"Ўзбекистон — Осиёдаги энг кучли жамоалардан бири. Шри-Ланка термаси футболчилари билан инқироз, мамлакатдаги футбол даражаси ва Ўзбекистон термасига қарши ўйин ҳақида
07 июн 2022 14:03
Янгиликлар
"Ўзбекистон — Осиёдаги энг кучли жамоалардан бири. Шри-Ланка термаси футболчилари билан инқироз, мамлакатдаги футбол даражаси ва Ўзбекистон термасига қарши ўйин ҳақида
Ўзбекистон термаси эртага Осиё Кубоги саралаш босқичидаги ўйинларини бошлайди. Терма жамоамиз саралаш гуруҳидан Таиланд, Шри-Ланка ва Мальдив ороллари жой олган — очиғини айтганда, рақиблар унчалик машҳур эмас. Шу сабабли, "Championat.Asia" Ўзбекистон термаси рақиблари ҳақида қатор материаллар тайёрлади.
Ишни экзотик мамлакат ҳисобланган Шри-Ланкадан бошлашга қарор қилдик. Россиялик журналист Николай Егоричев "Championat.Asia" учун махсус Шри-Ланканинг икки футболчиси Сужан Перера ва Васим Разик билан суҳбатлашди.
— Ўзингиз ҳақингизда бироз гапириб берсангиз. Қаерда ва қайси позицияда ўйнайсиз?
Сужан Перера: Мен маҳаллий "ТС Спортс" клуби дарвозабони ва Шри-Ланка термаси дарвозабони ҳамда сардориман.
Васим Разик: Мен Германияда туғилганман. Айни дамда Ҳиндистоннинг "Гокулам" клуби шарафини ҳимоя қиляпман. Позициям марказий ҳужумчи бўлса-да, ҳужум қанотида ҳам ўйнай оламан.
Сужан Перера
— Мамлакатингизда футбол қай даражада ривожланган?
Сужан: Биз шаклланишнинг энг бошидамиз ва футбол мамлакатига айланишга ҳаракат қиляпмиз.
Васим: Ватанимизда футбол унчалик ҳам машҳур эмас, лекин йилдан-йилга қизиқиш ортиб бормоқда.
— Маҳаллий аҳоли чемпионат ўйинларини томоша қилишга борадими?
Сужан: Шри-Ланкада футбол ҳаваскорлари кўп. Айни дамда инфратузилма яхши ривожланмаган, бироқ чемпионат баҳсларини кўриш учун етарлича одам келади.
Васим: Шри-Ланкада футбол чемпионати ташкил топганига кўп бўлмади. Деярли ҳар клубнинг ўз мухлислари бор. Шри-Ланка Суперлигаси пайдо бўлгани туфайли энди яхши футболчилар етишиб чиқади деб умид қиламан.
— Терма жамоа ўйинларини ҳам кузатишадими?
Сужан: Ҳа, доим катта ажиотаж бўлади.
Васим: Шри-Ланка аҳолисининг айнан термага бўлган қизиқиши жуда катта. Охирги, Сейшел оролларига қарши учрашувга 10 мингдан ортиқ мухлис келган — бу биз учун жуда кўп. Айтганча, ўша баҳсга ФИФА президенти Жанни Инфантино ҳам келганди.
— Сизда футболдан ҳам машҳурроқ спорт тури борми?
Сужан: Крикет футболдан кўра машҳур, лекин биз ватанимизда яхши футбол маданиятини шакллантиришга ҳаракат қиляпмиз.
Васим: Албатта, Шри-Ланкада асосий спорт тури крикет ҳисобланади. Бизнинг жамоаларимиз халқаро миқёсда яхши натижаларга эришмоқда. Крикет мухлислари кўпроқ, ўйинчиларнинг маоши ҳам юқори.
Сужан Перера
— Майдон ва машғулот базасининг аҳволи қандай?
Сужан: Футбол объектлари унчалик яхши даражада эмас. Бу борада ҳали анча ривожланишимиз лозим.
Васим: ФИФА президенти ва бизнинг федерациямиз президенти мамлакатимизда тез орада янги футбол майдонлари ҳамда терма ўйнаши учун замонавий стадион бўлишини ваъда қилмоқда.
— Профессионал футболчилар қанча? Футболни доимий иши билан бирлаштирганлар ҳам борми?
Сужан: Профессионал даражада ўйнайдиганлар жуда кам. Деярли ҳаммасининг бошқа иши, даромад манбаи бор. Бироқ бунинг асосий сабаби — футбол бўйича Шри-Ланка чемпионати яқинда ташкил топганидир. Футболчилар яхши маош олиши учун Суперлига ҳали етарли даражада яхши эмас.
Васим: Мен ҳам профессионал даражада футбол ўйнайдиганлар қаторидаман деб фахрланиб айта оламан. Берлинда туғилганман ва ўша ерда футбол бўйича таълим олганман. 16 ёшгача Антонио Рюдигер билан бир жамоада тўп тепганман — кейин у Дортмунд "Боруссия"си академиясига ўтиб кетган.
— Мамлакатингиз пандемия даврини қандай ўтказди? Чемпионат формати ва бугунги кундаги аҳвол?
Сужан: Жуда қийин кечди — мамлакатни ковиднинг уч тўлқини қамраб олди. Ҳамма жой ёпилди, биз деярли ўйнамадик ва шуғулланмадик. Ҳозир вазият анча яхши. Менимча, аҳолининг 90%и эмланди. Айни дамда Шри-Ланкада пандемия қўрқуви йўқ.
Васим: Шри-Ланка футбол термаси мамлакатда ўйнаши ва машғулот ўтказиши мумкин бўлган ягона жамоа эди. Бизга махсус рухсатнома берилди, бу учун футбол федерацияси президентига катта раҳмат.
— Шри-Ланкада Ўзбекистон ҳақида билишадими? Балки баъзи ўйинчилар ва жамоаларни биларсиз?
Сужан: Ҳа, билишади. Биз Ўзбекистон термасининг кўплаб ўйинларини томоша қилганмиз.
Васим: Шахсан мен кўплаб футболчиларни танийман. 2011 йил 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида уларнинг ўйинини кўрганман — ўшанда Германия термаси сафида эдим. Шунингдек, Элдор Шомуродов ва "Рома"нинг ашаддий мухлисиман. У Италияда анча ўсди. Элдор бу интервьюни ўқийди ва менга "Рома" футболкасини совға қилади деб умид қиламан. Яна Одил Аҳмедовни танийман — у анча йиллар Хитойда тўп тепди ва яхши ўйин намойиш этди.
— Шри-Ланка футболи ҳақида нимани билиш лозим?
Сужан: Биз доим футбол ва мамлакатимиз келажаги учун курашамиз.
Васим: 10 май куни Шри-Ланка термаси мураббийи этиб Энди Моррисон ("Манчестер Сити" собиқ сардори) тайинлангани эълон қилинди. Жамоа таркиби янги, халқаро аренада бизга тажриба етишмайди. Аммо яхши натижа кўрсата олишимизга ишонамиз.
— Шри-Ланкада Ўзбекистонга нисбатан муносабат қандай? Ўзаро учрашувларда фаворит деб ҳисоблайсизми?
Сужан: Ўзбекистон термаси кучли ва Осиёнинг энг яхши жамоаларидан бири. Ҳар қандай вазиятда ҳам улар фаворит. Лекин футбол кутилмаган воқеаларга бой ва биз ўзбек ўйинчиларига қаршилик кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
Васим: Ўзбекистон Осиёнинг энг кучли термаларидан бири деб ўйлайман. Албатта, бу саралаш босқичида биз учун энг қийин рақиб.
Сужан Перера
— Ҳозир Шри-Ланкада нотинчлик ҳукм сурмоқда. Нималар бўлаётгани ҳақида қисқача сўзлаб бера оласизми?
Сужан: Коронавирусдан кейин мамлакатда инқироз юз берди. Қаттиқ азоб чекаётган бўлсак-да, одатдаги стабил ҳаётга қайтишга ҳаракат қиляпмиз. Бу бутун Шри-Ланка учун қийин кечмоқда.
Васим: Ҳукуматда коррупция кучайган. Одамлар бир неча ойдан бери электр ва ёқилғисиз яшашмоқда. Мамлакат раҳбарияти озиқ-овқат ва бошқа товарлар нархини оширишдан бошқа ҳеч нарса қилмади. Шунинг учун, халқ Шри-Ланка бош вазири Махинд Ражапакса ва унинг оиласига қарши норозилик намойишларини бошлади. Инсонлар яхши шароитда яшаш ҳуқуқига эга. Айни дамда аёлим Шри-Ланкада ва ҳар куни нималар бўлаётгани ҳақида хабар бериб турибди.
— Шри-Ланка термаси Ўзбекистонга қарши ўйнай олмаслиги ҳам мумкинми?
Сужан: Мамлакатда нима бўлишидан қатъи назар, Шри-Ланка аҳолисининг яхши келажаги учун ҳам ўйнаймиз!
Васим: Футбол федерацияси бунга йўл қўймайди деб ўйлайман. ФИФА ва ОФК берадиган маблағ туфайли молиявий аҳволимиз яхши. Терманинг вице-сардори сифатида шундай дея оламан: ватаним ва жамоадошларим учун курашишга тайёрман!
Николай Егоричев суҳбатлашди
Омонжон Тўхтамирзаев таржимаси
Фикрлар