UZ

Сўнгги янгиликлар

15:21КХДР — Ўзбекистон. "Насаф"нинг 3 футболчиси асосий таркибда  31 14:50"Милан" "Реал"да ўйин амалиётига эга бўлмаётган вингерга кўз тикди  2 14:23Скамакка 3 ойдан кейин машғулотларга қайтди  0 13:55"Малага"нинг ёш вингери "Реал" ва "Барселона" эътиборига тушди  0 13:31Эшитдик-да! Илҳом Мўминжонов янги мавсумда водийда иш бошлайди   17 13:24"Ливерпуль" "Лион" футболчисини қўлга киритмоқчи   3 13:05Ўзбекистон ва КХДР ўзаро ўйинлар тарихи. Пхеняндаги мағлубият, Гейнрихнинг чиройли голи ва Австралияда "порлаган" Сергеев  10 13:05КХДР билан ўйинлар ёдингиздами?  5 12:44КХДР - Ўзбекистон учрашувини бизга яхши таниш ҳакам бошқаради  8 12:21АПЛнинг уч клуби Пулишични кузатмоқда  1 12:00Лаосдан гапирамиз  20 11:47Ўзбекистон терма жамоасининг КХДР билан ўйин учун тахминий таркиблари  26 11:26Бундеслиганинг энг яхши тўпурари "Бавария"га ўтишни истамоқда  0 10:51«Реал Мадрид»нинг қишдаги режалари маълум  0 10:18Поль Погба келажаги борасида бир қарорга келди  2

Япония билан тактик тарафлама ютқазмаслигига ишонаётган, "Насаф"даги "тешиклар" ҳақида эслаган ўзбекистонлик мутахассис — Усмон Тошев билан катта интервью Янгиликлар

Япония билан тактик тарафлама ютқазмаслигига ишонаётган, "Насаф"даги "тешиклар" ҳақида эслаган ўзбекистонлик мутахассис — Усмон Тошев билан катта интервью

Сайтимиз ижодкорлари Шаҳбоз Беғамов ва Жаҳонгир Файзуллаев яқинда бўлиб ўтган ЖЧ-2022 саралаш босқичи доирасидаги Тожикистон - Қирғизистон учрашувида ишлаш учун Душанбеда хизмат сафарида бўлганди.

Биласиз, Тожикистон терма жамоасини ўзбекистонлик мутахассис Усмон Тошев бошқармоқда. Ҳозирча ишлари яхши кетаётган мутахассис Қирғизистонга қарши ўйиндан кейин сайтимиз вакилларига интервью берди. Биз 6 сентябрь куни Шаҳбоз Беғамов ва Усмон Тошев ўртасида бўлиб ўтган мазкур суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.


- Қирғизистонга қарши ўйин ҳақида суҳбатни бошласак...

- Очиғини айтаман, ўйиндан аввал ҳаяжон бор эди. Нега? Машғулотлар, ўртоқлик ўйинларида ҳаммаси рисоладагидек бўлди. Айниқса ҳужум ташкил этишда жамоамиз ўйини кўркам кўринди. Ўйин тарафлама ҳавотирга ўрин қолмаганди. Фақат биргина жиҳат, яъни босим туфайли юзага келадиган ҳаяжондан ҳавотирда эдим. Айниқса дастлабки ўйинни уйда бошлаш жамоага қўшимча босим юклади. Агарда биринчи баҳсни сафарда ўтказганимизда нисбатан осонроқ бўларди. Бу ерда мухлислар жуда талабчан. Шу боисдан йигитлар босим туфайли ўйиндан чиқиб кетиб қолишларидан ҳавотирлангандим. Қўшимчасига раҳбарият эътибори, мухлислар босими жамоага қўшимча масъулият юклайди. Қойил қолганим, ўйин давомида мухлислар ажойиб тарзда қўллаб-қувватлашди. Футболчилар эса ўзларига юклатилган вазифаларни яхши бажаришди. ТФФ раҳбарияти гарчи жуда катта лавозимларда ишлашса ҳам жуда оддий инсонлардек муомулада бўлишади. Эътибор кучли. Футболга етарлича шароитлар яратишга ҳаракат қилишмоқда. Футболчилар ҳам мураббий талаб қилаётган ўйинни намойиш этиш салоҳиятига эга. Улар қўпол оҳангдаги кўрсатмалардан безиб, ширин сўзларни соғинишган. Футболчиларга яхши гапириб, уларни шу тариқа руҳлантириш осонроқ. Энг муҳими, бизда ажойиб коллектив йиғилган. Муҳит шунчаки аъло даражада. Шунча йил ишлаб ва бу ердаги фаолиятимдаги тажрибадан шуни янада аниқроқ билдимки, қачонки муҳит зўр бўлса, шунда ўйин ва натижа ҳам бўлаверади. Агарда муҳит яхши бўлмай, қўл остингизда 10 нафардан супер юлдуз бўлсин ҳам фойдаси йўқ. Барчаси чиройли муҳитга боғлиқ. Ўйин давомида қатор яхши эпизодларни кўрдим ва ўзим учун алоҳида белгилаб қўйдим. Жамоа яхши ўйнади. Буёғига энг муҳими, ушбу ўйин темпини сақлаб қолишимиз керак. Ҳозирча ўйин зўр, натижа келмоқда. Лекин жамоа бундан ортиқча ҳаволаниб кетмаслиги зарур. Бу ҳали бошланиши. Олдинда эса кўплаб учрашувлар бизни кутмоқда. 

- Айнан ички муҳит зўрлиги эвазига мазкур натижалар қўлга киритилаётганини айтдингиз. Муҳит ҳам ўз-ўзидан яхшиланиб қолмайди. Бунга қандай эришдингиз?

- Қаерда ишламай доим муҳитни яхшилашга уринганман. Футболчи ва мураббий ўртасида тафовут бўлиши керак, тўғри. Лекин бу нарса фақат иш жараёни вақтида. Футболдан ташқари эса мураббий футболчи билан дўст тутиниши лозим. Биз уларни ҳурмат қилишимиз керак. Агарда футболчи мураббий томонидан ҳурмат ва ишончни сезса, унда унинг ҳаракатлари ҳам ўз-ўзидан яхши тарафга ўзгаради. Айтадику, кимнидир ҳурмат қиласизми йўқми, бу сизнинг ишингиз. Лекин кимгадир ҳурмат билан муносабатда бўлиш эса тарбияни англатади. Биласиз, мураббийларни ўқитаман, дарс бераман. Бу эса мени ҳам керакли формада туришимга туртки бўлади. Назарий ва амалий иш бир-бирига боғлиқ. Дарс бериш жараёнида ҳам ўзим учун керакли нуқталарни белгилаб оламан ёки янгилик оламан. Айтмоқчи бўлганим, дарс жараёнида ўзим ҳам изланиб, ўқиб бораман. Мазкур ишим ҳам менга фойда беради. Мураббий сифатида шаклланишимда ҳам бу жиҳатнинг ёрдами тегмоқда. 

- Яна дербига қайтсак, очиғи, мен ўйиндан аввал Қирғизистоннинг имкониятлари юқори баҳолагандим. Улар Осиё Кубогида яхши иштирок этишди ва тажриба борасида ҳам устунлик бор эди. Тожикистон терма жамоаси мавқеидан келиб чиқсак, ўйиндан аввал кўпчилик сизларнинг ғалабангизга шубҳа қилганди. Рақибнинг қайси хавфли нуқталаридан қўрққандингиз ва буни бартараф этиш қандай кечди?

- Фикрингизга қўшиламан. Яъни, рақиб маҳорат ва тажриба борасида устунроқ. Учрашувдан аввал тахминлар рақиб фойдаси томон бўлаётганди. Яъни, улар мазкур тўқнашув олдидан фаворит сифатида гавдаланган. Буни ўйиндан аввал маҳаллий газеталарга берган интервьюимда ҳам таъкидлагандим. Қирғизистонни ўрганиш жараёнида рақиб кўпроқ стандарт вазиятларига эътибор қилиб, айнан шунга таяниб ўйнашини кўрдим. Қирғизистон терма жамоасининг мураббийлар штабидаги кўплаб мутахассисларни футболга бўлган қарашини яхши биламан. Чунки ўзим ўқитганман. Бу тарафлама эса рақибни ўрганиш нисбатан осонроқ кечди. Қирғизистоннинг стандарт вазиятлардаги ишланган қўлланмаларини ўйин пайтида амалга оширишига тўсқинлик қилишга уриндик ва қайсидир маънода бунга эришдик. Шунингдек, рақиб иккинчи қаватда хавфли ўйнайди. Буни йигитларга алоҳида таъкидлаб, бунга тайёр ҳолда тушгандик. Учрашув мобайнида эса ҳаводан келган тўпларга ҳам ўйнашда жамоамиз яхши кўрсаткич қайд этди. Бу эса ишимизни осонлаштирди. Тезкорлик ва футболчиларнинг чаққон ҳаракати бўйича бизда устунлик борлигини билардим ва бундан керакли даражада фойдалана олдик.



