Хави, Рауль, Лэмпард ва яқин ўтмиш юлдузлари мураббий ролида
26 июл 2019 18:30
Янгиликлар
Хави, Рауль, Лэмпард ва яқин ўтмиш юлдузлари мураббий ролида
Энди бўлса майдондаги воқеаларни четдан туриб томоша қилишга мажбурлар. Бугун сизлар билан 2018 йилдан буён мураббий сифатида ишлаб келаётганлар ҳақида гаплашамиз.
Хави
Афтидан, "Барселона" афсонаси Хавига Қатарда яшаш анча ёққан кўринади. У пойтахтнинг "Аль-Садд" клуби сафида 4 йил тўп тепиб, айнан шу жамоага бош мураббий этиб тайинланди. Бош мураббий лавозимида испаниялик 21 июль куни дебют қилди. "Аль-Садд" ўша куни Испаниянинг "Паламос" билан ўртоқлик ўйинида дуранг ўйнади. Ҳар икки жамоа биттадан гол уришга эришди.
Хавининг мураббийлик услуби ҳақида гапиришга ҳали жуда эрта. Аммо испаниялик аллақачон ўз мақсад ва амбициялари ҳақида гапириб ўтди: "Менинг жамоаларим ижросида кўришни истайдиган футбол борасида кўплаб фикр ва тасаввурларим мавжуд. Мен доим "Барселона" ўйин услубига ошиқ бўлганман. Уларнинг ўйин давомида ўрнатадиган назоратлари — бу мураббийлик давомида мен эришишга ҳаракат қиладиган мақсалдлардан бири. Шунингдек, "Барса"га бош мураббий сифатида бориш ниятим бор. Бу менинг мақсадим, аммо бу ягона вариант эмас".
Хаби Алонсо
2017 футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг Хаби Алонсо вақтини беҳудага сарфламади. Орадан бир йил ўтиб, "Реал Мадрид" U-14 жамоасига бош мураббийлик қила бошлади. Унинг қўл остида "Қироллик клуби"нинг ёш тарбияланувчилари чемпионат тугашига уч тур қолганда ўз ёш тоифаларида чемпион бўлишди.
Алонсо болаларга таълим бериш билан бир вақтнинг ўзида малакасини ҳам ошириб борди. Натижада, 2019 йил июнда УЕФА Pro мураббийлик лицензиясига эга бўлди. Июль ойида эса "Реал Сосьедад-B" бош мураббийи этиб тайинланди ва ўз фаолиятини бошлади. Испаниялик клуб билан икки йиллик шартномага имзо чекди.
Хаби Алонсо янги иш жойида муваффақият қозонишига шубҳа йўқ. Ахир у футболчилик даврида катта тажрибага эга бир қатор топ мураббийлар билан ишлаган-ку! "Омадим бор экан. Сабаби, фаолиятим давомида Анчелотти, Моуринью, Гвардиола ва Бенитес каби мураббийлар билан ишлашга муваффақ бўлдим. Ҳар биридан янги нарсани ўргандим, тажриба орттирдим", — дейди Алонсо.
Рауль
Раулнинг мураббийлик фаолияти термадаги собиқ шериги Хаби Алонсоники каби ривожланмоқда. 2018 йил "қаймоқранглилар" раҳбарияти машҳур форвардга "Реал Мадрид"нинг U-18 жамоасини ишониб топширди. Рауль биринчи мавсумдаёқ "Қироллик клуби" ёшлари билан чемпионликни қўлга киритди ва муносиб тарзда лавозими оширилди. 2019 июнда испаниялик В Сегунданинг "Кастилья" жамоасига бош мураббий бўлди.
Рауль янги лавозимни эгаллашидан бироз муддат аввал УЕФА Pro мураббийлик лицензиясига эга бўлганди. Қизиқ, афсонавий ҳужумчи мураббийлик фаолиятида ҳам улкан натижаларга эриша олармикан?!
Виктор Вальдес
Термадаги собиқ ҳамкасблари (мураббий бўлганлар)дан фарқли ўлароқ, Виктор Вальдес катта жамоа билан тажриба орттиришга улгурмади. 2019 йил июлда собиқ дарвозабон "Барселона" U-19 жамоаси назоратини ўз қўлига олди. Клуб Вальдес билан 2019/20 мавсум охирига қадар (яна бир йилга узайтирилиши мумкин) шартнома имзолади.
Ёдингизда бўлса, 2015 йил посбон фаолиятини якунлаб, тинч оилавий ҳаётда яшамоқчи эканини айтган эди. "Фаолиятимни тамомлаганимдан кейин фарзандларим билан сайр қилиб, уларнинг тарбияси билан шуғулланаман", — деган эди Вальдес. Афтидан, фикри ўзгарган кўринади.
Пол Скоулз
"Манчестер Юнайтед" афсонасининг мураббийлик йўли ҳақиқий даҳшатли воқеадан бошланди. Лига-2да ўйнайдиган Англия клуби — "Олдхэм"га бош мураббий этиб тайинланганидан сўнг (бу клубга болалигидан мухлислик қилади), лавозимида атиги 31 кун ишлади.
Аввалига Полни ҳамма иши яхши бошланди. Унинг жамоаси биринчи ўйинда чемпионат аутсайдери "Йовил Таун"ни йирик ҳисобда (4:1) мағлуб этди. Аммо Скоулз шогирдлари "ўзларини йўқотиб қўйишди". Кейинги 5 ўйинда "Олдхэм" 3 марта дуранг ўйнаб, атиги 3 очко тўплашга муваффақ бўлди. Бош мураббий клубдаги сўнгги ўйинида лиганинг етакчи жамоаси "Линкольн Сити"га 0:2 ҳисоб билан мағлуб бўлди. Кетма-кет омадсиз баҳслардан сўнг, у ишдан бўшашга қарор қилди.
"Мен бош мураббий этиб тайинланганимдан жуда ғурурландим ва иш бошлашимни интизорлик билан кутдим. Аммо "Олдхэм"да иш бошлаганимдан кейин, ҳаммаси ҳам режамдагидек кетмаётганини тушуниб етдим. Бу лавозимни менга таклиф қилишганида, бошқа шартлар бор эди. Аммо кейин кўп нарса ўзгариб кетди. Шундан сўнг, кетишга қарор қилдим", — таъкидлайди Скоулз.
Мураббий "бошқа шартлар бор эди" деб, ижодий эркинликни назарда тутган экан. Унинг айтишига қараганда, клуб хўжайини Абдалла Лемсагам машғулот жараёнига аралашгани Полга ёқмаган экан. Клуб эгаси ўйинда қайси схемадан фойдаланишдан тортиб, қайси таркибни майдонга тушуриш ишларигача аралашган.
Скоулз истеъфога чиққанидан сўнг, Уле Гуннар Сульшер собиқ клубдошига "Манчестер Юнайтед"нинг мураббийлар штабини ишлаш таклифини берди. Бироқ англиялик ҳамон бу таклифни қабул қилгани йўқ. 2014 йил Пол Скоулз МЮ ни апрель ойидан то мавсум сўнггигача бошқарган Райан Гиггзнинг вақтинчалик мураббийлар штабига кирган. Лекин бундай тажрибани мураббий сифатидаги тўлақонли дебют деб бўлмаса керак. Пол янги жойда 4 учрашув вақтида ишлади. Қолаверса, ўша пайтлар Скоулзнинг асосий вазифаси ҳам аниқ эмасди.
Жон Терри
Терри "Челси"дан кетганидан сўнг "Астон Вилла" раҳбарияти билан жуда яқин бўлиб кетди ва футболчилик фаолиятини якунлаши билан ўша клубнинг мураббийлик штабига ишга олинди. Жон 2018 йил октябрда "Астон Вилла"га бош мураббий бўлган инглиз Дин Смитга ассистент бўлди.
Смит ёрдамчисининг муваффақиятига холис баҳо бериш ҳозирча қийин. Чемпионшипнинг финали плей-офф босқичи якунига етгунга қадар Жонга турнирнинг 7-поғонасини эгаллаган "Мидлсбро" қизиқиш билдирди. Шундан сўнг "Вилла" мутахассисга янги шартнома таклиф қилди ва улар икки йиллик битим имзоладилар. Бирмингемда Террига жуда ҳам ишонишади.
Фрэнк Лэмпард
Фрэнк ҳам яқинда мураббийлик фаолиятини бошлаган футболчилардан бири. У ўтган йили "Дерби Каунти"га бош мураббий бўлганди. Мутахассис клубни АПЛга олиб чиқишига озгина омад етишмади. Чемпионшип плей-офф босқичида Фрэнк шогирдлари "Лидс"ни мағлуб этишди, аммо Смит ва Террининг "Астон Вилла"сига йўлланмани бой беришди. Шунга қарамай, "Челси" Лэмпардни ўз сафига таклиф қилди — шу ёзда у "кўклар"га бош мураббий этиб тайинланди.
