Зиданнинг "яширин қуролига" "Реал"да жой топилмай қолди
26 сен 2018 20:30
Янгиликлар
Зиданнинг "яширин қуролига" "Реал"да жой топилмай қолди
"Реал Мадрид" собиқ бош мураббийи Зинедин Зиданнинг энг ишонган футболчиларидан бири бўлган испан учун, "Сантьяго Бернабеу"га Хулен Лопетеги келгач "қора кунлар" бошланди.
Лукас "Қироллик клуби"нинг яқин ўтмишдаги улкан зафарларига салмоқли хисса қўшганди ва ўша машҳур "Б режаси"нинг асосий фигураларидан эди. Лопетеги бошқарувни қўлга олгач, ўнг қанот вингери ҳали бирор марта ҳам асосий таркибда майдонга тушмади: футболчи жамоадан узилиб қолгандек хис қилмоқда ўзини. Вазият аввалгидан кескин ўзгарганини ҳам барча кўриб, билиб турибди. Бундан ташқари Васкес ўйин амалиёти ҳам анча камайган.
Чамамда, Лукас – "Реал"дан Зидан кетганидан энг кўп жабрланган футболчи бўлса керак. Футболчи ушбу мавсумда расмий учрашувларда 100 дақиқалик довондан эндигина ўтди. "Эспаньол"га қарши учрашувда ҳам Васкес бор йўғи 27 дақиқа имкониятга эга бўлди ва деярли ҳеч нима қилиб, ўзини кўрсатиб, улгурмади.
Зидан даврида Васкес ёрқин ўйинлари билан танилиб улгурди, аммо Лопетегини айблашга шошилманг. Сабаби Хулен ҳам вақтида вингерга катта умид билан кўз тиккан ва Испания термаси сафида унга имконият берганди.
Аммо энди клубдаги вазият бошқачароқ. Васкес жамоадаги ўрнидан махрум бўлди, у энди – Дани Себальосга тегишли. Шунингдек, ҳужумдаги учлик Гарет Бэйл-Марко Асенсио-Карим Бензема мураббий учун ўзгармасдек тасаввур пайдо бўлмоқда.
Ўзи шундоқ ҳам рақобатчилар етарли вақтда, жамоага ёш, иқтидорли Винисиус Жуниорнинг келиши, 27 ёшли испанга қўшимча бош оқриқ бўлди. Сабаби, Винисиус шунчаки янги харид эмас, унга "қаймоқранглилар"нинг бўлажак етакчиси, жаҳон даражасидаги юлдуз сифатида қарашмоқда. Аввалига бразилияликни ҳали ёш, катталар билан ўйинларда бир-икки "кетмони учмаса" руҳан синиб қолади деб "Кастилья"га жўнатишганди, аммо Жуниор ўйини ва албатта голлари раҳбарият фикрини ўзгаришига олиб келди ва бугунги (Севильяга қарши) ўйинда ҳам Винисиус қайдномага киритилди. Воқеалар ривожи шундай давом этса, Лукас Васкес нафақат асосий таркибдан, балки захирадан ҳам жой тополмай қолиши ҳеч гап эмас.
Ким билади дейсиз, балки бу яхшиликка ва футболчилар ўртасидаги соғлом рақобат пайдо бўлишига хизмат қилар.
Омонжон Тўхтамирзаев таржима қилди
Фикрлар