"Ювентус" бош мураббийлиги учун энг яхши номзодлар (ТОП-5)
23 май 2019 14:00
Янгиликлар
"Ювентус" бош мураббийлиги учун энг яхши номзодлар (ТОП-5)
Бу янгилик худди кутилмаганда портлаган бомбадек эффект намойиш этди. Туринликлар Чемпионлар лигасининг 1/4 финалида "Аякс"га мағлуб бўлганидан сўнг кўпчилик худди шундай бўлишини тахмин қилган эди. "Юве" босслари эса биро ой кутишди ва барибир "машинага янги ҳайдовчи керак" деб ҳисоблашди.
Аллегри "Ювентус"да 5 йил ишлади. Бу 5 йил мураббийнинг фаолиятидаги энг яхши дамлар бўлди. Мутахассис бу вақт ичида туринликлар билан кетма-кет 5 марта Италия чемпиони бўлди. Шу билан бирга "Ювентус" 4 карра мамлакат Кубоги соҳибига айланди. Бундан ташқари иккита Италия Суперкубоги. Умуман олганда ички совринлар клуб боссларини ажаблантирмай қўйган. Аллегри "Ювентус" билан Чемпионлар лигасида ғолиб бўлиш вазифасини беш йил ичида уддалай олмади, хатто дунёнинг энг яхши футболчиларидан бири бўлган Криштиану Роналдунинг трансфери ҳам мутахассисга ёрдам бермади.
Янги мураббий олдига Италияда ҳукмронликни давом эттириш ва "Ювентус" бор-йўғи икки марта ғалаба қозонган Чемпионлар лигасида зафар қучиш вазифаси қўйилади.
"Ювентус"нинг янги устози ким бўлиши ноаниқ. Бу борада клуб боссларида ҳам аниқ тасаввур йўқ. шу сабабли Турин клубига ким фойда келитириш мумкинлигини тасаввур қилиб кўрамиз.
АРСЕН ВЕНГЕР
"Арсенал"да ўз номига эга бўлиб, кейин ёрқин натижалар ва кўплаб совринлар билан клуб обрўсини кўтарган ажойиб мутахассис бир йилдан бери ишсиз. Венгер 2018 йилнинг ёзида "тўпчилар"ни тарк этди ва шундан сўнг мутахассис мураббийликни йиғиштириши ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.
Аммо Венгер 2018 йилнинг охирида ОАВ орқали ишга қайтиши ҳақида эълон қилди. Мсье Арсен ҳозирча клубда ишлайдими ёки энергия кам сарфланадиган терма жамоани танлайдими, номаълум.
"Ювентус" варианти Венгерга қизиқ бўлиши аниқ. Чунки франциялик мутахассис доимо "эконом режим"да яшайдиган "Арсенал"дан кўра трансферларга катта маблағ ажратадиган "Ювентус"да ишлаш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга Венгер Криштиану Роналду билан ҳамкорликда ишлаши мумкин. Франциялик мутахассис 2003 йилда португалияликни ўз шогирдлари орасида кўрмоқчи бўлган, аммо ўшанда "Манчестер Юнайтед" "Арсенал"никидан яхшироқ таклиф юбориб, "Спортинг"дан бўлажак юлдузни ўз сафига қўшиб олган. Ҳозир тақдир унга Роналду билан ишлашга имкон бериши мумкин.
"Юве" учун Венгер варианти қисқа муддатли ҳамкорлик жиҳатидан қизиқ бўлиши мумкин. 69 ёшли коуч олдига жамоани Европа футболи етакчисига айлантириш вазифасини қўйиш керак. Натижа кўрсатиш учун Венгерга бир ёки икки йил етарли бўлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам мсье Арсен қизлар даврасида пул санашга қизиқмайдиган инсон. Венгернинг пули етарли, у фаолиятининг охирида Чемпионлар лигасида ғалаба қозонишни исташи аниқ. Шунда нафақага йўл олиш ҳам завқли бўлса керак.
ДИДЬЕ ДЕШАМ
Рўйхатимизда Франциянинг яна бир вакили. Дешам Венгердан фарқли ўлароқ айни дамда меҳнат билан банд. У Франция терма жамоасини бошқармоқда. Дешам бу жамоа билан Евро-2016 финалига чиқди ва ЖЧ-2018да зафар қучди. Дидье учун ҳар кунлик ишга қайтиш вақти келган кўринади, чунки энди терма жамоада мотивация топиш бироз мушкул ишга айланиши мумкин.
Эҳтимолий ҳамкорликка кўплаб сабаблар топиш мумкин. Дешам беш йил давомида "Ювентус" шарафини ҳимоя қилган, шу билан бирга у Турин клуби билан жамоанинг Чемпионлар лигасидаги сўнгги муваффақиятида (1996) иштирок этган.
Дешам мураббий сифатида "Ювентус"да ишлашга муваффақ бўлган. Жамоа коррупцияга боғлиқ можаро туфайли 2006/07 мавсумда Б Серияга тушиб кетганда, франциялик мутахассис Турин клуби устозига айланган. Дешам жамоани яна элитага қайтарди.
