Шафқатсиз генерал Франко ёхуд Каталония нега "Реал"дан нафратланади?
09 may 2020 19:50
News
Шафқатсиз генерал Франко ёхуд Каталония нега "Реал"дан нафратланади?
"Йўлнинг нариги томонидаги уйдан хушбўй бир ҳид тараларди. У Ансельмогача етиб борарди. Фашистларга у ерда мазза, ўйлади у. Ҳам иссиқ, ҳам қулай. Эртага кечаси эса биз уларни ўлдирамиз. Мен уларни кун бўйи кузатдим, улар ҳам худди биз каби одамлар. Мен ҳозир уларнинг олдига бориб, эшикни тақиллатишим мумкин эди. Улар мени очиқ юз билан кутиб олишар ва биз дилдан суҳбатлашардик, аммо... Аммо бизларни орамизда буйруқлар турарди. Мен бу одамларни фашист десам ҳам, аслида улар фашист эмас. Улар худди мен каби бечоралар. Улар бизга қарши уруш бошламасликлари керак эди. Яхшиси мен уларни ўлдиришим кераклиги ҳақида ўйламайман".
(Эрнест Хемингуэйнинг Испаниядаги фуқаролар урушига атаб ёзган романидан парча)
1938 йил Испания терма жамоаси Жаҳон чемпионатига бормади. Мамлакатда фуқаролар уруши авж олганди. Генерал Франциско Франко мамлакат бошқарувини ўз қўлига олишни ният қилганди. Уруш фашистларнинг уч йирик етакчисининг бирлашувига хизмат қилади. Гитлер ва Муссолини очиқчасига Франкони қўллашдан тортинишмасди, улар Франкони ҳар томонлама таъминлаб туришарди. СССР ҳукумат вакиллари яъни республикачиларни қўлларди. Англия ёки Франция каби қолган мамлакатлар "чуқур ҳавотирда" бўлишларига қарамай, Адольф Гитлерга қарши чиқишни исташмасди.
1938 йил январь ойида Испаниянинг деярли бутун ҳудудини қўлга олган Франко қўшини урушсиз Барселонага кириб боришади. Деярли бўшаб қолган шаҳарда дабдабали парад ўтказилади ва Каталония автоном республика ҳуқуқидан маҳрум этилади. Уруш деярли тугаган, аммо тахминан ярим миллион одамнинг умрига завол бўлган. Франциско Франко ҳукмронлиги даврида яна бир неча ўн минг одам қатл қилинади, бир неча юз минг одам эса мамлакатдан қочиб қутулади.
Бугунги кунда Каталония "каттагина автономия"га эга бўлса-да, халқ алоҳида мамлакат бўлиш умидидан воз кечмаган. Фуқаролар уруши даврида Каталония ҳукумат кучларини қўллаб-қувватлаган. Шунинг учун Франко унинг ҳар қандай автономиясига кескин қарши бўлган. Каталония маданиятига турли йўллар билан тазйиқ ўтказилади. "Барселона" номи эски инглиз тилидан олинган "Football Club Barcelona"дан "Club de Fútbol Barcelona"га ўзгартирилди. Шунингдек, клуб гербидан Каталония байроғи олиб ташланган.
Иккинчи жаҳон уриши вақтида Испания нейтралликни сақлаб қолишга уринган. Лекин Франциско Франко амалда Гитлер ва Муссолинини қўллаган. Бунинг оқибатида уруш тугагач, мамлакат маълум вақт тўлиқ изоляцияда бўлган.
Генерал Франко футболнинг ижобий таъсирини сезган ва шу йўл билан Испанияга халқаро майдонда ижобий имижни қайтаришга умид қилган. Яна футбол халқни уруш оқибатидаги қашшоқликдан чалғитишнинг яхши усули ҳам эди.
Франко Испания пойтахтининг асосий жамоаси "Реал Мадрид" унинг режими буюклиги исботи бўлишини истарди. Қўшимчасига "Реал"нинг муваффақиятлари каталонияликларни попугини пасайтириб қўйиш учун яхши йўл эди. Ахир улар "Барселона" билан жуда ғурурланишарди-да... Натижада, "Реал" Франко режими тимсоли, "Барса" эса каталон маданиятига бўлган зуғумга қарши кураш тимсоли эди. El Generalísimo шафқатсиз ва қасоскор етакчи бўлган. У душманини ҳам, ўзига қарши чиққан ҳамюртини ҳам аяб ўтирмаган. Айнан шу сабаб "Реал" ва "Барселона" ўртасида шунчаки рақобат эмас, ўзаро нафрат мавжуд бўлган.
"Барса"нинг кўнгилсизликлари Франконинг расмий ғалабасигача, фуқаролар уруши давридаёқ бошланганди. 1936 йил август ойида Хосеп Суньоль "кўк-анорранг"лилар президенти фронтга ташрифи чоғида кичик бир хато туфайли франкистлар томонидан назорат қилинувчи ҳудудга кириб қолади. Ўзига хос кириш "постида" у қўлини юқорига кўтарганча, республикачилар олдига келдим деган фикрда: "Viva la Republica!" дейди. Франко одамлари "Барселона" президентини қўлга олишади ва на суд, на суриштирувсиз отиб ташлашади.
Худди Гитлер ва Муссолини каби, Франко ютқазишни билмаган. Агар унинг "Реали" "Барселона"га мағлуб бўлса, бу фақатгина клубга берилган зарба эмас, балки бевосита Франциско Франко ва унинг тизимига зарбадек қабул қилинарди. Генералиссимус Кубоги ярим финалида (Қирол Кубоги шундай номланарди) 1943 йил Мадрид ва Каталония грандлари тўқнаш келишган. "Барселона" ўз уйида 3:0 ҳисобида зафар қучган ва устунликка эга бўлганди. Миш-мишларга қараганда, Мадридда "Барса" футболчиларини Испания хавфсизлик хизмати вакили кутиб олади. У ҳукуматнинг бағрикенглиги, каталонияликларга шундай буюк давлатнинг бир бўлаги бўлишдек бахтни тақдим этгани ва футболдан завқ олиш имконини яратиб берганини таъкидлайди. "Кўк-анорранглилар" "намёк"ни тўғри тушунишган чоғи, Мадриддаги жавоб учрашуви 11:1 ҳисобида "қаймоқранглилар" фойдасига якунланади.
Телевидениенинг пайдо бўлиши Франко учун тарғиботнинг янги усулини яратди. Футбол учрашувлари аҳоли нимадандир норози бўлиб, кўнгилсизликлар келиб чиқиши мумкин бўлган вазиятларда трансляция қилинган. Аммо шунда ҳам фақатгина "Реал Мадрид" ўйинлари. 1980 йиллар охирларига қадар ҳукумат теледастурларни тўлиқ назорат қилган ва дам олиш кунлари одамлар фақатгина "қаймоқранглилар" иштирокидаги учрашувларни томоша қилишлари мумкин эди.
Эътиборлиси, Франко ҳукмронлиги даврида "Атлетико Мадрид" "режимга" янада яқинроқ клуб ҳисобланган. Фуқаролар уруши оқибатида 8 нафар вакилини йўқотган ва стадиони бир аҳвол бўлиб қолган "Атлетико" ҳаво-кучлари жамоаси билан бирлашишга мажбур бўлади. Маълум вақт давомида ҳатто клуб номи "Atlético Aviación"га ўзгартирилади. Ўйинчиларнинг аксарияти собиқ учувчи эди. Қизиғи, Каталонияда ҳам франкистларни қўллаб-қувватловчилар топилган. Ушбу режим вакили "Эспаньол" клуби бўлган, клуб мухлислари фуқаролар уруши вақтида ҳам, ундан кейин ҳам франкистлар томонида бўлган.
Аввалига Франконинг "Реал Мадрид" бўйича режаси кутилган натижаларни келтирмаган. 1939 - 1954 йилларда "қаймоқранглилар" Испания лигасида бирор марта бош совринни қўлга кирита олишмайди. Аммо Альфредо Ди Стефанонинг пойтахт жамоасига келиб қўшилиши барчасини ўзгартириб юборади.
50 йилларда Ди Стефано дунёнинг энг иқтидорли футболчиларидан ва Колумбиянинг "Мильонариос" клуби юлдузи ҳисобланарди. Мадрид ва Каталония грандлари футболчини нишонга олишади. Аммо "Барса" тезроқ ҳаракат қилади. Музокаралар муваффақиятли ўтади, Ди Стефано клуб таркибида ҳатто бир нечта ўртоқлик ўйинларида иштирок этишга улгуради. Лекин Франко яна ишга аралашиб, аргентиналик юлдузни пойтахтга олиб келишни ният қилади. "Барселона" президенти Энрик Марти Карретога агар у Ди Стефанони "Реал"га сотмаса, тўқимачилик компаниясида солиқ ҳодимлари астойдил текширув ишлари олиб боришларини маълум қилишади. Натижада, "Реал" "Барса"га компенсация пулини тўлайди ва Альфредо Ди Стефано "қаймоқранглилар" сафига келиб қўшилади. Орадан бир ой ўтиб, футболчи каталонияликлар дарвозасига 4та гол уради. Мадрид клуби 23 йил давомида чемпионлик совринини қўлга кирита олмасди. Бироқ аргентиналик келгач, қаторасига 5 марта бу ишни уддалайди. "Реал" нафақат Испанияда, балки бутун Европада енгилмас кучга айланади. Франко ҳам айнан шуни хоҳларди. "Реал Мадрид" Европа учун Испаниянинг ўзига хос юзига айланди.
Генерал Франко СССРни қанчалик ёмон кўриши барчага маълум эди. Ўша йилларда совет терма жамоаси анчагина кучли эди ва ютқазишни истамаган Франко, Испания термасини 1960 йил Франциядаги Европа Чемпионатидан қайтиб келишини буюради. Навбатдаги ЕЧ 1964 йил Испанияда бўлиб ўтади ва финалда мезбонлар СССР ни мағлуб этади. Ўша ўйинга фашизм ва коммунизм тўқнашуви деб таъриф беришади. Ғалабадан сўнг эса одамлар Франциско Франкони терма аъзоларидан кам мақтамайди. Испания томонидан Ференц Пушкаш ва Ладислав Кубала каби футболчиларни маҳаллийлаштириш, ваҳоланки улар Венгрия ва Чехословакия фарзандлари эди, коммунизмга қарши яна бир қадам эди. Франциско Франконинг антисовет риторикаси унга совуқ уруш вақтида АҚШ билан яхши алоқада бўлишига ҳам замин яратди.
Генерал ҳаётдан кўз юмганига 40 йил бўлди, аммо Барселона ва Мадриднинг бир-бирини ёмон кўриш учун сабаблар етарли. Бу ерда гап фақатгина Франко диктатураси ҳақида эмас. Каталониянинг 2017 йил мустақиллигини эълон қилмоқчи бўлгани эса биринчи уриниш эмасди. Тўлиқ ишонч билан айтиш мумкинки, бу каби сабабларни қидирса чиқаверади.
Улар-ку майли.... Аммо биз Испаниядан минглаб километр узоқдамиз, ҳар икки клубнинг баъзи (ҳамма эмас) мухлислари - сизлар нимани бўлиша олмайсиз? Ўйинидан завқ олинг, ғалабасига қувонинг, лекин уларни деб бир-бирингизни "ширин" сўзлар билан сийлашингиз, яқинларингиз-у, аждодларингизни "эслаш"га арзирмикин?
Омонжон Тўхтамирзаев тайёрлади
Comments