Италиялик футболчиларнинг Англиядаги саргузаштлари
09 авг 2019 17:10
Янгиликлар
Италиялик футболчиларнинг Англиядаги саргузаштлари
Мойзе Кин "Эвертон" сафини тўлдирди, Патрик Кутроне эса "Вульвервхэмптон" футболкасини кийди. Тарихга назар солсак, италияликларнинг Туманли Альбионга омадли сафарларига ҳам, омадсизларига ҳам етарлича мисол кўрамиз. Назаримизда, ҳозир уларни ёдга олишнинг айни вақти. Эътиборлиси, Италиядан Англияга келганлар орасида, ҳужумчилар (ҳужумга яқин ўйнайдиганлар) кўпроқ омадга эришган. Бошқа томондан, Италиянинг энг машҳур ҳимоячилари АПЛга ўтишмаган ҳам.
Омадлилар лигаси
Жанфранко Дзола
"Кальяри" тарбияланувчиси "Челси"га ёши анча катта бўлганида ўтган, бироқ АПЛдаги биринчи мавсум жуда омадли келди. Дзола "Челси" сафида 7 йил тўп тепди ва бу вақт ичида мухлисларнинг қалбидан алоҳида жой эгаллаб, бир неча бор индивидуал мукофотларга сазовор бўлди. Шу билан бир қаторда, у "Челси" билан Уефа Кубоги ҳамда икки бор Англия Кубогида ғолибликни қўлга киритган. У 2003 йил "аристократлар" сафида сўнгги ўйинини ўтказганида, бутун стадион тик турган ҳолда унга қарсак чалганди. Ҳа айтганча, айнан Дзола ўтган аср "Челси"нинг энг яхши футболчиси деб тан олинган ва 25-рақам остида ўйнаган. Джанфранко "аристократлар" сафида 229 учрашувда майдонга тушди ва 59 гол уришга эришди.
Жанлука Виалли
Виалли 1996 йил "Ювентус"дан Англия томон йўл олди, аммо мунтазам равишда майдонга тушмади. 1998 йил Гуллит кетганидан сўнг, кутилмаганда Виалли унинг ўрнига ўйинчи-мураббий этиб тайинланди. Ҳа, "Челси"да ана шундай воқеалар ҳам бўлиб туради. Энг қизиғи, Виалли қўл остидаги "Челси" 1970 йилдан буён ҳисоблаганда энг юқори поғона — учинчи ўринни эгаллаган. Италиялик баъзи пайтлар майдонга тушар ва гол ҳам урарди. У "Челси"нинг атиги 54 учрашувида ўйнаган ва 21 бор дарвозани ишғол этган. Шу билан бирга, у "кўклар" тарихидаги қўлга киритилган мукофотлар сони бўйича энг муваффақиятли мураббийлардан бири саналади.
Роберто Ди Маттео
"Челси" эшиклари италияликлар учун доимо очиқ бўлган. 1996 йилда "аристократлар" Дзола ва Виаллидан ташқари "Лацио" ярим ҳимоячиси билан ҳам шартнома имзолайдилар. Ди Маттео оз фурсат ичида Лондон клубига мослаша олди ва майдон марказининг ажралмас бўлагига айланди, ўйинни назорат қилиб турди. У туфайли "кўклар" қатор совринларни қўлга киритдилар. Афсуски, 2001 йил у жуда жиддий жароҳат олди ва фаолиятини якунлашга мажбур бўлди. Ди Маттео "Челси"нинг энг яхши ўйинчиларидан ташкил топган рамзий терма сафига киритилган. Кейин эса мураббий сифатида клуб билан Чемпионлар Лигаси бош совринига қандай эга чиққани ҳали кўпчиликнинг ёдида бўлса ажабмас. Роберто "Челси"нинг 119 баҳсида тўп тепди ва 15та гол урди.
Карло Кудичини
Италиялик дарвозабон 1999 йилда "Челси"га келди ва 5 йил давомида "кўклар"нинг асосий посбони бўлди. Карло ҳақиқатдан кучли ва "Челси" даражасига мос посбон эди. Петр Чех жамоага келганида, Кудичини захира ўриндиғидан жой эгаллади. Бироқ зарур пайтларда Чехнинг ўрнига майдонга тушиб, муносиб ўйин намойиш этарди. 2009 йил Карло "Челси"ни тарк этди ва 4 йил мобайнида "Тоттенхэм"да захирадан майдонга тушди. У ҳеч ким учун ўта аҳамиятли ўйинчи бўлмади, аммо катта ҳурмат-эътиборга лойиқ посбонлар қаторидан ўрин олди.
Паоло Ди Канио
Ҳужумчи "Селтика"дан "Шеффилд"га ўтди ва у ерда 43 ўйинда 21та гол урди. Шундан сўнг, Паоло "Вест Хэм" эътиборига тушди. У ушбу жамоа билан Интертотто Кубогини ютди. Шунингдек, ноодатий ҳаракатлари (дарвозабон жароҳат олганини кўриб, бўш дарвозага гол урмагани) билан кўпчиликнинг ёдида қолди. Албатта, Ди Канио "Вест Хэм"да етарлича гол урган: 118 учрашувда 48та гол. Кейин эса у "Чарльтон"га ўтди, аммо у ерда унчалик ҳам омади юришмади ва яна Италияга қайтди.
Омадсизлар лигаси
Марио Балотелли
Балотеллининг Англиядаги фаолиятини баҳолаш бироз қийин. Бир тарафдан, у "Манчестер Сити"нинг тарихий чемпионлигида иштирок этди ва 54 баҳсда 20та гол уришга эришди. Аммо барибир сўнггиси ёдда қолади деганларидек, "Ливерпуль"даги даври жуда омадсиз ўтди. "Мердсисайдлар"нинг 16 баҳсида атиги битта гол урди ва 2013/14 йилги мавсумнинг энг омадсиз футболчиларидан бирига айланди. Бироқ имкониятлари юқори эди... Ўшандан буён Мариога Англиядан таклиф тушадиган бўлса, ўйлаб ҳам ўтирмай рад жавобини беради.
Пабло Освальдо
Аргентиналик "рокер" дунёни ҳайратга солди. У ҳам Туманли Альбион томон саёҳат уюштиб кўрди, аммо Паблонинг ҳам у ерда "кетмони учмади". Фаолиятининг энг чўққисида у "Саутгемптон"га борди, аммо у ерда айтарли ижобий натижага эришмади. Освальдо кўп даволанди, камдан-кам ҳолларда таркибдан жой олди. Майдонга тушган вақтларида ҳам унчалик яхши ўйин кўрсата олмади. У Англия клуби сафида 13 ўйинда майдонга тушиб, 3 бора рақиб дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлди. Бироз вақтдан сўнг "Бока Хуниорс"га ижарага бериб юборилди.
Бернардо Корради
Ўндан ортиқ клубда тўп тепишга улгурган ҳақиқий саёҳатчи. Корради "Парма"даги ажойиб мавсумидан сўнг, "Манчестер Сити"дан таклиф олди. Айтганча, у АПЛга аввалроқ ўтиши мумкин эди, аммо "Вест Хэм" ўрнига "Валенсия" томон йўл олганди. Ўшанда "шаҳарликлар" ҳозиргидек кучли эмас эди. Бернардо эса ҳар қандай жамоада мунтазам равишда гол урадигандек эди, гўё. Бироқ афсуски, у "Сити"да бунинг уддасидан чиқолмади. 25 ўйинда Корради атиги 3та гол урди. Шундан сўнг яна ватанига қайтиб кетди, Англия ҳақида эса бошқа ўйламасликка қарор қилди.
Альберто Аквилани
"Ливерпуль" вақтида Альберто Аквиланини Хаби Алонсога ўринбосар сифатида кўрганди. Ақлли ярим ҳимоячи жисмоний куч, курашларга бой АПЛ талабларига тайёр эмас экан. Футболчи жисмонан бақувват эмас ва чидамлилик борасида ҳам уни ўрнак қилиб бўлмасди. Аквилани унча-мунча клубда жойини топиб кета оларди, лекин ўша пайтдаги "Ливерпуль" сафида футболчи бор йўғи 18 учрашув ўтказди, 1та гол урди ва уйга қайтиш кераклигини тушуниб етди. "Ливерпуль" ушбу трансфер буткул омадсиз эканлигини тан олишдан бошқа чораси қолмади ва Альбертони сотишдан айтарли пул ҳам ишлай олмади. Футболчи эса кейинчалик Испания ва Португалияда мухлисларни ўзининг ўйини билан хушнуд этди.
Давиде Заппакоста
Бу ўринга бошқа номзодлар ҳам етарли эди. Мисол учун, Маттео Дармин ёки Эмерсон Пальмьери... Лекин Заппакоста воқеаси қолганлардан аламлироқдек. Сабаби футболчи "Челси"га Италиянинг энг иқтидорли латерали сифатида келганди. Аммо АПЛдаги икки мавсум давомида бундан асар ҳам қолмади. Антонио Конте вақтида Заппакоста вақти-вақти билан майдонга тушиб турган бўлса, Маурицио Сарри келгач, у буткул захирага "михланди". Афсуски Заппакоста "Саррибол"га умуман тўғри келмади. Лекин Фрэнк Лэмпард Давиде учун маъқул вариант топишига умид йўқ эмас. Икки йил давомида футболчи "аристократлар" сафида бор йўғи 24 ўйинда иштирок этди ва ана энди янги мураббий билан бошланадиган мавсум ҳал қилувчи бўлиши мумкин.
Сергей Румянцев
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар