Одил Аҳмедов: «Нима учун «Краснодар»дан кетгани, Россияга қайтмаслиги ва сариқ сабзи ҳақида»
19 апр 2017 09:28
Янгиликлар
Одил Аҳмедов: «Нима учун «Краснодар»дан кетгани, Россияга қайтмаслиги ва сариқ сабзи ҳақида»
Ушбу интервьюда Аҳмедов «Краснодар»дан нима учун кетганини, Андре Виллаш-Боашга раҳми келаётганини ва Россияга бошқа қайтмаслигини айтиб ўтган.
«Французлар трансферим нархини кўтара олишмади»
— Аксель Витсель Хитой клубидан тушган таклифни қабул қилиш учун ухлай олмаган экан. «Шанхай СИПГ»га ўтишдан олдин неча кун ухламагансиз?
— Бу мен учун жуда қийин қарор эди. Қишда «Краснодар»дан кетишим аниқ эди.
— Нима бўлди?
— Шалимов бош мураббий бўлган бир неча ой давомида фақат бир марта суҳбатлашдик: «Майдон марказида сенга жой йўқ. Имконсиз».
— Қандай тушунтирди?
— Балки унга майдон марказидаги ҳаракатларим маъқул келмагандир. Нима дейиш мумкин? Ҳар бир мураббийнинг футболга қараши бор. Шалимов қўл остида асосан қанотда ўйнадим ва кам фойда келтирдим. Мен марказий ярим ҳимоячиман! Қанотда фойдам икки баравар камаяди. Мана шу суҳбатдан сўнг клубдан кетишга қарор қилдим. Вазиятни таҳлил қилиб 2017 йилда ҳам «Краснодар»даги ҳолатим ўзгармаслигига амин бўлдим.
— Қишда БАА ва Саудия Арабистонидан ҳам таклиф бўлганди?
— Ҳа, араб клублари анчадан буён мени таъқиб қилишмоқда. Яна Франция чемпионатидан ҳам таклиф бўлганди.
— Аммо сиз пулни танладингиз?
— Шунчаки французлар трансфер нархимни кўтара олишмади, «Шанхай» эса «Краснодар» сўраган пулни тўлай олди.
«Хитойга пул учун борганим йўқ»
— Оскар «Шанхай»да «Челси»дагидан беш баравар кўп маош олади. Сизнинг маошингиз қанчага кўпайди?
— «Краснодар»дагидан бироз кўпроқ маош олаяпман. Аммо Хитойга пул учун борганим йўқ. Мен учун ҳеч қачон пул биринчи ўринда бўлмаган. Биласизми «Пахтакор»даги ойлигим қанча бўлган?
— Қизиқ.
— 100 доллардан камроқ. Ҳозирги ёшлар бунча пул эвазига хатто машғулот ҳам ўтказмаса керак. Мен эса борим билан ўйнардим. Сабаби ўз олдимга мақсад қўйгандим: ўртамиёна эмас энг яхши футболчи бўлиш. Йўлкирага аранг етарди. Ҳозир эса ёшлар миллион пул топмоқда. Унга қараб ҳақиқатдан ҳам қобилиятли футболчи деб ўйлайсан. Икки йилдан сўнг у йўқ бўлиб қолади. Барчаси пуллар туфайли .
— Сиз «Пахтакор» асосий таркибида Валерий Непомняший қўл остида дебют қилгансиз шекилли?
— Ҳа, айнан у мени ўринбосарлар сафидан асосий таркибга қўшганди. Интеллигент мураббий. Ҳеч қачон футболчиларни сўккани ёки бақирганини эшитмаганман. Барчасини оғир босқичлик билан тушунтиради – ҳамма тинглайди. Авторитет.
— Непомняший сизнинг «Шанхай»га ўтишингизга шундай муносабат билдирганди: «Афсуски, Одил Хитойга кетди, Европага эмас. У кўпроғига лойиқ».
— Агар «Краснодар»да Валерий Кузьмич бош мураббий бўлганида ҳеч қаерга кетмасдим. Ҳозир Европа ҳақида гапиришдан маъно йўқ. Яқинда 30 ёшга тўламан, исталган Европа клуби ёш футболчини олишни истайди. Икки-уч йилдан сўнг хориждаги фаолиятимни тугатиб уйга қайтаман. Болаларим катта бўлмоқда, улар Ўзбекистонда ўқишлари керак. Ота-онамни ҳам сўнгги йилларда кам кўраяпман.
«Лимит туфайли Виллаш-Боаш қийналмоқда»
— Хитой чемпионатининг дастлабки учта туридан иккитасида сиз қайдномада ҳам йўқ эдингиз. Бу нимани англатади?
— Барчаси лимит туфайли. Суперлига ўйин қайдномасига фақат 3 легионерни қўшиш мумкин. Қолганлар хатто захирада ҳам бўлмаслиги шарт. Шу сабаб у таркибни алмаштириб туришга мажбур. Битта ўйинда дам оламан – иккинчисида ўйнайман.
— Агар олдиндан буни билганингизда Хитойга борармидингиз?
— Агар Боаш олдинроқ лимит ҳақида билганида кўп легионер таклиф қилмасди. Қарор жамоамизда беш легионер бўлган пайтда қабул қилинди (Аҳмедовдан ташқари «Шанхай»да Оскар, Халк, Элкесон ва Рикарду Карвалью каби легионерлар бор). Нима ҳам қила оламиз… Буни мен эмас, мураббий эмас Хитой Федерацияси ўйлаб топди. ОЧЛда эса «3+1» лимити бор. Майдонга тўрт легионерни тушириш мумкин, улардан бири осиёлик бўлиши керак. Осиёлик футболчи айнан менман.
— Виллаш-Боаш нима демоқда?
— «Таркибни алмаштириб туришга мажбурман». Агар барчаси унга боғлиқ бўлганида ҳамма легионерлар ўйнашларини айтмоқда. У тўғри тушунтирди, мен тўғри тушундим. Агар чемпионат бошланиши арафасида лимит ўзгариб кетса нима ҳам қилиш мумкин? Қийналаётгани сезилмоқда, сабаби айнан у бизни жамоага таклиф қилган. Шахсан менга Боаш декабрь ойида қўнғироқ қилганди.
«ЖЧ-2018га чиқиш учун яхши имкониятга эгамиз»
— Нима учун 1 млрд 357 млн аҳолига эга бўлган Хитойда умуман машҳур футболчи йўқ?
— Яхши йигитлар бор, шунчаки улар хорижда ўйнашмайди ва ҳеч ким танимайди. Агар Хитойнинг ўзида барча шароитлар яхши бўлса бошқа мамлакатга кетишдан нима наф?
— Агар яхши йигитлар бор бўлса нима учун терма жамоа миқиёсида яхши ўйнай олишмаяпти?
— Уларга яна 4-5 йил беринглар барчаси бўлади. Хитой футболи Халк ва Оскар каби юлдузлар эвазига кучаймоқда: маҳоратли футболчилар билан бирга машғулот ўтказиб кучайиб бораверасан. Хитойлик футболчилар Голландияда, Португалия ва Испания биринчи лигаларида ўйнашади. Бундан ташқари Суперлиганинг ҳар бир клуби асосий таркибда 23 ёшга тўлмаган футболчини туширишга мажбур. Айнан шу йигитлар терма жамоанинг келажаги.
— Ҳозирча эса Хитой ЖЧ-2018га чиқа олмаслиги деярли аниқ, бундан ташқари октябрь ойида Ўзбекистонга ютқазганди - 0:2.
— Нимага хайрон қоласиз? Бизда ҳам кучли жамоа бор. Бразилиядаги мундиалга фақат тўплар нисбатига кўра бора олмагандик: Корея саралашда биздан иккитагина кўпроқ гол урганди. Ҳозир яна иккинчи ўрин учун курашаяпмиз. Агар март ойида Сурияга ютқазмаганимизда, тепада бўлардик.
— Ўйин Сурияда бўлмагандир?
— Малайзияда ўйнадик. Куала-Лумпурга келдик, у ерда эса томоша бошланди. Марказий стадионни сизларга бера олмаймиз дейишди. Икки соат йўл босиб бошқа шаҳарга бордик. Арена – шунчаки дахшат. Майдон умуман тайёр эмасди. Майса тагида тошлар бор эди. Ўша майдонда бир марта йиқилиб тушгандим, ҳалиям даволанаяпман. Бундан ташқари ҳаво жуда ҳам дим эди. Жаҳон чемпионати учун йўлланма тақдири ҳал бўлаётганда бундай майдонда қандай ўйнаш мумкин?! Менимча, бу фақат Осиёда бўлса керак. Голгача ўйнадик ва қўшимча дақиқаларда пенальтидан гол ўтказиб юбордик.
— Гуруҳдаги учинчи ўрин тамом дегани эмасми?
— Учинчи ўринни олган жамоа нариги гуруҳдаги учинчи жамоа билан ўйнайди. Айни пайтда бу Австралия. Бу жуфтлик ғолиби КОНКАКАФ минтақаси жамоаларидан бирига қарши ўйнайди. Аммо Россияга тўғридан-тўғри йўлланма олсак яхши бўларди, бунинг учун яхши имкониятга эгамиз.
«Хитойда сариқ сабзини топиб бўлмайди»
— Олдин Краснодар ва Москвадаги ресторанларда ошни яхши тайёрлай олмасликларини айтгандингиз. Хитойда қандай экан?
— Бу ерда гуруч сифатли, аммо бизникига сира ўхшамайди. Яхши ошни фақат ўзбек гуручидан тайёрлаш мумкин.
— Яхши паловсиз қандай яшаяпсиз?
— Қандай қилиб паловсиз яшаш мумкин? Турмуш ўртоғим уни тайёрлаб туради. Шунчаки барча маҳсулотларни Ўзбекистондан олиб келамиз. Гуруч, зираворлар. Яна Хитойда сариқ сабзи топиш муаммо, у ҳам асосий маҳсулот.
— Яна нима етишмаяпти?
— Хитой тилини билмаслигим. Ҳеч нима тушунмаяпман. Қолган барчаси жойида. Ажойиб мураббий, иноқ жамоа, ажойиб мухлислар, замонавий стадионлар. Шанхай чиройли шаҳар экан, оиламга бу ерда ёқди. Барчаси супер.
— «Краснодар» Россиядаги сўнгги клубим дегандингиз. Қайтмаслигингиз аниқми?
— Қайтамайман. Хитойда 2-3 йил ўйнайман ва уйга қайтаман. Вақти келди.
Рус тилидан Нарзулла Сайдуллаев таржима қилди
Фикрлар