Насим Шойимов: "Ўзбек футболида пасайиш кузатилмоқда"
09 фев 2020 18:32
Янгиликлар
Насим Шойимов: "Ўзбек футболида пасайиш кузатилмоқда"
- Бугунги кунда Насим Шойимов қаерда ва нима ишлар билан машғул?
- Ҳозирги кунда мен Қашқадарё вилояти болалар ўсмирлар футбол академиясида спорт ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқдаман.
- Футболга кириб келишингиз ҳақида айтиб берсангиз...
- Футболга кириб келишимга отам сабабчи бўлганлар, у киши ўзлари шифокор бўлишларига қарамай дастлаб "Медик" , кейинчалик "Ветеран" деган жамоа тузган эдилар. Биласизми, мен шу жамоаларга тўп олиб келиб бериш билан шуғулланардим. Болалигимда мактаблар ўртасида футбол мусобақалари ташкил этиларди. Айнан мана шу мусобақада машҳур мураббий Вагиз Барисович олдимга келиб, мени ўз жамоасига таклиф қилган. Бу мураббий билан 3 ой давомида шуғулландим, кейинчалик у мени Абдураҳмон Юмангуловга топширди. Шу тариқа катта футболга кириб келдим.
- Профессионал футболдаги фаолиятингиз қандай бошланган?
- Профессионал футболдаги фаолиятим 1996 йилда "Динамо" - "Насаф" учрашувида бошланган. Олий лигада ўйнаб кетишимга мураббий Усмон Тошевнинг ҳиссаси жуда катта. Айнан Усмон Тошев мани "Бухоро" жамоасига таклиф қилган.
- "Нефтчи"га ўтишингиз қандай содир бўлган?
- "Бухоро"да ўйнаб юрган вақтларим Фарғонада "Цементчи"га қарши ўйин ўтказгандик. Ўша ўйиндан кейин менга "Нефтчи" бош мураббийи Юрий Саркисян қизиқаётганлигини айтишди. Мен ўз навбатида таклифни қабул қилдим ва "Нефтчи" сафига қўшилдим.
- "Нефтчи" жамоаси сафида ўтган йилларингиз ҳақида нималарни айта оласиз?
- "Нефтчи"даги фаолиятим билан боғлиқ хотиралар ҳамиша қалбимда қолади. Футболчилик фаолиятимдаги энг ёрқин даврим айнан шу жамоа сафида ўйнаган йилларим бўлган. Ўзбекистоннинг беш карра чемпиони - "Нефтчи" жамоаси мухлислари билан дўстона муносабатларни сақлаб қолганмиз.
- Бир кун келиб сизга"Нефтчи"ни бошқариш таклифи тушса, буни қандай қабул қилардингиз?
- Шахсан мени "Нефтчи"ни бошқаришга тажрибам озлик қилиши мумкин. Ўзининг шонли тарихига эга бўлган бу каби буюк жамоани бошқариш кишига жуда катта масъулиятни юклайди, мен бунга тайёр эмасман.
- Сизнинг футболчилик даврингиз билан айнан ҳозирги футболда кандай фарқ бор деб ўйлайсиз?
- Менинг футболчилик давримда индивидуал ҳаракатларга эга футболчилар сони кўп бўлар эди. Ҳозирги футболда жамоавий ва тактик услубларга кўпроя эътибор берилмоқда.
- Ўзбек футболи ҳақида нималарни айта оласиз?
- Фикримча, ўзбек футболида бироз пасайиш кузатилмоқда. Бу вақтинчалик холат, лекин болалар футболини тизимли тарзда йўлга қўймас эканмиз, доим бир қадам қолганда қоқилиб юраверамиз.
Абдулазиз Абдувоҳидов сухбатлашди
Фикрлар