

- "Насаф" жамоасини ғалаба билан табриклайман. Мухлисларимиздан, раҳбариятимиздан бугунги мағлубият учун узр сўрайман. Барча айбни ўз бўйнимга оламан. Ўйин оғир ўтди, тушунарсиз ҳолатлар кўп бўлди. Рақиб барча стандартлардан фойдаланиб кетди, биз буни кўриб чиқамиз. Лекин шу ҳолатда ҳам футболчиларга эътирозим йўқ, улар ҳаракат қилишди. Бу ўйин ҳақида бирор нима дейиш ҳам қийин.
- "Нефтчи" қаторасида бир неча ўйинларни яхши ўтказиб келаётганди. Бухоро ва Қаршидаги мағлубиятга қандай изох бера оласиз?
- Буни хатолар билан изохлаймиз. Нималарнидир кам ишлаётгандирмиз. Қаердадир бизнинг хатолар, қаердадир рақибнинг совуққонлиги ҳал қилмоқда. Барча ўйинларни стабил ўтказишни иложи йўқ. Чунки жамоа катта босим остида ўйнайди. Доимо юқори нотада бўлиш қийинчилик туғдиради. Ҳар бир ўйиннинг қадри баланд. Буни барча футболчилар ҳам яхши тушуниб турибди. Лекин бундай ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Вазиятни тўғрилашга ҳаракат қиламиз. Бундай вазиятдан чиқиб кетиш учун, сафардаги ўйинларда ҳам ғалабалар қозониш учун ҳам ўйнаймиз.
- "Нефтчи" амалдаги чемпион ҳисобланади. Суперлигадаги бошқа жамоалар билан солиштириш қийин. Жамоа футболчилари бошқаларга қараганда кўпроқ ойлик олади, мураббийлар ҳам хориждан, уларда ҳам яхши ойлик. Жамоа биринчи даврани яхши ўтказди. Иккинчи даврада эса пасайиш бўлди. Мураббийлар штабидаги айрим инсонларнинг кетгани билан боғласак бўладими ёки ўтган йили чемпион бўлган йигитлар яна бемалол чемпион бўламиз деб ўйлашмоқдами?
- Мураббийнинг кетиши жамоанинг ўйинига таъсир қилмайди. Иккинчи даврада кўплаб хатолар кузатилишига сабаб таркибда кўплаб йўқотишлар бўлмоқда. Айрим асосий футболчиларимиз йўқ, уларнинг ўрнини бошқалар тўлдирмоқда. Жароҳатдан қайтганлар эса тезда таркибга қўшилиб кета олмайди. Бу ҳам вақт талаб қиладиган жараён. Ҳар бир ўйинга жароҳатлар билан келяпмиз ва таркибда ўзгаришлар қилишга мажбур бўляпмиз. Бу ҳам ўйин сифатига таъсир қилади. Чунки бир хил ўйнаб турган таркиб бошқа ва доимий алмашиб турадиган таркиб бошқа. Ҳаммаси ҳам жароҳатлар билан боғлиқ эмас. Қаердадир мураббий сифатида мен ҳам хато қилаётгандирман. Шунинг учун аниқ бир нарса айтолмайман. Биз охиригача курашамиз. Ҳали ҳеч нарса йўқотилгани йўқ, жамоа биринчи ўринда. Мавсум охиригача бор кучимиз билан ҳаракат қилиб, турган ўрнимизни сақлаб қоламиз.
- Жамоадан ОЧЛдан нима кутсак бўлади ёки ўзингиз нимани кутяпсиз?
- Элит ОЧЛ - оддий мусобақа эмас. У ерда кучли рақиблар бор. Буни биз ҳам ҳис қилиб турибмиз. Ўзбекистон номидан муносиб иштирок этишимиз шарт. Бу руҳиятга ҳам боғлиқ. Бу турнирга футболчилар ҳам бошқача ёндашади. Халқаро майдонда муносиб иштирок этамиз.
- "Насаф"га қарши ўйинда очиқ футбол ўйнаш "Нефтчи"нинг хатоси бўлди деб ўйлайсизми?
- Йўқ. Ундай демаган бўлардим. Ўйин тақдирини стандартлар ҳал қилиб кетди. Аввал жарима зарбасидан, кейин бурчакдан гол. Бурчакдан узатилган тўплар голга айланаверди. Биринчи бўлимда жамоа нокдаун ҳолатига тушиб қолди. Бундай пайтда футболчиларни қайтадан уйғотиш жуда қийин, руҳий томондан қийинчилик туғдиради. Шу сабабдан очиқ футбол ўйнаяпмиз. Уйда "Пахтакор"га қарши ҳам очиқ футбол ўйнадик. Ўйлайманки, бу ёмон эмас.
- Сиз жамоа фақатгина стандартлардан кейин гол ўтказди, деяпсиз. Ҳимоячилар ва дарвозабоннинг ўйинига қандай баҳо берасиз?
- Реал ҳолатда ҳам шундай бўлди. Ҳар бир зарба голга айланди ва шу сабабли рақиб 6та гол урди. Ҳеч кимдан шубҳаланмайман. Барча футболчиларга ишонамиз, уларни қўллаб-қувватлайман. Шу кунгача жамоа учун борини берган футболчилар. Бундан кейин ҳам шундай бўлади. Бугун шундай бўлиши керак бўлган экан, бўлди.
- Биринчи бўлимдаёқ ўзгариш амалга оширдингиз. Бу нималарни ўзгартириши керак эди?
- Қанотларни кучайтириш мақсадида Алишер Одиловни майдонга туширгандик. Йововични ҳужумчилар ортига олиб ўтдик. Шу ўзгариш орқали марказдаги кескинликни оширишни мақсад қилгандик. Афсуски яна бурчакдан кейин гол бўлди, ундан кейин ҳам.



