Виктор Ваньяма: «Лондон Найробини эслатади»
31 окт 2016 10:00
Янгиликлар
Виктор Ваньяма: «Лондон Найробини эслатади»
У спагетти, «Твиттер», тунги ҳаёт ва «подкат»ларни яхши кўради. Аммо қизил карточкалардан қўрқади. FourFourTwo нашрига интервью берган «Тоттенхэм» ярим ҳимоячиси Виктор Ваньяма ўзи ҳақида гапириб ўтди.
Аксарият ҳолатларда «Твиттер» футболчиларга яхшилик олиб келмайди. Жолеон Лескотт ва Жои Бартонлар билан бўлган ҳолатлар бунга яққол мисол бўла олади. Виктор Ваньяма билан эса аксинча. Кениялик футболчи майдонда қўпол бўлиши мумкин. Бироқ унинг қўлига смартфон берсангиз, қандай мулойим инсонлигига гувоҳ бўласиз.
2012 йилнинг 26 апрелида Ваньяма даҳшатли фильм кўргани ва у якунланмасданоқ DVD дискни олиб, ахлат қутисига ташлаб юборганини ёзганди.
- Ўша куни сафарда ўйин ўтказгандик. Уйга жуда кеч қайтдим, - дейди Виктор. - Ҳеч уйқум келмади ва «Паранормал ҳодиса-3»ни кўришга қарор қилдим. Даҳшат! Бундай бўлишини кутмагандим. Ҳаттоки, дискни ахлат қутисига ташлаб юбордим. Кейинчалик қўрқинчли фильмларни кўрмай қўйдим.
Шунга қарамай, Англия пойтахтига келишдан чўчимади.
- Лондон Найробини эслатиб юборади. У ерда тунги ҳаёт авжида. Одамлар душанбадан душанбагача тинишмайди. Ҳеч ким ухламайди. Албатта, Саутгемптон ёки Глазгодан фарқ қилади. Бу ерда жаҳоннинг ҳар бир бурчагидан келган инсонларни учратасиз. Баъзида ҳамюртларингизни кўрасиз. Кўчада Кениядан келганлар билан гаплашиб тураман. Бундан олдин Саутгемптонда хорижликларни деярли учратмаганман. Глазгода эса бир марта кениялик билан учрашиб қолгандим. У ҳам Эдинбургдан келган экан.
25 ёшли футболчининг болалиги хавфли ўтган бўлсада, уни қувонч билан эслайди. Виктор стадионгача бир неча километр йўлни пиёда босиб ўтарди. 15 ёшигача эса умуман бутсаси бўлмаган.
- Биз умуман нолимасдик. Ҳазил-ҳузул қилиб, йўлнинг тугаб қолганини билмасдик. Майдонда эса узоқ масофадан пиёда келганимизни ҳеч ким эсламасди. Шунчаки, иложи борича кўпроқ футбол ўйнашни истардик. Фақатгина қоронғу тушиб, ўйинимизга барҳам берарди.
JMJ академиясига киргунимча, 14 ёки 15 ёшимгача бутсаларим бўлмаган. Бу ҳақда жамоадошларимга гапирмайман. Улар ҳам сўрашмайди. Шундоқ ҳам Африкада бизга осон бўлмаганини яхши билишади. Лекин бундай ҳолатлар одамни янада кучли бўлишга ундайди.
Отаси Ной (Кениянинг 13 карра чемпиони, «Леопардс» сафида ўйнаган)дан ташқари, акалари Томас, Сильвестр ва Макдональд Маригалар ҳам футбол ўйнашган. Ҳа, ўша 2010 йили Жозе Моуриньо бошчилигидаги «Интер» Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққанда захирада ўтирган Марига.
Ваньяма болалигида Европа грандлари иштирокидаги ўйинларни томоша қилиш учун маҳаллий кинотеатрга борарди. Унга ҳаммадан кўра бир футболчи кўпроқ ёқарди.
- Асосан, «Манчестер Юнайтед»нинг учрашувларини томоша қилардим. Менга Рой Киннинг ўйинлари ёқарди.
Ваньяма «Селтик»да Кин каби ишларни бажарарди. Глазгога у Бельгиянинг «Беерсхот»идаги уч йиллик ва Швециянинг «Хельсинборг»идаги бир йиллик фаолиятидан сўнг борган.
- Бельгия ва Швеция - ажойиб мамлакатлар. Аммо Швеция совуқроқ. Ҳаттоки, Глазгодан ҳам совуқ.
У «Селтик» сафида Шотландия чемпионлиги ва кубогини қўлга киритди. Шунингдек, йилнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилган. Бироқ унинг учун Глазгодаги энг муҳим воқеа «Барселона» дарвозасига урган голидир. 2012 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган учрашувда Ваньяманинг голи «Селтик»нинг каталонияликлар устидан тарихий ғалабага эришишида ёрдам берганди.
- Бу мўъжиза эди. Ўшанда стадион бузилиб кетади деб ўйлаганман.
Кенияда «Селтик» ва «Рейнжерс»нинг фанатлари жуда кўп. Ушбу жамоалар Африка мамлакатида кўплаб хайрия тадбирларини ўтказишган.
- «Селтик»ка ўтгунимга қадар Чемпионлар Лигасида ўйнамагандим.
2013 йили «Тоттенхэм» Ваньямани 12,5 миллион фунт стерлинг эвазига сотиб олди. Ўшанда Виктор атиги 22 ёшда эди.
- «Тоттенхэм»га ўтишимда Почеттинонинг хизмати катта. Олдимда вариантлар кўп эди. Лекин Маурисио Лондонга келишга кўндирди. У билан олдин ишлаганим учун футболчиларга қандай муносабатда бўлишини яхши биламан. Бунинг устига, «Тоттенхэм» ЕЧЛда ўйнади. Англия премьер-лигасида ҳам имкониятлари яхши.
Football.ua - ЖАЪФАРАЛИ тайёрлади
Фикрлар