UZ

Сўнгги янгиликлар

09:37Расман: “Барселона“ Флик билан шартномани узайтирди  1 09:08Ангелос Постекоглу: “Мен ҳали ҳам нима бўлганини тушунишга ҳаракат қиляпман“  7 08:40Sofascore. “Ал Фейҳа“ мағлуб бўлди, Шукуров эса  1 08:12Аморим кечаги мағлубиятдан сўнг нималар деди?  11 07:45Sofascore. Финални энг ёмон ўйинчиси ким бўлди?  3 07:17Европа лигаси. Финалнинг учрашувнинг "man of the match"и маълум  12 01:59"Тоттенхэм" "Манчестер Юнайтед"ни мағлуб қилиб, Европа лигасида ғолиб чиқди! Энди лондонликларда ҳам соврин бор!  97 01:58"Сирдарё ФА" бош мураббийи Аббос Махсталиев: "Мақсадимиз – академия ёшларига имконият бериш"  4 00:44"Локомотив" "Бунёдкор"ни мағлуб қилса ҳам гуруҳда қолиб кетган ўйиндан ГАЛЕРЕЯ  0 00:37Саудия Арабистони. "Ал Насср" ғалаба қозонди, Роналду 935-голини урди  9 00:32Эндрик жароҳати туфайли Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини ўтказиб юборади  1 00:05Илёс Зейтуллаев: "Футболда ғалабадан кўра, мағлубият кўпроқ сабоқ беради"   0 23:35Кейн Бундеслиганинг энг яхши футболчиси деб топилди  2 23:05Григорий Колосовский: "Ғалаба бор, лекин гуруҳ босқичида тўхтадик"  0 22:38Расман: Флик "Барселона" билан шартномасини узайтирди  3

Ўтмишини унутмаган ҳужумчи Янгиликлар

Ўтмишини унутмаган ҳужумчи

Теглар :  Ведад Ибишевич
Ведад Ибишевич синглиси ва ўзи учун онаси томонидан қазиган чуқурчани яхши эслайди.

Чуқурлиги ярим метрдан сал кўпроқ бўлган, ёстиқ ва адёл билан жиҳозланган «иншоот» кўпроқ қабрга ўхшасада, аслида тасодифий ўлимдан қочиш учун мўлжалланганди. Мирсада Ибишевич чоҳ қазиётган паллада 7 ёшли Ведад 3 ёшли синглисини овутиб ўтирарди. Чунончи, агар қизча йиғлаб қолгудек бўлса, кўчада изғиб юрган сербиялик аскарлар уларни сезиб қолишлари мумкин эди. Ведад ва унинг яқинлари бахтига фалокат юз бермайди - улар омон қолишади. Футболчи ўша кунни ҳалигача унутган эмас...

Аммо 1992-1995 йилларда бўлиб ўтган уруш Ибишевичлар хонадонини ҳам четлаб ўтмайди. Онасининг қишлоғида 11 киши жангарилар қурбонига айланади, жумладан, Ведаднинг бобоси ҳам. Отасининг қишлоғини эса бутунлай ёқиб юборишади. Ибишевичлар урушдан омон қолиш мақсадида Босниянинг Тузлан кантонига кўчиб ўтишади, ўз ҳовлилари калитини эса сербиялик аскарларга топширишади. Қочоқлар лагери улар учун янги қароргоҳга айланади. Ведад айнан шу ерда болалар мураббийи Незвет Ҳасанбашични учратади. Мутахассис дарҳол болакай қачондир профессионал футболчи даражасига кўтарилишини башорат қилади. У бир куни илҳомбахш қўшиқлар ёзилган  кассетани Ведадга совға сифатида бериб, муқовасига қуйидаги сўзларни битиб қўяди: «Ишончим комил, сен муваффақият қозониш учун дунёга келгансан!» Албатта, Ибишевичнинг тез орада таниқли юлдузга айланиши аслида Ҳасанбашичнинг хаёлига ҳам келмаганди. У шунчаки, кўнгли ўксик болакайларга далда берарди, футбол билан шуғулланиш асносида уруш жароҳатларини вақтинча унутишларини истарди.

Тузланда 7 йил давомида дурустроқ тирикчилик манбаини тополмаган катта Ибишевич Босниядан кетишга қарор қилади. Хуллас, у бола-чақаларини ўз ортидан эргаштириб, Швейцарияга йўл олади. Бироқ янги қўнимгоҳда ҳам умумий вазият ўзгармайди - яна ўша қочоқлар лагери, молиявий танглик... Ведад 16 ёшга тўлганида эса, оиласи билан АҚШдаги узоқ қариндошлариникига йўл олади. Ибишевичлар қўним топган Сент-Луис шаҳрининг Бево-Милл квартали босниялик муҳожирларнинг Европа ташқарисидаги энг йирик қароргоҳлари эди.

Ибишевич кейинчалик Сент-Луис университетида энг моҳир соккерчи сифатида донг таратади. Деярли ҳар бир беллашувни голсиз тарк этмайдиган босниялик йигит шу тариқа машҳур мураббий Воҳид Халилхожич эътиборини тортади. Ўша вақт «ПСЖ»га устозлик қилган босниялик мутахассис ватандошини Парижга таклиф этишни пайсалга солмайди. Аммо Франция гранди сафида Ведаднинг омади чопмайди. У асосан «Дижон»да ижара келишуви асосида ўйнаш билан чекланади. Шундан сўнг «Алемания» билан шартнома тузиб, Германияда тўп сура бошлайди. Бу жамоа элитани тарк этгач, босниялик ҳужумчи «Хоффенхайм»га ўтади. Буни қарангки, 2008|2009 йиллар мавсумининг биринчи ярми европалик мухлисларга чинакам «сенсация» тақдим этади: «Хоффенхайм» Германиянинг қишки чемпиони бўлади, Ибишевич эса 17та учрашувда 18та гол уради! Шундан кейин Ведаднинг Герд Мюллер рекорди (40та гол)ни янгилаши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар авжига чиқади. Германиялик афсонавий тўпурар ҳам боснияликнинг маҳоратига юксак баҳо берганди: «Гол ҳидини яхши сезадиган ҳужумчи аҳён-аҳёнда туғилади. Бу фазилатга машқлар ёрдамида эришиб бўлмайди. Ҳар куни 24 соатдан шуғулланиб ҳам, голли вазиятларни пайқаш хислатини юксак даражага кўтаришнинг иложи йўқ Бунинг учун туғма иқтидор зарур!» Ибишевичнинг Мюллердан ўзиб кетишига иккинчи даврада орттирган жароҳати имкон бермайди. Ведадга шундан кейин ҳар бир учрашувда гол уриш насиб этмаётган бўлсада, унинг ўз вазифасини рисоладагидек адо қилаётгани аниқ. Зеро, фаолияти давомида 340та ўйин-да дарвозабонларни129 марта доғда қолдирди. Ведад хусусан, 2013 йилнинг 15 октябрида ўта муҳим голга муаллифлик қилиб, Босния терма жамоасини ЖЧ-2014 турнирига олиб чиқди. Шу тариқа Ҳасанбашичнинг аудиокассета устига ёзиб қўйган тилаги рўёбга чиқди.

Берлиндаги Темпельхоф аэропорти тарихий иншоот. У аввалига пруссияликлар, кейинчалик немис қўшинлари жанговар машқларни ўтказган майдонда қад ростлаган. 1927 йили бунёд этилган аэропорт терминали эса ўз вақтида сайёрамизнинг энг йирик 20та иншооти рўйхатидан жой олганди. Лекин учиш-қўниш йўлакчасининг қисқалиги туфайли аэропорт 2008 йили бутунлай ёпиб қўйилди. Ҳозир бу ер Германиядаги энг йирик қочоқлар лагерига айланган. Ибишевич яқинда шу лагерь ҳисобига 50000 евро хайрия қилди. «Ўзи анчадан буён қочоқларга ёрдам беришни ўйлаб юрардим. Чунки бундай қийинчиликларни бошимдан кечирганман. Германияга келган муҳожирлар бегона ўлкада маълум қийинчиликларга дуч келишлари аниқ. Шу сабабли, уларга ёрдам қўлини чўзмоқчиман», - деди ҳозирда «Герта» сафида тўп сураётган ҳужумчи. Ҳа, Ибишевич ўз ўтмишини унутган эмас ва унинг инсонийлик фазилатларини алоҳида мақтасак арзийди.

Ж.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади

Рейтинг: +9   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика