Мбаппе ва "Реал"нинг узр сўраши етарли бўлмади: "Мадрид" хомхаёлларни йиғиштириб қўйгани маъқул"

Aslanov Jasurbek
28 окт 2026, 15:45
Хитой давлат телерадиокомпанияси ҳисобланмиш China Media Group Килиан Мбаппенинг Мао Цзэдун ҳақидаги сўзларидан сўнг келтирилган узрларни ишончсиз деб ҳисоблашини ва узр сўралганига қарамай, Ла Лига ўйинлари трансляцияси тикланмаслигини тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ "Реал" ва Франция терма жамоаси ҳужумчиси ўзини диктатор сифатида тасвирлаган мемлар ҳақидаги саволга жавоб бераётиб, Хитой диктатори қиёфасидаги тасвиридан дўстлари билан суҳбатда тез-тез фойдаланишини айтиб ўтган эди. Шундан сўнг учта маҳаллий компания футболчи билан ҳамкорликни тўхтатди, мамлакат ҳудудида эса Испания чемпионати намойиши вақтинча тўхтатилди. Кейинчалик Ла Лига, Хавьер Тебас, "Реал" ва Мбаппенинг ўзи Хитой халқидан оммавий равишда узр сўрашган эди.

CMG ёшлар ва спорт бўлими вакилининг маълум қилишича, Мбаппенинг сўзлари "фикрни эркин ифода этиш доирасидан чиқиб кетган" ва ўйинчига эгалик қилувчи клуб сифатида "Реал" "юз берган ҳолатни эътиборсиз қолдира олмайди".

"[Мбаппенинг сўзлари] Хитой халқини ҳақорат қилди ва барча чегаралардан чиқиб кетди. Хитой халқининг туйғуларига тегадиган ҳар қандай сўз ёки ҳаракат муқаррар равишда жамиятнинг барча қатламлари томонидан оммавий рад этишга дуч келади ва "Реал" бу каби хомхаёллардан воз кечгани маъқул", — дейилади корпорация баёнотида.

Қайд этилишича, China Media Group Мбаппе, "Реал" ва Ла Лигадан омма олдида узр сўрашни, шунингдек, компанияга расмий хат юборишни талаб қилмоқда. Шу билан бирга, Хитойда Испания чемпионати трансляцияси талаб даражасидаги узр қабул қилинмагунча тикланмайди.

Ўхшаш янгиликлар

Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: As