Санжар Шоаҳмедов: «Олмалиқ» ўсишимга ёрдам берган»
26 авг 2016 10:30
Янгиликлар
Санжар Шоаҳмедов: «Олмалиқ» ўсишимга ёрдам берган»
Унинг «Олмалиқ»дан «Локомотив»га ўтиши фаолиятида олдинга ташланган қадам бўлди - ҳозирда «темирйўлчилар»нинг асосий фигураларидан бири эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Майдонда тезкорлиги, меҳнаткашлиги билан ҳаммадан ажралиб туради, ҳамиша борини бериб ўйнашга одатланган. У билан уюштирган суҳбатимиз чоғида Санжарнинг футболга кириб келиш йилларини ёдга олдик.
- Санжар, дастлаб футболга кириб келишингизни ёдга олсак...
- Миллионлар ўйинига кириб келишим кўчада тўп тепишдан бошланган. Кейинчалик қизиқишларим устунлик қилиб, 6 ёшимда Чиғатой футбол мактабига борганман. У ерда ҳар кунги машғулотлар, ўйинлардан кейин келажагимни мазкур спорт тури билан боғлашга аҳд қилганман. Менимча, шу спорт турини танлаганим - тўғри қарор.
- Агар футболчи бўлмаганингизда нима билан шуғулланардингиз?
- Ҳаётимни футболсиз тасаввур қилолмайман. Шу боис бу саволингизга аниқ жавоб беришим қийин. Боя айтиб ўтганимдек, миллионлар ўйини қолган юмушлардан устунлик қилган. Айнан шу жиҳатлари учун ҳам фаолиятимни спортнинг шу турида давом эттиришга қарор қилганман.
- «Олмалиқ» фаолиятингиздаги илк жамоа ҳисобланади. Бу клубга қай тариқа бориб қолгансиз?
- Ҳаммаси Чиғатойдан бошланган. Биз иккинчи лига баҳсларида иштирок этардик. Устозимиз Марат Кабаев «Олмалиқ» ўринбосарларини шуғуллантира бошлагач, бизни бу клубга олиб борганди. Ёдингизда бўлса, жамоа 2008 йилда олий лигага чиққан эди. Шу тариқа, Кабаев тавсияси билан маш-ғулотларда иштирок этдик. Хатти-ҳаракатларимиз Игорь Шквиринга ҳам маъқул келган. Шу тариқа жамоа ўринбосарлари сафида қолганмиз.
- Фаолиятингизда «Олмалиқ»нинг тутган ўрнини қандай баҳолайсиз?
- «Олмалиқ»да чин маънода ўсишга эришдим. Биринчи навбатда, ўйин амалиётига эга бўлдим. Шквирин қўл остида футболнинг менга нотаниш жиҳатларини ўрганиб, изландим. Бу эса тажрибам ошишига улкан ҳисса қўшди. «Локомотив»га йўл олишимда ҳам бу жамоанинг ўрни катта. Олмалиқда ўтказган йилларим мен учун фақат олдинга ташланган қадам вазифасини ўтади. Аввало, менинг ҳозирги даражага чиқишимда ёрдам берганликлари учун «Олмалиқ»да бирга фаолият кўрсатган мураббийларга миннатдорчилик билдираман.
- Игорь Шквирин ёшлар билан ишлашни ёқтиради. Сизнингча, бу мутахассис қандай имкониятларга эга?
- Шквирин жуда кучли мураббий. Ундан ўрганганларим менга асқотмоқда. Ўша йиллари мураббий футболда билмаган сир-асрорларни ўргатибгина қолмай, биз билан борини бериб ишларди. Вақтида кучли ҳужумчи бўлган, миллионлар ўйинидаги паст-баландликлардан яхши хабардор. Менга ишонч билдириб, майдонга тушира бошлади. Олий лигада тобланиб боришимга кўмак берди.
- «Олмалиқ»ни тарк этиб, фаолиятингизни хорижда давом эттиришингиз мумкин эди. Ҳаттоки, Баҳрайнга ҳам бориб, жамоа машғулотларида иштирок этгандингиз. Ўшанда кўрфаз мамлакатида қолишингизга нима халақит қилганди?
- Ўша пайт чемпионатимиздаги уч-тўрта кучли жамоадан таклиф тушганди. Шунингдек, Баҳрайн чемпионати иштирокчиси ҳам қизиқиш билдириб, олти ойлик шартнома ваъда қилганди. Баҳрайнга бориб, жамоа машғулотларида иштирок этдим. Аммо айрим масалаларда келишолмай, ортга қайтдим. Аниқроғи, жамоанинг ОЧЛда қатнашмаслиги, чемпионатдаги жамоалар сони камлиги Баҳрайнда қолмаслигимга сабаб бўлган. Кейинчалик энг маъқул вариант сифатида «Локомотив»ни танладим. ОЧЛда иштирок этиш истаги мени хорижда ўйнаш фикридан қайтарди.
- Жамоангизнинг бу йилги иштирокидан қониқяпсизми?
- Эътибор бераётган бўлсангиз, «Локомотив» йилдан-йилга кучаймоқда. Клуб раҳбарияти барча шароитларни яратиб берганлиги учун ҳам юқори вазифалар белгиланмоқда. Табиийки, бу ҳолат футболчиларни янада кўпроқ меҳнат қилишга ундайди. Ҳозирда жамоа ўзининг оптимал ҳолатига етиб келган. Учта мусобақада иштирок этаётган бўлсак, уларнинг ҳаммасида ғолибликни қўлга киритиш вазифаси турибди. Муҳит яхши, шароитлар аъло. Фақат ўйин услубимизни янада кучайтириш керак.
- «Локомотив»га олий лигада чемпионликни қўлга киритиш насиб этмаяпти. Жорий мавсум бу орзуни амалга ошириш учун ажо-йиб имконият юзага келган...
- Аввалги мавсумларда жамоамиз чемпионатда бронза ва кумуш медаллари билан чекланаётганди. Қандайдир омадсизликлар туфайли очколар бой берилиб, пешқадамлик қўлдан кетарди. Жорий йилда эса чемпионлик мақомини қўлга киритиш учун жиддий курашмоқдамиз. Пешқадамликни сақлаб турибмиз, мақсадимиз - турнир жадвалидаги таъқибчиларни яқинлаштирмаслик. Тўғри, ҳали чемпионат якунланмади, олдинда бир-биридан қийин баҳслар борлигини унутмаслик лозим. Шунга қарамай, «Локомотив» 2016 йилги Ўзбекистон чемпиони номини қўлга киритиш учун охиригача курашади.
- Ўзбекистон кубоги ҳам сизлар учун муҳим мусобақа, шундайми?
- Албатта. Боя айтиб ўтганимдек, бизни фақат совринлар ва шоҳсупага кўтарилиш қизиқтиради. «Локомотив» бир мусобақада ғолиб чиқиш учун иккинчисини бой беришни истамайди. Аксинча, барча турнирларда фақат энг юқори чўққини кўзлайди. Ўзбекистон кубоги ҳам бундан мустасно эмас, албатта.
АВАЗБЕК суҳбатлашди
Фикрлар