UZ

Сўнгги янгиликлар

20:47"Милан" ПСЖга таклиф билан чиқди  0 20:16Россия термаси учун яна бир рақиб топилди  1 19:54Пеп Гвардиола: "Таслим бўлмайман"  1 19:36Флик ва Деку Леау трансферига ишонишмаяпти, аммо Лапорта уни сотиб олмоқчи  0 19:06Суперлигага қайтган "Бухоро" Қулматовни ўз сафига қўшиб олди  2 18:55"Барселона" Ольмо ишини ҳал қилиш учун ЛаЛигага VIP жойлар ҳужжатини юборди  1 18:36Шуҳрат Муҳаммадиев "Насаф" билан янги битим имзолади  0 18:02Катта эҳтимол билан АПЛни "Ливерпуль" ютади  6 17:15"Барселона" яна Ольмога ваъда беришни бошлади  0 16:35"Реал" клублар ўртасидаги ЖЧдан қанча пул ишлаб олиши мумкин?  9 16:14"Ланс" етакчисини 15 млн еврога сотмоқда  3 15:58Балотелли январь ойидаёқ "Женоа"ни тарк этиши мумкин  2 15:44Винисиус "Реал"дан Мбаппе даражасидаги маош талаб қилмоқда  8 15:00Championat.asia ходимлари томонидан йил давомида эълон қилинган мақолалар  5 14:30"Ливерпуль" ҳимоячиси "Реал"га ўтмоқчи  5

Ўзбек футболига қарама-қарши услубни жорий қилаётган Купер (таҳлил) Янгиликлар

Ўзбек футболига қарама-қарши услубни жорий қилаётган Купер (таҳлил)

Ўртоқлик ўйинлари ўз йўлига, бундай ўйинларда натижа талаб қилишга ҳаққимиз йўқ.

Кечаги терма жамоамиз кўрсатган, йўқ, аниқроғи умуман кўрсата олмаган ўйини кишини анча ўйлантириб қўйди. Гап натижа ёки таблодаги ҳисобда ҳам эмас. Шунчаки охирги бор Жанубий Кореяга қарши ўйинда қачон бу каби ночор, курашсиз қолганимизни эслай олмадим. Умуман Ливан, Сурия, КХДР ёки Жанубий Корея билан бўлган ўйинларда биз ўз қиёфамизни йўқотиб қўйдик. Купер айтган ва ваъда қилган қиёфа ҳақида гапираётганим йўқ, ўзимизни эски қиёфамиздан бутунлай воз кечганимизни эслатмоқчиман. Гарчи ютқазган бўлсакда Эрон ва Қатарга қарши кечган баҳсда нисбатан футбол ўйнашга, ҳимояда тартибли ҳаракат қилишга эришгандик. Тактик тарафлама мазкур баҳслар нисбатан яхшироқ даражада ўтганди.

Кечаги хунук ўйин, терма жамоамизда Купер тадбиқ этаётган услуб ва шармандали мағлубият барчани бирдек хафа қилди. Лекин жуда кўп таъкидлаганимдек, хулоса чиқаришга ва Куперга баҳо беришга эрта!

Купер келганидан буён ўртоқлик ўйинларига эътибор бермасликка, унинг бизнинг услубга ноодатий бўлган тактикасига кўникишимизга тўғри келишини жуда кўп такрорлаганман. Ўшанда ҳам, ҳозир ҳам ўша фикрда қоламан. Купернинг услуби аниқ. Терма жамоамиз ҳали йиғинга киришмасданоқ Ўзбекистон Купер қўл остида қандай услуб ва тактикада ўйнаши ҳақида ёзгандим.

Аргентиналик мутахассис терма жамоамиз билан етарлича йиғин ўтказди, ўртоқлик учрашувларида ўзига маъқул келган футболчиларни ўз ғоялари асосида  ўйнатиб кўрди. Ўтказилган 6та ўртоқлик ўйинлари Куперни Осиё Кубоги олдидан якуний хулосага келиши учун етарли. Мураббий қаерда хато қилганини, иккинчи режа устида ишламаётганини панд бераётганини сезган бўлиши керак.

Биламан, Купер анча қайсар ва ўз одатларидан осонликча воз кечмайдиган мутахассис. Аммо терма жамоамизда у қўллаётган услуб рақибнинг биргина голига қадар иш бераётгани шундоқ кўриниб турибди. Буни кўриб олиш ва тўғри тушуниш учун ўтказилган ўйинлар етарли, чамамда. Буёғига мураббийга Осиё Кубоги олдидан декабрдаги икки ҳафталик ҳал қилувчи йиғин қолди. Муҳими, Купер ўтказилган йиғин, ўртоқлик баҳслари ва синаб кўрган тактикасидан тўғри хулоса чиқармоғи лозим.

Услуб ўз йўлига, тактика ва ўйин қуришдаги режаларга ўзгартириш киритишга муҳтожмиз. Акс ҳолда бу тактика билан Осиё Кубогида қийналиб қоламиз. Бизнинг ҳозирги услубимиз рақибнинг биргина голига қадар давом этувчи тактика. Айнан мазкур ҳолатлар бўйича Купер тактик ўзгартиришлар ва ҳужумкорликни оширувчи жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиши шарт. Бу нафақат менинг, мухлислар ёки мутахассислар, балки футболчиларнинг ҳам фикри. Яъни, бизнинг футболчилар 90 дақиқа тўпсиз ва иккинчи рақам остида ўйнашга бардошлари етмайди.

Тўпсиз ҳаракат футболчиларни устун жиҳатларини "ёпиб" қўймоқда. Купер биздаги бор ижрочиларнинг салоҳиятларини юзага чиқаришга имконият тақдим этадиган услуб устида бош қотириши керак.


Матбуот анжуманида Эктор Купердан нега захира варианти сифатида бошқа тактик услубларни синаб кўрмаяпсиз, Осиё Кубогида ҳар қандай ҳолатга дуч келиб қолиш мумкин деганимда, мураббий ҳозир футболчиларни икки хил услубда шуғуллантириб, уларни чалғитиб қўймоқчи эмасман, дея жавоб қайтарганди. Балки мураббий ҳақ бўлгандир. Бироқ ўтказилган ўйинлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги услубда футболчилар кўпроқ чалғиб қолаётгандек туюлмоқда.

Купернинг услуби бизнинг футболга бегона. Умуман қарама-қарши йўналишдаги футбол ва мураббий эканлигини аввал ҳам айтгандик. Аргентиналик мураббийни таништирув маросимида ўтказилган матбуот анжуманида Купердан тактикага қараб футболчи танлайсизми ёки футболчиларимиздан келиб чиқиб тактикани белгилайсизми, деб сўраганимда мураббий аниқ жавобни бермаганди. Аммо биринчи йиғиндан шу маълум бўлдики, Купер бизнинг футболчиларнинг салоҳиятидан келиб чиқиб эмас, балки ўзининг тактикасига мослаб футболчиларни танлади. Ўйинни ҳам ўз фалсафига мослаб қурди, қўрмоқда ва қуради.


Ҳозир Купер қўл остидаги йиғинлар, ўйинлардан келиб чиқиб уни танқидлар ёмғири остида қолдираётгандекмиз. Аммо бу якуний хулоса чиқарганимизни англатмайди. Ҳақиқат шуки, Куперга баҳони Осиё Кубогидаги иштирокдан кейин берамиз. Айнан ўшанда мураббий танлаган услуб қанчалик ўзини оқлагани, биз билмаган, кўрмаётган қирраларни Купер қанчалик тўғри кўргани ўшанда аён бўлади. Ҳозирча мавжуд камчиликлар ва тўғриланиши керак бўлган ҳолатлар ҳақида фикр билдиряпмиз.

Тўғриси, кўпчилик Куперга жуда катта ишонч кредитини тақдим этаётгани ва Осиё Кубогидаги эҳтимолий ҳар қандай натижа ва иштирокдан кейин ҳам мураббийга буткул ишонч берилишини кутаётган журналистлар ҳам йўқ эмас. Аммо бу хато фикр. Нега?

Биринчидан, Купернинг услуби бизнинг футболга мос эмас. Ҳар қандай услуб орқали натижага эришиш мумкин, тўғри. Айниқса Купернинг ҳимоявий услуби тезроқ натижага элтувчи энг қисқа йўқ. Бироқ бу услуб бизнинг футболга янги йўналиш кўрсатадиган ва футболимизни янги босқичга олиб чиқишга кўмаклашадиган фалсафага зид. Иккинчидан, бизда футбол техник жиҳатдан кучлироқ. Истаймизми-йўқми, бизнинг футболчилар жисмоний жиҳатдан бақувват ва чидамли ўйинчилар эмас. Шу нуқтаи назардан Купер танловидан олдин футболимиз мутахассисларидан маслаҳат олиб, кенгроқ таҳлил қилиб, келаётган мураббийнинг фалсафаси бизга қанчалик мос, деган саволни ўртага ташлаган яхшироқ бўларди.


Шунчаки аввал терма жамоамизни бундай статусдаги мураббий бошқармагани ва Купернинг номига қараб ўзимизни юпатиб, унинг бой тажрибасига ишонмоқдамиз. Купер номига эсанкираб қолиб, барча нарсага кўз юмиш ҳам бўлмайди. Яхши ният ва юқори ишонч ҳозир ҳам сақланиб турибди. Буни инкор этмайман.Гарчи услуби бизга мос демаган фикрда бўлсам ҳам Осиё Кубогида баъзи эҳтимолий тахминлардек муваффақиятсиз иштирокни эмас, балки яхши натижа қайд этишимизга ҳам ишонаман.

Бироқ Осиё Кубогида терма жамоа олдига юқори вазифа қўймаслик, ЖЧ-2022 йўлида қитъа чемпионатини қурбон қилиш, Куперга Осиё Кубогидан кейин ҳам баҳо беришга эрта, деган гаплар, фикрлар шунчаки футболдан йироқ ёки мураббийни оқловчиларнинг иши. Очиғи, бу фикрларга кескин қаршилик қиламан. Нега?

Ҳаммаси аслида тизимга бориб тақалади. Бизда футболнинг аниқ бир тизими шакллантирилмаган ва бунга ҳеч эътибор қаратилмаяпти. Биз ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида натижани барчасидан устун қўйдик, Токио-2020ни унутиб, бугунги ғалабадан сармаст бўлдик. Осиё ўйинларида ҳам натижани бирламчи қилиб, яна олимпиадага тайёргарликни иккинчи планга чиқариб қўйдик. Ёзда терма жамоамизнинг кучли термаларга қарши ўртоқлик ўйинларида Осиё ўйинларида қатнашиши лозим бўлган футболчиларни чиниқтиришга, уларни мусобақага тайёрлашга урғуни бериб, терма жамоамизни янги юзини кўришни кечиктирдик. Аслида ўта муҳим бўлмаган мусобақаларда натижани биринчи ўринга қўйиб, қитъанинг энг муҳим турнирига келганда мураббийга бош жамоамизни кўриб олиш учун имконият тақдим этиб, натижани унутиб туришимиз керакми? Асло йўқ!

Бош термамиз иштирок этадиган энг нуфузли мусобақада ҳам натижани ёддан чиқармаслик керак. Осиё Кубоги фонида Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ёки Осиё ўйинлари ҳеч қандай аҳамият касб этмай қолади. Аслида ҳали саналган икки мусобақада натижани эмас, жамоани шакллантириб олишга асосий урғуни қаратиш лозим эди. Январда бўладиган қитъа чемпионатида терма жамоамиздан натижа кутишга ҳақлимиз ва бундан бошқаси бизни қизиқтирмайди. Қачонгача кичик муваффақиятларни кўзлаб, катта ғалабаларни унутишимиз лозим?

Эктор Купер дея керилиб, кези келганда мақтаниб қўямиз. Терма жамоамизни ниҳоят жаҳон миқиёсидаги мураббий бошқараётганини катта мусобақаларда ҳис этиш керак. Купер айнан тезроқ натижа келтириши ва терма жамоамизга янги ғалабаларни тақдим этиш учун олиб келинган. Қандай услубда натижа келтириши муҳим эмас. Муҳими - натижа!

Биз авваллари Осиё кубокларида ўз даражамиздан келиб чиқиб натижа қайд этганмиз. Охирги тўртта мусобақадаги энг минимум натижамиз - чорак финал. Қатардаги қитъа чемпионатида эса ярим финал бекатига қадар етиб боргандик. Ўшанда ҳам аслида ўз даражамиздаги рақибларни мағлуб этиб, биздан юқорироқ турадиган жамоаларга ютқазганмиз. Биздан кучли ва даражаси юқори рақибларга тенгма-тенг кураш тақдим этилган. Айтмоқчи бўлганим, охирги йилларда Осиё Кубогида ўз даражамиздан келиб чиқиб нисбатан анча барқарор натижа қайд этганмиз. Ютқазган ўйинларда ҳам мардонавор курашганмиз. Купер қўл остида эса ўз даражамиздан бир бош баланд сакраш лозим. Хорижлик мураббий ва унинг бой тажрибаси бизга айнан шунинг учун ҳам керак аслида.

Тўғри, Купер келганига ҳали кўп вақт бўлмади. Аммо Жанубий Корея бош мураббийи Бенту ҳам янги ва у Купердан кейин терма жамоа рулига ўтирди. Ёки бунга ўхшаган мисоллар бисёр. Златко Далич Хорватияни қайси пайт ва қандай ҳолатда қабул қилиб олганини барча билади. Нималар қилгани ҳақида тўхталишга ҳожат йўқ. Айтмоқчи бўлганим, Купер янги келди дейиладиган гаплар баҳона бўлмаслиги лозим. Яхши мураббий ўз имзосини тезда кўрсата олади. Осиё Кубогида натижа деганда чемпионлик ёки финалга чиқишимиз шарт, демоқчи эмасман. Биламиз, ҳозирги даражамиз Осиё грандлари қаторида эмас. Лекин Купердан кутиладиган натижа шуки, Осиё Кубогидаги иштирок орқали биз мураббий бизнинг ишончни қозониши ва келажакда ҳам терма жамоамизга нимадир бера олишини исботлаши лозим. Қитъа чемпионатидаги биз кутаётган энг минимум вазифа шу. Яъни, Купер келажакда ҳам Ўзбекистонда ишлаб, терма жамоамизни янги поғонага чиқишида ёрдам бера олиш салоҳиятида эканлигини исботлаши лозим бўлади.


Купернинг бизнинг футболга тескари бўлган услуби аслида мураббийнинг тўғри қарори эканлигини ҳис қилсак, бу Купер ва терма жамоамизнинг ютуғига айланади.

Қисқа қилиб айтганда, Эктор Куперга ҳақиқий баҳони Осиё Кубогидан кейин берамиз. Ҳозирдан эса Куперни танқид қилиб, Осиё Кубогида ҳеч нарсага эриша олмаймиз ёки қитъа чемпионатидаги эҳтимолий муваффақиятсизлик мураббийнинг фаолиятига таъсир кўрсатмаслиги керак, деган фикрлар жуда ортиқча ва хато. Ҳаммаси қахратон қишда маълум бўлади.

Муҳими, мураббий мазкур йиғинлар ва ўртоқлик ўйинларидан тўғри хулоса чиқарса бўлгани. Ҳар ҳолда Купер номи остида жуда бой тажрибага эга мутахассис гавдаланади. Шахсан ўзим унинг услубидан ҳам кўра, бой тажрибасига ишонаман.

Ўртоқлик ўйинлари мураббийлар учун, расмий баҳслар эса мураббийга баҳо бериш учун хизмат қилади. Шуни унутмаслик керак!

Муаллиф :
Рейтинг: +40   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика