

Мазкур сўровномада Суперлиганинг 12 та клуби бош мураббийлари ва сардорлари иштирок этди. Мухлислар овози эса ПФЛ расмий сайти (www.PFL.uz)да ўтказилган сўровнома орқали қабул қилинди.
Ортда қолган август ойида 3 та тур учрашувлари бўлиб ўтди. Ўтказилган 20-21-22-турлар давомида бир қатор футболчилар мазмунли ўйин намойиш этиб, мухлис-у мутахассислар олқишига сазовор бўлишди.
Жамоалар мураббийлари, сардорлари ва мухлислар ўртасида ташкил этилган сўровнома якунларига кўра, “Металлург” жамоаси аъзоси Ислом Исоқжонов август ойининг энг яхши футболчиси деб топилди. Ўтган ойда 3 ўйинда майдонга тушиб, 4 марта рақиблари дарвозасини ишғол этган ва 1 та голли узатма амалга оширган Исоқжонов сўровномада энг кўп очко жамғаришга эришди. Маҳоратли футболчини 7 нафар мураббий ва сардор 1-ўринга, яна 13 нафари эса 2-ўринга жойлаштирди. Қолаверса, ПФЛ расмий сайтида ўтган мухлислар сўровномасида ҳам айнан бекободликлар етакчиси энг кўп овоз тўплади.
Иккинчи поғона эса 2 та гол ва 2 ассистга муаллифлик қилган АГМК жамоаси ярим ҳимоячиси Жасур Ҳасановга насиб этди. Учинчи ўриндан эса “Пахтакор” ҳужумчиси Исмоил Гонсалвеш (3 ўйин, 3 гол) ўрин эгаллади.
Қайси мураббий ва сардорлар кимга овоз бергани эса бироздан сўнг ПФЛ сайтида эълон қилинади.



