Мутолаа учун. "Салернитана" мураббийини истеъфодан 48 соат ўтиб яна қайтаришди. У кетишни умуман хоҳламаганди
20 янв 2023 16:47
Янгиликлар
Мутолаа учун. "Салернитана" мураббийини истеъфодан 48 соат ўтиб яна қайтаришди. У кетишни умуман хоҳламаганди
"У бор кучи билан президентдан қарорни қайта кўриб чиқишни сўради"
"Салернитана" 15 январда "Аталанта"дан 2:8 ҳисобида мағлубиятга учради. Жамоа олтита ўйиндан бери ғалаба қозонмади, шу сабабли бош мураббий Давиде Николанинг истеъфоси ҳайрон қолдирмади. Икки кундан сўнг эса мухлислар даҳшатга тушишди: Николани қайтаринг!
Ҳа, "Салернтина" ҳатто янги мураббий изламади ҳам. Ҳозир нега бундай бўлганини айтиб берамиз.
Никола "бор кучи билан президентдан қарорни қайта кўриб чиқишни сўради"
Йирик мағлубиятдан сўнг "Салернитана" президенти Данило Иерволино мураббийга қўнғироқ қилди ва истеъфо сабабини айтди. Никола уларни қабул қилди, аммо жамоадан кетишни умуман хоҳламади. Ва қатъият билан Иерволинодан қарорни бекор қилишни сўради.
"Ушбу аламли мағлубият учун жавобгарликни ўз бўйнимга олдим. Сабаби мен бу жамоага, уни ташкил этаётган инсонларга ва унинг ортида турган буюк жамиятга ишонаман. Мен бор кучим билан президентдан қарорни қайта кўриб чиқишни сўрадим, бу яхши тушунадиган ва бошқа футбол қуришни хоҳлайдиган инсон қалбини торларига тегишини биламан. Сабаби Салернони севаман ва бу лойиҳага шунчаки ишонаман.
Булар мен ажрашишни хоҳламайдиган инсонларим, президентга эса қўнғироқ қилгани учун миннатдорчилик билдираман. Бу юракдан ўйналаётган футбол эканлиги кўриниб турибди. Мен эса унга бунинг учун бор кучим ва иштиёқим билан ишончли жавоб бермоқчиман. Морган Де Санктис бошчилигидаги спорт раҳбариятига ўртадаги алоқа учун миннатдорчилик билдирмоқчиман, уларсиз бу операцияни амалга ошириш имконсиз эди, бизни мақсадларимизга эришиш учун машаққатли бир ҳафта кутиб турибди", – деб ёзди Никола ижтимоий тармоқда.
Иерволино суҳбатдан деталларни қўшимча қилди. "Мураббийнинг тезда ўз жамоаси билан ишга қайтишга тайёрлигини эшитдим. Мураббий менга шаҳар, мухлислар ва жамоага бериши мумкин бўлган муҳим нарсаларни айтди. Агар сен инсонни йўқотмасанг, ҳеч қачон уни қанчалик кучли соғинишингни билмайсан. Мураббийнинг гаплари ҳақида кўп ўйладим ва клуб ва футболчилар манфаати учун унга яна бир имкон беришга қарор қилдим", – деб тушунтирди клуб президенти.
Босс Николадан нафақат элитада жой сақлаб қолиш (тушиб кетиш ҳудудигача 9 очко), балки фаол тарзда ёшларни ҳам қўшишни талаб қилади: "Ёш футболчиларни ишлатган ҳолда яхши футбол кўрсатиш ва шу билан бирга, турнир жадвалида кўтарилиш керак".
Никола – профессионал қутқарувчи мураббий. Уч йил ичида учта аутсайдерни сақлаб қолган
Давиде "Салернитана"ни 2021/22 йилги мавсум февраль ойининг ўрталарида қабул қилиб олган эди. Жамоа ўшанда 23 ўйинда атиги 13 очко жамғарган ва энг охирги ўринга қаттиқ ўрнашиб олганди. 20 йилдан сўнг А Серияга қайтган клуб яна тушиб кетиш остонасида эди.
"Салернитана" апрель ойида уйғонди ва элитада қолиш учун жиддий ҳаракат қилди: 7 та ўйинда 4 та ғалаба ва 3 та дуранг. Барчасини сўнгги тур ҳал қилиши керак эди. Аммо "Салернитана" унда муваффақиятсизликка учради ва "Удинезе"дан жавобсиз 4 та тўп қабул қилиб олди.
Аммо уларнинг бахтига "Кальяри" (финишдаги 11 та ўйинда 1 та ғалаба) параллель ўйинда тушиб кетган "Венеция" (0:0) га гол ура олмади ва у билан бирга пастга равона бўлди.
"Салернитана" "Кальяри"дан атиги бир очко олдинлаб кетди! Салерноликлар мураббийи Давиде Никола шундай қутқаришларга кўниккан, у жамоаларни тушиб кетиш ҳудудидан олиб чиқишга уста.
• "Кротоне"-2016/17. Жамоа биринчи даврада атиги 9 очко жамғарган ҳолда, "Пескара" билан сўнгги ўринни бўлишиб турганди ва хавфсиз ҳудудгача бўлган фарқ 8 очко эди. Аммо жамоа танаффусдан сўнг қайта туғилди: яна 25 очко жамғарди ва фақатгина сўнгги тур якунига кўра тушиб кетиш ҳудудидан чиқди. "Кротоне" "Эмполи"дан икки очко ўтиб кетди.
• "Женоа"-2019/20. Никола жамоага қишда келди. Жамоа ўшанда 11 очко билан сўнгги ўринда эди, аммо янги мураббий қўл остида биринчи даврани иккита ғалаба билан якунлади, иккинчисида эса 25 очко тўплади. Якун – 17-ўрин.
• "Торино"-2020/21. Никола жамоани яна қишда қабул қилиб олди, туринликлар бу пайтда 13 очко билан тушиб кетиш ҳудудида юришганди. У илк даврани дуранг билан якунлади, иккинчисида эса яна 23 очко жамғарди. Бу эса мавсум финишига бир тур қолган севимли 17-ўринни эгаллашга кифоя қилди.
• "Салернитана"-2021/22. Резюмедаги янги қатор! Николанинг уч йилдаги учинчи ва олти йилдаги тўртинчи қутқариши.
Жамоа ҳозир инқирозда, аммо қуйи лигага тушиб кетиш хавфи йўқ – "Верона", "Сампдория" ва "Кремонезе"нинг ҳолати ҳавас қиларли эмас.
Sports.ru сайтидан Алишер Остонов таржимаси
Фикрлар