"Бавария"дан антирекорд: Мюнхенликлар 1995 йилдан бери илк бор еврокубокларда ўз дарвозасидан 5 та гол олиб чиқди

Aslanov Jasurbek
29 апр 2026, 12:35
Венсан Компани бошчилигидаги "Бавария" учун Париждаги оқшом нафақат мағлубият, балки тарихий антирекорд билан якунланди.

ЕЧЛ ярим финалининг илк баҳсида ПСЖга 4:5 ҳисобида имкониятни бой берган немис гранди XXI асрда илк бор еврокубокларда бир ўйинда 5 та гол ўтказиб юборди.

Мюнхенликлар дарвозасига охирги марта қачон халқаро майдонда 5 та гол урилганини эслаш учун анча ортга қайтишга тўғри келади. Охирги марта бундай ҳолат 1995 йилнинг апрель ойида содир бўлган эди. Ўшанда Амстердамнинг "Аякс" жамоаси "Бавария"ни 5:2 ҳисобида мағлуб этганди.

Шу тариқа, "Бавария"нинг мудофаа чизиғи 31 йилдан сўнг яна бир бор панд берди. Гарчи ҳужум чизиғи 4 та гол уришнинг уддасидан чиққан бўлса-да, ҳимоядаги парокандалик жамоани ноқулай аҳволга солиб қўйди.

Энди ҳаммаси Мюнхенда ҳал бўлади. Жавоб учрашуви 6 май куни бўлиб ўтиши белгиланган.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Opta Sports