Бироқ мураббий ва "Ювентус" орасидан қора мушук ўтади. Томонлар трансфер сиёсати борасида бир тўхтамга кели олишмайди ва натижада Дидье клубни тарк этади. Балки 12 йилдан ўтиб, қайтиш вақти келгандир?
АНТОНИО КОНТЕ
49 ёшли Конте 2018 йилнинг ёзидан бери бекорчи ва ҳозир Антонио номзоди Аллегри ўрини учун энг мос вариантдек кўринмоқда.
Конте "Ювентус" нима эканлигини жуда яхши тушунади. У 13 йил давомида футболчи сифатида клуб шарафини ҳимоя қилган. Кейинроқ Антонио "кекса синьора" мураббийига ҳам айланди. 2011-2014 йиллар ичида Конте уч марта А Серия, икки марта Италия Суперкубогида зафар қучди.
2014 йилнинг ёзида Конте "Ювентус"ни тарк этиши ҳақидаги хабар Турин клуби мухлисларини жуда хафа қилди. Норасмий маълумотларга кўра, Конте ва клуб раҳбарияти худди ўша трансфер сиёсати борасида келиша олишмаган.
Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳозир Конте ва "Ювентус" бирлашиши учун қулай вақт. Воқеалар бундай ривож топиши клуб вице-президенти Павел Недведга хуш келиши ҳақида гапиришмоқда, бироқ ҳозирча чехиялик "Ювентус" президенти Андреа Аньеллини Контени қайтаришга кўндира олмаяпти.
МАУРИСИО ПОЧЕТТИНО
Сўнгги вақтларда Европанинг бирор топ-клубига мураббий керак бўлиб қолса, биринчи бўлиб Маурисио Почеттино исми тилга олинмоқда. "Ювентус"ни ҳам шундай клублар сафига қўшишимиз мумкин.
Бир неча кун олдин Почеттино Чемпионлар лигасида ғалаба қозонса, "Тоттенхэм"дан кетиш ҳақида жиддий ўйлаб кўришини айтган эди. Аргентиналикнинг бу сўзлари кўпчиликни ўйлантириб қўйди, баъзилар у ватанига қайтиши мумкинлигини ёзса, бошқалар мутахассис фаолиятини якунлаши ҳақда бонг урмоқда.
Почеттино сўнгги икки трансфер ойнасида "шпорлар" сафида харидларни амалга ошира олмади, аммо у "Ювентус"ни танласа трансфер бозорида деярли ўзи истаган футболчини сотиб олиши ва ўша машҳур юлдуз Криштиану Роналду билан ишлаши мумкин. Маурисио португалиялик ҳақида бир неча марта илиқ фикр билдирган.
"Ювентус" учун Почеттино билан ҳамкорлик қилиш фантастика бўлар эди. Аргентиналик "Тоттенхэм"да АПЛда яхши натижаларга эришиб, Чемпионлар лигаси финалига чиққан бўлса, Маурисио "Ювентус"даги кенг имкониятлар билан нималар қилишни тасаввур қилиб кўринг.
ЖОЗЕ МОУРИНЬЮ
"Манчестер Юнайтед"даги муваффақиятсизликдан кейин португалияликни "уриб туширилган учувчи" деб атаб, уни ҳисобдан чиқаришди. Аммо Моуринью бор-йўғи 56 ёшда ва бу давр мураббийлар учун кучга тўлган пайт ҳисобланади.
Бир неча кун олдин Моуринью сўнгги ярим йил у учун кучларни қайта тиклаш ва ҳаёлларни бир жойга қўйишга имкон бергани ҳақида гапирган эди. Жозе ўз олдига юқори мақсадларни қўйиб, июлдан ишга қайтишга тайёр.
"Интер"даги тажриба Моуриньюга "Ювентус"га тезроқ кўникиш учун ас қотиши мумкин. Испания ва Англия футболида грандлар билан ишлаган Жозе Италияда ўзини мамлакатнинг энг кучли жамоасида синаб кўрмаган.
Моуринью "Ювентус"да ишлаши учун асосий сабаб - Криштиану Роналду бўлиши мумкин. Иккала португалиялик "Реал"да бирга ишлашган, аммо бу вақт ичида мураббий ва футболчи ўртасидаги муносабатлар яхши бўлган дейиш қийин. Бироқ Моуринью ва Роналду футбол оламидаги энг машҳур профессионаллардан ҳисобланишади. Улар келишган ҳолда жамоа олдиган қўйилган мақсадлар учун ҳаракат қилишади, аммо бундай бўлмаса, иккала португалияликнинг номи тезда унутилиши мумкин.
Агар Моуринью "Ювентус"га таклиф қилинса, Турин клуби биринчи мавсумдаёқ Чемпионлар лигасини ютишга ҳаракат қилади. Жозедек кучли мураббийни бундай грандга бошқа сабаб билан чақиришмайди...
Фикрлар