UZ

Сўнгги янгиликлар

16:53Суперлига. «Металлург» мавсумдаги иккинчи ғалабасини қўлга киритиб, элитада қолиш имкониятини сақлаб қолди  9 16:28"Сўғдиёна" — "Локомотив" 0:0 (Матнли трансляция)  3 16:08Холанд 850 минг сўм сабаб қамоққа тушиши мумкин  4 15:26МЮ ва "Ман Сити" Гёкереш учун курашга киришмоқда, клублар 65 млн фунт тўлашга тайёр  1 14:43"Сивасспор" — "Қосимпошо". Турғунбоев асосий таркибда  2 13:38"Барселона" ва "Ливерпуль" бир ўйинчи учун курашади  5 13:04Анчелоттининг ўрнини Солари эгаллаши мумкинмиди?  10 12:38"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Аморим: "Мен ўзини босслардек кўрсатишни хоҳлайдиганлардан эмасман"  3 12:04Серхио Рамос АПЛда ўйнаши мумкин?  5 11:28"Арсенал" "Милан" етакчиларидан бирини нишонга олди  4 11:01«Бавария» Флориан Виртц учун қанча пул сарфлашга тайёрлиги маълум  1 10:34Кечаги мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» қандай антирекордларни ўрнатди?  22 10:05Аморимнинг «қора» рўйхатига тушган футболчилар маълум. МЮ 7 нафар футболчи билан хайрлашишга тайёр  18 09:37Sofascore. Кечаги учрашувда Ҳусниддин Алиқуловнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?   3 09:05Гвардиола кечаги мағлубиятдан сўнг нималар деди?  15

Интервью. Наврўз Алимов: "Пахтакор"га ўтганим фаолиятимдаги биринчи катта хатоим бўлган. Мени ишонтиришганди" Янгиликлар

Интервью. Наврўз Алимов: "Пахтакор"га ўтганим фаолиятимдаги биринчи катта хатоим бўлган. Мени ишонтиришганди"

Қорақалпоқ футболи тарбияланувчилари азалдан футболимизда ўз ўрнига эга бўлиб келган.

Мустақиллигимизнинг илк йилларидан бошлаб терма жамоамизда ушбу диёр вакилларига ишонч билдириб келинган. Бердах Алланиёзов кейинчалик Неъматулла Қутибоев, унинг давомчилари Саламат Қутибоев каби футболчилар турли даврларда миллий жамоамиз шарафини ҳимоя қилишган. 2014 йилга келиб яна бир қорақалпоғистонлик футболчи мухлислар эътиборига тушди. Осиё кубоги-2015 мусобақасига тайёргарлик кўраётган термамизнинг май ойидаги йиғинига Миржалол Қосимов бир қатор янги номларни жалб қилди. Улар орасида Наврўз Алимов ҳам бор эди. 

1992 йилнинг 25 март куни таваллуд топган Наврўз 2011 йили Азамат Алланиязов "Орол"ни тарк этганидан сўнг, жамоанинг асосий ҳужумчисига айланди. Баланд бўйли, гавдали ҳужумчи айниқса иккинчи қаватларда рақиблар учун анча хавфли эди. Биринчи лигадаги ажойиб ўйинлари ва голларидан сўнг у узоқ вақт Нукусда қолмаслиги аниқ эди.

2012 йили у "Арал"дан Самарқанднинг "Динамо"сига ўтиб кетди. Бироқ жароҳат олди ва кейинчалик операция бўлди. Шундан сўнг футболчи яна Нукусга қайтишга қарор қилди.

2013 йили 21 ёшли ҳужумчи Навоий вилоятининг "Қизилқум" жамоаси билан шартнома имзолади. Биринчи мавсумни ҳужумчи ўртача ўтказди. 15 учрашувда иштирок этган Алимов Самарқанднинг "Динамо" ва Ғузорнинг "Шўртан" жамоалари дарвозаларини ишғол қилди. Шунингдек Кубок ўйинларида "Локомотив- БФК" билан кечган беллашувда ҳам у гол уришга муваффақ бўлди. 

2014 йили Алимов учун жудаям омадли келди. Ҳужумчи Олий лигада 17 ўйинда майдонга тушиб "Пахтакор" ва "Навбаҳор" билан бўлган тўқнашувларда гол уришнинг уддасидан чиқди. Бўйдор ҳужумчи шундан сўнг терма жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимовнинг назарига тушди ва термага таклиф этилди. Уммонга қарши Тошкентда ўтказилган ўртоқлик ўйинида термадаги дебютини нишонлаган қорақалпоғистонлик футболчи йил давомида 11 та ўртоқлик ўйинида 2 марта рақиблар дарвозасини аниқ нишонга олди. Иордания ва БАА дарвозабонлари Наврўзнинг зарбасини қайтара олишмади. Ўша йили у Осиё ўйинларида ҳам иштирок этиб 2 та ўйинда майдонга тушган эди. 2015 йилда "Пахтакор"га йўл олган Алимов пойтахт клубида кўнгилдагидек тўп тепмади. Наврўз 2016 йили фаолиятини "Қўқон-1912" жамоасида давом эттирди. Бироқ унинг Қўқондаги фаолияти ҳам бир текис чиқмади. 

Сўнгги мавсумларни "Арал Самали" жамоасида ўтказаётган футболчини яқинда суҳбатга чорладик.

- Суҳбатимизни сиз кашф қилиб берган 2014 йил воқеаларидан бошласак...

- Терма жамоага чақирилгунимга қадар "Қизилқум" жамоасида тўп тепардим. Шу клубдаги ўйинларим орқали миллий жамоага таклиф қилиндим. Дебют ўйинимни жуда яхши эслайман. Олмалиқда Уммон билан учрашувда майдонга тушган эдим. Ҳиссиётларни сўз билан таърифлаш қийин. Чунки футболчи бўлишни истаган ҳар бир бола терма жамоада ўйнашни орзу қилади. Илк бор терма либосида майдонга тушганим боис ҳаяжон бўлган. Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров каби юлдузлар билан ўйнаш мен учун ҳавас эди. Улар билан елкама-елка биринчи маротаба тўп тепиш ўзгача завқ берган, дея оламан. Худога шукур ниятимни бир қисмига эришдим. Миржалол Қосимовни услубига мос тушган бўлсам керак чақирган. Йиғинларда қўлимдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилардим. 

- Ўша вақтда терма жамоадаги муҳит ва ташкилотчилик қандай бўлган?

- Муҳит яхши эди. Ташкилотчилик, витаминизация бошида муаммо бўлган. Кейинчалик катта ёшли футболчиларимиз, Азиз Ҳайдаров витаминизация борасида ёрдам берган. Буни ўзингиз ҳам эшитган бўлсангиз керак. Умуман олганда катта муаммо кўрмаганман. 

- Бўлғусида терма жамоамизда яна қорақалпоғистонлик футболчиларни кўришимиз мумкинми?

- Неъматулла Қутибоев қўл остида "Жайҳун" жамоасида ўйнаб юрган кезларимда терма жамоа либосини кийишни истаганман. Тўғри бунга қадар Алексей Евстафеев, Марат Кабаев бошқарган ёшлар жамоаларининг йиғинларида бўлганман. Нукусдан уч нафар футболчи борганмиз. Терма жамоа даражасига чиқишимга Неъматулла Қутибоевнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди, деб ўйлайман. Нима учун яна қорақалпоғистонлик футболчилар ўйнамаслиги керак? Мана ҳозирда "Арал Самали" жамоасида Арислан деган иқтидорли футболчи бор. Шу ва бошқа ёшларимиздан умидимиз катта. Меҳнат қилишдан тўхтамаса миллий жамоа даражасигача чиқади. 

- 2014 йилги Осиё ўйинларида ҳам терма жамоа таркибида иштирок этгансиз. Ўшанда вакилларимиз нисбатан кучсиз гуруҳдан ўрин олган эди. Гуруҳдан чиққач Саудия Арабистони тўсиғидан ўта олмаганмиз. Балки ўшанда гуруҳда кучсиз жамоалар билан ўйнаганимиз панд берганмиди?

- Осиё ўйинларига кучсиз жамоа бормайди. Ўшанда қўшимча бўлимларда стандартдан тўп ўтказиб юбориб аламли мағлубиятга учраганмиз. 2014 йил Хиросимадаги Осиё ўйинларидаги ғолибликнинг 20 йиллик юбилейи нишонланганди. Мираброр Зуфарович жамоа билан умумий гаплашиб олганидан сўнг футболчилар билан алоҳида суҳбатлашиб оларди. Янги тарих яратишимизни барча кутганди. Агарда Саудия Арабистонидан ўтганимизда Инчеондан ғалаба билан қайтишимиз мумкин эди. 

- Ўртоқлик учрашувида БАА дарвозасини ишғол қилганингиз ҳали ҳамон кўпчиликнинг ёдида қолган. Ушбу голни қандай хотиралар билан эслайсиз? 

- Кечагидек эсимда. Ўйиндан бир кун олдин Миржалол ака Сардор Рашидов ва мени олдига чақириб койиган. "Нима учун катта ёшдаги футболчиларни эмас сизларни чақирганман? Чунки, келажакда сизлар ўйнашларинг керак",- деган эдилар. БАА билан иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушиб гол урганман. Кийиниш хонасига кирганимда мураббий табриклаб тўхтаб қолмаслигимни айтган. 

- Терма жамоа билан Австралиядаги Осиё кубогига тайёргарлик кўриш жараёнида "Пахтакор" билан шартнома имзолаган эдингиз. Якунда терма жамоа рўйхатидан тушиб ҳам қолгансиз...

- Шу саволингизга ҳозир жавоб бермасам майлими? Осиё кубогига нима учун бормаганимни сир бўлиб қола қолсин. 

- Рақобат кучли бўлган номдор "Пахтакор" жамоасидаги фаолиятингиз ва натижаларингиз кўнгилдагидек чиқмади. Балки бу қарорингиз хато бўлгандир?

- Ўзимни оқламайман. Лекин "Пахтакор"га ўтганим тан оламан хатойим бўлган. Биринчи хатойим шу эди. Буни менга ҳамма айтарди, мураббийлар, дўстлар ва ҳоказо. Агарда "Пахтакор"га ўтмаганимда балки бирор араб жамоаларида ўйнаб кетармидим. Мени ишонтиришганди. Аввалида ОЧЛда таркибга ҳам киритилмадим. Нима учун ўйнатмаётганини, мени жамоага нима учун олганини мураббийдан сўрадим. Имкониятимни кутишимни айтди. "Локомотив" билан Суперкубокда бошланғич таркибда майдонга тушдим ва биринчи бўлимдан сўнг захирага олиндим. Алам қилгани айбимни айтмади. Майли дедим чидадим. Ўринбосарлар жамоасида формамни йўқотмаслик учун тўп тепиб турдим.

- Собиқ жамоангиз "Қизилқум" билан баҳсда қизил карточка олдингиз ва шу билан "Пахтакор" либосида бошқа кўринмадингиз...

- Самвел Бабаян бир кун олдин "Қизилқум" билан баҳсда асосий таркибда тушишимни айтди. Самолётда кетаётганимизда эса ўринбосарлар жамоасида бир тайм ўйнайсан, деб қолди. Ваҳоланки мен бутун вужудим билан асосий таркибда майдонга чиқишга тайёрланаётгандим. Асосийда эмас захирадан ўйинга қўшилдим. Натижада иштиёқ сўнди ва ҳаёлим бузилди. Навоийлик мухлислар Бабаянга эътирозли гапларни ҳам айтишди. Самвел Бабаянни яхши мураббий эмас яхши психолог дейишлари бор гап экан. Бунга ўзим ҳам гувоҳ бўлдим. Битта хато қилсангизда бутун мавсум захирада ўтирсангиз, унда буни нима кераги бор? Ёки бошқа жамоага қўйиб юбормайди, ёки ўз жамоасида ўйнатмайди. Менимча бу нотўғри. Мен иккинчи даврада "Қизилқум"га қайтяпманда, "Пахтакор"га қарши ўйнаш мумкин эмас дейилмоқда. Балки икки карра иштиёқ билан чиқиб собиқ жамоамга ниманидир исботлаш учун бир нечта гол уришим мумкин эди. Шартномага яқин яқингача шундай бандлар киритилаётганди. Худога шукур сўнгги йилларда бу борада ўзгариш кузатилди. Мен каби ҳолат Искандар Шойқулов, Алибобо Раҳматуллаевда ҳам юз берган. Алибобо мавсум арафасида бошқа жамоага ижарага берилган. Балки "Пахтакор"нинг услубига мос келмагандирмиз. 

Наврўз Алимов ўнг тарафдан тепада биринчи

- "Қўқон-1912"даги фаолиятингиз қисқа бўлишига сабаб нима эди?

- Бир давра Қўқонда тўп тепдим. Давра охирларида универсиада мусобақаси бошланди. Мен Нукус Педагогика институтида таҳсил олардим. Турнирдан қайтганимдан сўнг мураббийлар штабида ўзгаришлар юз берганди. Нўъмон Ҳасанов мураббий бўлгач Қўқондан кетишга мажбур бўлганман.

- Суперлигада барқарор ўйнаб кета олмаганингиздан афсусланганмисиз?

- Афсусланганим билан фойдаси йўқ. Ҳаёт давом этади. 2016 йил оғир жароҳат олиб сафдан чиқдим. Ўша паллада "Металлург"да эдим. Жамоани йиғинига киришишдан олдин тиззам лат еди ва шу билан элитадаги фаолиятим тугади. 

- Футболчи жароҳат олса ҳеч кимга керак бўлмай қолади, деган гапларни кўп эшитганмиз. Ўзингиздан келиб чиқиб айтганда бизда жароҳат олган футболчига эътибор ва парвариш қай даражада?

- Тўғри. Жароҳат олганингиздан сўнг бирор жамоа таклиф қилмайди. Бу клубга ҳам боғлиқ. Жароҳат олиб сафдан чиққан футболчига ойлик тўлашни истамайди. Лекин кам ойлик бериб бўлса ҳам футболчи жамоа билан юрса, машғулотларда иштирок этса, клуб ўз ҳолига ташлаб қўймаса у учун ҳам қўшимча мотивация бўлади. 

- Футболдаги армонингиз нима?

- Менимча терма жамоа билан Осиё кубогига бормаганим бўлса керак. Интиқ бўлиб кутган эдим. Мусобақа қадар барча йиғинларда қатнашиб, охирги паллада рўйхатдан тушиб қолганман.

- Чамаси 2,3 йил олдин Ўзбекистонда ҳужумчилар муаммо, дейиларди. Ҳозир ҳам бор. Нима, деб ўйлайсиз бу муаммо сўнгги икки йилда ечим топгандекми?

- Фикрингизга қўшиламан. Оғриқли нуқтамиз ҳужум. Александр Гейнрих, Улуғбек Бақоев, Максим Шацкихлардан сўнг гол урадиган ҳужумчи бошқа чиқмади. Ҳозирда терма жамоамизда ҳамма босим Шомуродовнинг зиммасида бўлиб қолган. Мундиалга чиқсак унинг ҳам елкасидан тоғ ағдарилса керак.

- Суперлигада ўйнаган кезларингизда қайси ҳимоячига қарши ўйнаш ноқулай бўлган?

- Егор Кримец, Анзур Исмоилов, Хайрулла Каримов. Хайрулла ака билан ўйинда тортишиб ҳам қолганман. Учрашувдан сўнг узур сўраб келишиб олардик. Улар кескин ўйнайдиган ҳимоячилар сирасига киради.

- Суҳбатимизни Қорақалпоғистон футболи билан давом эттирсак. Қорақалпоғистонда футболга бўлган муносабат аввал қандай эди? Ҳозирда ўзгаришлар борми?

- Аввалги билан ҳозирги футболга бўлган муносабатни ўртасида ер билан осмончалик фарқ бор. Хабарингиз бор янги раҳбарият иш бошлади. Нафақат футбол, балки бошқа спорт турларига ҳам эътибор ошди. "Арал Самали" жамоасига бундай эътибор олдин умуман бўлмаган. Ҳаёлимизга ҳам келмаган. Ҳеч нарса бўлмаган. Сурхондарёдаги ўйинга "Газель" машинасида бориб келар эдик. Ҳозир худога шукур поезд истасак автобус ажратилмоқда. Овқатланиш, кийим ва бошқа ташкилотчиликда муаммо йўқ. 

- "Арал Самали"нинг янги мавсумга тайёргарлиги юқори савияда бўлмади. Бу Про лигада қийинчилик туғдираётгани йўқми?

- Тўғрисини айтганда йил бошида жамоанинг қайси лигада иштирок этиши ҳам аниқмасди. Январь ойида ўзимиз учун бир гап бўлар дея югуриб турдик. Биздан ҳеч ким хабар ҳам олмаган. Мавсум старти арафасида Про лигада иштирок этишимиз аниқ бўлиб улгурди. Ҳали йиғин ҳам ташкил қилинмаганди. Шу билан тезлашиб кетди. Биринчи турда ғалаба қозондик. "Турон" стадиони тайёр бўлмагани боис академия майдонида рақибларимизни қабул қиляпмиз. Тайёргалик яхши бўлмади. Қайсидир маънода бу ҳам ўз таъсирини ўтказиши мумкин. Бирданига киришиб кетиш қийин.

- Қорақалпоғистон футболининг келажагини қандай тасаввур қиляпсиз?

- Ҳозирги эътибор ва муносабатдан келиб чиқиб айтсак бўлғусини яхши тасаввур қиляпман. Айни пайтдаги раҳбариятга мингдан минг раҳмат айтамиз. Уй ўйинларимизни ҳам ўзлари келиб кузатиб турдилар. Муҳими келажакка ишонч ва умид бор. Бу пайдо бўлди, аввал йўқ эди. Қорақалпоғистонга Суперлига ҳавосини қайтаришга ҳаракат қиламиз.


Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди

Рейтинг: +16   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика