"Қўқон-1912": Янги футболчилар оммага таништирилди ФОТОГАЛЕРЕЯ
02 мар 2017 16:03
Новости
"Қўқон-1912": Янги футболчилар оммага таништирилди ФОТОГАЛЕРЕЯ
Ушбу тадбирда Қўқон шаҳар ҳокими Акрамжон Анорқулович Абдуллаев, “Қўқон спирт АЖ” бош директор ўринбосари Мақсуджон Умаров, жамоа раҳбарияти, мураббийлар штаби, футболчилар ва кўплаб мухлислар иштирок этишди.
Дастлабки сўз Қўқон шаҳар ҳокими Акрамжон Анорқулович Абдуллаевга берилди.
-Ассалому алайкум, ҳурматли футбол мухлислари. Навбатдаги футбол мавсуми бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди, деб сўз бошлади Акрамжон Анорқулович. – Барчангизга маълумки, “Қўқон-1912” жамоаси мавсумга тайёргарлик жараёнида қизғин иш олиб борди Бунинг натижасида таркибга бир қатор кучли футболичилар келиб қўшилишди. Бу эса мухлисларимизга ишонч ўйғотди. 4 март куни “Қўқон-1912” жамоани жиддий синов кутиб турибди. Ўйлайманки, қилинган меҳнатлар ўз самарасини беради. Жамоамиз олдига олтинчи ўринни эгаллаш вазифаси қўйилди. Кейинги йилги мақсад эса ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш учун кураш олиб боришдан иборат. Ўзбекистон Кубогида муваффақият қозониш орқали ҳам ушбу ниятга эришиш мумкин бўлади.
Янги мавсумда футболчиларимизга муваффақиятлар тилаб қоламиз. Умид қиламанки, жамоа аъзолари ғалабали ўйинлари билан мухлисларни хушнуд этишади.
Шундан кейин “Қўқон-1912” жамоаси вице-президенти Бахтиёржон Толипов сўзга чиқиб қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
– Ассалому алайкум, ҳурматли футбол мухлислари. XXVI миллий чемпионат баҳслари бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Анъанага кўра бугун янги мавсум олдидан жамоамиз сафига келиб қўшилган янги ўйинчиларни таништириб ўтамиз.
4 март куни футболчиларимиз чемпионатни “Насаф”га қарши кечадиган ўйин билан бошлашади.
Ўтган мавсум биз учун оғир келганига қарамай, чемпионатни 12-ўринда тугатишга муваффақ бўлдик.
Мураббийлар штаби ҳам селекция ишларини самарали олиб боришганини айтиб ўтиш ўринли деб биламан.
Яна бир янгилик бу йилдан NIKE компанияси билан Ўзбекистонда иккинчи бўлиб ҳамкорликни йўлга қўйдик.
Бугун янги мавсум олдидан сафимизга келиб қўшилган футболчиларни кенг оммага таништириб ўтамиз.
Ўтган йилги мавсумда мухлисларимиз ҳар доим бизни қўллаб-қувватлаб келишди. Бунинг учун уларга миннадорчилик изҳор этамиз. Ўйлаймизки, бу йил ҳам улар бизни ёлғизлатиб қўйишмайди.
Даставвал бу йилги баҳсларда иштирок этиши мумкин бўлган, аниқроғи, ПФЛ томонидан рўйхатдан ўтган барча футболчилар мухлисларга тантиштириб ўтилди.
Шундан кейин жамоамиз сафига келиб қўшилган янги футболчилар: Музаффар Абдуллаев, Мурод Холмуҳаммедов, Акмал Холмуродов, Александр Мерзляков, Руслан Мелезиддинов, Жамшид Ҳасанов, Баҳодир Пардаев, Андрей Сидоров ва Филип Райевацлар кенг оммага расман таништирилди ва уларга тантанали тарзда исмлари туширилган футболкалар топширилди.
Ким қайси рақамда тўп суради: Музаффар Абдуллаев – 21, Руслан Мелезиддинов – 85, Андрей Сидоров – 11, Баҳодир Пардаев – 18, Мурод Холмуҳаммедов – 77, Александр Мерзляков – 23, Акмал Холмуродов – 26, Жамшид Ҳасанов – 7, Филип Райевац – 99.
Шунингдек, ушбу мавсумда жамоамиз мураббийлар штабида ҳам катта ўзгаришлар содир бўлди. Ўтган йили футболчилик фаолиятини тугатган Азиз Тўхтабоев ёрдамчи мураббий сифатида ишлайди. Яна бир собиқ футболчимиз Андрей Бакланов дарвозабонлар мураббийи бўлди. Мураббийлар штабидан шунингдек Муҳиддин Абдувалиев ҳам ўрин олган.
Ўринбосарларимизни эса Муҳсин Низомиддинов бошқаради. Унга Раҳматулло Иноғомов ёрдам беради. Ушбу мураббийлар ҳам мухлисларга таништирилди.
Тадбирнинг яна бир қисми мухлислар билан савол-жавоб тарзида ўтди. Унда маросимга ташриф буюрган кўп сонли ишқибозлар клуб раҳбариятига ўзини қизиқтирган саволлари билан мурожаат этишди.
Маросимда бош мураббий Нўъмон Ҳасанов ҳам сўзга чиқиб қуйидагиларни айтиб ўтди.
– Ўзим истаган футболчиларни таркибга жалб этишга ёрдам берган клуб раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман. Бизга Никола Валентич етишмайди. Сербиялик ҳимоячи тиббий кўрикдан ўта олмади.
Олдин ҳам айтганман, биз фақат мухлислар учун ўйнаймиз. Ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга тушамиз. Ўтган йилдагидек ишқибозларнинг қўллаб-қувватлаши бизга катта мадад бўлишига ишонаман.
Жамоа сардори Носир Отақўзиев футболчилар номидан сўз олиб шундай деди: Клуб раҳбарлари ва бош мураббиймиз айтган гапларга қўшиламан. Мухлисларни хурсанд қилиш учун майдонга тушамиз. Ҳар бир баҳсда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
Маросим сўнггида футболчилар эсдалик учун суратга тушишди.
Қуйида ушбу маросимга бағишланган фотогалерея билан танишинг:
Комментарии