UZ

Сўнгги янгиликлар

01:00Европа лигаси. Сўнгги тур ўйинларидан онлайн ҳисоб  1 00:49"Ал Ҳилол" Неймарнинг ўрнига "Реал" футболчисини олиб келмоқчи  0 00:34Невилл "Арсенал"дагиларнинг ҳакамни танқид қилиши ҳақида: "Ижтимоий тармоқлар бизнинг вақтларда бўлмасди"  0 00:14Саудия Арабистони. Роналду 921-голини урган ўйинда "Ал Насср"да қийин ғалаба  12 23:23"Сўғдиёна" учинчи ўртоқлик ўйинида ҳам мағлуб бўлди  1 23:11"Барселона" футболчиси: "Ўғлим "Реал" мухлиси эди"  6 22:462024 йилда трансферлар учун қайси давлат клублари қанча ишлатди?  1 22:11"Тоттенхэм" 60 миллионлик трансферни амалга оширишга яқин  2 21:54Рой Кин: "Рэшфорд уялиши керак"  0 21:31Мората Туркия чемпионатига йўл олмоқда!  3 20:52Расман: ПСЖ футболчиси Моуринью жамоасига ўтди  0 20:28ЕЧЛда ҳафта футболчиси маълум қилинди  1 20:10"Навбаҳор"нинг БААда ўртоқлик ўйинлари ўтказадиган барча рақиблари маълум  3 19:52Расман: Мирко Йеличич - "Олимпик" бош мураббийи!  5 19:33"Барселона" етакчиси билан шартномани 2030 йилгача узайтирди  7

ОАВга "ёпиқ" Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги 1244 кунлик саргузашти Янгиликлар

ОАВга "ёпиқ" Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги 1244 кунлик саргузашти

Бир ҳафта аввал Сречко Катанец соғлиғидаги муаммолари туфайли Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи лавомизини тарк этди.

Словениялик мутахассис 2021-2025 йиллар давомида терма жамоамизни бошқариб борди. Ушбу вақт ичида мамлакатимизнинг асосий жамоаси чиройли ғалабалар ва аламли мағлубиятлар таъмини тотишга улгурди. Сречко Катанецнинг тўрт йиллик фаолияти қандай ўтди? Келинг, ушбу вақт ичига босиб ўтилган йўлга назар ташлаймиз.


Шартнома имзоланиши

19.08.2021

Ироқ терма жамоаси бош мураббийлигидан кетган Катанец 19 август куни тунда Тошкентга учиб келди. Тез орада словениялик мутахассис ЎФА билан музокараларнинг сўнгги босқичини ўтказади.

27.08.2021

Сречко Катанец ЎФА билан шартномага қўл қўйди ва расман терма жамоамизнинг янги бош мураббийи сифатида таништирилди. Шу муносабат билан матбуот анжумани ҳам ташкил этилди.

"Барчага хайрли кун. Мен ва мураббийлар штабим билан шу ерда эканимдан хурсандман. ЎФА раҳбариятига ишонч учун раҳмат айтмоқчиман. Видеоролик учун раҳмат айтаман, кўп нарса ёдимдан чиққан экан. Футбол бир жойда турмайди. Албатта, бизнинг мақсадимиз – Жаҳон чемпионатига чиқиш, аммо унгача қиладиган ишларимиз кўп. Ёш ва қувватга тўла жамоа тузишимиз керак. Матбуот вакилларининг ҳам ёрдами керак бўлади. Жамоа ютганида ҳам, ютқазганида ҳам қўллаб-қувватлашингизни сўраб қоламан.

Ҳаммамиз бир хил инсонлармиз. Албатта, ўзбек футболи жамоатчилиги муҳим, балки энг муҳимидир. Футбол муҳитини айнан сизлар яратасизлар. Ютамизми ёки ютқазамизми, сизлар танқид қилишга ҳақлисизлар. Агар нимадир ўхшамаса, буни тўғри қабул қиламан. Аммо ҳар доим сизлар билан биргаликда йўл топиб ишлашга умид қиламан. Мақсадимиз — ҳар бир баҳсда ғалаба қозониш! 

Ижтимоий тармоқларда: фейсбук ёки инстаграмда умуман саҳифаларим йўқ. Чунки бунинг учун вақтим ҳам йўқ. ОАВ учун доим очиқман ва доимо бирга ишлашга тайёрман", - дея жавоб берганди Катанец ўзбек футбол оммаси билан мулоқотда бўлиш ҳақидаги саволга.

Биз атиги 1 ҳафта олдин Ўзбекистонга келдик. Олдимизда турган асосий вазифа Жаҳон чемпионатига чиқиш. Кўплаб ёши катта футболчилар терма жамоадан кетди, уларнининг ўрнини ёшлар билан тўлдириш керак. Олдинги мураббийлар ҳақида гапира олмайман. Сизлар яхшироқ биласизлар. Терма жамоада мен диган нарса йўқ, терма жамоада биз деган нарса бор!", - деган эди Сречко Катанец дастлабки нутқида.



Сречко Катанецнинг МТЖдаги дебюти

5.09.2021

Ўртоқлик учрашуви. 

Швеция - Ўзбекистон 2:1  

Стокгольм. "Friends Arena". 

Гол: Абдулла Абдуллаев (автогол), 6, 1:0, Исаак Кизе Телин, 35, Элдор Шомуродов 70, 2:1

"Жамоа ушбу ўйинда кўрсатган натижадан қониқдим. Биз жуда яхши ўйнадик. Албатта, баъзи хатоларга ҳам йўл қўйдик, бу эса нормал ҳолат. Жамоамизда ёш ўйинчилар жуда кўп. Энди биз бу ёшлар билан янги жамоа қуришимиз керак. Умуман олганда, бизда бор ўйинчилар ва уларнинг ўйинидан қониқиш ҳосил қилдим. Келажакда ҳам шу руҳда давом этишимиз керак. Кучли жамоалар билан кучли ўйинлар кўрсатишимиз керак. Швеция термасига келсак, улар бир неча йиллардан бери юқори даражада ўйин кўрсатиб келишмоқда. Бизга қарши иккинчи таркиб ўйнаган бўлса ҳам, улар жуда ажойиб ўйин кўрсатишди. Улар бир неча кун олдин Испанияни мағлуб қилишди. Бу биз учун албатта, ажойиб тажриба бўлди".




Сречко Катанецнинг дастлабки ғалабаси

09.10.2021

Халқаро ўртоқлик учрашуви

Ўзбекистон - Малайзия 5:1  

Амман. "Амман International Stadium"

Голлар: Достон Ҳамдамов 17, - 1:0. Достон Ҳамдамов 29, - 2:0 (Жалолиддин Машарипов). Ҳусайн Норчаев 33, - 3:0 (Фарруҳ Сайфиев). Бадрол Бахтияр 45+1, - 3:1, Иброҳимҳалил Йўлдошев (Жалолиддин Машарипов) 68,  - 4:1, Азиз Амонов (Игорь Сергеев) 87,  - 5:1

"Мухлисларга ўйин осон ўтгандек туйилиши мумкин. Аслида эса, учрашув жуда қийин кечди. Сабаби, жамоамиз 90 дақиқа давомида прессинг амалга оширди, хушёр ўйнашга ҳаракат қилди. Майдон марказидаги тўп учун курашларни кўпини ютиб чиқдик.

Тўғри, бугун битта гол ўтказиб юбордик. Аммо, у голда фақат ҳимоя чизиғини айблаш нотўғри бўлади. Чунки, биз биринчи бўлим сўнгига келиб нафақат ҳимояда, балки ҳужумда ва майдон марказида ҳам бироз темпни туширдик, агрессив ўйин кўрсатмадик. Футболчилар биринчи бўлим тугади деган кайфиятда ҳаракат қилишди ва шунинг оқибатида гол ўтказиб юборишди. Умуман олганда эса, мен ҳимоямиз ва умман жамоавий ўйинимиздан тўлиқ қониқиш ҳосил қилдим".



Дастлабки йирик мағлубият

12.10.2021

Халқаро ўртоқлик учрашуви

Ўзбекистон - Иордания 0:3 

Гол: Фаисал Баҳа 30, 0:1, Ал Насиб Абдуллох 56, 0:2,  Ҳамза Ал Дардур 83, 0:3



Сречко Катанец коронавирусга чалинди

12.01.2022

"Миллий терма жамоамиз бош мураббийи Сречко Катанец Дубайдаги йиғинга Словениядан етиб келиши режалаштирилган эди. Бироқ, бевосита кетиш олдидан топширилган тест мусбат натижани келтириб чиқарган. Шу тариқа, словениялик мутахассис ўз юртида карантин ўташга мажбур бўлди. Умид қиламизки, карантин даври тугагач, мураббийимиз ўз соғлиғини тиклаган ҳолда терма жамоа бошқарувига қайтади. Унга қадар Катанеснинг ёрдамчи мураббийлари йиғиннинг бошланғич қисмида терма жамоани бошқариб туради", - дея хабар берганди ЎФА матбуот ҳизмати.



Осиё Кубоги-2023 қуръа натижалари

22.02.2022 

"Қуръадан аввал ҳам фаворит эдик, чунки рейтинг жиҳатдан қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон терма жамоаси бошқа терма жамоаларга қараганда юқорироқда жойлашганди. Ўйлашимча, қуръадан кейин ҳам фаворитлигимизни сақлаб қолганмиз. Лекин ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, жамоани иложи борича яхшироқ тайёрлашимиз, футболчиларни руҳлантира олишимиз ҳамда ўйин бошланмасидан олдин ютқазиш керак эмаслигини футболчиларга етказиб бера олишимиз лозим. Шу сабабдан, футболчилар билан жуда қаттиқ меҳнат қилишимиз ҳамда ўзимизни энг яхши даражада тайёрлай олишимиз талаб этилади. Акс ҳолда, биламизки, футболда ўзига хос сюрпризлар юзага келиши мумкин. 

Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистон доимгидек Осиё кубогига йўл олиши керак, бироқ ҳеч қайси ўйинни бошланмасдан аввал ютиб бўлмайди. Ўзбекистон фаворит сифатида кўрилмоқда, мен, мураббийлар штаби ҳамда футболчилар биргаликда олдинда кутиб турган ўйинларда ғалаба қозониб, Осиё кубогига йўлланма олиш учун зарур бўлган барча ишларни амалга оширамиз. Тез орада Тошкентга қайтаман ҳамда бошқа масалаларни ўша ерда муҳокама қиламиз. Ўзбек халқига, барча Ўзбекистон фуқароларига соғлик-саломатлик тилаб қоламан, чунки бу энг асосийси ҳисобланади. Барча яхши тилакларни билдириб, кўришгунча деб қоламан"




"Navruz Cup-2022" мусобақаси

24.03.2022

"Ушбу мусобақа биз учун янги футболчиларни синаб кўриш ва камроқ майдонга тушганларни синовдан ўтказиб оламан. Легионерларимизнинг ҳозирги формаси қандайлигини кузатамиз. Бундай даражадаги ўйинларда маҳаллий футболчиларимиз қанчалик тайёрлигини кўриб оламиз, ўз навбатида биз ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга тушамиз", - деганди Катанец мусобақадаги дастлабки учрашувдан олдин. 

"Бугун майдонда "Навбаҳор" ўйнадими ёки терма жамоами, тушунмай қолдим. Илтимос, ким терма жамоа ўйинларига келса терма жамоани охиригача қўллаб-қувватласин!", - деди Катанец Қирғизистонга (3:1) қарши баҳсдан сўнг.

"Энг заиф чизиғимиз – ҳимоя? Бу фикрингизга тўлиқ қўшилмаган бўлардим. Ҳимоямиз билан ҳаммаси жойида. Тўғри, гол ўтказиб юбордик, аммо бу ҳимоядаги хатолар туфайли бўлмади. Агар улар урган биринчи голни кўрганингизда бундай демаган бўлардингиз. Уганданинг иккинчи голи чиройли чиқди, ҳимоячиларимиз тўсқинлик қила олишмади", - дея фикр билдирди Катаренц Уганда қарши кечган финал баҳсидан сўнг.



Осиё Кубоги-2023 саралаш мусобақаси 

07.06.2022

"Ассалому алайкум. Жамоа эртанги ўйинга тайёр. Биз фақат эртага эмас, барча ўйинларда ғалаба учун ҳаракат қиламиз. Биз диққат эътиборни сақлаган ҳолда ўйнашимиз керак. Ҳеч ким ўйин бошланмасдан олдин ғалаба қозона олмайди, шу боис ўйинга футболчиларни яхши тайёрлашимиз керак. Барча жамоаларни ҳурмат қилишимиз керак, акс ҳолда футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин ва сизни жазолашлари мумкин"

"Ҳалигача жамоа шаклланишда давом этмоқда. Шукуров, Шомуродов, Машарипов каби футболчилар жамоанинг асосига айланди. Ўйлайманки, булар билан жиддийроқ натижага эришамиз. Бизда ёш талантли футболчилар ҳам кўп. Терма жамоага нафақат жамоавий ўйнайдиган, балки индивидуал ўйинчилар ҳам керак, чунки буларсиз пас билан натижага эришиб бўлмайди", - деган эди Сречко Катанец Шри-Ланкага қарши кечган баҳсдан сўнг.

"Ўзимиз қилишимиз керак бўлган ишни амалга оширдик. Барчани ғалаба билан табриклайман. Мальдив ороллари мураббийини ҳам табриклайман. Улар ҳимояга ётиб олмасдан, очиқ ўйин таклиф этган ҳолда яхши ўйин намойиш этди. Улар келгусида ўсадиган жамоа ҳисобланади", – дея фикр билдирганди термамизнинг собиқ устози Мальдив оролларига қарши кечган баҳсдан сўнг.

"Шунингдек, футболчиларга ҳам миннатдорчилик билдираман. Бугун яхши ўйин намойиш этдик. Тўғри, олдинга баҳсларда ҳам ишончли ўйнаганмиз, бироқ бугунги ўйин энг яхшиси эди. Учрашув давомида камида 5-6 та гол уришимиз мумкин эди. Эндиликда қолган ўйинчиларни ҳам кузатамиз. Сентябрь ва ноябрь ойларида ФИФА кунлари ўтказилади. Ўйлайманки, бундан фойдаланиб, кучли жамоалар билан ўртоқлик ўйинларини ўтказамиз", - деган эди Катанец Таиландга қарши кечган баҳс якунига кўра.



Камерун ва Коста-Рика терма жамоаларига қарши ўртоқлик баҳслари

19.09.2022

"Камерун ўйинларини кузатдим. Искандеров Камерунга қарши ўйнай олмайди. Камерунга қарши ўйнаш бошқа даража. Уларнинг энг кичкина футболчиси 1.80 см бўйга эга. Ҳаммаси жисмоний томонлама бақувват футболчилар. Балки ноябрь ойидаги йиғинга Искандеровни чақирармиз". 



Қозоғистонга қарши ўртоқлик учрашуви

16.11.2022

"Тўғри, сиз ва кўпчилик учун бу дерби бўлиши мумкин. Лекин мен фикримни ўзгартира олмайман. Бу мураббий сифатида мен учун навбатдаги ўртоқлик ўйини. 2007 йилдаги ўйинда жанжал юзага келган, лекин терма жамоаларда ўша таркибдан ҳозир ҳеч ким қолмаган. Албатта, футболчилар астойдил ғалаба учун ҳаракат қилишади. Легионерлар кеч етиб келишди, бир ярим кунгина тўлиқ машғулот олиб бора олдик. Бу бизга муаммо келтириб чиқаради. Ҳозир кўпчилик бу ўйинга жиддий аҳамият қаратишни сўрамоқда. Лекин мен ҳам тактик ишланмалар устида ишлашим мумкин. Агар менда сеҳрли таёқса бўлганида, ҳар битта ўйинда ғалаба қозонган бўлардик. Бироқ мен бу ерга мураббий сифатида расмий ўйинларни ютиш учун таклиф қилинганман. Бу баҳс олдидан ҳеч қандай босим ҳим қилмаяпман".

 "Бугунги ўйиндан олган таассуротларим ижобий, сабаби бугун ғалабага эришдик. Тактик жиҳатдан яхши ўйин кўрсатдик. Ҳозирги ҳолатдан келиб чиқиб, йигитлар ҳам энг яхши ўйинини кўрсатишга ҳаракат қилишди. Улар барча тактик кўрсатмаларни амалга оширишди. Бироқ жисмоний тарафдан анча ишлашимиз лозим. Ўйлайманки, бу борада ҳам яхшиланишга эришамиз", - ўйиндан кейинги фикрлар.



Россияга қарши ўртоқлик учрашуви

19.11.2022

"Доим ҳимоямиз кучсиз, деган савол берилади, аммо ҳимоя ҳужумдан бошланади. Агар барча позициялар яхши ўйнаса, натижа ижобий бўлади. Ҳужумчи ва ярим ҳимоячилар ўз ишини яхши қилмаса, демак, ҳимоячиларга иш кўпаяди. Замонавий футболчи ҳар бир позицияда алоҳида ўйнаши иложсиз. Кучли жамоаларга қарасангиз, ҳимояланишга фақат ҳимоячилар жавобгар эмас. Ҳимоячи берадиган биринчи пас ҳужумга шиддат бериши мумкин".

"Учрашувдан олган таассуротларим яхши. Натижа адолатли бўлди деб айта оламан. Таркибларга назар соладиган бўлсак, жамоамиз иккинчи ўйинда майдонга тушмоқда, шу сабабдан жисмоний тарафдан муаммолар учраган бўлиши мумкин. Қолаверса, Россия терма жамоаси Тожикистонга қараганда буткул бошқа таркибда майдонга тушди. Шунга қарамай, биринчи бўлимда Россия терма жамоасида деярли имконият юзага келмади, биз эса иккита қарши ҳужум ташкил этдик. Ўша вазиятлардан бирида Эркинов Шомуродовга аниқ пас бера олганида, қулай имконият содир этардик. Иккинчи бўлимда эса ёш ва янги ўйинчиларни синаб кўриш мақсадида ўзгаришларни амалга оширдим. Шу сабабли, учрашувдан қониқдим, дейишим мумкин", - ўйиндан кейинги фикрлар.




Осиё Кубоги-2023 қуръа натижалари

11.05.2023

"Қуръа натижалари ҳақида гапирадиган бўлсам, барча гуруҳлар бир-бирига яқин даражада, яъни ҳар бир гуруҳ жуда мураккаб. Бизнинг гуруҳдаги Австралия Осиёнинг энг кучли терма жамоаларидан бири саналади. Сурияни ҳам ҳурмат қиламиз. Уларда кучли футболчилар, шу жумладан, яхши ҳужумчилар мавжуд. Шу боис, бу жамоага қарши ўйинда эҳтиёт бўлишимиз лозим. Ҳиндистоннинг турнирда бор кучини бериб ўйнашига ишонаман. Уларнинг баъзи учрашувларини кузатганман. Жамоада бош мураббий хорватиялик Игор Штимац ҳисобланади. У жуда яхши мутахассис ва жамоани турнирга яхши тайёрлай олади. Ўйлайманки, биз қитъа биринчилигига тайёр ҳолатда борамиз. Барча футболчиларимиз жароҳатларсиз мусобақага етиб боришига умид қиламан. Яхши натижа кўрсатишимизга ишонаман".



CAFA Nations Cup-2023 мусобақаси

10.06.2023

"Барча билади, биз ушбу турнирга тайёрмиз. Бир нечта йиғинлар орқали кўп ўйинчиларни синаб кўрдик. Айрим сабабларга кўра асосий таркибдаги футболчиларимиз бизга ёрдам бера олишмайди, шу сабаб янги ва ёш футболчиларга имконият берамиз. Агар улар ўзини яхши намойиш этса, терма жамоада мунтазам ўйин амалиётига эга бўлишади. Ушбу мусобақа Осиё Кубоги учун тайёргарлик бўлади".

"Ўзингиз кўрганингиздек, ўйин яхши бўлди. Йигитларни ғалаба билан табриклайман. Биринчи бўлимда яхши ўйнадик, иккинчи таймнинг бошида эса муаммоларга дуч келдик. Об-ҳаво ҳам бироз ноқулай эди, шунга қарамай йигитлар яхши ўйин ўтказишди",- деди Катанец Ўмонга қарши баҳсдан сўнг.


АҚШ ва Мексика терма жамоаларига қарши ўртоқлик баҳслари

04.09.2023

"Бўлажак ўйинларга муносиб тайёрланиш керак. АҚШ ва Мексика мен бош мураббий бўлганимдан кейинги энг кучли рақибларингиз бўлиши мумкин. Ўзимизнинг ҳолатимизни билиб олиш учун яхши имконият".



Сречко Катанец терма жамоа билан бирга АҚШга учиб кета олмади

07.09.2023

Ўз паспортида кўплаб Осиё давлатларининг кириш визасига эга бўлган Сречко Катанец Истанбул аэропортида ушлаб қолинди ва терма жамоа билан АҚШга учиб кета олмади.



АҚШга қарши ўйин

10.09.2023

Ўртоқлик учрашуви

АҚШ - Ўзбекистон 3:0

"City Park" стадиони, АҚШ

Гол: 1:0 — 4, Тим Веа, 2:0 — 90, Рикардо Пепи, 3:0 — 90, Кристиан Пулишич.



Мексикага қарши баҳс

13.09.2023

"Учрашув яхши ўтди, эҳтимол биз бундан-да кўпроғига муносиб эдик. Мексикадек терма жамоага қарши ўйин биз учун яхши тажриба бўлди. Мексика жуда кучли ва техникали футболчиларга эга жамоа. Биринчи таймда рақибнинг бир қанча асосий футболчилари захирада қолган бўлса-да, улар яхши ўйин намойиш этди. 

Бироқ йигитлардан хурсандман, ўйиндан кўнглим тўлди, чунки аксар футболчиларимиз клубларида етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаётган эди. Умид қиламанки, кейинги ой Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларигача улар янада яхшироқ спорт формасида бўлишади. Мен улар билан фахрланаман ва биз ўсишда давом этамиз”.



Хитойга қарши ўйин

15.10.2023

"Жамоамиз ўйинга тайёр. Барча футболчиларимиз ўйинга тайёр. Жароҳат ёки бош муаммолар йўқ. Шундай экан, ўйинга тайёрмиз дея оламан.

Эртага биз учун энг муҳими футболчиларимизнинг жароҳат олмаслиги. Бундай майдон жуда хавфли ҳисобланади. Бу оддий ўртоқлик учрашуви, натижа ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Шу сабаб ҳам биз бошқача услубда ўйнашимиз мумкин. Кўп футболчиларга имкон бериш, ҳар хил тактикаларни синаб кўриш эҳтимолимиз бор. Энг асосийси футболчиларимизнинг ҳамжиҳатлигини таъминлаш ва кейинги муҳим ўйинларга тайёр ҳолда етиб келиш".

"Биз бугун ғалаба лойиқ ўйин кўрсатдик. Ўзбекистон терма жамоаси 90 дақиқа давомида ҳужум қилди, рақибимиз эса яхши ҳимояланди. Биринчи бўлимдан унчалик ҳам кўнглим тўлмади. Ўйинчиларимиз тўп билан жуда секин ишлашди ва бунинг натижасида хатолар етарли бўлди. Иккинчи бўлимда биз бошқача ўйин кўрсатдик, хатоларимизни тўғриладик. Баҳсда яхши ҳаракат қилдик ва голлар урдик. Бу ғалаба билан футболчиларни табриклайман", - деган эди Катанец учрашувдан сўнг.



ЖЧ-2026 саралаши саралаши бошланмоқда. Дастлабки рақиб - Туркманистон

15.11.2023

"Тўлиқ жамоа бўлиб биргина машғулот ўтказдик. Биласиз, Ўзбекистон терма жамоасида кўп машғулот ўтказиш учун имконият бўлмайди. Шу сабабли эртага бизни қийин учрашув кутиб турибди деса ҳам бўлади. Рақиб ҳам яхши жамоа. Умуман олганда, барча рақибларга катта ҳурмат билан қараш керак. Туркманистон термасининг бир қанча яхши футболчилари бор. Эртанги ўйинда футболчиларимдан максимал куч билан ўйнашларини талаб қиламан.

Эртага сунъий майдонда ўйнаймиз. Умуман олганда, бундай даражадаги ўйин учун бу унчалик яхши ҳолат эмас. Мен учун бу футбол эмас, шунчаки, спортнинг бошқа тури, балки, буни футзал ёки бошқа нимадир деб ҳам номласа бўлади. Бу майдонда футболчиларнинг жароҳат олиши ҳам осонлашади, шунингдек, бошқа хавф ҳам бор. Туркманистон термасининг вингерлари жуда тез, улар стандарт ҳолатларида жуда хавфли қуролга айланишади. Бу футбол, улар биринчи бўлиб гол уришлари мумкин, биз ҳам уришимиз мумкин. Саралашнинг илк ўйини барча учун жуда муҳим.

Албатта, ҳозирдан ким ўйнай олишини айта олмайман. Бироқ эртага ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни намойиш қилишга ҳаракат қиламиз. Бунга ваъда бераман. Бу терма билан ишлаётганимга 2 йилдан ошди. Жамоани ўйинга тайёрлаш борасида ҳали муаммо бўлгани йўқ. Футболчилар доимо 100 фоиз куч билан ўйнашади. Шу боис эртага чиройли ўйин кўришимиз мумкин".

"Биз ғалабага лойиқ эдик. Мен йигитларим намойиш этган ўйиндан кўнглим тўлди. Бугунги учрашув биз учун жуда катта аҳамиятга эга эди. Агар бугун ғалаба қозона олмаганимизда кейинги учрашувга қадар катта босим бўларди, деб ўйлайман. Туркманистон терма жамоага битта зарба бериб ҳисобни очди. Натижани мени қониқтирди.

Нима сабабдан ғалаба қозондик? Биз Туркманистонга терма жамоасига тинимсиз босим қилдик. Рақибга нисбатан кўпроқ ҳужум қилдик. Менинг жамоамнинг даражаси ҳам яхшироқ. Майдон даҳшатли ҳолатда эди. Мен бундай майдонда футбол ўйнашни тасаввур қила олмайман. Туркманистон терма жамоаси эса бундай майдонда ҳар доим ўйнайди ва улар учун бу нормал ҳолат. Менинг футболчиларим эса сунъий қопламада бир йилда бир маротаба ўйнаши мумкин. Сунъий майдонда тўп бошқача ҳаракатланади. Ўйин тезлиги тушади, тўпнинг сапчиши ҳам бошқача. Ўзбекистондан кучли терма жамоалар ҳам бундай майдонларда мағлуб бўлиши мумкин. Сунъий майдонда ҳимоявий ўйин намойиш этиш анча осон. ЖЧ-2018 саралашида ҳам КҲДРга сунъий майдонда ўйнаб ютқазганмиз. ЖЧ-2022 саралашида ҳам Фаластинга мағлуб бўлганмиз. Яна ўша сунъий майдон бизга тўсқинлик қилганди. Ўйиндан аввал йигитларга биз рақибдан кучлироқ эканлигимизни, аммо биз буни майдонда яна бир исботлашимиз кераклигини айтгандим", - дея фикр билдирди бош мураббий Туркманистонга қарши кечган ўйиндан сўнг.




Эронга қарши ўйин олдидан (машғулотлардан бирида)

17.11.2023

"Яна бир бор ғалаба билан табриклайман. Ҳали ҳеч нарсага эришмадик. Бу оддий 3 очко. Биринчи бўлимда қандай ўйнаганимизни биласизлар. Хатоларимиз бўлди. Тўғри, майдон фактори сабаб бўлиши мумкин. Лекин Эронга қарши бундай ўйнаб бўлмайди. Рақиб жиддий. Шунинг учун диққатни йўқотмаймиз. Дўстлар, таниш-билиш яхши. Лекин ҳар доим концентрацияни сақлаш, машғулотда ҳам борини бериб ишлаш керак. Ҳар бир машқни тезроқ бажаришга ҳаракат қилинг. Тезкор қарор, тезкор паслар зарур. 

Кўряпман, секин юрибсизлар. Ўйин пайтида секин ҳаракат қилиб бўлмайди, тезкор қарор қабул қилиш керак. Бу машғулотдан бошланади. Бошқа нарсани ўйламаймиз. Биламан ҳаммани ота-онаси бор. Лекин биз профессионалмиз. Диққат - эътиборни сақлаган ҳолда ишлаймиз. Ижобий натижага эришиш учун яхши имкониятга эгамиз. Биз Эронни ютамиз. Фақат бирдамлик билан, компакт ўйнаб бунга эришиш мумкин. Бироз диққатни йўқотсак, муаммо юзага келади", - деди Сречко Катанец.



Эронга қарши ўйин

20.11.2023

"Эрон терма жамоасини ҳурмат қиламан. Ҳақиқатан ҳам Эрон терма жамоаси жуда кучли, улар Осиёда энг кучлиларидан бири. Футболчиларга мотивация беришим ҳам шарт эмас, улар барчасини тушуниб туришибди. Эртага қарши ўйнаш ҳар доим қийин, лекин футбол учрашуви ҳар доим 0:0 ҳисобидан бошланади. Эртанги учрашув футболчилар учун ҳақиқий чақирув бўлади, бироқ биз хотиржаммиз, сўнги учрашувларда кўп голлар уряпмиз. Эронга қарши кечагидан баҳсда биз аслида нимага қодир эканлигимизни билиб оламиз.

Биз оддий тайёргарлик олиб боряпмиз. Кўп гапиришни истамайман. Ғолиблик руҳи футболчиларнинг клублардаги фаолиятига ҳам боғлиқ. Улар топ-клубларда ўйнаб, яхши натижаларга эришишса, термага фойда, чунки шунда уларнинг руҳияти ҳам яхши ҳолатда бўлади. Эртанги учрашув синов бўлиши аниқ. 

Тўғрисини айтсам, мен йигитларни кичик терма жамоаларга қарши тайёрлашим оғирроқ кечади. Катта учрашувларда эса футболчиларга мотивация бериб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Эртага қандай натижа қайд этилишидан қатъи назар ҳеч нима ўзгармайди. Биз асосий мақсадимизга эришсак бўлгани".

"Бугун ўйинни захирадан томоша қилиш осон бўлмади. Эронга қарши эришилган дуранг - яхши натижа ва мен йигитларни табриклайман. Биринчи бўлимда кўпроқ агрессив ўйин намойиш этишимиз керак эди деб ўйлайман. Лекин иккинчи таймда ўйинимизни яхшиладик. 2:0 ҳисобидан дурангга эришдик ва бу жуда яхши натижа деб ҳисоблайман. Голларни ўзимизнинг айбимиз туфайли ўтказиб юбордик", - деди Катанец Эронга қарши дурангдан сўнг.



Осиё Кубогида иштирок этадиган таркиб эълон қилинди

30.12.2023

Дарвозабонлар: Ботирали Эргашев (ОКМК), Ўткир Юсупов ("Навбаҳор"), Абдувоҳид Неъматов ("Насаф").

Ҳимоячилар: Абдуқодир Ҳусанов ("Ланс"), Шерзод Насруллаев ("Насаф"), Фарруҳ Сайфиев ("Пахтакор"), Хожиакбар Алижонов ("Пахтакор"), Зафармурод Абдираҳматов ("Насаф"), Рустам Ашурматов ("Рубин"), Умарбек Эшмуродов ("Насаф"), Ҳусниддин Алиқулов ("Ризеспор"), Муҳаммадқодир Ҳамралиев ("Пахтакор"), Абдулла Абдуллаев ("Хорфаккан").

Ярим ҳимоячилар: Жамшид Искандеров ("Навбаҳор"), Ҳожимат Эркинов ("Пахтакор"), Отабек Шукуров ("Фотиҳ Карагумрук"), Шаҳбоз Умаров ("Ордабаси"), Аббосбек Файзуллаев (ЦСКА), Азиз Турғунбоев ("Пахтакор"), Одилжон Ҳамробеков ("Пахтакор"), Диёр Ҳолматов ("Пахтакор"), Жамшид Болтабоев ("Навбаҳор"), Жалолиддин Машарипов ("Пансеррайкос"), Остон Ўрунов ("Навбаҳор").

Ҳужумчилар: Элдор Шомуродов ("Кальяри"), Игорь Сергеев ("Патум Юнайтед"), Бобир Абдиҳолиқов ("Ордабаси"), Азизбек Амонов ("Насаф").



Осиё Кубоги бошланмоқда

12.02.2024

Биз ўзимизнинг энг яхши ўйинимизнимизни кўрсатишни мақсад қилганмиз. Ҳаммаси оддий, эртага учрашувда ғалаба қозониш учун майдонга чиқамиз.

Олдин бир неча марта Сурияга қарши ўйинлар ўтказганман. Улар жуда кучли ва кескин жамоа, жанговарлик жуда юқори. Ҳозир улар ҳақида барча нарсани биламиз, улар ҳам биз ҳақимизда ҳамма нарсани билишади. Бу сафар рақиб таркибида янги футболчилар бор. Бир нечта кучли легионерлар ҳам бор. Бу албатта уларнинг кучли тарафи. Сурияга қарши ўйин жуда қийин бўлади. Умид қиламанки, биз яхшироқ ҳаракат қиламиз.

Мен анча йилдан бери футболдаман. Ҳар сафар янги нарса ўрганман. Олдин зўр ҳаракат қилган футболчи, бу сафар ёмон ўйнаши мумкин. Футбол шуниси билан қизиқ. Ҳаммаси вазиятга, рефериларга ва ҳолатга боғлиқ. Умуман ҳар бир деталь муҳим. Олдиндан ҳеч нарсани била олмаймиз. Бизнинг ишимиз ўз ўйинимизни кўрсатиш ва тартибни сақлаш".

"Натижадан қониқмадим. Бутун ўйин давомида ҳужумлар қилавердик, аммо гол ура олмадик. Йигитларга ҳеч нарса дея олмайман. Сурия 90 дақиқа ҳимояланди. Қандай гол уришни била олмадик. Бошқа айтадиган гапим йўқ.

Мен рақиб бунчалик зич ҳимояланишини кутмагандим. Бу ноқонуний эмас, албатта. Сурия терма жамоаси шунчаки бункер қурди. Сиз рақиб қандай ўйнаса, шунга мослашишингиз керак. Ҳимоявий ўйнаш айб эмас. Тажрибамда кўп ўйинларни шу тарзда ютқазганман", - деганди Катанец Сурияга қарши ўйиндан сўнг.



Ҳиндистонга қарши баҳс

17.01.2024

"Албатта, агар Ҳиндистон ҳужумкор ўйин кўрсатадиган бўлса, бу бизга қулайроқ бўлади. Ҳиндистоннинг ўйинини томоша қилдик. Жамоа яхши шаклланган, тартибли, шу билан бирга, улар жуда агрессив. Биз бўш нуқталар топишимиз керак. Кеча Саудия Арабистони қандай гол урганини кўрдингиз. Бир футболчи уч ҳимоячидан ўтиб, гол урди. Бу қийин бўлади, аммо мен жамоамни шунга тайёрлашим керак. Асосийси, биз эртага сабрли бўлишимиз керак".

"Ҳурмат билан айтаман, мен ўзбек журналистлари нима ёзаётганини умуман ўқимайман. Таржимоним Даврондан ҳам менга ўзбек матбуоти нима деб ёзаётганини ҳеч қачон айтмаслигини сўраганман. Мен бор эътиборимни ўз ишимга қаратганман. Журналистларни ҳурмат қиламан, аммо табиатим шундай. Бугунги тактикамиз бўйича хоҳлаганингизча ёзишингиз мумкин.

Сизлар менга хат жўнатинглар. Бу хатда менга Австралияга қарши кимлар ўйнаши кераклигини ёзинг. Агар бу режа иш берса яхши, аммо биз мағлуб бўлсак ким жавобгар бўлади? Масала шунда. Журналистлар натижага жавоб беришмайди. Сиз истаган нарсангизни ёза оласиз, аммо натижага мен жавоб бераман. Фарқимиз шунда. Журналистлар терма жамоамиз ичидаги 10% маълумотни билиши мумкин. Қайсидир ўйинчида жароҳат борлиги ва ҳоказо. Олдимизда Австралияга қарши муҳим ўйин кутиб турибди. Биз бор эътиборимизни шу ўйинга қаратганмиз", - дея фикр билдирди Сречко Катанец Ҳиндистонга қарши баҳсдан сўнг.



Австралияга қарши ўйин

22.01.2024

"Австралиянинг рақиблари иккала ўйинда ҳам тўлиқ ҳимояланишди. Эртага биз бундай ўйин кўрсатмасликка ҳаракат қиламиз. Тўғри таъкидладингиз, Австралия яхши шаклланган жамоа. Улар стандарт вазиятларда, бурчак зарбаларида жуда кучли. Шу каби ҳолатларда эҳтиёткор бўлишимиз керак. Умуман олганда, ҳаммаси жойида. Мен учун ҳайрон қоладиган ҳеч нарса йўқ. Эртага таркибимизда бироз ўзгариш бўлади.

Умуман олганда, бизга рақибнинг аҳамияти йўқ. Тажрибамда шундай вазиятлар бўлган. Охирги Осиё кубогида айнан шундай вазиятга тушганман. Биз ўз ўйинимизни кўрсатамиз. Битта ўйиндан кейин жуда кўп нарса ўзгариб кетиши мумкин. Футболчилардан доим профессионал бўлишларини сўрайман. Ҳозирги кунда исталган жамоа бизга жиддий рақиб сифатида қарайди"

"Ўйиндан олдин қийин бўлишини билардик. Австралия жисмонан ўта кучли жамоа. Биз бугун яхши футбол ўйнадик. Биринчи бўлимда баъзи тушунмовчиликлар бўлди. Бироқ, шу ҳолатда ҳам 2-3 та хавфли қарши ҳужумлар уюштирдик. Иккига бир қолган ҳолатимиз ҳам бўлди, аммо вазият кўкка совурилди. Энди дам оламиз ва кейинги ўйин ҳақида ўйлашни бошлайман.

Ҳакамларга энг яхшисини тилайман. Улардан вазиятга кўпроқ эътибор беришларини сўрайман. ВАРда қандай ўзаро алоқа қилишларини билмайман. ВАР қандай ишлаётганини тушуниш жуда қийин. Хамробеков тўпни кўрмаганди ва йиқилаётганди. Пенальти қўйилгани етмагандек, ҳакам сариқ карточка ҳам кўрсатди. Ҳакамлар ҳар доим ҳақ, аммо бу вазиятда билмадим. Агар бундай ҳолатга пенальти берилса, битта ўйинда 10 та пенальти белгиланиши керак бўлади. Бугунгидек хато сабаб турнирни тарк этганимизда нима бўларди? Умуман ВАРда жуда кўп тушунмовчиликлар бўлмоқда. Ҳатто Европада бу каби ҳолатлар кузатилмоқда. "Реал" ва "Альмерия" ўйинида ҳам ВАР билан муаммолар бўлди", - Австралияга қарши ўйиндан кейинги фикрлар.



Таиландга қарши учрашув

29.01.2024

"Эртанги ўйиндан олдин бизда етти кун вақт бўлди. Биз ўйинга тайёрмиз. Эртага нима бўлишини кузатамиз. Эртанги натижа барчасини кўрсатади. Жароҳатларга келсак, бизга бу муддат ҳеч қандай ёрдам бермади. Жароҳатланган футболчиларимиз асосан узоқ муддатга сафдан чиқишган.

Мусобақадан олдин биз фақат битта ўйинга тайёрланишимиз ва режа қилишимизни айтгандим. Таиланд бирорта гол ўтказмаган. Яхши шаклланган жамоа. Улар кучли прессинг амалга оширишади. Ҳимоядан ҳужумга ҳам тез ўтишади. Таиландга қарши ўйнаётганимиз омад эмас. Ҳа, баъзи муҳим ўйинчиларни йўқотдик. Ҳозир ҳам яхши ўйинчиларимиз сафда, улар эртага жамоага керакли натижани қайд этишда ёрдам беришади"

"Ўйин менга жуда ёқди. Футболчиларимнинг ҳаракатидан қониқдим. Улар яхши ҳаракат қилишди. Мухлисларга раҳмат, уларни хурсанд қилдик деб ўйлайман. Биринчи бўлимда бир неча гол киритишимиз мумкин эди. Кейинги ўйинда бугунги каби имкониятларни кўкка совурсак, кейинги босқичга ўтишимиз қийин бўлади.

Фикримча, сиз бугунги ғалабимиздан хурсанд эмасдек таассурот қолдиряпсиз. Ҳужумчисиз ўйнаган бўлсак ҳам олдиндаги учта ўйинчи бугун яхши ҳаракат қилди. Сал камтарроқ бўлайлик. Терма жамоа ичкарисидаги муаммоларни кўпчилик билмайди. Биз дунёнинг энг зўр жамоаси эмасмиз. Бугунги ғалабамиздан қониқишингиз керак. Ишонинг, бу осон эмас. Охирги пайт футболчиларимизда ўйин амалиёти кам эди. Машарипов охирги олти ой ичида қанча ўйин амалиётига эга бўлганини биласизми? Шундай ҳолатдан кейин унинг бугунги кўрсатган ўйини олдида шляпамни ечаман. Баъзида, Бразилия ёки Аргентина терма жамоаси мураббийиманми деб ўйлаб қоламан. Ҳозир имкониятларимиздан келиб чиқиб ҳаракат қиляпмиз. Сал камтарроқ бўлишимиз керак", - Таиландга қарши баҳсдан сўнг.



Қатарга қарши ўйин олдидан

02.02.2024

"Қийин ўйин бўлишини биламиз. Етарлича дам олдик. Ўйинчиларимиз Қатар билан баҳсга тайёр. Мен ҳам ғалаба қозониши учун қўлимдан келган барча ишни қиламан. Эртага яхши ўйин кўрсатамиз деб ўйлайман. 

Мағлуб бўлганимни эслатганингиз учун "раҳмат". Кўрфаз кубоги очилиш ўйинида Қатарни мағлуб қилганимни ҳам эслатиб ўтмоқчиман. Менинг ишим жамоани тўғри тайёрлаш, уларга ишонаман. Қатарга қарши тўғри ўйин қура олишимиз лозим. Қатар қўрқиши керак бўлган жиҳатларимиз етарлича. Мураббий ғалаба қозонса, уни барча ақлли деб ҳисоблайди. Аслида эса натижа ўйинчиларнинг ҳаракатларига, ўша пайтдаги вазиятга, жароҳатлар ва яна бошқа кўп факторларга боғлик бўлади. Биз аллақачон яхши босқичгача етиб келдик. Қатарга қарши ўйин олдидан қўрқадиган нарсамиз йўқ.

Эртага олдимизда чорак финал ўйини турибди. Қатарга қарши энг яхши ўйинимизни кўрсатишимиз шарт. Мен доим битта ўйинга эътибор қаратишимни айтиб келганман. Шундай экан, бор эътиборим Қатарга қарши баҳсда. Нима яхши, нима ёмон кейин маълум бўлади. Бизда яхши ўйинчилар етарли. Чорак финалга чиқдик, буёғига йўқотадиган нарсамиз йўқ"


Катанец ҳакамлар ҳақида гапира олмай қолди.

Матбуот анжуманида давомида Алехандо Сенстаря исмли журналист, терма жамоамизнинг собиқ бош мураббийига шундай савол беради:

- Австралияга қарши ўйиндан сўнг футболдаги энг хавфли нарсалардан бири - ҳакамларнинг қарори деб айтиб ўтдингиз. Эртага мезбон жамоага қарши ўйнайсизлар. Ёмон гумонга борадиган бўлсак, эртага ҳакамлар билан боғлиқ сизга ёқимсиз ҳолатлар рўй бериши мумкинлигидан қўрқмайсизми?

Матбуот анжумани расмийси: Бу саволни ўтказиб юборишга мажбурмиз.

Сречко Катанец матбуот анжумани сўнгида: Бояги журналистнинг ҳакам ҳақидаги саволига қисқа жавоб бериб кетмоқчиман. Эртага ҳакамларга омад!

Қатарга қарши ўйиндан сўнг

03.01.2024

"Ҳаммасини ўзингиз кўрдингиз. Бундай ўйиндан кейин хафсаламиз пир бўлиши турган гап. Футболчилар ўзлари кўрсатган ўйиндан фахрланишлари керак. Яхши ўйин ўтказдик. Пенальтилар серияси эса ҳар доим хавфли бўлади. Биз мусобақани тарк этдик. Бу футбол, мағлубиятни қабул қилишимиз лозим. Ўйин давомида яхши ҳаракат қилгандик. Кутилмаганда гол ўтказиб юбордик. Ҳисобни тенглаштириб олганимиздан кейин Қатар ҳеч қандай вазият ярата олмади. Турнирда ёмон иштирок этмадик.

Мен уларга ҳимояланинг деб айтибманми? Мен уларга ортга қайтиб, ҳимояланинг деганим йўқ. Дунёдаги бирор мураббий бундай демайди. Бу футболчиларга боғлиқ. Ўша вазиятдаги футболчиларнинг руҳий ҳолатига боғлиқ. Иккинчи бўлимда кўп прессинг қилдик. Футболчилар ҳам табиийки чарчаб қолишди. Биз дурангдан қониқиб ҳаракат қилдик демаган бўлардим.

Ҳеч нарса дея олмайман. Тўғриси, ҳакамлар чиқараётган қарорлар, ВАР қандай ишлашини тушуна олмайман. Яхшиси, бу мавзуга тўхталмай қўя қоламан.

Ўйинда доим бошқача бўлади. Пенальтилар серияси ҳар доим хавфли бўлган. Машғулотлар жараёнида қандай пенальтини амалга оширмайлик, ҳақиқий ўйинда бари қийинроқ.

Юқорида айтиб ўтдим. Осиё кубогида кўрсатган натижамиздан қониқиш ҳосил қилдим. Биз яхши ўйин кўрсатдик. Шунча жароҳат ва муаммолар билан чорак финал босқичига чиққанимиз мен учун қониқарли натижа ҳисобланади. 

Тез орада ЖЧ саралаши. Терма жамоамиз келажагини ишонса бўладиган ёшлар бизда етарли. Улар ўсиб келишмоқда. Ушбу мусобақада ҳам ёш футболчилар яхши ҳаракат қилишди. Март ойида ФИФА кунлари бўлади. Ушбу ўйинларга тайёргарлик кўрамиз. Мусобақадаги иштирокимиз ёмон чиққани йўқ. Мавжуд имкониятлардан яхши натижа қайд этдик деб ўйлайман. Кимдир қониқмаган бўлса, бу уларнинг муаммоси. Масалан, биринчи ўйинда Сурия билан дуранг қайд этганимизда кўпчилик бизни танқид қилди. Ўзбекистонлик журналистлар ёки яна бошқа шахслар Суриядан осон рақиб ясаб қўйишганди. Биз дурангдан қониқмагандик. Сурия терма жамоаси эса Эрон билан қандай ўйин кўрсатганини барча кўрди. Эронликлар фақатгина пенальтилар сериясидагина ғалаба қозона олишди", - деган эди словениялик мутахассис ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.


Сречко Катанец "Mixed Zone"да ҳам ўзбекистонлик журналистга интерьвю беради, бироқ журналистнинг танқидий саволи жавобсиз қолади

- Жаноб Катанец, биз Осиё Кубогини тарк этдик ва ўртача натижа қайд этдик. Жамоадаги келажагингиз ҳақида нималар дея оласиз? ЖЧ саралаши учун ҳам жамоада қоласизми? Истеъфо ҳақида гап-сўзлар бўлмадими?

- Ҳазиллашаяпсизми?(кулади)



Сречко Катанец ОФК расмий сайтига интервью берди

19.03.2024

"Жаҳон чемпионатининг саралаш учрашувларига ёш, тажрибасиз ва янги футболчиларни жалб этиб, уларни ўйин услубига мослаштириш учун вақт йўқ, чунки бу жуда мураккаб. Бундай муҳим баҳслар олдидан бизни келажакда нималар кутаётганини билишимиз зарур. Узоқ парвозлар ва қисқа вақт давомида етарли даражада машғулот ўтказмаган ҳолда мезбон жамоага қарши баҳс олиб бориш, сўнг парвоз ва бир неча кундан сўнг яна ўйин ўтказиш осон бўлмайди.

Алижонов Осиё кубогигача бизнинг энг яхши футболчиларимиздан бири эди, у охирги бир қанча учрашувларда ажойиб ўйин кўрсатди, сўнг жароҳати сабабли майдонга туша олмади ва ҳозир ҳам таркибда эмас. Шомуродов сафга қайтди, аммо биз унинг жисмоний ҳолатига эътибор қаратишимиз керак

Биз майдонда боримизни беришимиз керак. Ҳонгконг Осиё кубогида муваффаққиятсиз иштирок этган бўлиши мумкин, аммо улар аввалги учрашувларга қараганда янгиланган таркибга эга бўлишлари аниқ. Демак, бу баҳс осон бўлмайди. Футболчиларни ўйинга жиддий ёндашиш кераклигига ишонтириш — менинг вазифам. Ҳа, биз рақибга қараганда устундек кўринишимиз мумкин, лекин учрашувга тайёр бўлмасангиз, футбол сизга кутилмаган сюрпризларни тақдим этиши мумкин. Агар олдиндаги икки ўйинда ғалаба қозонсак, катта эҳтимол билан, кейинги босқич масаласини ижобий ҳал этган бўламиз.

Учинчи йилдирки жамоани қуришда давом этяпмиз. Биз Осиё кубогида энг яхши ҳужумчиси турнирда иштирок этмаган ягона жамоа эдик. Агар Шомуродов сафда бўлганида унинг энг камида 4-5 та гол уришига ишончим комил эди.

Энг катта ўзгариш шуки, жамоа аввалгига қараганда умуман бошқа услубда ўйнамоқда. Мен баъзи футболчиларни масъулиятни ўз зиммасига олишлари кераклигига ишонтирдим. Уларда ўзларига бўлган ишонч руҳи ошган. Шу сабабли, ҳар қандай жамоага қарши баҳсда яратилган имкониятларнинг аксариятидан унумли фойдаланмоқдамиз. Бироқ ҳимоявий ўйин кўрсатадиган жамоаларга қарши муаммоларимиз бор.

Футболчилар мен нимани истаётганимни яхши тушунишади, бу жуда муҳим, чунки улар билан ҳар куни ҳам бирга ишлай олмайман ва миллий жамоага жалб этилганларида, улардан нима талаб қилинаётганини билишлари муваффаққият сари катта қадамдир".



Гонконгга қарши баҳс

20.03.2024

"Биз бу ерга ғалаба қозониш учун келдик. Бир ҳафта давомида ўйинларга яхши тайёргарлик кўриш учун барча ишни қиламиз. Ироқ терма жамоаси мураббийи сифатида аввал Гонконг терма жамоасига қарши баҳс олиб борганмиз. Бироқ бу умуман бошқа даражадаги ўйин эди. Ўшанда рақиб жамоа чуқур ҳимояланган. Ҳозир вазият ўзгарган. Жамоа Осиё кубогида ҳам ёрқин ўйин намойиш этди.

Гонконг Эронга қарши ва гуруҳдаги бошқа учрашувларда бир қанча хавфли ҳужумлар ташкил этди. Бу жамоа қандай қилиб турнирда очко қўлга кирита олмагани ва фақатгина битта гол ургани ҳайратланарли. Футболчиларимга бу ўйинга оддий баҳс сифатида қарамасликларини маслаҳат бераман. Кимдир осон ўйин бўлади дейиши мумкин, бироқ ундай эмас. Гонконг таркибида бир қанча бразилиялик маҳаллийлаштирилган футболчилар бор. Ушбу жамоани ҳурмат қиламиз".

"Биринчи навбатда жамоамни ғалаба билан табрикламоқчиман. Бугун яхши ўйин намойиш этдик ва ажойиб иш бажардик. Учрашувда кўп вазиятлар яратдик, аммо вазиятлардан фойдалана олмадик. Биринчи бўлимнинг ўзидаёқ учта гол уриб, масалани ҳал этишимиз мумкин эди. Иккинчи бўлимда эса рақиб дарвозаси яқинида агрессивроқ ўйнашни бошладик ва иккита гол урдик. Шу билан ўйин масаласи ҳал этилди. Бугунги натижадан кўнглим тўлди.

Осиё кубогидан аввал ҳам ушбу гапни кўп маротаба айтганман. Элдор мен учун энг муҳим ўйинчи. Шомуродов терма жамоада тарихидаги энг яхши тўпурар. У ҳужумда жуда хавфли ва тўпни ўзи билан яхши ушлаб тура олади. Афсуски, Осиё кубогида Элдорсиз ўйнадик. Бироқ у вақт ўтиб кетди ва тарихга айланди. Олдиндаги ўйинлар ҳақида ўйлашимиз керак", - дея фикр билдирди Катанец баҳсдан сўнг.



Сречко Катанец соғлигидаги муаммо сабаб Словенияга учиб кетди

23.11.2024

"Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец соғлиғи билан кутилмаганда юзага келган муаммолар туфайли ўз ватани Словенияга жўнаб кетишга мажбур бўлди", - дея хабар берганди ЎФА матбуот ҳизмати.


Туркманистонга қарши ўйин

05.06.2024

"Жаҳон чемпионатига чиқиш учун мени эмас, футболчиларнинг руҳий-жисмоний ҳолати яхши бўлиши керак. Соғлигим ҳақида тўлиқ айтиб берсам анча вақт керак бўлади. Ўз вақтида организимимни эшитмаганман. Жуда кўп жарроҳлик амалиётларини ўтказганман. Шу сабабли даволанишга тўғри келмоқда. Инсон фақат ҳаста бўлганидан кейингина соғлиғи ҳақида ўйлар экан. Айни пайтда соғлигим анча яхши. Агар учинчи марта терма жамоани соғлигим туфайли тарк этсам бошқа қайтиб келмайман. Ишончим комилки, бу нарса содир бўлмайди. Албатта, U-23 жамоасини кузатиб борамиз. Уларни Олимпиадага йўл олгани билан табриклаб қоламан. Бизда жуда яхши футболчилар авлоди шаклланган. Бу билан манманликка берилмаслик, футболчиларнинг оёғи ердан узилмаслиги лозим. Барчамизнинг руҳий ҳолатимиз Жаҳон чемпионатига чиқишга тайёр бўлишимиз шарт. Бутун миллат Жаҳон чемпионатига чиқишни исташи керак. Нафақат мухлислар балки ОАВ ҳам. Футболчилар буни ҳис қилади. Мен Словения терма жамоасида ишлаганимда буни бошимдан ўтказганман. 

Ўйиндан олдин таркиб ҳақида гапиришни истамайман. Сизга айтишим мумкинки, эртага таркибда катта ва жиддий ўзгаришлар бўлмайди. Янги футболчиларни жалб қилмоқчи экансиз, терма жамоа ўйинини қайтадан тузишингизга тўғри келади. Бу маълум бир вақтни талаб қилади. Ўйинни асосий таркибда бошлаймиз ва иккинчи бўлимда ёшларга имкон берамиз. Айрим футболчилар охирги учрашувини 20 май куни ўтказган. Уларга илк дақиқалардан имкон бериш нотўғри бўлади. Футболчилардан ўйинга жиддий қарашни сўраб қолардим. Оддий хатоларга йўл қўймаслик керак. Охирги маротаба март ойида ўйнаганмиз, мана энди йиғилдик, кейинги учрашувимиз сентябрь ойида ўтказилади. 6 ой давомида терма жамоада 2-3 та ўйин ўтказиш жуда кам. Шу боис асосий таркиб футболчиларига кўпроқ ўйин амалиёти беришимиз лозим".

Футболчиларни ғалаба билан табриклайман. Биринчи таймда кўплаб имкониятлар бўлди, аммо унумли фойдалана олмадик, иккинчи бўлимда эса рақибга босимни давом эттирдик ва керакли натижага эришдик. Ҳозирги кунда барча терма жамоалар бизни ҳурмат қилишади. Умид қиламанки, сентябрь ойида ҳам футболчилар шундай яхши формада бўлишади. 

Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларида ротацияга йўл қўйиб бўлмайди. Гонконг ва Эрон ўртасидаги ўйинни кўрдингизми? Эрон сафида Азмун, Тареми каби етакчилар майдонга тушишди. 10 йилдан буён бирга ўйнаб келаётган футболчилар ўйнашди. Узоқ сафарга бориб, Гонконгга қарши учрашувда асосий футболчилар тўп тепишди. Файзуллаевдан сўраб кўринг, 23 ёшгача терма жамоада ўйнаш қандай ва МТЖда тўп тепиш қандайлигини айтади. Дунё футболида иккинчи таймда майдонга тушган футболчиларнинг натижага ҳиссаси катта бўлмоқда. Бизга Жаҳон чемпионатига чиқиш учун 10 нафар футболчи етмайди, камида 17-18 нафар футболчи керак", - деган эди Катанец Туркманистон мағлуб этилганидан сўнг.



Эронга қарши баҳс

10.06.2024

"Биз эртанги учрашувга тайёрмиз. Эронни яхши биламиз, улар билан кўп бор тўқнаш келганмиз. Осиёнинг энг яхши жамоаларидан бири ҳисобланган Эронга қарши баҳс осон ўтмаслиги аниқ. Футболчиларим ўз даражаларини кўрсатишларига ишонаман. Умид қиламанки, ҳар икки жамоа тоза футбол кўрсатади ва карточкаларсиз ўйин гувоҳи бўламиз. Биз ҳам ўз даражамизга эгамиз, исталган жамоа учун қийин рақибмиз. Бор эътиборимиз ушбу баҳсга қаратилган.

Эронга қарши ғалабасиз серия бу шунчаки статистика холос. Эртанги баҳсда эронлик қайси футболчилар катта саҳнага чиқади буни билмайман. Асосий эътиборим ўз ўйинимизга қаратилган. Жамоамдаги ҳар бир футболчи Тареми ва Азмун сингари футболчиларга қарши нима қилаётганини аниқ билиб туришларини истайман. Албатта, эҳтиёткорликни ҳам ёддан чиқармаслигимиз зарур. Босимни енгиб ўта олган жамоа ғолиб бўлади".

Учрашув яхши ўтди. Натижадан қониқиш ҳосил қилдим. Бугун ҳимояда ишончли ҳаракат қилиб, Эронга имконият қолдирмадик. Иккинчи бўлимда рақиб жамоа томонидан йўлланган зарба дарвоза устунига тегиб қайтгани кўнгилни бироз хотиржам қилди. Умуман олганда, яхши ўйин намойиш этдик ва ҳеч бир футболчи жароҳат олмаганидан хурсандман. Эронга ҳам яхши мезбонлик учун миннатдорчилик билдираман. 

Одатда, ўз майдонимизда ҳужумкорлик кўрсатамиз. Эроннинг 20 та ўйиндан иборат голли серияси тўхтагани бу шунчаки рақамлар, холос.

Беллашувда ғалаба қозониш-қозонмаслигимиз рейтингга таъсир қилади деб ўйламайман. Биз учун ютқазмаслик муҳим эди ва бу борада алоҳида фикр билдирмайман. 

Ўрунов ва Машарипов кўрсатмаларимни яхши бажаришди, улар ҳимояда ҳам жамоадошларига ёрдам беришди. Эрондаги дурангдан кўнглим тўлди", - деди Катанец Эронга қарши ўйиндан сўнг.



ЖЧ-2026 учинчи саралаш босқичига қуръа ташланди

27.06.2024

"Кучли жамоалардан иборат яхши гуруҳ шаклланди. Энг асосийси, биз узоқ сафарларни амалга оширмаймиз. Бундай терма жамоалар бизнинг гуруҳга тушмагани ва Қирғиз Республикаси биз билан бир гуруҳдан жой олгани яхши бўлди, чунки бизга яқин мамлакат, узоқ сафар қилмаймиз. 

Нима бўлишидан қатъи назар ЖЧга чиқиш ҳар бир футболчи учун ўзига хос мотивация. Йигитлар ҳозирдан илк учрашувга тайёргарликни бошлашлари керак", - дея фикр билдирди терма жамоамиз устози қуръа натижалари ҳақида.



24.08.2024

ЖЧ-2026 учинчи саралаш босқичи стартидан аввал Сречко Катанец Championat.asia сайтига катта интервью берди. Ушбу интервью Сречко Катанецнинг Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи лавомизидаги маҳаллий ОАВларга берган ягона интервью бўлиб қолди.





КХДРга қарши ўйин

04.09.2024

"Терма жамоамизда ҳозирча барчаси яхши, футболчилар соғлом. Ўйинчиларимиз эртанги баҳсга юз фоиз тайёр. Футболчилар эътиборини бир жойга жамлашган ва бу мени хурсанд қилмоқда. Эртага албатта ғалаба қозонишни мақсад қилганмиз.

КХДР ва бизнинг ўртамизда фарқ шундаки, КХДР терма жамоаси йиғин ташкил эта олди ва ўртоқлик ўйинларини ўтказди. Биз уч йилдан бери биргамиз ва барча футболчилар нимани мақсад қилганимизни жуда яхши билишади. Футболчилар терма жамоа ихтиёрига бир хил ҳолатда етиб келгани йўқ, қайсидир футболчилар кўпроқ ўйнамоқда, қайсидир футболчи эса камроқ. Ўйинчилар душанба куни терма жамоа билан шуғулланишни бошлади. Иккита машғулот ўтказдик, бугун расмий машғулотда иштирок этамиз ва эртага ўйин, лекин футболчилар нима қилишни жуда яхши билишади. Шунингдек, жуда кўп хоҳиш ҳам яхши оқибатларга олиб келмайди. Бу шунчаки ортиқча босим холос. Мотивациянинг кўпайиб кетиши ёки умуман бўлмаслиги ҳам ёмон. Ўз ишимизни бажаришда давом этишимиз керак, КХДР ҳам бекорга сўнгги босқичга қадар етиб келмаган".

"Тўғри, бугун яхши ўйин намойиш эта олмаган бўлсак ҳам, ғалаба қозондик. Лекин барча ўйинларда мана шундай ўйнаб бўлса ҳам, ғалаба қозона олсак мен рози бўлардим. Чунки натижа энг муҳими. Мен бу томонлама мамнунман. Биз гол ура олдик ва КХДР эса йўқ. Биз ўзимиз аҳмоқона пенальти олиб келдик ва рақиб бундан унумли фойдалана олмади. КХДР кейинги ўйинларда рақибларга муаммолар туғдиради деб ўйлайман.

Албатта майдон ҳолати яхши эмас. Лекин бизнинг асосий муаммо - футболчиларнинг жисмоний ҳолати бўлди. Футболчилар душанба куни жамоамизга қўшилишди. КХДР эса бир неча ўртоқлик ўйини ҳам ўтказишга улгурди. Улар аскарлардек ҳаракат қилишди. Умид қиламанки, кейинги ўйинларгача ҳали вақт бор ва барчаси жойига тушиб кетади.

Айтиб ўтганимдек, бугун етарлича имкониятларга эга бўлдик. Биз тўрт нафар ҳимоячи билан ўйнаш рақибга етарлича имкониятлар яратиши мумкин эди. Бугун марказдаги ўйинчиларимиз кўпроқ креатив ҳаракат қилишлари талаб этиларди. Шунингдек, қанот футболчиларимиздан ҳам фаоллик талаб қилинарди. Агар булар амалга ошса, бизда барчаси яхши бўлади. Бу терма жамоага паст назар билан қараш керак эмас. Улар Японияга минимал ҳисобда мағлуб бўлишди. 

Савол тўғри бўлди. Бизнинг асосий вазифамиз - томошабоп ўйин эмас, ЖЧга чиқиш. Мақсадимиз натижа. Аввалги циклларда Ўзбекистон чиройли ва томошабоп ўйин кўрсатганди. Лекин ЖЧга чиқа олмаган. Бизга жаҳон чемпионати керак.

Биз иккита машғулот қиламиз. Иккитагина машғулот билан қандай қилиб қўшамиз? Имкони бор деб ўйлайсизми? Биз аввал Қирғизистонни ютишимиз керак. Кейин эса Эрон ва Қатар бор.

Афсуски кўплаб имкониятлар яратган бўлсак-да, бундан фойдалана олмадик. Агар очколарни максимал тўплай олсак, тўплар нисбати катта аҳамиятга эга бўлмайди", - деган эди Катанец КХДРга қарши учрашувдан сўнг.



Қирғизистонга қарши ўйин

09.09.2024

Тайёргарлигимиз ҳар доимгидай ўтди. Эртанги учрашувга тайёрмиз. Майдон ҳолати қандай эканлигидан хабарим йўқ. Афсуски, майдон табиий қопламали эмас. Бундай ҳолат билан олдин ҳам тўқнаш келганмиз. Биз ўз мақсадимизни биламиз – Жаҳон чемпионатига чиқишни хоҳлаймиз. Илиқ кутиб олганингиз учун катта раҳмат ва айниқса, миллий қалпоқча учун.

Аввалроқ айтиб ўтганимдек, биз ҳақиқий "аскарлар"га қарши ўйнадик. Уларнинг жисмоний ҳолати шунчаки ажойиб эди. Ўйиндан кейин видеотаҳлилни кўрганимда, биз ёмон жисмоний ҳолатда бўлмаган эканлигимизни кўрдим. Етарлича вазиятлар ҳам яратгандик, фақат улардан фойдалана олмадик. Аҳволимиз бунчалик ёмон эмас. Фақатгина вазиятлардан фойдаланишимиз керак эди холос.

Биз ўз сифатимизни намойиш этишимиз керак. Ғалаба қозонишга мажбурмиз. Мен терма жамоада ишлаётган вақтимдан бери футболчиларга "йигитлар кечирасиз, биз эртага ғалаба қозонишимиз керак эмас", демаганман. Ҳеч қайси мураббий бундай демаса керак. Ҳар бир учрашувнинг ўз тарихи бор. Биз ақлли ўйин намойиш этишимиз керак, рақибдан кучлироқмиз деб хоҳлаган ишимизни қилиш керак эмас. Сабаби ҳар бир жамоа бизни жазолаб қўйиши мумкин. Фақат югураверишнинг фойдаси йўқ, ақлни ҳам ишлатиш керак. Ўз ўйинимизни намойиш эта олсак, эртага барчаси яхши якун топишига ишонаман. Эртага уч очко учун майдонга чиқамиз".

"Футболчиларим намойиш этган ўйиндан қониқдим ва муҳими биз ғалаба қозондик. Бундай "сюрприз" голларни ўтказиб юборишимиз яхши эмас, бундай голлар рақиб жамоага совға бўлади. Тўғри, биз биринчи бўлиб гол ўтказиб юбордик, аммо дарҳол жавоб қайтара олдик. Айниқса, Шомуродов ўз голи билан жуда тез жавоб қайтарди. Ғалабага лойиқ эдик деб ўйлайман. Дастлабки икки учрашувда максимал натижа қайд этдик ва кейинги учрашувларни катта иштиёқ билан кутмоқдамиз.

Ўйин аввалида кераксиз хатоларга йўл қўйдик. Бунга нима сабаб бўлганини билмадим, балки майдон ҳолатидир ёки бошқа бир сабаб. Бугун рақибга кўп маротаба "совға" улашдик, кераксиз вазиятларда оддий хатоларга йўл қўйдик. Бу босқичда хатоларга йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ. Концентрацияни йўқотганимиз асосий муаммо бўлди. Эътиборли бўлмасак, ҳар қандай жамоа бизни жазолаб қўйиши мумкин", - деганди Сречко Катанец Қирғиз Республикаси терма жамоаси сафарда мағлуб этилганидан сўнг.



Қирғизистонга қарши ўйиндан сўнг ўзаро суҳбатда

"Асосий таркибимиздаги беш нафар футболчи, айни дамда ўз клубларида ўйин амалиётисиз қолиб кетяпти. Бу вазиятни ўнглаб олиш учун яна бир ой вақтимиз бор. Абдуқодир Ҳусановнинг ҳам сафга қайтишини кутяпмиз. Кейинги ФИФА кунларида жисмоний ҳолатимизни янада яхшилаб олишимиз керак. Жисмоний ҳолатимиз яхшиланиши руҳий томонлама тайёргарлик ва концентрацияга боғлиқ. Биз ўзимизнинг тўлиқ маҳоратимизни намойиш этмай туриб, уч очкони қўлга киритдик. Қандай ҳолатда бўлишимиздан қатъий назар, биз ғалаба қозонишга ва очколар жамғариб боришга мажбурмиз.

Футболчилар ҳар доим ҳам бир зонага жавобгар бўлавермайди. Ҳар доим ҳам бир жойга туриб ўйнашнинг иложи йўқ. Футболчилар майдондаги тўлиқ эркинликка эга ва улар майдонда ўзи истаган ҳаракатларни бажаришлари мумкин. Улар "робот" эмас-ку. Футболчи хоҳлаган қанотда ўйнаши мумкин. Биз биринчи бўлимда жуда ажойиб ўйин намойиш этдик, аммо рақиб дарвозабони шунчаки "даҳшатли" ўйнаб юборди ва ўз жамоасини учта голдан сақлаб қолди. Ягона муаммо - биз гол ўтказиб юборганимиз. Тўп назорати бизда эди, рақиб эса қарши ҳужумда гол урди. Бугунги ўйинимиздан жуда хурсандман".


07.10.2024

Сречко Катанец учинчи маротаба терма жамоа йиғинларига кела олмайдиган бўлди

"Бош мураббийимиз Сречко Катанец саломатлиги ёмонлашгани сабабли шифокорлар тавсиясига кўра ушбу йиғинда қатнаша олмайди. Иккита учрашувга жамоамизни ёрдамчи мураббийлар Алеиш Чех ҳамда Владо Радманович тайёрлашади. Сречко Катанецга саломатлик тилаймиз", – дейилади ЎФА хабарида.

Айнан шу ноутбук орқали терма жамоа мураббийлар штаби Сречко Катанец билан алоқада бўлиб туришганди.



Қатарга қарши баҳс

14.11.2023

"Биринчи бўлимда йўқ жойдан иккита гол ўтказиб юбордик. Кейин ўзимизни ўнглаб иккита гол урдик. Бу футбол, биз охирида гол ўтказиб мағлубиятга учрадик.

Қандай қилиб сўнгги дақиқада оддий гол ўтказдик, буни билмайман. Анча пайтдан бери мағлубиятга учрамаётган эдик, шунинг учун бу мухлислар учун оғир. Олдимизда яна 5 та ўйин бор.

Мен футболчиларга ҳимояланинг демадим. Билмайман нима учун бундай бўлади, бошқа ўйинларда ҳам кўрсангиз ҳам шундай воқеаларни кўрасиз. Бу саволга дунёнинг энг кучли муарббийлар ҳам тушунтира олмайдилар. Бундай вазиятда футболчилар дуранг натижа қониқарли бўлади деб ўйлашади", - деган эди Катанец Қатардан учралган аламли мағлубиятдан сўнг.



КХДРга қарши ўйин

18.11.2024

"Айтиш мумкинки, биринчи учрашувдан сўнг бизда тайёргарлик учун етарлича вақт бўлди. 4 кун ичида футболчиларнинг барчаси тайёргарликни давом эттиришди. Фақат майдон масаласида муаммога учрадик, майдон ҳолати яхши эмасди. Шунга қарамай, эртага бизни муҳим баҳс кутиб турибди. Биз ижобий натижа учун қўлимиздан келган барча ишни амалга оширамиз.

Саралаш доирасидаги барча 10 та учрашувни йўқотишларсиз ўтказишнинг иложи йўқ. Эртага майдонга тушадиган футболчилар ўзини кўрсатиш вақти келди деб ўйлайман. Улар бу имкониятдан унумли фойдаланишлари керак".

"Биринчи бўлимни яхши ўтказдик, рақибда имконият бўлмади. Иккинчи бўлимда Бобир Абдихолиқов вазиятдан фойдаланганида ўйин енгил кечиши мумкин эди. Ҳимояланаётган вақтда жарима майдончаси ичида тўп қўлга тегиши бўлиб туради. Бахтимизга Ўткир Юсупов пенальтини қайтарди ва биз ўзимизга керакли натижани қайд эта олдик.

90 дақиқа бир хил ўйнайдиган жамоаларни топиш қийин бўлса керак, балки 1-2 та топ жамоаларни инобатга олмаса. Бугун қийин шароитда ўйнадик. Юқори намлик, вақтдаги фарқлар. Қатарга қарши ўйинда охирги сонияларда ўтказиб юборилган гол футболчиларни руҳиятига таъсир қилмасдан қолмасди. Шунга қарамай, йигитлар ўзига келишга муваффақ бўлди. Тан олиш керак бугун айрим етакчи футболчиларсиз келдик. Уларнинг ўрнига тушганлар жуда яхши ўйин кўрсата олишди. ОФКга мурожаат қилмоқчи эдим. Бундай майдонда ўйнаш футболчиларнинг соғлиғи учун хавфли. Машғулот майдонимиз бундан ҳам ёмон ҳолатда эди. Бу ердаги ташкилий қўмитага эътирозим йўқ, фақат майдонни гапирдим.

Мен ўз ишимни қиляпман. Футболчиларга қўллаб-қувватлаш учун раҳмат айтаман. Қатар билан ўйиндан сўнг яхши вазиятда эмасдик. Олдинги мураббий алмашинувларига келсак, билмайман. Буни раҳбарият билади. Ҳозирги ҳолатимизга келсак, мавжуд 6 та ўйин ичидан 18 очконинг 13 тасини тўплашга муваффақ бўлдик. Бизни яна 4 та ўйин кутмоқда. Энди кейинги 12 очко учун ҳаракат қилишимиз керак. Футболчиларга доим кураш охиригача бўлишини айтаман. Эртароқ ҳал қиламиз деган руҳият бўлмаслиги керак. Албатта, мундиал йўлланмасини эрта қўлга киритсак яхши бўларди. Аммо биз охиригача курашишга тайёрмиз. 10 та ўйинни ютиш осон эмас, айниқса муҳим футболчилар иштирок эта олмаса", - деган эди Сречко Катанец КХДРга сафарда мағлуб этилганидан кейин.


20.01.2025

Катанец терма жамоамизнинг навбатдаги йиғинида ҳам иштирок эта олмайди

"Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида навбатдаги ўқув-машғулот йиғинларига киришади. Бош мураббий Сречко Катанец саломатлиги ёмонлашгани сабабли шифокорлар тавсиясига кўра ушбу йиғинда қатнаша олмайди. Йиғин давомида жамоамиз билан ёрдамчи мураббийлар Алеш Чех ҳамда Владо Радманович иш олиб боришади. Сречко Катанецга саломатлик тилаймиз",- дейилади ЎФА матбуот хизмати эълон қилган хабарда.



22.01.2025

Сречко Катанец Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи лавозимини тарк этди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан тузилган шартномани ўзаро розилик билан бекор қилишга қарор қилди.

Словениялик мураббий ўз мурожаатида ҳозирги ҳолатида вазифаларини тўлақонли, профессионал тарзда бажара олмаслигини афсус билан қайд этди. Доимий қўллаб-қувватлагани ва самарали ҳамкорлик учун ассоциацияга ўз миннатдорчилигини билдирди. Терма жамоамизга Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида омад тилади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон футбол ассоциацияси Сречко Катанецга терма жамоамиз бошқарувидаги меҳнатлари учун миннатдорчилик билдиради. Саломатлигини тиклаб, мураббийлик фаолиятини муваффақиятли давом эттиришини тилайди.

ЎФА ҳамда Сречко Катанец ўртасидаги шартнома ўзаро дўстона муносабатларни сақлаган ҳолда бекор қилинди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий терма жамоамиз бош мураббийи лавозимига муносиб номзод тайинлаш борасида иш олиб бормоқда.


Хулоса

Сречко Катанец терма жамоамизни деярли уч ярим йил давомида бошқариб келди. Словениялик мураббий қўл остида терма жамоамиз 42та баҳсда иштирок этиб, 26та учрашувда ғалаба қозонди, 8та баҳсда дуранг қайд этди ва 8 маротаба мағлуб бўлди. Катанец ҳозирги кунгача терма жамоамизни энг узоқ муддат бошқарган бош мураббийга айланди. Ғалабалар сони бўйича рекордни ҳам ушбу мураббий янгилади. Агар Катанецнинг соғлиқ билан муаммолари бўлмаганида, мутахассис ўз лавозимида қолиши деярли аниқ эди.

Катанец терма жамоамизни ЖЧ-2022 саралашидаги муваффақиятсизликдан сўнг қабул қилди ва икки йилдан ортиқ вақт давомида расмий учрашувларда жиддий рақиблар билан тўқнаш келмади ва катта мусобақаларда иштирок этмади, аммо ўртоқлик учрашувларида Камерун, Коста-Рика, АҚШ ва Мекскика каби жаҳон биринчиликларида мунтазам иштирок этиб келадиган жамоалар билан баҳслашдик. Мексикага қарши дуранг ва Камерун устидан қозонилган ғалабалар, Катанец давридаги энг ёрқин лаҳзалар бўлиб қолиши аниқ.


2024 йилнинг бошида терма жамоамиз Осиё Кубогида иштирок этди. Пандемия туфайли яна бир йилга сурилган мусобақада терма жамоамиз чорак финалга қадар етиб борди. Австралия, Сурия ва Ҳиндистон билан бир гуруҳдан жой олган терма жамоамиз, гуруҳ босқичида беш очко тўплади ва гуруҳда иккинчи ўринни банд этган ҳолда плей-офф баҳсларига йўл олди. Нимчорак финалда Таиландни 2:1 ҳисобида мағлуб этган бўлсак, чорак финалда мезбон Қатарга пенальтилар сериясида мағлуб бўлдик. Терма жамоамиз Осиё Кубогида яхши иштирок этди, аммо янги натижа қайд этилгани йўқ, биз ҳар доим етиб борган ва кўпчилик биздан кутган босқичга қадар иштирок этдик, аммо Осиё Кубоги аввалидан терма жамоамизнинг асосий футболчиси Элдор Шомуродов жиддий жароҳат олди ва қитъа биринчилигини ўтказиб юборди. Мусобақадан олдин ўтказилган Фаластинга қарши назорат учрашувида эса Ҳусниддин Алиқулов жароҳатланди. Мусобақа давомида Шерзод Насруллаев, Ҳожиакбар Алижонов ва Игорь Сергеевлар сафдан чиқишди.

Жароҳатларни ҳисобга олган ҳолда терма жамоамиз ёмон иштирок этмади, бироқ шу ҳолатда ҳам биз Қатарни мағлуб эта олар эдик, назаримда. Аслида тўқнаш келган рақибимиздан кучлироқ эканлигимизни исботлай олмадикми? Демак, бу ёмон иштирок.

Жаноб Катанец Қатарга қарши учрашувдан кейин шундай деганди:

"Биз ажойиб мусобақа ўтказдик. Биз дуч келган барча муаммоларни ҳисобга олган ҳолда шундай деяпман. Менинг фикримча, биз Қатардан устунроқ эдик. Ҳужумчисиз бўлса ҳам кўпроқ вазиятлар яратдик. Пенальтилар эса умуман бошқа масала"


ЖЧ саралаши иккинчи босқичини анча муваффақиятли ўтказдик ва 14 очко билан иккинчи ўринни банд этдик. Пешқадам бўлган Эрон ҳам 14 очко билан кифояланди. Иккинчи саралаш босқичидаги энг ёрқин баҳс эса, Тошкентда ўтган Эронга қарши ўйин бўлди. Биринчи бўлимдан сўнг 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраётган "оқ бўрилар" танаффусдан сўнг Остон Урунов ва Игорь Сергеевларнинг голларига эвазига ҳисобни тенглаштиришди ва дуранг қайд этишди. Айнан ушбу ўйин, келажак авлоддаги мухлислар учун Сречко Катанец давридаги энг яхши ўйинлардан бири бўлиб қолади.

Словениялик мутахассис яхши натижалар қайд этганига қарамай, кўп хатоларга йўл қўйди ва анча консерватив мураббий эканлигини кўрсатиб қўйди. Муҳим мусобақаларга палласи яқинлашиб бориши билан терма жамоамиз таркиби умуман ўзгармайдиган бўлиб қолди. Бош мураббий янги номзодларга мурожаат этмади ва муаммонинг альтернатив ечимини қидирмади. Шу сабабли, Осиё Кубогида Шомуродовсиз қолиб кетган терма жамоамиз якунда мухлисларга керакли бўлган натижани қайд эта олмади. Сўнгги икки йил давомида терма жамоамизда деярли ротацияга қўл урмади. Истисно сифатида кетма-кет икки йилдан буён юртимизда "Энг яхши футболчи" деб тан олинаётган Аббосбек Файзуллаев ва яқинда "Манчестер Сити"га кўчиб ўтган Абдуқодир Ҳусановларни кўрсатишимиз мумкин. Бу икки иқтидорли футболчи қисқа вақт ичида терма жамоамизнинг асосий футболчиларига айланиб олишди. Катанецнинг ўйин услуби ОАВ вакиллари томонидан кўп маротаба танқид қилинди, бош мураббий эса аввалдан ОАВ билан мулоқот қилишни хўш кўрмаслигини айтди.


Сречко Катанец терма жамоамизни муваффақиятли тарзда бошқарди, бир нечта рекордлар ва мағлубиятсиз сериялар қайд этди, лекин Катанецга берилган вақт ва "ишонч кредити" бунга қадар терма жамоамизни бошқарган ҳеч қайси мураббийда бўлмаган. Бундай имкониятлар ҳеч қайси мураббийга яратиб берилмаган.

Рейтинг: -4   

Фикрлар

+13   
29 янв 17:59:14
Ózga sayyoralik
Õzbekistonni ILK MARTA Jahon chempionatiga õzimizni murabbiy olib chiqqan degan nomni tarixda qoldirish uchun Srechko Katanesni bir amallab oxiri "oyoğidan chalishdi"!

ÕZ BEK mizda baribir!)))
+11   
29 янв 17:56:48
Azamat Turgunov
Babayan paytida qattedi shunaqa “krisa” maqolalar? Duxlaringa sanlani erke boʻp tugʻilishtan erke boʻlp yashash qiyn…
+10   
29 янв 19:24:00
Futbol Uchun
Кеча Иордания билан Ўзбекистонни ўйинини кўриб яна ўша эски тактикага қайтгандай бўлиб ачиниб кетдим.Копадзе инсон сифатида ҳурмат қиламан,лекин мураббийликда озгина тажриба тўплаш керак деб ўйлайман.Эрон,араб тж жамоалари мураббий ва ўйинчилари ҳар сафар Ўзбекистон тж билан ўйиндан олдин бир хил интервю берар эди"Биз Ўзбекистонни қандай қилиб мағлуб этишни биламиз" деб чунки ҳар доим совет тизимидан қолган эски тактика билан ўйнар эдик буни Осиёда ёдлаб олишган.ТЖмизни 70 минут хужумларига яхшилаб химояланиб туришса бас кейин ўйинчилар чарчаб бирин кетин голлар ўтказиб берар эдик,яъни кучни 90 минут бир хил тақсимлай олмас эдик.Бунга мисол Абрамов Олимпиадага чиқиш арафасида 2:0 дан 2:3 га ютказишимиз,Саудияга ЖЧ саралашда 2:1 ютаётиб сўнги минутларда 2:3 ютказишимиз,Эрон хар доим сўнги минутларда гол уриб ютар эди,Копадзе Осиё чемпионатида Олимпиада йўлланмаси учун Индонезия билан хам худди шундай ютказар эдик лекин голни хакам хисобламай бизга куч бериб ютиб олдик бежизга уларни Кореялик тренери мен Ўзбекистонга ютказмаганман бу сафар хам ютаман деб айтмаган эди.Кейин барибир шу тактика финалда Япония билан панд берди яна ўша сўнги минутларда чарчаб хатога йўл қўйдик.Катанец бошқарганда Эрон хам бошқа жамоалар хам ўз интервюларида ТЖ га хурмат билан муносабат қила бошлади.Чунки биз исталган вакт кэмбеклар қила бошладик,қайси мураббий билан шунақа кэмбеклар кила олаётган эдик охиргиу 30 йилда бўлганми бунақаси.Катанец шунча харакат қилди яна 2-3 ой бошқариб беришни сўраса хеч йўқ расмий ўйинларга келиб бўлса ҳам менимча йўқ демас эди деб ўйлайман.
+9   
29 янв 18:47:17
FC_BARCELONA_UZ
Sarlavhadan bir tiyinga qimmat maqola deb o'yladim. O'qib vaqt ketkazib ham o'tirmadim, ichida asosan negativ narsalar bo'lsa kerak. Boshqa hech qaysi murabbiy bunaqa ishlamagandi, shundan ham faqat kamchilik topishga harakat qiladi biznikilar, o'zbekda axir.
+9   
29 янв 18:15:32
JORJ BEST
Хозирги ривожланган медиа асрида хамма маълумотларни бир зумда топиш мумкин. Журналистикка тараккиёти юксак даражада, аммо факат бизда журналистика ривожланмаган булса керак. Балки, бу хам футболимиз ривожланмаслигига бир сабадир. Бунга цензура сабаб деб айтиш мумкин, лекин довюрак журналистлар, хакикатни айтишдан куркмайдиган журналистлар етишмаслиги бор гап. Мана ОК 2024 дан буён Катанец аёвсиз танкид килинди.. Бу танкидлар тугри ёки нотугри эканлигини жужа саналадиган вактда биламиз. Масаланинг бошка томони бор нимага хозирги "мард" журналистларимиз Б_а_б_я_н давридаги "супер" футболимизни танкид килишмади, ахир у футболни Катанец футболидан канчалик даражада паст эканлигини куриш учун мутахасис булиш шарт эмас. Айтмокчи булганим, хурматли журналистлар, доимо ким булишидан катий назар шунака критик була оласизларми, хар холда эртага Худо курсатмасин ЖЧга чика олмасак, Кападзени танкид килиш сизларнинг зиммангизда булади. Мана шу сайтдагилар Катанецни кандай танкид килганлигизни уша пайт сизларга аник эслатишади.
+8   
29 янв 19:42:03
navbarcelona
Хуллас энди камбекларга ишонаётган эдик. Натижа бор эди. Болларни психалогик тайёрлаш зўр эди ютқазаётганда хам шахт билан ўйнашни ўргатилаётганди.
Бу ёғига яна битта гол етмади беб ўтирмасак бўлди. Катанецга соғлик тилайман.
+7   
29 янв 18:50:05
Xscreen
Уз фикримда коламан, "отлар кечувда алмашилмайди" жаноб Катанесга охиригача имкон бериш керак эди, афсус!? Олдин хам деярли худди шундай хатолар булганди ва яна худди шу хато кайтарилди! Энг ачинарлиси бу хатони хайбаракаллачилари ичида туппа тузук журналистларимиз ва баъзи, футболни яхши тушинмайдиган ёш мухлисларни булганлиги эди!
+7   
29 янв 18:00:55
Buxoro Bexruz
Katanes yaxshi murabbiy edi afsus. Endi JCH ham armon boʻlib qolmasa edi. Manimcha Kapadze oʻrniga Katanesni yordamchi murabbiyini bosh murabbiy qilib tayinlash kerak edi.
+6   
29 янв 20:59:26
From Earth
Админлар бўлдида энди, Бабаян даврида аҳилликдан насихат қилардиларинг. Купер келиши билан кавлашни бошладиларинг. Катанецниям кавлайвериб жўнатдиларинг, энди ишдан бўшасаям сизлардан қутулмасин.
+6   
29 янв 20:23:13
AYYUBIY Teca
Kasal katanets kapadzeni ulsa uligi ortiq
+6   
29 янв 17:59:13
Muxlis
Катанец яхши мураббий. Шифо берсин, тузалсин. Шундай мураббийлар келиши кўпайсин Узбекистон командаларига
+5   
29 янв 23:24:57
Tulkin Alimov
Катанец мураббийлиги пайтида футболчиларимиз ҳеч бир рақибдан чўчимай ўйнай олди, унгача кучлироқ рақиб тушса ойоғи қалтирарди футболчиларимизни.
Катанец футболчиларимизга, хатто янги қўшилган ёшларгаям ўзларини профессионал футболчи эканлигига ишонтиролди.
+5   
29 янв 19:43:29
Музаффар Махмудов
Xscreen фойдаланувчининг фикрига жавоб бериш
Уз фикримда коламан, "отлар кечувда алмашилмайди" жаноб Катанесга охиригача имкон бериш керак эди, афсус!? Олдин хам деярли худди шундай хатолар булганди ва яна худди шу хато кайтарилди! Энг ачинарлиси бу хатони хайбаракаллачилари ичида туппа тузук журналистларимиз ва баъзи, футболни яхши тушинмайдиган ёш мухлисларни булганлиги эди!
Отлар алмашгандаям қпнақасига алмаштирилди денг, отни хачирга алмаштиришди
+5   
29 янв 19:01:54
Shurchidan
https://youtu.be/fcwbjMKs9vM?si=34vr9YoWOW37z1ct
Videoda ko‘rsa bo‘ladi Katanesga bemani savollar va bosim qilish avval boshdan bo‘gan.
+5   
29 янв 18:31:00
sqardor raxmonov
Катанец туғрисида бундай мақола ёзган ва ёзадиган журналистлар шунақа нарсаларни ҳамамиз учун ҳурматли бўлган жаноб Бабаян тўғрисида ҳам ёза оласиларми?
championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика