UZ

Сўнгги янгиликлар

08:42УФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  2 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  3 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  0 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  5 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  0 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  3 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  6 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2

Осиёнинг барча энг яхши ёш футболчисини биласизми, улар орасида ўзбекистонлик ўйинчи ҳам бор Янгиликлар

Осиёнинг барча энг яхши ёш футболчисини биласизми, улар орасида ўзбекистонлик ўйинчи ҳам бор

Мукофот соҳибларининг тақдири қандай кечди?

Бир неча кун илгари Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) 2023 йилнинг энг яхшиларини аниқлаш бўйича номзодлар рўйхатини эълон қилди. 

Шу жумладан, энг яхши ёш футболчи бўлишга даъвогарлар орасидан ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Аббос Файзуллаев ўрин олган. ЦСКА шарафини ҳимоя қилаётган 21 ёшли футболчидан ташқари соврин уруш япониялик Гаку Навата ("Камимура Гакуэн") ва жанубий кореялик Бэ Жун Ҳо ("Сток Сити") кураш олиб боради.

Тақдирлаш маросими 29 октябрь куни Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида ўтказилади.

Маросим олдидан шу кунга қадар йилнинг энг яхши ёш футболчиси дея тан олинган футболчиларни ёдга оламиз. Улар орасида ҳозирда ҳам фаолиятини давом эттираётган ўзбекистонлик футболчи бор.

Мазкур соврин илк маротаба 1995 йил таъсис этилган бўлиб, ғолиб 2007 йилга қадар эркаклар ва аёллар ўртасида умумий тарзда аниқланган. Фақатгина бир маротаба аёл номзод ғолиб деб топилган 2008 йилдан бошлаб эркаклар ва аёлларга алоҳида-алоҳида совринлар топширилмоқда.


1995 йил — Муҳаммад Ал Катири (Ўмон)

Катири 1995 йил 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиб, мундиалнинг энг яхшиси футболчисига аталган "Олтин тўп"ни ва "Кумуш бутса"ни қўлга киритган. Ўмон эса мусобақада 4-ўринни эгаллаган.

Турнирдан сўнг унга кўплаб Европа жамоалари қизиқиш билдирганди, бироқ бу таклифларнинг ҳеч бири амалда ўз исботини топмади. Ўз даврининг афсонаси бўлиши кутилган Катирининг омад чироғи эса эрта сўнди, маҳаллий "Ал Наср", "Мирбат" клубларда ўйнаган футболчи бутсаларини эрта михга илди.

1996 йил — Бамрунг Бунпром (Таиланд)

Бунпром ўз мамлакати мезбонлик қилган U-16 Осиё чемпионатида кумуш медалини қўлга киритган ва Мисрда ўтказиладиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган. У Таиланд футболининг янги қаҳрамони сифатида эътироф этилганди, бироқ кейинчалик у ҳам "ғойиб бўлди". Ҳатто терма жамоага ҳам чақирилмади. Баъзи маҳаллий футбол ишқибозларининг айтишича, у ўз вақтида ёшини сунъий равишда кичрайтирган.

1997 йил — Меҳди Маҳдавикия (Эрон)

Эронлик ўнг қанот ўйинчиси юқоридагилардан фарқли равишда ўз титулини оқлади ва ривожланишда давом этди. Энг яхши ёш футболчи дея эътироф этилганидан кейинги йўл Германияга йўл олди ва дастлаб "Бохум", сўнгра "Ҳамбург" аъзосига айланди. "Ҳамбург"да у энг муҳим фигуралардан бири бўлди. Мухлислар талқинига кўра, кетма-кет икки мавсум жамоанинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Эрон таркибида эса бир йилдан сўнг асосий жамоа билан Франциядаги жаҳон чемпионатига йўл олди. 2003 йил Осиёнинг энг яхши футболчиси унвони билан тақдирланди. 2004 йил Осиё кубоги рамзий жамоасидан ўрин олди. У тўртта Осиё кубоги ва иккита жаҳон чемпионатида иштирок этди. Мураббийлик фаолиятида эса Эрон ёшлар терма жамоасини бошқарган.

1998 йил — Шинжи Оно (Япония)

Оно ҳам келажаги порлоқ эканлигини амалда исботлади. Совринни қўлга киритган йили Япония терма жамоаси таркибида дебютини ўтказди, шунингдек, ўша йили Франциядаги жаҳон чемпионатида иштирок этди. 1999 йил Нигерияда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида эса жамоа сардори сифатида "саурайлар" билан финалга қадар етиб борди. 2002 йилги мундиалда эса асосий жамоанинг муҳим фигураларидан бирига айланди. Шунингдек, 2004 йилги Афина Олимпиадаси ва 2006 йилги жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этди. Клуб миқёсида эса Нидерландиянинг "Фейеноорд"и билан УЕФА кубогида бош совринни қўлга киритди. 2023 йил, 44 ёшида футболчилик фаолиятини якунлади. Оно универсал ярим ҳимоячи бўлиб, исталган нуқтада самарали ҳаракатлана оларди.

1999 йил — Валид Ҳамза (Қатар)

Асли покистонлик бўлган футболчи 1999 йил Янги Зеландияда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги (U-17) жаҳон чемпионатида иштирок этиб, якунда турнирнинг рамзий жамоасидан ўрин эгаллаган. Бироқ унинг кейинги фаолияти мақтанарли бўлмади. Ҳужумчи фаолияти давомида маҳаллий тўрт клуб шарафини ҳимоя қилиб, 217 ўйинда 44 та гол урди. Ҳамза клуб миқёсида бирорта кубок ёки чемпионат титулини қўлга кирита олмади.

2000 йил — Риочи Маэда (Япония)

Болалиги АҚШда ўтган ҳужумчи мактабни тамомлагач, "Жубило Ивата" сафига қўшилди. У 2000 йил ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Япония билан финалга қадар етиб борди. Терма жамоаси сафида эса 2007 йил дебют қилди. 2011 йилги Осиё кубогида эса бош совринни қўлга киритишда ўз ҳиссасини қўшди. Шунингдек, 2013 йил Конфедерациялар кубогида қатнашди. Клубдаги фаолияти эса "Жубило Ивата" ва "Токио" билан чекланиб қолди. Шунга қарамай, ҳужумчи 2009 ва 2010 йилларда Япония чемпионати тўпурарига айланди.

2001 йил — Ду Вэй (Хитой)

Марказий ҳимоячи ёшлар терма жамоаси сардори сифатида жаҳон чемпионатида нимчорак финалга қадар етиб борди. Вэйнинг турнир давомидаги ўйинлари унга қитъанинг энг яхши футболчиси имконини берди. 2002 йил эса асосий жамоа билан жаҳон чемпионатида иштирок этди. Бироқ жароҳат туфайли 2004 йилги Осиё кубогидан четда қолди. Шунга қарамай, навбатдаги қитъа мусобақасига чақирилди. Унинг клубдаги фаолияти маҳаллий клублар билан боғлиқ. Вэйни Шотландиянинг "Селтик" клуби ҳимоячини бир муддат ижарага олди, бироқ ўйинидан қониқмагач, ортга қайтариб юборди.

2002 йил — Ли Чун Су (Жанубий Корея)

Ли 2002 йил дебют мавсумидаёқ Корея чемпионатида 18 ўйинда 7 гол ва 9 ассист қайд этиб, супер натижа кўрсатди. 2002 йилги жаҳон чемпионатида миллий терма жамоа билан ярим финалга қадар етиб борди, шу жумладан, Германияга қарши ярим финал учрашувини асосий таркибда бошлади. 2006 йилги мундиалда эса мутлақ асосий таркиб футболчисига айланди. Клубдаги фаолияти давомида эса ҳужумчи маҳаллий жамоалардан ташқари "Реал Сосьедад", "Нумансия", "Фейеноорд", "Ал Насср" каби таниқли клублар шарафини ҳимоя қилди.

2003 йил — Ёсито Окубо (Япония)

Ёсито 2003 йил Япония чемпионатида 15 дан ортиқ гол урди ва миллий терма жамоада дебют қилди, бу эса унга соврин ютишга ёрдам берди. Бироқ терма жамоадаги омади кечроқ юришди ва 2010 ва 2014 йилги жаҳон чемпионатларида иштирок этди. Клуб миқёсида эса маҳаллий жамоалардан ташқари Испаниянинг "Мальорка" ва Германиянинг "Вольфсбург" клубларида бир муддат тўп тепди, бироқ у ердаги ишлари унчалик юришмади.

2004 йил — Пак Чу Ён (Жанубий Корея)

Пак Чу Ён 2004 йилги ёшлар ўртасидаги Осиё кубогида чемпион бўлди. Қолаверса, 6 та гол билан тўпурарлар пешқадамига айланиб, турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Кейинчалик миллий терма жамоа таркибида 2010 ва 2014 йилги жаҳон чемпионатларида, шунингдек, Осиё ўйинлари ва Олимпиадада иштирок этди. Клублардаги фаолияти ҳам ёмон ўтмади. Ҳатто уни "Арсенал" ўз сафига қўшиб олганди, бироқ "канонирлар" сафида узоқ муддат ўйин амалиётисиз қолиб кетди. Ҳозирда форвард "Ульсан Хёндэ" клубида фаолият юритади.

2005 йил — Чое Мён Ҳо (Шимолий Корея)

Чое U-17 жаҳон чемпионатидаги ажойиб ўйини (4 ўйинда 3 та гол урган), жумладан, Кот-д'Ивуарга қарши баҳсдаги дубли унинг эътироф этилишига сабаб бўлди. Шундан сўнг Россиянинг "Крилья Советов" жамоаси сафига қўшилган ҳужумчи икки мавсумдан сўнг ўз ватанига қайтди. Миллий терма жамоаси сафида у 12 ўйинда 2 та гол урди.

2006 йил — Ма Шиашу (Хитой)

Тарихда илк ва ягона маротаба аёл футболчи эркаклардан устун келди ҳамда йилнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилди. Шиашу кейинчалик миллий терма жамоанинг асосий футболчиларидан бирига айланди ва 152 ўйинда 61 та гол урди.

2007 йил — Ким Кум Ил (Шимолий Корея)

Ким 2006 йилги ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ғолиб чиқди ва турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Бир йилдан сўнг ёшлар ўртасидаги мундиалда жамоани сардор сифатида майдонга бошлаб тушди ва Чехияга қарши ўйинда гол уришга муваффақ бўлди. Миллий терма жамоада кўп ўйин ўтказмаган ҳужумчи ягона голини 2007 йил Ўзбекистон дарвозасига урган.

2008 йил — Аҳмад Халил (Бирлашган Араб Амирликлари)

Шу йилдан бошлаб энг яхши ёш футболчи эркаклар ва аёллар ўртасида алоҳида аниқланадиган бўлди. Аҳмад Халил 17 ёшидаёқ "Шабаб Ал Аҳли"нинг асосий таркиб футболчиларидан бирига айланди. 2008 йил у БАА Про лигасида, ёшлар терма жамоаси билан эса Осиё чемпионатида ғолиб чиқди. Қитъа чемпионатида 4 та гол урган Халил турнирнинг энг яхши футболчиси ва тўпурари деб топилди. Келгуси йил U-20 жаҳон чемпионатида чорак финалга қадар етиб борди. Лондон Олимпиадаси саралаш босқичида Тошкентда дубль қайд этган ҳужумчини ўзбекистонлик мухлислар ёдидан чиқаришмаган бўлса керак. 2015 йил БАА билан Осиё Кубогида учинчи ўринни эгаллаган ва "Ал Аҳли" билан Осиё Чемпионлар лигаси финалига қадар етиб борган Халил қитъанинг энг яхши футболчиси деб топилди. Бироқ унинг клубдаги фаолияти маҳаллий клублар билан чекланиб қолди. Ҳозирда у "Ал Батаих" шарафини ҳимоя қилмоқда.

2009 йил — Ки Сун Ён (Жанубий Корея)

Ки Сун Ён 19 ёшида терма жамоада дебют қилди. Шу билан бирга, "Сеул" клубининг асосий таркиб вакилларидан бирига айланди. Ишончли ҳаракатлари "Селтик" скаутларининг назарига тушди ва у Шотландияга йўл олди. Кейинчалик Британиянинг "Суонси", "Сандерленд", "Ньюкасл Юнайтед", Испаниянинг "Мальорка" каби таниқли Европа клубларида тўп тепган ярим ҳимоячи 2020 йил "Сеул"га қайтди. Миллий терма жамоа сафида ҳам у етакчилардан бирига айланди. "Йўлбарслар" таркибида Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионати ва Осиё кубогида мунтазам майдонда ҳаракат қилди. Россиядаги мундиалда у терма жамоа сардори сифатида ўйнади.

2010 йил — Жон Ил Гван (Шимолий Корея)

Гван йиллар ўтиб, Шимолий Корея тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди. У 82 ўйинда 31 маротаба рақиблари дарвозасини ишғол қилди. Ҳужумчига бир вақтлар "Ньюксасл", "Партизан" ва ПСВ клубларидан жиддий таклифлар бўлган, бироқ негадир трансферлар амалга ошмаган ва у у мамлакат чемпионатида фаолиятини давом эттирган. 2019 йил миллий терма жамоа сардори сифатида Осиё кубогида иштирок этди. 2024 йилнинг сентябрь ойида эса жаҳон чемпионати саралаш босқичида доирасида Ўзбекистонга қарши баҳснинг 81-дақиқасида майдонга тушди.

2011 йил — Ҳидеки Исигэ (Япония)

Аслида мазкур совринни Мексикадаги жаҳон чемпионати чорак финалига қадар етиб борган ўзбекистонлик футболчилардан бири олиши кутилганди, бироқ йил сўнгида мукофот яна бир чорак финалчи — Япония вингерига насиб этди. Исигэ мундиалда 4 ўйинда қатнашиб, 3 та гол уришга муваффақ бўлди. Бироқ унинг карьераси кейинчалик юқорига ўсишдан тўхтади. Унинг гулдай умри ўртамиёна клубларда ижарада ўтди. Терма жамоа миқёсида ҳам чақирув олмади.

2012 йил — Муҳаммад Абдулраҳим (Ироқ)

Абдулраҳим 2012 йил ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида финалга қадар етиб борган, ҳатто финалда тўп киритган, бироқ унинг жамоаси пенальтилар сериясида Жанубий Кореяга имкониятни бой берган. Унинг турнирдаги хатти-ҳаракатлари энг яхши ёш футболчи деб топилишига замин яратди. Ўша йиллари араб нашрларида унинг ёши 4 ёшга кичрайтирилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Кейинчалик у Ироқ миллий терма жамоа аъзосига айланди, ҳатто Рио Олимпиадасида иштирок этди. Клублар миқёсида эса, асосан, маҳаллий лигадан четга чиқмади. Айни дамда у "Ал Мино" жамоаси шарафини ҳимоя қилади.

2013 йил — Али Аднан Кадҳим (Ироқ)

Футбол ишқибозлари Аднаннинг ҳайратланарли ўйинларига 2013 йил Туркияда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида гувоҳ бўлишди. Ироқликлар ўшанда ярим финалга қадар етиб борган ва дунёнинг энг кучли тўрт жамоаси қаторидан ўрин олган. Унинг турнир давомидаги хатти-ҳаракатлари европалик скаутларнинг эътиборини тортди. Бироқ у охир-оқибат Туркиянинг "Ризеспор" клубини танлади. Кейинчалик чап қанот ҳимоячиси Италиянинг "Удинезе" ва "Аталанта" клубларида тўп тепди. Терма жамоаси сафида эса 100 га яқин ўйин ўтказди. Ҳозирда у Саудия Арабистонининг "Ал Нажма" жамоаси шарафини ҳимоя қилади.

2014 йил — Аҳмад Муин (Қатар)

"Аспире" академияси тарбияланувчиси 2014 йил Қатар билан ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионига айланди. Муин турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Бу эса йил якунида қитъанинг ҳам энг яхши ёш футболчиси бўлишига йўл очиб берди. "Ал Жаиш" таянч ярим ҳимоячиси бир муддат Бельгиянинг "Эйпен" клубига йўл олди, бироқ у ерда ўз ўрнини топа олмади. Испаниянинг "Леонеса" жамоасида ҳам шу ҳолат такрорланди. Ҳозирда у маҳаллий "Ал Араби" жамоасида тўп тепади. Муин миллий терма жамоада 6 та ўйинда майдонга тушган.

2015 йил — Достон Ҳамдамов (Ўзбекистон)

Ҳамдамов 2015 йил 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида жамоаси билан бирга чорак финалга қадар етиб борди, шу жумладан, Австрияга қарши нимчорак финалда дубль қайд этиб, муҳим ғалабани тақдим этди. Турнир давомида эса 3 та тўп киритган "Бунёдкор" вингери йил якунида қитъанинг энг яхши ёш футболчиси деб топилди. Ундан ташқари бу совринга Забиҳилло Ўринбоев ва Элдор Шомуродов ҳам даъвогарлик қилганди. "Қалдирғочлар" сафида тўрт мавсум ўйнаган Ҳамдамов бир муддат Махачқалъанинг "Анжи" жамоасида ҳаракат қилди. Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари чемпионатида ҳам кўриниш берган футболчи ҳозирда "Пахтакор" шарафини ҳимоя қилади. Терма жамоанинг турли ёш тоифаларида ҳаракат қилган Ҳамдамов миллий терма жамоага анча вақтдан бери чақирув олмаяпти.

2016 йил — Рицу Доан (Япония)

Доан 2016 йил ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида чемпионликни қўлга киритиш билан бир қаторда турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Кейинги йил Нидерландиянинг "Гронинген" клубига қўшилди. 2019 йил эса ПСВ аъзосига айланди. Ҳозирда вингер Германиянинг "Фрайбург" жамоаси шарафини ҳимоя қилади. Доан Япония миллий терма жамоаси билан 2019 йилги Осиё кубоги финалчисига айланди. Ҳозирда ҳам у терма жамоа аъзоси ҳисобланади.

2017 йил — Ли Син У (Жанубий Корея)

"Кореялик Месси" лақабини олган Ли 2010 йил "Барселона" эътиборини тортди ва клуб академиясига қўшилди. Биринчи мавсумида ҳужумкор ярим ҳимоячи "Ла Масия" таркибида 29 ўйинда 39 та гол урди. Шунингдек, тўртта турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилди. 2016 йил эса "Барселона Б" жамоасида дебютини ўтказди. 2017 йил Италиянинг "Верона" клуби аъзосига айланди. Кейинги йилларда Бельгиянинг "Сент-Трюйден", Португалиянинг "Портимоненсе" клублари ўйнаган футболчи 2022 йил маҳаллий "Сувон" жамоасига қўшилди. Ҳозирда эса "Чонбук Моторс" шарафини ҳимоя қилади. Энг яхши ёш футболчи совринини қўлга киритишига унинг U-20 жаҳон чемпионатидаги жозибали ўйини сабаб бўлган. Бироқ Ли миллий терма жамоага мунтазам чақирув олгани йўқ ва ҳозирга қадар 12 марта "йўлбарслар" либосида майдонга тушган.

2018 йил — Турки Ал Аммар (Саудия Арабистони)

Турки 2018 йил ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида 4 та гол билан Саудия Арабистонига бош совринни қўлга киритишида ёрдам берди, ўзи эса турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Унинг хатти-ҳаракатлари миллий терма жамоа мураббийлари эътиборидан четда қолмади ва ярим ҳимоячи бир қанча ўртоқлик ўйинларига жалб этилди. Бироқ 2019 йилги Осиё кубогида якуний таркибдан четда қолди. Умуман олганда, Ал Аммар ҳозирга қадар атиги 9 ўйинда миллий терма жамоа либосини кийган. Клуб миқёсида эса 6 йил "Ал Шабаб" шарафини ҳимоя қилган футболчи 2023 йил "Ал Қодисия" сафига қўшилди.

2019 йил — Ли Кан Ин (Жанубий Корея)

Ли 2019 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида тарихий натижа қайд этиб, кумуш медалга сазовор бўлди. Ли Кан Ин эса "Олтин тўп" соҳибига айланди. Кейинчалик ҳужумкор ярим ҳимоячи миллий терма жамоанинг муҳим ўйинчиларидан бирига айланди. Унинг клубдаги мавқеи ҳам юксалишга эришди — Испаниянинг "Валенсия"сида анча мавсумни ўтказган вингер "Мальорка"да ҳам икки йил тўп тепди. 2023 йил эса Франция чемпионати гегемони ҳисобланган ПСЖ аъзосига айланди.

2020 ва 2021 йиллар COVID-19 пандемияси сабабли ғолиб аниқланмади.


2022 йил — Курю Мацуки (Япония)

Мацуки Ўзбекистонда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё кубогида Японияни сардор сифатида майдонга бошлаб тушди. Унинг ёшлар ўртасидаги Осиё ва жаҳон чемпионатидаги хатти-ҳаракатлари, қолаверса, "Токио" клубидаги ажойиб ўйинлари совринга муносиб кўрилган. Жорий йилнинг июлида Мацуки Англиянинг "Саутгемптон" клуби билан 4 йиллик шартнома имзолади ва ўйин амалиётига эга бўлиб туриш мақсадида Туркиянинг "Гўзтепа" жамоасига ижарага берилди.


Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Рейтинг: +7   

Фикрлар

+1   
21 окт 02:29:42
QosimNozimBavariyaChmpn
Qani shu doston
   
21 окт 17:26:21
UmiD Aliev
Jiz12 фойдаланувчининг фикрига жавоб бериш
Аббосни Россияда ўйнаётганлигини хисобга олса беришлари кийин булса керак.
Ikkala nomzod xam o'z chempionatida o'ynirkan Abbos esa Sskada stabil o'ynab kevotti
   
21 окт 15:59:25
Abror_Tursunov
Sherzod Karimov ham sovrin olmaganmidi qanaqadir?
   
21 окт 11:24:41
Jiz12
Аббосни Россияда ўйнаётганлигини хисобга олса беришлари кийин булса керак.
   
21 окт 09:39:50
Man_Utd Norin
Fayzullayev oladi
   
21 окт 08:58:24
Жамшид Арабов
Диққат билан қарасангиз, учта номзод хам Хитойликларга ухшайди????
   
21 окт 05:36:15
Ўзбек футболининг муҳлиси
Шомуродов қайда, Ҳамдамов қайда ҳозир???
championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика