“Янгиер” ҳамда “Шўртан” клубларининг айрим ходимлари ва футболчилари келишилган ўйинларда қатнашгани учун жазоланди
28 май 2021 21:49
Янгиликлар
“Янгиер” ҳамда “Шўртан” клубларининг айрим ходимлари ва футболчилари келишилган ўйинларда қатнашгани учун жазоланди
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Футбол фаолиятини назорат қилиш бўйича махсус инспекцияси томонидан Про-лигада қатнашувчи “Янгиер” ҳамда “Шўртан” футбол клубларининг айрим вакиллари ҳақ эвазига келишилган ўйинларда қатнашганлиги ва тотализатор ўйнаб келган шахсларга ёрдам берганлиги аниқланди. Аниқланган ҳолатлар бўйича ЎФА махсус инспекцияси томонидан тегишли маълумотлар тўпланиб, ЎФА Этика қўмитасига кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун тақдим этилди.
Тақдим этилган маълумотлар бўйича ЎФА Этика қўмитасининг йиғилиши бўлиб, унда Про-лига мусобақасида қатнашувчи “Янгиер” ҳамда “Шўртан” футбол клубларининг айрим вакилларига нисбатан интизомий чоралар қўлланилди. Бунда айрим футболчи ва мутахассислар келишилган ўйинларда қатнашганлиги, тотализатор ўйнаб келган шаҳсларга ёрдам берганлиги ҳамда ёрдам беришга уринганлиги учун 6 ойдан 1 йилгача бўлган муддатларга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлатилди.
Мазкур қарор ЎФА томонидан расмий тарзда эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
ЎФА футбол фаолиятини назорат қилиш махсус инспекцияси барча футболчилар, футбол мутахассислари, ҳакамлар ҳамда мусобақаларнинг расмий шахсларини бу каби ноқонуний ҳолатлардан хабар топган ёки шу ҳолатларга алоқадор шахслар уларга алоқага чиққан тақдирда дарҳол “Футбол фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги декларациясига асосан ЎФАнинг тегишли бўлимларига ихтиёрий равишда хабар бериши лозимлиги тўғрисида огоҳлантиради.
Ўз вақтида ихтиёрий равишда хабар берган шахслар жавобгарликдан озод қилиниши ва уларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.
Фикрлар