- Усмон Тошев Тожикистон терма жамоаси рулига қандай қилиб келиб қолди. Бу таклиф қаердан пайдо бўлдию, сиз ушбу чорловни қабул қилишингизга нима асосий туртки бўлди?

- Бундан олдин ҳам таклифлар кўп бўлди. Ҳозир ҳам бошқа жамоалардан таклифлар келиб турибди. Ҳаммаси ўз йўлига. Лекин одам ўйлаши керак, мен бу ерла ишлай оламанми ёки йўқ. Мен ўз вақтида шароити жуда қийин Афғонистонда ҳам ишлаганман, чемпион бўлганман ва терма жамоа рулида ҳам ўтирганман. Тожикистонда футболга бўлган шароитлар жуда зўр, дея олмайман. Лекин ҳозирги раҳбарият бу йўлда жуда катта ишларни амалга оширмоқда. Ҳамманинг футболга бўлган ўз қараши мавжуд. Меники бошқача, раҳбарият ўз қўзи билан кўради. Мен келишимдан олдин футболга бўлган қарашларимни айтдим, замонавий йўл билан кейинги босқичга ўтиш кераклигини тушунтирдим. Улар фикрларимни инобатга олишмоқда. Менга ишонч билдиришмоқда. Шу боисдан ҳам келишиб кетиш қийин кечмади. Айни пайтда Тожикистонда футболга бўлган эътибор ва қараш яхши тарафга ўзгармоқда. Бу эса ишни енгиллаштиради. 

- Демак сиз нафақат терма жамоа рулида, балки бутун мамлакат футболини маълум бир тизимга тушиб олишида ҳам асосий ролни бажарувчига айлангансиз, тўғрими?

- Албатта. Гарчи раҳбарият жуда катта лавозимларда ишлашса ҳам, уларнинг бош мураббий, яъни мен билан бўладиган мулоқоти, муомула ва муносабати жуда самимий. Футболга меҳр билан қарашади. Сўзимни, фикрларимни инобатга олишади. Шу боисдан ҳам мен бу ерда чин юракдан ишлаяпман. Уларнинг менга бўлган муносабати эса жуда ёқимли. Бизни бу ерда нафақат иш боғлаб туради, балки одамгарчилик ҳам юқори даражада. Уларнинг ишончи мени янада каттароқ куч билан ишлашга ундамоқда. Масалан мен ўйин куни кийиниш хонасига бегоналар кирмаслигини сўраб илтимос қилганман. Улар эса буни тўғри тушунишган. Мени одатим шундай. Кийиниш хонасига бегоналар киришини ёқтирмайман. Кеча ҳам ғалабадан кейин футболчилар кийиниш хонасига бизга таалуқли раҳбардан бошқа ҳеч ким киргани йўқ. Қолган раҳбарият билан эса бугун кечроқ учрашув белгиланган. Биласизми, тартиб доим устувор. Ютган пайтингиз ҳамма хурсанд. Лекин биз бундан ҳеч қачон ҳаволаниб кетмасдан, пастда юришимиз керак. Қачонки тартиб ўрнатилса ва барча ўз ишини қилса, ўшанда натижа бўлади. Шунда ютуқлар бир марта эмас, балки доимийга айланади. Тартиб ва интизом эса аввало мендан бошланади.

- Мураббий сифатида сизнинг олдингизга айнан нима вазифа қўйилган?

- Мазкур саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиш вазифаси белгиланган. Биринчими ёки иккинчими фарқи йўқ, муҳими кейинги босқич масаласини ҳал этиш керак. Шунда нафақат Жаҳон чемпионати саралаш босқичи давом эттирилади, балки Осиё Кубоги йўлланмаси ҳам автоматик равишда қўлга киритилади. Гуруҳ осон эмас. Япония, Қирғизистон, Мўғилистон ва Мяьнма осонликча таслим бўладиган рақиблар эмас. Лекин биз курашамиз. Осиё Кубогида қатнашмоқчимизми, унда мазкур гуруҳдаги ўйинларда ғалаба қозониб, бунга лойиқлигимизни исботлаш зарур бўлади. Терма жамоа масъулияти юқори. Бутун мамлакат сизниг ўйинингиз ва иштирокингизга қарайди.



- Шартнома муддати қанча?

- Шу йил охирига қадар шартнома имзоланган. Қайта кўриб чиқиш кўзда тутилган.

- Мураббийни боғлаб турувчи ва ишонч бу унинг шартномаси. Шартнома эса жуда қисқа тузилган. Саралаш босқичи энди бошланди ва ўртага келиб шартнома муддати тугаркан. Бу сизга аниқ режа бўйича келажакни ўйлаб хотиржам ишлашингиз учун тўсқинлик қилмайдими?

- Дастлаб ўзим 1 йиллик шартнома имзолашни маъқул кўргандим. Шартномани узайтириш муаммо эмас. Ҳаммаси ишимга боғлиқ. Бу борада муаммо йўқ.

- Тожикистон футбол федерацияси ташкилий ишлар масаласида қай даражада ишламоқда. Молиявий имкониятлар қандай? Учишлар, сафарлар ва йиғинлар ташкил этишда муаммолар йўқми?

- Муаммолар бор, йўқ эмас. Лекин буни тўғрилашга ҳаракат кучли. Ўзаро ҳамжиҳат маслаҳат қилиб, ҳар бир ишга пухта ёндошишга интилинмоқда. Бу борада ҳам ташкилот ўсмоқда. Раҳбарият ҳам келиб, нима камчилик ёки муаммолар бор деб сўраб кетади. Майда деталлар, кичик муаммолар бўлади. Аввал ҳам бўлган. Лекин ҳозир эътибор ва муаммолар руй бермаслиги учун ҳаракат кучли. Фарқи шунда. 

- Ўйиндан кейинги матбуот анжумани бир журналист сизни кўп йиллардан буён кузатилмаган аншлагни қайтарганиз ва бу борада рекорд ўрнатилганини таъкидлади. Кейин тўла стадионда Японияни юта оламизми, деган қизиқ саволни берди. Тўғри, аншлаг билан Японияни чўчитиш қийин. Маҳорат ва тажриба борасида ҳам рақибнинг даражаси маълум. Мазкур саволдан кейин Японияни ҳам мағлуб эта оламизми, деган савол сизни қанчалик қийнади? Ростан ҳам, буни уддалаш мумкин деган ўй пайдо бўлмадими?

- Футболда ҳамма нарса руй бериши мумкин. Масалан Қирғизистон билан учрашувдан олдин ҳар хил фикрлар янграганди. Футбол бу аввало ўйин. Япония футболи билан жуда яхши танишман. Ўйиндан олдин ютқазиш йўқ. Мен Япония билан қандай футбол ўйнашни жуда яхши биламан. Ҳар бир ўйин мен учун имтиҳон. Мураббийлар ўртасида ҳам ўзаро рақобат мавжуд. Мен бу ўйинда ҳамкасбимни юта оламанми ёки йўқ, деган саволни берамиз. Ҳаракат бор ва бўлади. Мен шуни айта оламанки, тактика борасида мен Японияга ютқазмайман. Бунга ишончим комил. Кимни қаерда қўйиш, қандай тактика танлаш ва ҳоказо. Кўп нарса кучимизга боғлиқ бўлади. Кўп нарса мендан талаб қилинади. Бор тажриба ва билимимни ишга солишга ҳаракат қиламан. Ҳаяжонни керак пайтда босиб олиш ҳам муҳим. Биласиз, кечаги ўйин пайти мен кўп ҳам ўрнимдан турмадим. Фақат тўхталишлар пайти уларни чақириб олиб, керакли кўрсатмаларни бердим. Япония билан эса кўпроқ ўрнимдан туришга тўғри келади.

- Ҳозирги ҳолатдан келиб чиқсак, Японияга қарши баҳс фаолиятингиздаги энг муҳим тўқнашувга айланадими?

- Ҳа. Ҳозирги ҳолатдан келиб чиқадиган бўлсак, бу фикрга қўшиламан. Аммо бунга қадар мен Хитой билан Марчело Липпи жамоасига қарши ўйнадим. Липпи футболда мураббийлар орасидаги катта "кит"лардан бири саналади. Хитой биз билан ўйнаганида, дарвозамизга 6-7та гол уришни ўйлаб, машғулот ўтамоқчи бўлганди. Учрашувдан кейин эса Липпи менга брависсимо, тасанно деди. Менга буларга футбол ўйнашни қандай ўргатдинг, деди. Липпи Тожикистон паслар орқали футбол ўйнашини кутмаганини таъкидлади. Мен эса унга жавобан ҳазиллашиб қайта ўйнасак ютишимизни айтдим. Кулишиб олдик. Липпидек мутахассиснинг баҳоси мен учун қадрли бўлди.

- Кўп мураббийларга берадиган саволим: Менимча, мураббий икки хилга бўлинади. Яъни, фалсафасидан келиб чиқиб футболчи танлаб, ўзининг услубига мослаб ўйнатадиган мутахассис ёки мавжуд футболчиларнинг имкониятини келиб чиқиб, шунга монанд услубни жорий қиладиган мураббий. Биламан, сизнинг аниқ бир услубингиз бор ва шундан фойдаланасиз. Лекин керак пайтда тактик ранг-баранг, яъни қўл остингиздаги футболчиларнинг имкониятидан келиб чиқиб ҳам ўйнашни уддалай оласизми?

- Яхши савол. Иккаласи ҳам маълум аслида. Ёшлигимда мени ҳам шу савол қийнарди. Марҳум Олег Петрович Бугаев деган жуда кучли мураббий бўлган. У киши айтганки, мени йиллар мобайнида ишлаб тўплаган тажрибамдан келиб чиқиб тантаган машғулотларим ўз натижасини берган. Мен ўз йўналишим ва услубимдан қайтмайман, деган. Лекин футболчи сифатида менга у кишининг машғулотлари, ўйинлари зерикарли туюларди. Балки фойдаси бўлгандир, лекин зерикканман. Мен икки жиҳатни ҳам маъқул кўраман. Кўпроқ эса футболчиларнинг ҳолати ва имкониятидан келиб чиқиб тактика танлашни ёқтираман. Мураббий доим ранг-баранг ва вазиятдан келиб чиқиб тактикани ўзгартира оладиган бўлиши керак. Айрим ҳолатлар бўлади, мураббийнинг ўз услуби ва йўналиши бор. Лекин футболчилар унинг тактикасига мос келмайди. Шунда улардан буни талаб қилсангиз-у, лекин улар буни амалга ошира олмаса ёмон. Унда ишнинг дабдаласи чиқади. Яхшиси футболчиларнинг кучи ва имкониятидан келиб чиқиб иш тутган маъқул. Мураббий эса бир хил қолипда бўлмаса, унда ҳар қандай жойда натижага эришиши мумкин.



Ўзбекистон терма жамоаси ҳамда Купер ҳақида

"Туғилиб ўсган жойим Ўзбекистон. Шу боисдан ҳам ўзбек футболига ҳеч қачон бефарқ бўлолмайман. Жуда кўплаб одамлар билан ўзбек футболи ҳақида суҳбат қурамиз, мен билан савол-жавоб қилишади. Яширмайман, кеча жуда кўплаб қўнғироқлар нафақат табрик, балки сенсацион мағлубият ҳақидаги саволлар билан мурожаат қилишди. Фикримни сўрашди. Кеча ютдик, кайфият зўр. Ўйин ўзбекистонлик бўлганим учун терма жамоамиз натижасини менга айтишди. Даставвал ишонмадим, ҳазиллашяпти деб ўйладим. Бу гапга эътибор ҳам бермадим. Кейин яна Ўзбекистон ютқазди, дейишди. Бўлиши мумкин эмас деб юбордим. Биласизми, ютқазганимизни билгач ғалабадан кейинги зўр кайфият бузилди. 

Мен Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионатига чиқишини жуда хоҳлардим. Чунки халқ буни жуда узоқ кутиб қолди. Ҳамма нарса тайёр. Фақат ўша мундиалга чиқиш, яъни бир қадам қўйиш қолди. 

Дубайда яшайдиган бир дўстим бор. Кеча ўша Москвадан қўғғироқ қилди ва мени 1,5 соат вақтимни олди. Йиғлаяпти. Мен уни тинчлантириб, ҳали ҳаммаси яхши бўлишини айтишга уриндим. Тўғриси, ўйинни кўрмадим. Нима учун бундай бўлганини билмайман. Қирғизистон охирги ўйинни Фаластин билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаганди. Мен кечаги рақибни ўрганиш, уларни ўйинини таҳлил қилиш жараёнида Фаластинга ҳам кўзим тушганди. Мураббийини ҳам яхши биламан. Очиғи, мен Ўзбекистон бу жамоага қандай қилиб ютқазганига ҳайрон қолдим. Умуман тушунмаяпман.

Албатта яхши ниятлар билан келгусида ҳаммаси яхши бўлишини истайман. Мундиалга чиқиш керак! Кеча Фаластинга қандай ютқазиб қўйишганини ҳеч тушунмаяпман. Айниқса таркиб супер. Муҳитнику гапирманг, терма жамоани қай тариқа кузатиб қўйишганини кўрдим. Даҳшат. Супер! Футболчилар буни ҳис қилади. Иккита тўп фарқи билан қандай қилиб ютқаздик? Ҳайронман. Четлатиш бўлганми ёки? Аламли. Йўқотилган 3 очко ҳали керак бўлади. Тўплар нисбати ҳам зарур. Устига-устак гуруҳдан барча 2-ўрин эгалари чиқмайди. Ҳар бир очко ва тўплар нисбати учун голлар муҳим аҳамиятга эга. Қадри баланд. Ўйлайманки, ҳали насиб бўлса терма жамоамиз бу гуруҳдан чиқади. 

Эктор Купер терма жамоада ниманидир ўзгартира олдими? Мен Купернинг дастлабки йиғинларидаги иккита машғулотини кузатганман. Тажрибали мутахассис сифатида биламиз. Шу боисдан ҳам қизиқиб боргандим. Машғулот жараёни яхши, менга ёқди. Тартиб ва интизом бор. Машғулот бошланмоқда, ҳамма ўз иши билан банд. Машғулот тугади ва барча ўз ишини қилмоқда. Бу яхши. Футболчилар билан ҳам гаплашаман, тартиб ва интизом борлиги ҳақиқат. Лекин... Билмадим, ўйин барибир қовушмаяпти. Демак мураббий истаётган ўйин ёки унинг услуби бизнинг футболга тўғри келмаяптими, дейман. 

Чунки ўзбек футболчилари тез ҳаракат қилишни, ностандарт ўйнашни, ҳужумда эркинроқ ўйнашни хуш кўришади ва буни яхшироқ уддалашади. Узун паслар орқали ўйнаш бизнинг футболчиларга ёқмайди. Уларни қандайдир рамкага тушириб қўйиб футбол ўйнатиш керак эмас. Балки шу жиҳат уларга ўз ўйинини кўрсатишга тўсқинлик қилаётган бўлиши мумкин. Кўпроқ эркинлик ва ҳужумда ижодкорлик зарур. Ўйинимизда мазкур жиҳатлар борасида узилишлар мавжуд, менимча. Бу сезилиб қолмоқда".


- Мураббий сифатида турли жамоаларда ишлагансиз. Айтингчи, қайси жамоадаги ишингиз сизга келгусида ас қотган ва катта дарс бўлган?

