UZ

Сўнгги янгиликлар

14:55Ротен ЖЧдаги 3 дақиқалик танаффуслар ҳақида: "Футбол – бу бейсбол ёки баскетбол эмас, улар спортимизни ўлдирмоқда"  1 14:25Суперлигада қолиш учун плей-офф. Улар нега бу ерда?  3 14:17"Бухоро" - "Хоразм". Таркиблар эълон қилинди  1 13:40Гвардиола "Реал" билан ўйин ҳақида: "Менга "қасос" сўзи ёқмайди. Бу "Ман Сити" учун яхши синов. Агар Мбаппе бўлмаса, Винисиус ёки Родриго бор"  0 13:13"Реал" ва "Барселона" собиқ футболчиси энди Қирғизистон миллий терма жамоасини бошқаради  3 13:00Transfermarkt ва Championat.asia 2025 йилнинг энг яхшиларини аниқлашди   6 12:30"Челси" "Барса" устидан қозонилган 3:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг кетма-кет 4 та ўйинда ғалаба қозона олмади  10 11:48TVCOM'да бугунги тақвим: Ўтиш ўйини, Ҳусанов “Сити” билан Мадридда ва бошқалар  0 11:30Слот Салоҳ билан юзага келган зиддият ҳақида: "Ҳаётда ҳамма хато қилади, аммо ўйинчи хато қилганини тушуняптими? Ташаббус ундан чиқиши керакми ёки мендан?"  2 11:15“Fair-play”ни “Машъал”га беринглар  11 10:46Германия МТЖ аъзоси келажаги борасида бир қарорга келди  1 10:15Европанинг ТОП клуби Рамосга таклиф юборди  4 09:46Кейннинг "Бавария"даги келажаги маълум  0 09:20Флик жамоасининг Чемпионлар Лигасидаги ғалабасига муносабат билдирди  3 08:52Месси навбатдаги совринига эга чиқди  19

Хайрулла Холиқов: Элит чемпионлар Лигаси нима беради? Янгиликлар

Хайрулла Холиқов: Элит чемпионлар Лигаси нима беради?

20 йил "яшаган" Осиё чемпионлар Лигаси тугатилиб, бу мусобақа ўрнига ОФК Элит чемпионлар Лигаси ташкил қилинди.

Демак, 16 сентябрдан бошлаб ОФКнинг клублар ўртасидаги янги энг катта мусобақаси - Элит чемпионлар Лигаси старт олади. Ушбу турнирда жами 24та жамоа иштирок этади: Ғарб минатақасидан 12та, Шарқ минтақасидан ҳам 12та.

Турнирнинг илк мавсумида Ўзбекистон шарафини амалдаги чемпион"Пахтакор" ҳимоя қилади. Хабарингиз бор, 16 август куни Элит чемпионлар Лигасига қуръа ташланди ва "Пахтакор" ўз рақибларини билиб олди.

Элитнинг ОЧЛдан фарқи

Янги мусобақанинг аввалги Осиё чемпионлар Лигасидан бир нечта фарқи бор. Биринчиси - жамоалар сони. Биламизки, ОЧЛ бир неча йил давомида 32та клуб иштирокида ўтказиб келинди. Ҳатто охирги мавсум 40та жамоа қатнашди. Ҳозирги Элит чемпионлар Лигасида қитъанинг энг кучли 24 клуби кураш олиб боради.

Иккинчиси - жамоаларнинг гуруҳга бўлинмаслиги. Мусобақа фақат Шарқ ва Ғарбга бўлинган ҳолда ўтказилади. Қолаверса, 12та жамоа турли клубларга қарши жами 8та ўйин ўтказади, 4та уйда ва 4та меҳмонда. Лекин очколар битта гуруҳ шаклида ҳисоблаб борилади ва якуний турдан сўнг 8та жамоа кейинги босқичга йўл олади.

Учинчиси - мусобақанинг финал босқичи марказлашган тартибда бир мамлакатда ўказилиши. Яъни чорак финалдан бошлаб барча ўйинлар Саудия Арабистонида бўлиб ўтади. Бу 2025 йилнинг 25 апрелидан 4 майга қадар давом этади. Бунда Шарқ ҳам, Ғарб ҳам Саудия Арабистонида ўйнайди: чорак финал, ярим финал ва финал баҳсига айнан Саудия мезбонлик қилади.




Нима учун Саудия Арабистони?


Осиё чемпионлар лигасининг яхши томони мухлислар ўз суюкли жамоалари иштирокидаги уй ўйинларни бемалол стадионга бориб кузатиш имконига эга бўлишарди. Жамоа ҳатто финалга чиққан тақдирда ҳам, финал 2та учрашувдан иборат бўлар ва биттаси албатта шу жамоа майдонида кечарди. Энди бўлса вазият ўзгарди. Айтайлиик, "Пахтакор" 8таликка кириб, кейинчалик нимчорак финалдан ўтса қолган ўйинларни Саудия Арабистонида ўтказади.

Нега айнан Саудия Арабистони? Чунки ҳозирги пайтда ОФКни энг катта молиялаштираётган Саудия Арабистони бўлиб турибди. Катта эҳтимол билан Элит чемпионлар Лигасининг мукофот жамғармаси-ю, клубларга тўланадиган пуллар ҳам Саудиянинг NEOM - келажак уйлари компанияси томонидан ажратилган. Пулини тўлаган қўшиққа буюртма беради деганларидек, Саудия Арабистони чорак финалдан бошлаб марказлашган мусобақани маъқул билди ва ОФК ҳам бунга кўнди.

Ваҳоланки, марказлашган мусобақани карантин пайтида кўргандик. Лекин ҳозирги даврда бунинг нима кераги бор, шуни тушунмаяпмиз. Саудия Арабистони ўзида турли спорт турларини қабул қилиб, бутунжаҳон эътиборини тортишга ҳаракат қиляпти. Бу давлатда Испания ва Италия Суперкубогидан ташқари, масалан UFC ҳам ташкил қилинди.

Саудия Арабистонида "Vision 2030" лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, 2030 йилгача жуда кўп спорт турлари шу мамлакатда бўлиб ўтиши керак ва шу орқали Саудия Осиёда тенгсиз эканини барчага кўз-кўз қилиши лозим. Ушбу лойиҳа шахсан Саудия шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон назорати остида.




Нега марказлашган?


Янги Элит чемпионлар Лигасининг чорак финал, ярим финал, ва финал ўйинлари марказлашган тартибда ўтказилиши барибир тушунарсиз ҳолат бўлиб қоляпти. Ахир мусобақанинг асл "қаймоғи" шу ўйинлар-ку. Майли, Саудия Арабистонида шароит зўр ҳам дейлик, лекин энг асосий савол: стадион тўладими? Стадион тўлдирилди ҳам дейлик, бошқа давлатлардан ишқибозлар келиши-чи? Бу қандай ҳал бўлади? Нари борса 500та келар, лекин бу жуда кам дегани эмасми?

Масалан, Эрон клублари - "Истиқлол" ва "Персеполис" кучли тўртликка кирса эронлик мухлисларнинг Саудияга бориши жуда катта муаммога айланади. Негаки ҳар икки давлат орасидаги сиёсий вазият яхши эмаслигини биламиз. Кимдир молиявий ҳолат туфайли ҳам бора олмаслиги мумкин. Қизиқ, ОФК бу ҳақда ўйлаб кўрганмикин?

Карантин пайтида ҳаммаси тушунарли эди. ОЧЛ зўрға ташкил қилиниб, Қатарда ўтказилганди. Аммо ҳозирги вазиятда ҳаммаси фақат Саудия Арабистони учун қилинганга ўхшаб қоляпти. Тасаввур қилинг, жамоангиз финалда, лекин бориб кўра олмайсиз. Бу ҳолат исталган клуб мухлиси билан рўй беради. У хоҳ ўзбек, форсий, араб, корейс ва япон бўлсин. Чунки ҳаммада ҳам имкон йўқ.

Тўғри, Саудия Арабистони мусобақани бекаму-кўст ўтказиб бера олади, бунга шубҳа йўқ. Лекин футболда энг асосийси мухлислар эмасми? Испания ва Италия Суперкубоклари ўтказилган маҳал у ерда номлар бор эди: "Реал", "Барса", "Ювентус", "Милан" ва ҳоказо. Шунинг учун стадион тўлди. Аммо Осиё клублари саудиялик ишқибозлар учун қизиқ эмас. Масалан, "Ульсан Хюндай" билан "Йокогама" кимга қизиқ? Ёки бўлмаса "Ал Садд" билан "Персеполис"нинг ўйинига ким киради? Уларга фақат ўз клублари қизиқ ва буни тўғри тушуниш керак.

Масаланинг шу томонларини ўйлаб Элит чемпионлар Лигаси зўр бўлиб кетишига шубҳа туғилади. Дарвоқе бу мусобақанинг битта яхши томони бор - мукофот пуллари катта. Шу ўринда яна бир савол ўйлантиради: бу йил Саудия Арабистони финал босқичига мезбонлик қилса, кейингиси қандай бўлади? Яна марказлашган бўладими ёки уй-меҳмонга қайтамизми? Агар марказлашган формат сақланиб қоладиган бўлса, мезбонлик яна Саудия зиммасида бўладими ёки бошқа давлатга бериладими? Бу йи Саудиядан 4та клуб турнирда қатнашиши уларнинг чемпион бўлиш имкониятини оширмайдими? Хулоса ўзингиздан.

Х.Холиқов

Рейтинг: +2   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика