз ёнимиздаги рақибларни, “Бунёдкор”, “Насаф” ва “Пахтакор” жамоасини мағлуб этишимиз керак. Агарда ушбу жамоаларни мағлуб эта олсак чемпионлик ширин бўлади. Чемпионат давомида бизни сафардаги қийин учрашувлар кутиб турипти. Сафарда “Қизилқум” ва “Бухоро” клублари меҳмони бўламиз, ушбу жамоалардан очко олиш жуда қийин. Сентябр ойида чемпионатимиз жуда ҳам қизғин паллага киради. Шу баҳслар чемпионлик масаласини ҳал қилиб беради. Чемпионликни мақсад қилганмизми, демак мана шу учрашувларда ғалаба қозонишимиз шарт.

-  Жамоани ички муҳити айни дамда қай даражада?

-  Жамоани ички муҳити аъло даражада деб бемалол айта оламан. Жамоадаги футболчилар бир бири билан жуда ҳам аҳил оиладек бўлиб кетган. Бундай муҳитни хали кўрмаганман. Ёшларга катталар ўрнак бўлади, ёшлар эса катталарни хурматини жойига қўяди. Менимча кўп нарса мана шу коллективга боғлиқ  деб ўйлайман. Бу тарафдан бизда ҳеч қандай муаммолар йўқ. Шу пайтгача ҳеч ким билан мен сенга борганимиз йўқ.


-  “Локомотив” клуби таркибида тажрибали футболчилар кўп. Демак рақобат ҳам кучли. Сиз мана шу рақобатдан қўрқмайсизми?
-  Тўғри, биринчи даврада камроқ ўйин амалиётига эга бўлдим. Ўзим 2, 3 маротаба мураббийларни олдига бориб менга рухсат беришини ва бошқа жамоада ижара асосида тўп тепишимни, кейинги йили қайтиб келишимни илтимос қилиб сўрагандим. Чунки, мен ўйин амалиётига эга бўлишни хоҳлагандим. Аммо, менга рухсат беришмадим. Ҳамма нарсани вақти келишини ва ўз ўрнига тушишига вада беришди. Бир томондан мен бу нарсадан ранжиганим йўқ. Оддий мисол, мени позитциямда ўйнайдиган Жепаров ва Кападзе Ўзбекистон тарихида энг кўп ўйин ўтказган футболчилар. Бир томондан бу футболчилар менга катта ёрдам беришяпти. Машғулотларда қўлдан келганча улардан кўп нарсани ўрганяпман. Бошқа томондан ўсишим учун замин яратяпти. Ҳарқалай қайси жамоада захирада ўтиришингизга ҳам боғлиқ. “Локомотив” клубида захирада ўтирган эканман, демак жамоага керакман. Агарда жамоага керак бўлмаганимда мени қўйиб юборишган бўлар эди. Чунки, мен 1 маротаба эмас балки 2, 3 маротаба илтимос билан мураббийлар олдига кирганман. Менга рухсат беришмади. Шунинг учун қўлимдан келганча машғулотларда кўпроқ тер тўкиб, асосий таркибга кириш учун интиляпман. Хаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Балки имкон бўлиб қолар. Биз ўзимизни имкониятимизни кутиб меҳнат қиляпмиз. Қайси позитция бўлишига қарамай мураббийимиз захирадан майдонга тушираётганининг ўзига хурсандман. Керак бўлса ҳимояда, қанот ярим ҳимоясида синаб кўришди. Мен бундан ранжиганим йўқ. Ўйин амалиётига эга бўлишим учун менга шундай имконият тақдим этишмоқда. Бир томондан бундан хурсандман.

-  РОЗКда ўқиб юрган пайтларингизда елкангиздан жиддий жароҳат олганингизда “бўлди футболдан кетаман” деган экансиз...

-  Тўғриси ўша дамлар биз учун жуда ҳам оғир кечган. РОЗКда ўқиб юрган пайтларимизда, мени ва Икром Алибоевни талабга жавоб беришмайди, булардан футболчи чиқмайди деб ўқишдан четлатишган. Кейин ўзимиз педагогика коллежига ҳужжатларимизни топширганмиз. Ўша ерда Рустам ака Орипов қўл остида машғулотлар олиб борар эдик. Иккинчи лигада “Тошкент” номли жамоада ўйнаганмиз. Ўшанда елкамни синдириб олган эдим. Оғир операцияни бошимдан ўтказганман. Олти ой футбол билан шуғулланмаганман. Ўша пайтда, “Локомотив” биринчи лигадан олий лигага чиқиш йўлланмасини қўлга киритганди. Ўшанда мени ўринбосарлар таркибида синаб кўриш учун синов муддатига чақиришди. Биринчи назорат учрашувида яна елкамни синдириб олдим. Мен тушкунликка тушмаганман, кўпроқ ота-онамни ўйлаганман. Айниқса онам мен ҳақимда кўп қайғурган. “Бўлди бошқа футбол ўйнамайсан, бошқа иш қиласан” дейишганда уйдагиларга тушунтирганман. “Футбол бу мени касбим, қон қонимгача сингиб кетган. Бошқа иш қила олмайман, қўлимдан бошқа иш келмайди, сўнги бор имкон беринглар” деганман. Ўша қийинчиликлардан сўнг Тошкентга келдим, “Локомотив” 2 лигасига чақирув олдим. Ўринбосарлар билан биринчи ўртоқлик учрашувидаёқ Марат ака Муфтахиддинов кўзига тушдим ва иккинчи даврадан “Локомотив” ўринбосарларида тўп тепишни бошладим. Ўша йилнинг ўзидаёқ жамоа асосий таркибидаги машғулотларга чақирув олдим. Бунгача РОЗКдан четлатишгандан сўнг, футбол ўйнаш учун керак бўлса офитциантлик қилганман. Пул топиш учун майдонларни чимларини ўриб юрганмиз. Ҳамза туманида “метрострой” номли майдонда ётиб полларини артиб чимларини ўрганмиз, бизга маош беришар эди. Футбол ўйнаш учун шу ишларни ҳам қилганмиз. Яхшиямки у дамлар ортда қолди, лекин буни эсдан чиқариб бўлмайди. Бизга катта ёрдам берган, бу Рустам ака Орипов бўладилар. Мен, Икром Алибоев, Хуршид Муҳторов бирга бўлганмиз. Яна 5, 6 та болалар қийинчиликларга бардош бера олмасдан футболни тарк этишган. Шу инсон футбол ўйнашимиз учун қўлидан келган барча ишни амалга оширган. Керак бўлса ўзини маошидан бизга озиқ-овқат олиб берган пайтлар ҳам бўлган. Оғир жароҳат олганимда шу инсон “сен мени энг яхши шогирдимсан” деган эдилар. Рустам ака худди мени отамдек бўлиб қолган. Футбол шундай спорт турики сенга синов беради, агар мана шу сновдан ўтсанг, сени буюк келажак кутмоқда. Сен барчасига тайёр туришинг керак. Ҳозиргача нима бўлса биринчи бўлиб Рустам акадан маслаҳат сўрайман.

Кўпчилик айтади, ёшлигимдаги мураббийим унақа униси бунақа деб, мен учун мураббийим битта, Рустам ака Орипов. Тўғри, Евстафеев қўл остида ҳам шуғулланганман, лекин ҳеч ким Рустам ака Ориповчалик менга ёрдам бермаган ва футбол йўл йўриқларини кўрсатмаган.

-  “Қўқон-1912” жамоасидан кетаётганингизда “мухлисларни соғиниб қоламан” деган экансиз. Ҳозир ҳам уларни қумсаб турасизми?

-  Тўғрисини айтаман, мухлисларим ҳозиргача мен билан алоқада бўлиб туришади. Мен ҳам ўзимни улардан олиб қочмайман. Қўқондаги дамларим ҳеч қачон эсимдан чиқмаган. “Қўқон-1912” жамоаси сафида жуда катта ўсишга эришдим деб ўйлайман. Қўлимдан келмайдиган нарсаларни аслида уддасидан чиқсам бўлар экан. Шу нарсаларни “Қўқон-1912” жамоаси сафида тўп тепиб юрган кезларим билдим. Мухлисларни ва майдонларни жуда ҳам соғиндим. Айниқса гранд жамоаларга қарши ўйин бўлиб қолса, стадион мухлислар билан тўлиб тошар эди. Жуда ҳам чиройли хотиралар ёдимда қолган. Ўтган йили мағлуб бўлсак ҳам, мухислар жуда ҳам қаттиқ қўллаб-қувватлашарди. Хаттоки машғулотларимизга 2,  3 минг нафар мухлислар ташриф буюришарди. Яқинда ҳам бордим, Кўзига ёш келади. Қўқон худди мени иккинчи уйим бўлиб қолгандек. Мухлисларнинг барчаси ортга қайт деб бақиришларини эшитиб жуда ҳам хурсанд бўлиб кетдим. Иккинчи даврада “Қўқон-1912” жамоасига қайтишга ҳаракат қилдим, лекин мураббийлар рухсат беришмади.

-  “Футболчи бўлиш қийин лекин нони ширин” дейишади...

-  Бу гапга 100 фоиз қўшиламан. Айрим одамлар бор, футболда тўп тепиш осон деб ўйлашади. Футболчидан жуда катта меҳнат талаб қилинади. Керак бўлса соғлиғингизни йўқотасиз. Футболни нонини ейиш жуда ҳам қийин. Лекин футболчи бўлиб етишганингиздан сўнг завқ бағишлар экан. Чунки, минглаб одамлар эътиборида бўласиз. Менимча футбол дунёдаги энг чиройли касблардан биттаси бўлса керак деб ўйлайман.

-  Футбол орқали олган илк маошингизни эслай оласизми?

-  Албатта эслай оламан. “Локомотив” ўринбосарлари таркибида тўп тепиб юрган кезларим 215 минг сўм олганман. Биринчи ойлигимни уйимга, Сурхондарёга юбормоқчи бўлганман. Онам айтган “ўғлим биринчи маошинга ширинлик олгин, топган пулинг ширин бўлсин, ширин нарсаларга сарфлансин” деган эдилар.


-  Сиз сурхондарёликсиз, лекин Сурхондарёда футбол ривожланмаётганига нима дея оласиз?
-  Сурхондарёда футбол йўқолиб кетаётгани одамни ташвишга солади. Бир пайтлар Сурхондарёдан қандай даражадаги футболчилар етишиб чиққан? Терма жамоамизга фойдаси тегадиган футболчилар бор эди. Ҳозирги кунда биринчи лигада иштирок этадиган жамоанинг ўзи йўқ. Бу жуда ҳам ачинарли ҳол. Ўзим сурхондарёлик бўлганим учун ачиниб гапирмасам бўлмайди. Уйимга борганимда тенгдошларим билан тўп тепиб тураман. Талантлар бор, улар нима қиларини билмай кўчада юрипти. Имкон бўлиб кичик турнирлар ташкил этилиб қолса битта ёки иккита ёшлар чиқиб қолиши мумкин. Бу менимча ўзбек футболи учун катта йўқотиш деб ўйлайман. Чунки, қанчадан-қанча футболчилар, Вали Келдиев, Бозоровлар, Аннаматовлар тўп тепишган. Ҳозир, Шомуродовлар терма жамоага чақирилмоқда. Сурхондарё футболини ҳам ривожлантириш йўлга қўйилса жуда ҳам хурсанд бўлар эдим. Бунинг учун қўлимдан келган барча ишни амалга оширган бўлар эдим. Керак бўлса биринчи лигасидан олий лигага чиқиш учун имконият бўлса, бориб ўйнаб беришга ҳам тайёрман. 3 та 4 та катта майдонлар бор, лекин ҳеч ким қарамайди, эътибор бермайди.  Яқинда бориб келдим, кичик турнир ўтказилди. Айрим футболчилар ушбу турнирга ташриф буюришди. Мана шу кичик турнир учун ҳам 3, 4 минг мухлис ташриф буюрди. Сурхондарёда одамлар қанчалик футболга чанқоқлигини гувоҳи бўлдим. Вилоятда жамоа тузилса булар учун ҳам катта совға бўлар эди. Мисол учун, яқин қўшнимиз Қашқадарёда 3 та жамоа бор, бизда эса битта ҳам клуб йўқ. Мени энг катта орзум Сурхондарё жамоасини олий лигада кўриш. Сурхондарё футболи йўлга қўйилса ўзбек футболи учун жуда катта фойдаси тегади.
   
Блиц саволлар
-  Кўпроқ қандай таомларни севиб истеъмол қиласиз?

-  Тўғрисини айтсам, таом танлаш борасида инжиқроқман. Менимча паловни севиб истеъмол қилсам керак. Чунки кўпроқ чет давлатларга чиқсак ҳам кўпроқ ошни соғинамиз. Шунинг учун ҳам энг ёқтирган таомим палов.

-  Ўзингиз ҳам таом тайёрлаб турасизми?

-  Албатта, айтиб ўтганимдек қийинчилик пайтларимизда ўзимиз таом тайёрлаб, ўзимиз истеъмол қилар эдик. Ўзим мустақил равишда бемалол овқат тайёрлай оламан.

-  Қайси жамоага мухлислик қиласиз?

-  “Манчестер Юнайтед” ҳамда “Реал Мадрид” жамоаларига мухлислик қиламан. Лекин кумирим Андреа Пирло, тўғри анча қариб қолган, лекин ўз даврида ҳақиқий юлдуз даражасидаги футболчи бўлган. Ҳозирги даврда Роналдуни инсоний тарафлама хурмат қиламан. Яқинда қайсидур бир давлатда ёнғин содир бўлганида ўз ҳисобидан ёрдам пули ажратди. Эътибор берган бўлсангиз, бундан ташқари Роналдуда ҳеч қандай татуировкаси йўқ. Чунки, у ҳар йили болаларга ўз қонини беради. Ижтимоий тармоқларда кўп кўрганман, Роналду кўпчилик инсонларга яхшиликлар қилади. Оддий мисол, Европа чемпионатининг финал учрашувида жиддий жароҳат олиб майдонни тарк этди. Захирада ўтириб ҳам жамоасига ёрдам берди. Жароҳат олгандан сўнг ўзини ўйлаб бемалол захирада ўтирса бўларди. Лекин, у ўз жамоасини шаънини ҳимоя қилиш учун ҳар нарса қилиб кўрди. Месси техник жихаттан буюк, маҳоратли футболчи. Барибир Роналду бошқачароқ.

-  Қандай автомобилларни ёқтирасиз?

-  Очиғини айтаман автомобилларга қизиқмайман. Хаттоки ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳам олмаганман (кулиб).

-  Қандай рангларни ёқтирасиз?

-  Оқ рангни ёқтираман. Агарда келажакда автомобил сотиб олсам ранги оқ бўлади (кулиб)

-  Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига тилак билдирсангиз.

-  Мустақил бўлганимиздан сўнг жуда ҳам катта ўсишга эришдик. Спортга бўлган эътибор янада ошди. Мана, мустақиллигимизнинг 25 йиллиги учун Олимпиадада спортчиларимиз катта совға тайёрлаб келишмоқда. Мана шулар мустақиллигимизнинг мевасини кўрсатиб турипти. Ўйлардимки ғалабаларимиз давомий бўлсин. Энг муҳими тинчлик бўлсин. Тинчлик бор жойда мана шундай ғалабалар бўлади. Тилакларим, насиб қилса футбол бўйича жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритамиз. Мустақиллигимиз абадий бўлиб юртимиз тинч бўлишини истайман. Биз бемалол ухлаб, уйқудан тура оляпмиз. Юртимиз тинч, ҳеч нарсадан қўрқмаймиз. Бизнинг энг катта ютуғимиз ҳам шу. Шунинг эвазига ютуқлар келиб чиқмоқда. Ушбу фурсатдан фойдаланиб юртбошимизга чуқур миннатдорчилик билдираман. Тинчлигимиз абадий бўлсин. Championat.asia сайти ҳодимларини ҳам мустақиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман.  Ўзбекистонда ушбу футбол сайтга етадиган, рақобатлаша оладиган сайт йўқ деб ўйлайман. Жуда ҳам тиниқ, ёрқин фикрлар ёзилади. Хоҳлаган пайтимиз бизни қизиқтирган маълумотларни топишимиз мумкин. Дунё футболида рўй бераётган янгиликлардан хабардор бўлиб турамиз. Бундан кейинги ишларингизга омад тилайман. Яна бир бор мустақиллигимизнинг 25 йиллиги билан сhampionat.asia сайтини чин қалбимдан табриклайман.


Жаҳонгир Сотволдиев суҳбатлашди.

Рейтинг: +4   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика