Penalty. Анвар Ғофуров: “Абрамов жамоасида ўйнашни истамаганман”
06 май 2017 15:09
Янгиликлар
Penalty. Анвар Ғофуров: “Абрамов жамоасида ўйнашни истамаганман”
Аслида лойиҳа якунлангани ҳақида эълон қилинганди. Бироқ кўплаб талаб ва истакларни инобатга олган ҳолда лойиҳани яна тиклашга қарор қилдик. Penalty'нинг бир қатор мухлисларидан илиқ фикрлар эшитдик. Шу сабаб лойиҳа яна давом этади...
Ўзбекистон терма жамоаси собиқ футболчиси, ўз вақтида “Пахтакор”, “Машъал” ва “Бунёдкор” каби клубларда фаолият олиб борган, айни пайтда Тошкентнинг “Обод” клубида ўйнаётган тажрибали ҳимоячи Анвар Ғофуровни лойиҳамиз меҳмони бўлди. Ғофуровнинг фаолияти қизиқ воқеаларга бой бўлган экан.
- Дадангиз туғилмасингиздан олдиноқ футболчи бўлади деб орзу қилган эканлар. Бу қанчалик рост?
- Бу тўғри (кулади). Ҳақиқатдан ҳам дадам туфайли футболчи бўлганман. Ўзлари футболчи бўла олмаганлари учун ўзларига ўғлимми футболга бераман деб ваъда берган эканлар. Акам Жамшид ҳам футболчи бўлган. Аммо жуда ёш футболга кириб келган ва биринчи лигада ўйнаганди. Жароҳат туфайли фаолияти узоқ давом этмади.
- Валерий Иванович Маковенко ҳақида гапириб беринг.
- Бу инсон менинг футболдаги биринчи мураббийим ҳисобланади. Самарқанддаги футбол мактабида шу кишининг қўл остида футболнинг илк сабоқларини олганман. Жуда ҳам қаттиққўл ва талабчан инсон эди. Бу инсондан ҳар доим миннатдорман.
- Салбий ҳислатларингиз қайсилар?
- Билмайман. Ютқазишни ёмон кўраман. Агар қўлимиздан келсаю лекин ютқазаётган бўлсак ғазабланаман. Лекин жаҳлим чиқса ҳам рақибга қўполлик ишлатмайман, ҳакамга ҳам эътироз билдирмайман. Шу боис ҳам кам қизил карточка олган бўлсам керак.
- Профессионал фаолиятингиз 2000 йил “Сўғдиёна”да бошланган. Иккинчи лигадан сизни ким олий лигага чақирган?
- “Олтин бошоқ” жамоаси билан биринчи лигага чиқиш учун бизнинг жамоа курашганди. Аммо якунда айнан “Олтин бошоқ” биринчи лигага йўл олиб мени таркибига чақирганди. Мен асосий рақобатчимиз сафига қўшилишни истамаганман. Бироз вақт ўтиб олий лигада ўйнаётган “Сўғдиёна” устози Рауф Инилеев мени жамоага чақирганди. Ўша йил илк бор олий лига клуби йиғинида иштирок этганман. Жуда ҳам қийин бўлган. Иккинчи лигадан дарҳол олий лигага ўтиш мен учун жуда оғир бўлган. Футболда пул топиш учун “темирдан тиш” керак деган одам жуда ҳам тўғри айтган.
- 4 йил олдин берган интервьюингизда – “Тухум қовуришни биламан. Овқат тайёрлашда тажрибам жуда кам”, - деган экансиз. Ҳамон шундайми?
- (кулади) Тан оламан ҳамон шундай. Ошхонадан анча йироқ инсонман. “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин”. Шукурки турмуш ўртоғим ширин ширин овқатлар тайёрлаб беради. Мен учун эса овқат қилишдан кўра футбол ўйнаш осонроқ (кулади).
- 2002 йил “Пахтакор”га ўтгансиз... Бу транфсер қандай амалга ошган?
- “Сўғдиёна”да ўйнаб юрганимда терма жамоага чақирув олиб турардим. Ўша йилларда “Пахтакор” терма жамоа базаси сифатида шакллантирилаётганди. Шу боис бўлса ҳам “Пахтакор” мураббийлари мени клубга чақиришганди. Ўша мавсум Ўзбекистонга бир чизиқли ҳимоя тактикаси кириб келганди. 4-4-2 тактикасига ўтилганди. “Шерлар” сафида 2002 йил кўп ўйнаганман, аммо 2003 йил бошида жароҳат олиб ўзимни яхши ҳис қилмаганман. “Пахтакор” сафида фаолиятимда илк бор Ўзбекистон чемпиони бўлганман ва Ўзбекистон кубоги соҳибига айлангандим. Табиийки хурсанд бўлганман, лекин қандай ютуққа эришганимни у қадар яхши тушуниб етмагандим. Ёш эдим жуда. Осиё чемпионлар лигасида ҳам “Пахтакор” сафида дебют қилгандим.
- 2003 йил ёзда “Навбаҳор”га Виктор Жалилов чақирган экан. Намангандаги фаолиятни қандай ёдга оласиз?
- Ҳа, Виктор Романович туфайли Наманганга ўтгандим. Тажрибали футболчилар ҳам, ёш футболчилар ҳам бор эди. Ёшлик ва тажриба уйғунлашган эди. Эсимда бор вазифа учинчи ўринни олиш эди. “Қизилқум”дан биринчи даврада 12 очкога ортда қолаётгандик. Иккинчи даврада фақат бир марта Тошкентда “Пахтакор”га ютқазгандик қолган ўйинларда, шу жумладан “Қизилқум”ни сафарда мағлуб этиб, якунда бронза медали соҳибига айлангандик.
- Агар футболчи бўлмасам география ўқитувчиси бўлардим дегансиз. Шу ростми?
- Рост шундай деганман. Сабаби география ўқитувчимиз мактабимиз директори эди. Уларнинг дарслари бўлишини доим кутардим. Ўзим ҳам географига қизиқардим.
– Буни синаб кўриш учун бир нечта савол берамиз
Аргентина пойтахти?
– Буэнос Айрес
– Япония пойтахти?
– Токио
– Энг баланд тоғ?
– Эверест бўлса керак.
– Европа ва Осиёни ажратиб турувчи тоғ?
– Тўғриси билмас эканман.
– Тўғри жавоб: Урал.
- 2005 йил Самарқанднинг “Динамо” клубига ким чақирган? Ўша жамоада ҳозирда оғир дардга чалинган Сирожиддин Сайфиев билан бирга ўйнагансиз...
- Ўша мавсум олдидан Бухорода йиғинда ҳам иштирок этгандим. “Динамо” эса ёки биринчи лига ёки олий лигада ўйнаши керак эди. Самарқанд жамоаси мураббийлари мени чақиришганди. Уйдагилар билан маслаҳатлашиб “Динамо”га ўтишга қарор қилгандим. Ўтиш ўйинида “Андижон”ни таслим қилгандик. Сирожиддин Сайфиев инсонийлик, тарбия томонидан жуда ажойиб. Футболчи сифатида ўз ишини яхши бажарарди. Сайфиев ўнг ёки чап қанот ярим ҳимоясида ҳаракат қиларди. Мен чап қанот ҳимоясида ўйнаганман. Яъни деярли елкама-елка тўп тепганман десам ҳам бўлади. Сирожни барчамиз қўллаб-қувватлаяпмиз, худо хоҳласа барчаси яхши бўлади.
- Кейин “Машъал”даги фаолиятингиз бошланган...
- Муборакка ҳам Виктор Жалилов чақирганди. Жамоа бир мавсум олдин кумуш медали олиб ОЧЛга йўлланма олганди. Таркибдаги деярли барча йигитларни яхши танирдим. Мен, Камолиддин Кенжаев, Зафар Холмуродов, Ботир Қораев ва Виктор Клишин каби футболчилар 2006 йил жамоага келгандик. Шахсий фикрим ўша таркиб билан Осиё чемпионлар лигасида гуруҳдан чиқишимиз керак эди. Ўз имкониятларимиздан тўлиқ фойдалана олмагандик.
- Футболчиликдан ташқари эришган энг катта ютуғингиз қайси?
- Оилам. Ота-онам. Дўстларим, танишларим.
- Сиз ҳимоячисиз 2008 йил “Навбаҳор” билан ўйинда дублга эришгансиз. Бу қандай содир бўлганди?
- Жуда ҳам яхши эслайман. Йирик ҳисобда ютгандик. Биринчи голимни бошим билан ургандим, иккинчи голимни эса чап оёқда рақиб дарвозасига ургандим. Ўшандан кейин олий лигада бошқа дублга эришмадим.
- “Машъал”дан кейин “Бунёдкор”да ўйнадингиз. Фаолиятингизнинг бу даври қандай ўтган?
- Ажойиб ўтган. Бир неча бор Ўзбекистон чемпиони бўлганман, Ўзбекистон кубоги соҳибига айланганман. Осиё чемпионлар лигасида ярим финалга чиққандик. Юлдузли “Бунёдкор”да ўйнаганимдан фахрланаман. Мен учун жуда катта мактаб бўлган. Пул кўп бўлган, буни ҳамма билади. Бироқ футболчилар пулни ўйлашмасди. Машғулотларга келиб маза қилиб уйга қайтардик. Жамоа жуда аҳил эди.
- Оилангиз ҳақида гапириб беринг.
- 2009 йил оила қурганман. Худога шукур икки нафар фарзандим бор. Қизим Айсель 7 ёшда, ўғлим Мирон 3га тўлди.
- Сколари қандай мураббий эди? Ўша “Бунёдкор”нинг ҳеч бўлмаганда ОЧЛ финалига чиқишига нима етишмаган деб ўйлайсиз?
- Ўша даврда Сколари жуда кучли мураббий эди. Ўйинни ўзгартириб юборишга уста эди. Эсингизда бўлса “Пахтакор”га қарши дербилардаги қизил карточкадан кейинги ғалабалар... Сколари ҳужумчи Хосе Луис Вильянуэвани алмаштирарди. Ҳужумчисиз қандай ғолиб бўламиз деб ўйлардик. Аммо якунда барибир ютардик. Барчаси Сколарининг хизматлари эди. Менимча Сколарининг нима талаб қилганини охиргача тушуна олмаганмиз. Гап таржимонларда эмас, мураббий бизга ғалабанинг оддий формуласини берарди. Футболчилар эса янгича формула орқали ютишга уринардик. Сабаби шунда бўлса керак.
- 2013 йил охирида “Локомотив”га ўтгансиз аммо икки ойдан сўнг шартномани бекор қилиб “Бунёдкор”га қайтгансиз. Ўшанда нима бўлганди?
- Абрамов туфайли шартномани бекор қилгандим. Мен келганимда Ҳаким Фузайлов бош мураббий эди. Аммо февраль ойида ОЧЛ плей-офф баҳсида ютқазиб қўйгач Фузайлов кетган ўрнига Абрамов келганди. Вадим Карленович бош мураббий бўлгач у билан сизнинг жамоаингизда ўйнамайман деб айтганман. Бунинг ўзига хос жуда катта сабаби бор. Аммо ҳозир бунинг сабабини айтишни истамайман. Бу доим ичимдаги сир бўлиб қолса керак. “Локомотив” раҳбариятига ўша пайтда менинг ҳолатимни тўғри тушуниб шартномани бекор қилишганига раҳмат айтаман.
- Сиз борган энг чиройли шаҳар қайси?
- Барчаси ёққан. Кўпроқ Сидней манзур бўлган. Ўзбекистон терма жамоаси сафида Австралияга боргандим. Бундан ташқари “Бунёдкор” билан Аделаидага ҳам боргандим.
- Ўтган йил ёзда “Обод”га ўтгансиз. Ўша пайтда олдингизга қандай мақсад қўйгандингиз?
- Ўзимга савол бергандим: “Қани янги жамоага ёрдам бера оласанми, нимага қодирлигингни кўрсата оласанми?”. Шукурки ўтган мавсум олий лигада қолгандик. Бу мавсумда ҳам мақсадимиз шундай десак бўлади. Сабаби барча клублар ўз сафларини кучли футболчилар эвазига кучайтириб олишган. Биз ҳам уларга осонгина мағлуб бўлмаймиз, албатта. Ҳар бир ўйинда охиригача курашамиз.
- 2013 йил Таиланд клубида кўрикда бўлиб қайтгансиз. Трансфер нимага амалга ошмай қолганди?
- Тўғри айтдингиз икки ҳафта давомида клуб йиғинида бўлгандим. Ўша мураббийдан ҳам ўзим учун керакли жиҳатларни олгандим. Аммо трансфер нимага амалга ошмаганини мен билмайман. Агент ва ўша клуб раҳбарияти билади холос. Ўзимга қолса легионер сифатида синаб кўришга тайёр эдим.
- Футболдаги энг оғир даврни эсга ололасизми?
- Мағлубиятлардан кейин доим қийналаман. Аммо у қадар жуда оғир даврни эслай олмайман. Шукурки жиддий жароҳат ҳам олмаганман.
- Ўзбекистон терма жамоасида 20дан ортиқ ўйин ўтказгансиз. Энг ёдда қолган ўйин қайси?
- Барча ўйинларим ёдда қолган. Ватанимиз терма жамоамиз сафидаги ҳар бир баҳс мен учун шарафли ва ёдда қоларли бўлган.
- Анъанавий сўнгги савол ёдингизда қолган пенальти ёки пенальтилар серияси?
- ЖЧ-1994 йил финалида Роберто Баджонинг ноаниқ зарбаси. 2005 йил Европа чемпионлар лигаси финалида Андрей Шевченконинг пенальтилар сериясида гол ура олмагани. Тақдирни ҳал қилгани учун гол ура олмаганларни кўпроқ эслайман. Гол урганларни ҳеч ким эсламайди (кулади).
Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди
Фото: Толибжон Қосимов
Фикрлар