Жасур Абдураимов: «Битта устун жиҳатимиз бор…»
20 авг 2016 08:32
Янгиликлар
Жасур Абдураимов: «Битта устун жиҳатимиз бор…»
Ушбу турнирда ярим финалга етиб келган тўрт жамоа 2017 йили Жанубий Кореяда ўтказиладиган жаҳон чемпионати(U-20)да қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритадилар. Кичик мундиал йўлланмасига эга бўлиш учун курашадиганлар орасида Ўзбекистон ёшлар термаси ҳам бор. Қуръа натижасига кўра, Жасур Абдураимов шогирдлари «D» гуруҳида Хитой, Австралия ва Тожикистон жамоаларига қарши баҳс олиб боришади. Гуруҳдаги икки омадли терма чорак финалга йўлланма олишади. Ҳамюртларимиз бевосита ЖЧ-2017 чиптасини тақдим этувчи учрашувда «C» гуруҳида дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалардан бирига тўқнаш келадилар. Ушбу квартетда Қатар, Япония, Яман ва Эрон термалари бор. Бунинг учун эса биринчи галда гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалаш керак. Бир ярим йил мобайнида шакллантирилаётган жамоамиз Осиё чемпионатига тайёргарликни режа асосида давом эттирмоқда. ЎФФ Терма жамоалар маркази ёшларимизнинг қитъа чемпионатига муносиб тарзда тайёргарлик кўришлари учун барча шароитларни яратиб берди. Бир нечта хориж йиғинлари, Осиё ва Европа термалари билан ўртоқлик учрашувлари ташкил этилди. Куни кеча ушбу жамоамиз Марказий Осиё чемпионатида қатнашиб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Қароргоҳи пойтахтимизда жойлашган Марказий Осиё футбол ассоциацияси томонидан ташкил этилган дастлабки мусобақа Ўзбекистон ва Тожикистон термалари учун қитъа биринчилигига бевосита тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. Таъкидлаш жоиз, бу икки жамоа Осиё чемпионатида бир гуруҳдан жой олишган. Биз CAFA CUP (Central Asia Football Assosiation - МОФА кубоги) мусобақаси якунланганидан сўнг Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Жасур Абдураимовдан интервью олдик.
- Жасур ака, суҳбатимиз аввалида пойтахтимизда ўтказилган Марказий Осиё кубоги ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдим. Бу мусобақа жамоангиз учун қанчалик фойдали бўлди?
- Шубҳасиз, Ўзбекистон ва Тожикистон термалари учун ушбу турнир анча самарали кечди. Ҳар икки жамоа Осиё чемпионати финал босқичида иштирок этишади. Қизиғи, қитъа биринчилигида тожикистонликлар билан бир гуруҳдан жой олганмиз. Шу боис, юртимиз мезбонлик қилган мусобақада барча қарталарни очмасликни лозим топдик. Айтмоқчи бўлганим, бу турнирдаги иштирокимизга қараб ўйинимизга тўлиқ баҳо бермаслик керак. Йигитларнинг потенциали бундан ҳам юқори ва улар янада мазмунлироқ футбол намойиш эта оладилар. Бошқа томондан, Марказий Осиё чемпионати терма жамоамизнинг заиф жиҳатларини ҳам кўрсатиб берди. Ҳали қиладиган ишларимиз кўп эканлигини билиб олдик. Ўзига яраша муаммоларимиз бор. Уларнинг ечимини фақат меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат эвазига бартараф этишимиз мумкин. Бошқа ҳеч қандай йўли йўқ. Мен жамоанинг ичида бўлганим учун унинг камчилик ва ютуқларини бошқаларга қараганда яхшироқ биламан. Сўнгги пайтларда туну кун жамоа билан билан бирга бўляпман. Осиё чемпионати бошланишига оз фурсат қолмоқда. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун вақт керак.
- Айнан қайси камчилик ва муаммоларни назарда тутяпсиз?
- Тошкентдаги турнир шуни кўрсатдики, энг катта камчиликларимиздан бири - юзага келтирилаётган хавфли вазиятларни голга айлантира олмаслик. Мисол учун, финал учрашувини олинг. Деярли бир соат мобайнида майдонда бир киши кам ҳаракат қилган бўлсакда, камида 3-4та голга тортадиган юз фоизлик имкониятлар яратдик. Лекин улардан фойдаланишга келганда йигитлар яхшигина оқсашди. Биринчи галдаги вазифамиз - қулай вазиятлардан фойдаланиш фоизини ошириш. Осиё чемпионатида бу каби хавфли вазиятлар ҳозиргидек кўп бўлмайди. Боридан максимал даражада фойдаланишимиз шарт. Қолаверса, ҳозир биз танлаган ўйин услубини амалга ошириш осон иш эмас. Яна бир бор айтаман, бунинг учун вақт керак. Биз хоҳлаган ўйин чиқмагунича машғулотларда такрорлайверишимиз лозим. Эътибор берган бўлсангиз, умуман бошқача футбол намойиш этяпмиз. Тўғри, Осиё чемпионатидаги рақибимиз ҳам пойтахтимизга ташриф буюргани учун турнир давомида ўз ўйинимизни тўлиқ намойиш эта олмадик. Лекин шуниси аниқки, бизнинг услубимиз бошқа терма жамоаларимизникидан фарқ қилади. Олдимизга улкан вазифаларни қўйганмиз. Кўряпсиз, замонавий футболнинг талаблари умуман бошқача. Шунинг учун, дарвозабондан тортиб то ҳужумчигача бўлган позицияларда иш олиб боришимиз керак. Ҳужум ташкил этаётган пайтда майдондаги 11 нафар футболчимизнинг бари иштирок этиши шарт. Тўғри, кимнингдир улуши камроқ бўлади. Лекин ўша футболчи ҳам ҳужуга ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Бир нарсани айтишим жоиз, бу ёш футболдаги энг қийини. Ўтиш даври дейишади-ку! Катталар футболига ўтадиган ёшда осон бўлмайди. Статистикага эътибор беринг, қанча футболчиларимиз катталар футболига ўтиш даврида йўқ бўлиб қолишди. Ваҳоланки, улар ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ярқ этиб порлаб чиқишганди. Бундай пайтда футболчилар қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлишади. Ким уларни қўллайди? Албатта, биз - мураббийлар. Уларга тўғри йўл кўрсата олсак, ёшлар футболидан катталар даражасига ўтиш даври осон кечади. Ҳар бир шогирдимиз билан индивидуал тарзда гаплашиш керак. Уни эшитиш даркор. Қолаверса, бу борада кўп нарса клубларга ҳам боғлиқ. Ахир, жамоамизга айнан клублар футболчи етказиб беришади. Кўпинча клубларимиз биз қўйган талабларни бажара олишмаяпти. Яъни, футболчи терма жамоага келиб тайёргарлик кўриши эмас, аксинча, сафимизга тайёр ҳолда келиши лозим. Аксарият ҳолатларда бунинг тескариси бўлмоқда. Профессионал футболчилар билан ишлаш осон. Ёшлар масаласи эса анча нозик. Масалан, Қирғизистон термасига қарши кечган ўйинда қизил карточка олган футболчимизга бақириб, уни койиганимда, руҳан синиб қолиши ҳеч гап эмасди. Энг ёмони - тушкунликка тушиш. Ёш футболчининг тажрибаси камлиги боис, бундай ҳолатлардан чиқиб кетиши осон бўлмайди. Хавфли вазиятлардан фойдалана олмаганда ҳам худди шу омилга таяниш лозим. Футболчиларни тушуниш жуда муҳим.
- Клуб ва терма жамоа ўртасидаги талаб ҳақида гапирдингиз. Бу борада клублар билан ҳамжиҳатликда ишлаш қандай йўлга қўйилган?
- Ҳамкорлик ўрнатилган. Асосий таркибда ўйнаётган терма жамоага номзод футболчиларимизда муаммо деярли йўқ. Улар асосий таркиб машғулотларида иштирок этишади, катталар билан ёнма-ён тўп суришади. Бу жуда ҳам яхши. Терма жамоага номзод қолган футболчилар ҳам шундай имкониятга эга бўлишса, бундан биз мураббийлар жуда ҳам хурсанд бўлардик. Лекин тан олиш керак, клубларда ишлар бироз бошқача йўлга қўйилган.
- CAFA CUP мусобақасида деярли ҳар куни ўйин ўтказдинглар. Осиё чемпионатида эса икки кун ўтиб, учинчи куни майдонга тушасизлар. Бу борада футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигида муаммо бўлмасмикан?
- Биласизми, ўйинчининг жисмоний тайёргарлиги маромида бўлиши мумкин. Лекин ундан тўғри фойдалана олмаслик бу - фожиа. Нотўғри футбол ўйнаш мавжуд имкониятларни кўкка совуриш деганидир. Тўқсон дақиқа давомида майдоннинг бу бошидан у бошига 100 метр масофага тўрт марта бесамар бориб келишдан нима наф? Жисмоний ҳолатим яхши, деб кучни фойдасиз сарфлаш ҳеч қачон натижа бермайди. Замонавий футболда жисмоний тайёргарлик биринчи ўринда туради, деган фикрга бироз қўшилмайман. Энг муҳими, диққат-эътибор, майдонда тез фикрлаш ва шунга монанд тарзда қарор чиқариш, чаққон ҳаракат, тўпни йўқотган ҳолатда тезда ортга қайтиш шарт. Менга шу талабларни бажара оладиган футболчилар керак. Икки соатлик машғулот чоғида биринчи дақиқадан то сўнгги сониягача диққат-эътиборни бирдек сақлаб қолиш лозим. Шу нарсада ҳам бироз оқсаяпмиз. Хориж жамоалари билан бир нечта ўртоқлик учрашувлари ўтказдик. Мана шу ўйинларда рақибга жисмоний томонлама ютқазмадик. Бизга айнан диққат-эътиборни бир жойга жамлай олмаслик панд берди. Шунинг устида кўпроқ ишлашимиз кераклигини тушуниб етдик. Мен кучни биринчи ўринга қўяман. Куч бу - жисмоний тайёргарлик эмас, балки чидамлиликдир. Ана шу жиҳатларни ёшларда янада такомиллаштиришга эътибор қаратяпмиз.
- Тожикистон термасини Марказий Осиё чемпионатидаги иштироки орқали кўрдик. Гуруҳдаги қолган рақибларни ўрганиш жараёни қандай кетяпти? Терма жамоалар маркази сизларга бу борада амалий ёрдам кўрсатяптими?
- Албатта, ўрганяпмиз. Ўз ўрнида рақиблар ҳам бизнинг ўйинларимизни кузатишмоқда. Юқорида айтдим, Марказий Осиё чемпионатида ёпиқ футбол намойиш этдик. Фикримча, ҳамма қарталарни очиш шарт эмас. Айнан шу нарсани йигитлардан талаб қилдим ва улар шунга монанд ҳаракат қилишди. Биласизми, бу энг ёмони. Ўз ўйинингизни кўрсата олмаслик жуда қийин. Ёпиқ футболни фақат суперпрофессионал футболчилар ўйнай оладилар. Ҳа, хатолар бўлди, лекин йигитлар ҳаракат қилишди.
- Дастлаб иккинчи терма таркибида ўйнаган Санжар Қодирқуловни финал учрашувида асосий жамоага чақирдингиз. Аммо уни майдонга туширмадингиз. Бунинг сабаби нимада?
- Қодирқулов иккинчи жамоада ўзини ижобий томондан кўрсата олди. Қолаверса, асосий таркиб ўйинчиларидан бири. Майдонга туширмаганимнинг сабаби оддий. У куннинг биринчи ярмида ҳам тўлиқ икки бўлим ўйнади. Санжарни яна майдонга туширишдан маъно йўқ эди. Шунчаки, жамоа билан бирга бўлишини хоҳладим. Ҳали олдинда ўйинлар кўп. Энг муҳими, октябрь ойида ўтказиладиган расмий учрашувларга юз фоиз тайёр ҳолатда етиб бориш. Биз ҳозир шу ҳақида кўпроқ ўйлаяпмиз. Осиё чемпионатига борадиган таркибни 90 фоизга аниқлаб олдим. Бир-икки нафар янги футболчилар қўшилиши мумкин, лекин катта ўзгаришларга қўл урмаймиз. Ҳозирда ихтиёримизда бўлиб турган ўйинчилар деярли бир ярим йилдан буён бирга тўп суришмоқда. Ички муҳит аъло даражада, бир оиладек бўлиб қолганмиз. Ана шу ҳамжиҳатликни сақлаган ҳолда Осиё чемпионатида ўз олдимизга қўйилган вазифани амалга оширишга ҳаракат қиламиз.
- Олдинда қандай режалар бор?
- Тез орада ЎФФ Терма жамоалар маркази Осиё чемпионатигача бўлган вақт учун тайёргарлик режасини тақдим этади. Айни пайт бу борада иш олиб бориляпти. Албатта, хориж йиғинлари ташкилланади. Бир нарсани айтиш эсдан чиқибди. Бугунги кунда 8-9 нафар футболчимиз олий лига клубларининг асосий таркибида майдонга тушяптилар. Ўтган йил билан таққосласак, терма жамоанинг ҳеч бир аъзоси бундай имкониятга эга эмасди. Демак, бу борада ўсишга эришилган. Агар Осиё чемпионатида ўзимиз кутган ўйинни намойиш эта олсак, ишончим комил, олий лигада тўп сурадиган ёшларимиз сони янада ошади.
- Демак, аниқ режалар ҳозирча йўқ, шундайми?
- Аниқ режамиз йўқ. Лекин бу борада ишлашяпти. Ҳар қандай ҳолатда ҳам хориж йиғинлари ташкил этилади. Европанинг кўзга кўринган термалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказамиз. «Кўҳна қитъа» жамоаларидан ўрганадиган нарсаларимиз бисёр. Шахсан ўзим ана шундай кучли термалар билан назорат баҳслари ташкил қилиб беришни сўрадим. Ҳозир ҳамма футбол ўйнашни ўрганиб олган. Бундан 20-30 йил аввалгидек ҳолат йўқ. Кучли ва кучсиз жамоалар ўртасидаги тафовут у даражада катта эмас. Лекин бизнинг бир устун жиҳатимиз бор. Фақат уни кейинроқ билиб оласиз. Ҳозирча бу сир.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Фикрлар