Лондон клубида Фрэнкнинг баъзи хусусиятлари кўзга ташлана бошлади. Биринчидан, бўйсуниш билан боғлиқ муаммолар уни безовта қилмайди. Клубда уни аввалдан Лэмпс эмас, балки босс ёки менежер деб чақиришарди. Иккинчидан, Лэмпард барча футболчиларга, жумладан ёшларга ҳам, ўзини намоён қилиши учун имкон беради. Янги мавсумда "Челси" ротацияга ҳам алоҳида эътибор берса ажабмас. Учинчидан, "Челси" афсонаси машғулот жараёнининг интенсивлигига ҳам катта эътибор қаратади.
Лэмпард севимли жамоаси бош мураббийлиги лавозимида қандай ишлаши ҳали аниқ эмас. Бироқ буни кузатиш қизиқарли бўлиши турган гап.
Сергей Игнашевич
ЦСКА фахрийси ва Россия термаси рекордчиси мураббийлик фаолиятини ёрдамчи сифатида Москва клубида бошлади. Бир мавсум ўтиб, Игнашевич ўзини юқори даражадаги футболда синаб кўришни бошлади. "Торпедо" футбол клуби Игнашевичга ана шундай имкониятни берди. Игорь Коливанов истеъфога чиққан кунининг эртасига ЖЧ-2018 иштирокчиси "автозаводликлар"га бош мураббий этиб тайинланди.
Янги бош мураббийнинг ишлари ҳозирча аъло даражада бормоқда. Мавсум бошидан буён "Торпедо" 3 марта (3 ўйинда) ғалаба қозонди ("Факел", "Балтика" ва "СКА-Хабаровск"га қарши баҳсларда). Бу учрашувларда Игнашевич шогирдлари 4та гол уришди ва умуман гол ўтказишмади. Собиқ ҳимоячи "Торпедо"нинг мудофаа чизиғи билан тинимсиз ишлаганлиги кўриниб турибди.
Антонио Ди Натале
Футболчилик фаолиятига нуқта қўйганидан сўнг Италия термаси собиқ ҳужумчиси икки йил ишсиз юрди. Лекин 2018 йил у футбол соҳасига қайтишни истади ва В Серия "Специя" клубининг мураббийлик штабига ишга жойлашди. Италиялик маслаҳатчи лавозимини эгаллади ва жамоа бош мураббийи Паскуале Марино билан ҳамкорликни бошлади. Ди Натале у билан "Удинезе"да ҳам бирга фаолият юритганди.
Ўтган мавсум "Специя" чемпионат доирасида олтинчи ўринни эгаллади ва А Серияга чиқиш учун плей-офф босқичида ўзини синаб кўриш имкониятини қўлга киритди. Чорак финалда жамоадан омад юз ўгирди: "Читтаделле"га 1:2 ҳисоб билан мағлуб бўлди.
Афтидан, клуб раҳбарияти бундай натижани кутмаган эди ва дарҳол жамоа устозини истеъфога чиқаришга қарор қилдилар. Паскуале Марино билан биргаликда Ди Натале ҳам "Специя"ни тарк этди.
Альберто Жилардино
"Милан" ва "Фиорентина"нинг собиқ ўйинчиси мураббийлик фаолиятини Италияда бошлади. 2018 йил октябрда Жилардино бош мураббий Лука Принанинг ёрдамчиси бўлди. Улар Д Сериянинг ҳаваскорлик жамоаси "Редзато"да фаолият юритдилар. Келаси йилнинг февраль ойида Жилардино бош мураббий ўрнини эгаллади, Прина эса техник директорлик курсисига ўтирди.
Альберто қўл остидаги жамоа мавсумни тўртинчи поғонани банд этган ҳолда тамомлади. Шунингдек, улар С Серияга чиқиш учун плей-офф босқичида ўйнаш имкониятини ҳам қўлга киритдилар. "Редзато" ярим финалда "Про Сесто"га 2:4 ҳисобида мағлуб бўлди ва бир поғона юқоридаги дивизионга чиқиш учун курашдан чиқиб кетди.
Лекин Жилардинонинг ютуқлари эътиборсиз қолдирилмади. 2019 йил июль бошларида уни С Сериянинг "Про Верчелли" клуби бош мураббийлик лавозимига таклиф қилишди. Эҳтимол, ана шундай аста-секинлик билан бўлса-да, Альберто А Серияга чиқа олар?!
Яқин ўтмиш футболининг ёрқин вакилларини мураббийлик курсисидаги фаолияти илк йилларини кузатиш кўпчилик учун қизиқ бўлса ажаб эмас.
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар