

Олмалиқда "Андижон" – "Локомотив", Тошкентда эса "Навбаҳор" – ОКМК учрашувлари бўлиб ўтади. Табийики, 2 та ўйинда ҳам интрига юқори ва финалга чиқишга жамоаларда иштиёқ катта. Мазкур беллашувлар олдидан собиқ футболчи Зоҳир Пиримовнинг фикрлари билан қизиқдик.
"Ярим финал баҳси битта ўйиндан иборат эканлиги сабабли унда ҳар қандай натижа қайд этилиши мумкин. Бироқ сўнгги турлардаги ҳолатдан келиб чиқилса, "Локомотив"нинг имкониятлари бироз юқорироқ. "Темирйўлчилар" Суперлигада анча барқарор ўйин намойиш этмоқда ва ҳал қилувчи, катта ўйинларда бой тажрибага эга. "Андижон"га келсак, жамоа сўнгги баҳсларда ўз имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқара олмаяпти. Айни пайтда андижонликлар руҳий жиҳатдан ҳам яхши ҳолатда эмасдек кўринмоқда. Шу омилларни инобатга олганда, ушбу қарама-қаршиликда "Локомотив" финалга йўл олади.
Ушбу жуфтликда жамоаларнинг имкониятларини тенг деган бўлардим. Учрашув жуда қизиқарли ўтиши шубҳасиз. Сўнгги баҳсларга назар ташланса, жамоалар ярим финалга турли кайфият ва ҳолатда етиб келди: "Навбаҳор" кетма-кет бир неча учрашувдан буён мағлубият нималигини билмай келмоқда, ОКМК эса охирги икки баҳсда имкониятни бой берди.
Бироқ бу алоҳида мусобақа ва ҳал қилувчи босқич бўлгани сабабли ҳар икки жамоа майдонда бор кучини ишга солиши аниқ. Қолаверса, катта тажрибага эга икки мутахассис тўқнаш келади — шу боис мураббийлар омили беллашувда ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин. Бундай даражадаги ўйинларда кўп нарсани майда деталлар ҳал қилади, шу сабабли баҳс олдидан яққол фаворитни ажратиб кўрсатиш қийин", – дейди Зоҳир Пиримов.
Маълумот учун, бугунги ўйинлар бир вақтда – 18:15 да старт олади.