- Ҳар бир жамоадаги ишим ўзига хос мактаб вазифасини бажарган. Қисқа қилиб эслайман. Бухорода 8 йил ишладим. Барчасини бошидан бошлаб, майдонгача ўзим тепасида турардим. Кўплаб футболчилар етишиб чиқди. Бухорода ўзгача завқ ва меҳр билан ишладим. Ўз уйим, ўз шаҳрим. Мароқ олдим ишимдан. Кейинчалик қисқа муддат "Шўртан" ва "Насаф"да фаолият кўрсатдим. Иккинчи маротаба "Насаф"га қайтганимда ушбу клубда менежер лавозимида ҳам ишладим. Энг катта дарсни айнан "Насаф"даги ишимдан олганман. Мен "Насаф"да кўп нарсаларни ўргандим ҳам. Ишонасизми, "Насаф"да ишлаганимда ҳар куни кечаси уйимга, яъни Бухорога бориб келардим. Ҳар куни. Раҳматли Нуриддин Зайниев менга Қаршидан уй қуриб бераман, ҳеч қаерга кетмасдан шу ерда ишлайсан деярдила. Ўшанда мени қўллаб-қувватлардила. Лекин "Насаф"даги ишим бир текисда кетмади. Нимадир етишмади. Раҳбар сифатида "Насаф"ни бошқариш осон бўлмаган ўшанда. Чунки жуда катта клуб, қўл остингизда 700дан ортиқ ходим ишлаган. Бюджет ҳам жуда катта эди. Жуда катта маблағ.

Эсингиздами, стадионда қурилиш ишлари кетаётганди ва унда ҳар бир ишдаги ўзига яраша "тешик"лар бор эди. Мен эса ўшани ёпдим. Бу билан эса ўзимга душман орттирдим. Лекин афсусланмайман, чунки ўзимнинг ишимни қилгандим. Ҳозирга қадар ўша пайтдаги раҳбар билан кўришиб тураман. Баъзилари янада катта лавозимга ўтишган. Тепадаги раҳбарият доим менга ишонган ва мени ишимни билади. Лекин 2-3 нафар одамга мен ёқмаганман. Пул ювишдаги тешикларни ёпганим баъзиларга ёқмаган. Мен эса раҳбар сифатида пулни ҳавога учиришга йўл қўймаганман. Натижада бу мени "Насаф"даги фаолиятимга таъсир қилди. Менежерликдан мураббийликка ўтганимда эса менга нисбатан оппозиция бошланди.

"Шўртан"да эса жуда оғир муҳитда ишладим. Икром Норчаев раҳбар эди. Икром Норчаев футболни умуман тушунмайди. Даҳшат! Бундай десам, ундай дерди, ундай десам, бундай дерди. Эрталаб тураман, мен мураббийман ва ўзимнинг дастурим бўйича бугун машғулот ўтишим керак. Икром Норчаев келарди ва бугун назорат ўйини ўтказамиз, гаплашиб қўйдим дерди. Мен эса бугун машғулотимиз белгиланган десам ҳам йўқ деб туриб оларди. Майли деб, машғулот дастурига ўзгартириш киритиб, жамоани ўйинга тайёрлаб турсам, ўйинга яқин келиб, учрашув бекор бўлганини ва машғулот ўтишим мумкинлигини айтарди. Шундай муҳитда ишладим, чидадим. "Шўртан"да умуман футбол муҳити бўлмаган. Андижонда эса осон бўлмаган шароитда ишладим. Мураббий бўлиб майдонга ўзим қарардим, тўғрилаб чиқардим. Хашар ташкиллаштирардим. Ҳеч ким қимирламасди. Лекин ўша ердаги фаолиятим орқали ҳам дўстларим бор. Фақат 1-2 нафар шунақа инсон ёки раҳбарлар дуч келган. Бу эса менга жуда катта мактаб бўлган. Мени шундай одатим бор, ҳар бир ишимни дафтарчага ёзиб қўяман. Таҳлил қиламан. Ишим менга буни ўргатган. Футбол орқали кўплаб яхши одамларни кўрдим, танишдим. Футболда аниқ ёзилган регламент бор. Масалан тўп чизиқни тарк этса, аут. Тўп дарвоза чизиғидан ўтса, демак гол. Ишда ҳам янги америка очишнинг ҳожати йўқ. Белгиланган йўлдан тўри юриш керак холос. Мен қаерга борсам ўз ишимни қиламан. Агарда кимдир мени олдимда бошқа йўлдан юрмоқчи бўлса, унда йўлларимиз кесишмайди. Мен ҳеч кимнинг йўлини тўсмайман ва ўзимнинг танлаган йўлимдан юраман.



- Матбуотга нисбатан муносабатингиз қандай? Кузатиб борасизми?

- Муносабатим яхши. Лекин доим ҳам фаол фойдаланаман дея олмайман. Яширмайман, ўзбек футболидан хабардор бўлиш учун доимо сизларнинг сайтингизни (championat.asia) ўқиб бораман. Ўзбек футболини кенг қамровда ёритадиган сайт. Тожикистонда эса матбуот котибимиз телеграм канали орқали футболни фаол ёритади. Лекин мен маълумотларни фильтрлаб ўқийман. Яъни, лентада чиқадиган барча хабарларни эмас, ўзим учун керакли ва қизиқ материалларни мутолаа қиламан. 

- Ўзбекистон ва Тожикистон футболидаги энг асосий фарқларни санаб бера оласизми?

- Таққослайдиган бўлсак, инфратузилма бўйича ўзбек футболи устун. Масалан ўзбек клубларида қароргоҳ, ётоқхона ёки стадионлар мавжуд. Бу ерда эса ҳали у даражага етгани йўқ. Лекин биз айтяпмиз ва ҳаракат бошланган. Стадионлар кам, майдонлар ҳам кўпроқ сунъий. Табиий майдонларни кўпайтириш керак. Жамоалар сонини ошириш керак, рақобат вужудга келиши учун. Тожикистонда ҳам футболни яхши кўришади. Буни кечаги ўйинг мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу жиҳатларда иқтисодиётни ҳам ўрни катта. Ўзбекистондаги ҳар бир вилоятда завод ёки корхоналар бор. Бу ерда эса йўқ. Тожикистонда ҳомийлик нисбатан ошган. Уларнинг ҳомийлиги ҳиси сезилиб турибди. 

- Мураббий сифатида қандай орзуингиз бор?

- Тўғриси, ҳозир бор эътиборни Тожикистон терма жамоасига қаратганман. Мақсад ва орзу эса кейинги босқичга чиқиш. Ишончни оқлаш керак. Ҳозирги пайтда бир киши бошқа бировга ишонса ҳам катта аҳамиятга эга. Нега? Чунки замон шундайки, ҳозирги пайтда ака-укага, опа-сингилга ишонмаяпти. Булар эса менга ишониб терма жамоани берди. Мен уларнинг ишончини оқлашим керак. Ҳозир ҳам мен жуда бахтлиман. Менга ишонишмоқда ва одамлар орасида ишлашнинг ўзи бир бахт. Кимгадир керакли бўлаётганимнинг ўзиёқ катта нарса. Футбол бўйича ўз маслаҳатларим билан Тожикистонга фойдам тегаётгани ҳам кишини хурсанд қилади. 

- Суҳбат учун ташаккур. Агарда сўнгги сўз ўрнида мухлисларга айтадиган гапингиз бўлса, унда марҳамат...

- Мен ўқитувчилар оиласида туғилганман. Акам қурувчи, қолган ҳамма ўқитувчи. Онам бизни одамлар орасида оқибатли бўлишга ўргатган. Вақт ғанимат. Кимдир нимадир дейишдан олдин ўйлаши, кимгадир баҳо беришдан аввал ўша иш унга тегишлими ёки йўқлигини англаши керак. Пул, уй-жой барчаси ўткинчи. Бир-биримизни қадримизга етишни ўрганишимиз керак. Барчамизнинг борадиган манзилимиз бир. Очиғи, мен сизларнинг ташрифингиздан жуда хурсанд бўлдим. Ҳозир сизлар уйга кетасизлар, мен яна ўз ишим билан машғул бўламан. Бир-биримизни қадримизга етишимиз керак. Барчага соғлик, яхши кайфият тилайман. Ўзбекистон гуллаб яшнайверсин. Футболимиз юқорига ўссин! Жаҳон чемпионатига чиқишимизни жуда истайман. Ҳамма буни интиқлик билан кутмоқда. Ҳозирги ишлаётган жойим эса мени иккинчи уйимга айланган, десам муболаға бўлмайди. Мен ҳам Тожикистон терма жамоаси билан биргаликда муваффақият қозонишни жуда истайман. Барчага соғликлик ва яхши кайфият ҳамроҳ бўлсин! Ўзбекистонлик мухлисларга эса салом!



Шаҳбоз Беғамов суҳбатлашди.

Рейтинг: +53   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика