Нозим Муллаохунов: “Андижонда энг аввало инфратузилмани тўғри йўлга қўйиб олишимиз керак”
19 dec 2015 11:00
News
Нозим Муллаохунов: “Андижонда энг аввало инфратузилмани тўғри йўлга қўйиб олишимиз керак”
“УзДонгЖу”даги самарали ишлаши натижасида бу йил давралар оралиғига келиб, вилоятнинг бош жамоаси бўлмиш “Андижон”дан чақирув олди. У ерда катта мураббий сифатида ишлаб, жамоанинг кучлилар сафида қолишида ўз ҳиссасини қўшишга эришди. Ишқибозларга яхши маълумки, “Андижон” 10 декабрдан ўз қароргоҳида йиғинни бошлаганди. Кеча “бургутлар”нинг “УзДонгЖу”га қарши ўтказган назорат учрашувидан сўнг мазкур йиғин ниҳоясига етди. Биз эса фурсатдан фойдаланиб, ушбу йиғинга бошчилик қилган Муллаохуновни суҳбатга чорладик.
- Аввало поёнига етган мавсум ҳақида фикрларингизни билдириб ўтсангиз?
- Жамоамиз учун жуда ҳам оғир мавсум бўлди дейиш мумкин. “Андижон” раҳбарияти ёзда менга таклиф билан чиқиб, жамоага ёрдам беришим кераклигини айтгач, йўқ дея олмадим. Вилоятимизнинг бош жамоасини кучлилар сафида олиб қолиш учун бор кучим билан мехнат қилдим. Мураббийлар штабидаги ҳамкасбларим билан доимо ҳамфикр бўлиб, самарали иш олиб бордик деб ўйлайман. Йигитларни бир мақсад йўлида жипслаштира олдик. Футболчиларга ҳам миннатдорчилик билдириб қоламан. Сабаби улар қийин вазиятда турган бўлишимизга қарамай, кўрсатмаларимизни бекаму-кўст бажариб, ўз олдимизга қўйилган вазифани уддалай олди.
- “Андижон”да бош мураббий масаласи ҳамон очиқлигича турибди. Айрим мухлислар сизнинг номзодингизни маъқул топмоқда. Аммо шу кунгача олий лигада сира бош мураббий сифатида ишлаб кўрмагансиз. Тўғрими?
- Ҳа, шундай. Лекин биласизми, менга “Андижон”да қандай мураббий бўлиб ишлашнинг аҳамияти йўқ. Бош мураббий бўламанми, катта мураббий бўламанми, ёки ёшлар жамоасини бошқараманми, асосийси эса энг аввало Андижонда ўзига хос инфратузилмани тўғри йўлга қўйиб олишимиз керак. Бунинг учун болалар футболига жиддий эътибор қаратиб, шароитларни яхшилаб боришимиз керак. Керак бўлса, четдан малакали мутахассисларни таклиф этиб, уларнинг тажрибаларидан фойдаланишимиз зарур. Қачонгача бошқа клублардан ижарага футболчи олиб келиб, ўйнатамиз. Ёки қачонгача катта сумма эвазига тайёр футболчиларни харид қиламиз. Менимча бюджетдан тўғри фойдалана олсакгина, Андижонда мустаҳкам пойдевор қура оламиз. Назаримда бунинг вақти етиб келди. Раҳбарият билан ҳам яқинда шу ҳақда гаплашиб олдик.
- Бош мураббий масаласи қачон аниқ бўлади?
- Янги йилга қадар раҳбарият бу борада аниқ бир тўхтамга келиши керак. Юқорида айтганимдек, бошқарув постига ким келишидан қатъий назар, аввало вилоят футболини ўйлаши керак. Келажак сари интилиш зарур.
- Саккиз кунлик йиғин тўғрисида нима дейсиз?
- Билсангиз керак “Андижон”нинг асосий таркибдаги футболчилари иштирокидаги йиғин 21 декабрь кунидан бошланади. Унга қадар эса ёрдамчи мураббий Виталий Легай иккимиз ёшлар жамоасидаги футболчиларни йиғиб, саккиз кунлик йиғин ўтказдик. Кунига бир маҳалдан машғулот ўткадик. Йиғин сўнггида эса режамизга кўра, “УзДонгЖу” жамоаси билан синов-назорат учрашувини ташкил этдик. Бу ўйин орқали футболчиларнинг имкониятини яна бир бор текшириб олдик. Баҳсдан сўнг йигитларга дам бердик. Энди 21 декабрь куни асосий таркиб ўйинчилари билан йиғинга киришамиз.
- Ёшлар жамоасидаги футболчилар иштирокида ўтказилган йиғиндан сўнг қандай хулосага келдинглар? Кимлар энди кейинги йиғинда ҳам қатнашади?
- Бўлажак йиғинимизга Фарҳод Бекмуродов, Шохсултон Парпиев, Дилмурод Маҳмудов ва Хондамир Юлдашевни жалб этишни режалаштирганмиз.
- Қолган футболчиларнинг тақдири қандай кечади?
- Уларга агар биринчи лига клубларидан таклиф бўлса, ижара асосида беришимиз мумкин. Ушбу йиғинимизда 1994-1995 йилдаги футболчилар иштирок этганини айтиб ўтишни истардим. Уларни мана бир неча йилдирки, ёшлар жамоамизда ўйнатиб келмоқдамиз. Келаси мавсум ҳам айримларини ёшлар жамоасига жалб этиб, уларнинг ёнига 1996-1998 йилдаги иқтидорли футболчиларни қўшишимиз мумкин. Бу орқали уларни келаси йил олий лигага тайёрлаб юборишимиз лозим. Бунинг устида жуда кўп мехнат қилиш кераклигини ҳам яхши тушуниб турибмиз.
- Бугунги кунда олий лиганинг бир қатор жамоалари йиғинни бошлади. Селекция жараёни ҳам тобора бошланмоқда. Лекин маҳаллий ишқибозларда “Андижон”нинг ҳамон таътилдан қайтмагани ва трансфер борасида янгиликка қўл урмагани ҳадиқ уйғотмоқда. Бунга жавобан нима деган бўлардингиз?
- Тўғри, олий лига клубларининг аксарияти йиғинни бошлаб юборган. Аммо ҳозир деярли ҳамма футболчининг шартномаси 31 декабрга қадар. Расман ўтишлар январь ойидан бошланади. Унгача оғзаки гап-сўзлар бўлаверади. Бизнинг ҳам кўз остимизга олиб қўйган футболчиларимиз йўқ эмас. Уларнинг айримлари билан ҳозирдан гаплашиб турибмиз. Трансфер ойнаси январдан очилишини инобатга олсак, “Андижон” ҳам ҳаридларни янги йилдан бошлаб, амалга оширади. Лекин кимлар келишини айтмай турганим маъқул. Имкон қадар келаси йил мухлисларимизни қувонтирадиган жамоа тузишга харакат қиламиз. Феврал ойига қадар асосий таркибнинг ўзагини аниқлаб олишга харакат қиламиз.
- “Аниджон”да таркиб ҳар йили янгиланаверади. Бунга аста-секин чек қўйилиб бориладими?
- Бу саволга чуқур ёндошиладиган бўлса, ҳаммаси инфратузилмага бориб тақалади. Сўнгги йилларда мураббий вараҳбариятнинг кўнимсизлиги ҳам қайсидир манода бунга сабаб бўлса керак. Ҳар бир мураббийнинг ўз фикри ва футболга бўлган қараши мавжуд. Андижонда ҳам иқтидорли футболчилар кўп. Фақат уларга жиддий эътибор қаратиб, шароитларини яхшилаб бориш керак. Болалар футболини янада тартибга солиш керак деб ўйлайман. Шундагина уларни юзага чиқариш мумкин. Ҳар йили четдан катта сумма эвазига тайёр ўйинчини олиб келиб, бир мавсум ўйнатиш оқибати ҳам яхшиликка олиб келмайди. Бундан кўпроқ вилоят футболи ютқазаётганини кўриш мумкин. “УзДонгЖу”даги фаолиятимдан келиб чиқиб айтаманки, у жамоада ҳам бошида кўзга кўринмай қолган футболчиларга ишонч билдириб, юқори савияга олиб чиқиш учун астойдил ишладик. Натижада бугунги кунда олий лигага тайёрлари бўй кўрсатмоқда. Уларга ҳам бошида эътибор бермаганимизда, балки бугун футбол билан хайрлашиб қўя қолган бўлармиди.
- Ихтиёр ўзингизда бўлса селекция жараёнида қандай иш тутган бўлардингиз?
- Ҳозир мен жамоада кўришни истаган футболчилар ОТЖда. Уларни “Андижон”га олиб келиш учун етакчи клубларимиз билан музокара ўтказиб, камида ижарага олса бўлади. Лекин бир йилдан кейин нима бўлади?! Яна шу холатни такрорлаймизми?! Назаримда маҳаллий футболчиларимизга ишонч билдириш пайти етиб келди. Дастлабки йил натижа учун эмас балки пойдевор қўйиш ниятида ишласак, менимча келгусида ўзимизга осон бўлади. Бу билан бошқа вилоятдан футболчи олиб келмаслик керак демоқчи эмасман. Агарда инсонийлиги яхши бўлиб, футболчи сифатида бизга ёрдам бера олса, нега олмаслигимиз керак. Мана бу йил ёзда таркибга келиб қўшилган Анвар Бердиевнинг ёрдами катта бўлди. Бундай футболчилар бизга зарур. Раҳбариятга ҳам бу борада айтганман. Шунингдек футболчилар билан камида икки йиллик шартномаларни жорий этиш ҳам муҳим омиллардан биридир.
- “Андижон”нинг янги мавсумга тайёргарлик режаси қандай?
- Ҳозирги кунда олий лиганинг кўплаб клублари асосан ҳомаки режалар асосида тайёргарликни бошлаган. Чунки 22 декабрь куни янги чемпионатга қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Шундан сўнг аниқ бир тўхтамга келинади. Биз ҳам ҳомаки режаларни тузиб чиққанмиз. Янги мавсумга тайёргарлигимиз бир неча қисмлардан иборат бўлади. Биринчи ва иккинчи йиғинимиз Андижонда ўтади. Январь ойининг иккинчи қисмида эса Тошкентда бўламиз. Кейин яна Андижонга қайтамиз. Шу йиғинлар орасида қисқа муддатли дам бериб борилади. Мураббийлар штаби расман тасдиқланса кейин янада режалар ҳам пухталашади менимча. Дарвоқе, менда битта таклиф бор эди. Ўзбекистон футбол федерация раҳбарияти Тошкентда “Футбол-МЕД” тиббий кўрик масканини очгани айни муддао бўлди. Бунинг учун футболимиз мутасаддиларига миннатдорчилик билдираман. Менимча шундай тиббий кўрикни водий учун ҳам битта филиал қилиш керак. Чунки бугунги кунга келиб водийдан олий лигада 4та, биринчи лигада эса 6-7та жамоа бор. Уларнинг пойтахтга бориб келиши учун моддий жиҳатдан имконияти бироз тежалган бўларди. Жуда қулай эди. Агарда шундай қилинса водий жамоалари ҳам ҳар йиғиндан олдин футболчиларини тез-тез тиббий кўрикдан ўтказиб олади деб ўйлайман.
Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди.
Comments