UZ

Сўнгги янгиликлар

04:45Чемпионлар лигаси 1/4 финал. "Манчестер Сити" - "Реал Мадрид" 1:1 (Пенальтилар 3:4)   8 04:40Чемпионлар лигаси 1/4 финал. "Бавария" - "Арсенал" 1:0   0 04:35ОЧЛ. "Ал Айн" - "Ал Ҳилол" 4:2   0 04:25U-23 Осиё кубоги. Вьетнам - Кувайт 3:1   0 02:50ЕЧЛ. "Реал Мадрид" пенальтилар сериясида "Ман Сити"ни мағлубиятга учратиб, ярим финалга йўл олди! Финал остонасидаги рақиб - "Бавария"  382 01:56ЕЧЛ. Киммихнинг голи "Бавария"ни ярим финалга олиб чиқди  32 01:00"Манчестер Юнайтед" форварди ёзда клубни эркин агент мақомида тарк этади  2 23:54Малайзия ОТЖ бош мураббийи: "Бугун мусобақанинг энг кучли жамоаларидан бирига қарши ўйнадик"  0 23:35U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон - Малайзия 2:0   0 23:24ОЧЛ. "Ал Айн" кутилмаганда ярим финалнинг илк ўйинида "Ал Ҳилол"ни мағлуб этди  18 23:22"Манчестер Сити" — "Реал". Таркиблар маълум  29 23:05Футзал бўйича Осиё кубоги. Ўзбекистон - Австралия 3:2   1 22:50Абдувоҳид Неъматов: "Мусобақани ажойиб тарзда бошлаб олдик"  2 22:33"Порту" уч йилга еврокубоклардан четлатилиши мумкин?!  0 22:12Улуғбек Ҳошимов: "Ҳужумчи позициясига 3-4 футболчи даъвогарлик қилмоқда"  1

Футболимиз юлдузлари: Жаъфар Ирисметов Янгиликлар

Футболимиз юлдузлари: Жаъфар Ирисметов

Сир эмаски, айни вақтда ҳужумчи танқислиги ўзбек футболининг асосий муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда.

Ваҳоланки бир вақтлари бизнинг диёрдан ҳам Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов, Валерий Кечинов, Олег ва Максим Шацких каби етук ҳужумчилар етишиб чиққан эди. Ҳикоямизнинг бугунги қаҳрамони ҳам яқин ўтмишнинг чақмоқдек  порлаган ҳужумчиларидан бири ҳисобланади. Қуйида биз Жаъфар Ирисметовнинг фаолият йўлини яна бир бора ёдга оламиз.

1976 йилнинг 23 августида, Тошкент шаҳрида таваллуд топган Жаъфар Ирисметов футболдаги дастлабки қадамларини "Титов" номидаги спорт мактабида қўяди. Ушбу масканда футболчиликнинг илк сабоқларини олган Жаъфарнинг дастлабки профессионал жамоаси Тошкент вилоятининг "Дўстлик" жамоаси бўлди. Гарчи анча ёш бўлсада, бу ерда тўп тепган йиллари у ўзининг тўпурарлик маҳоратини намойиш этади. 1993 йилдан 1997 йилга қадар 125 маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 81 маротаба ишғол қилгани, бу гапимизни тасдиқлайди. Унинг бу иқтидори табиийки терма жамоа мурабийларининг эътиборини тортади. Бош мураббий Рустам Мирсодиқов Жаъфарни ЖЧ-1998  саралаш баҳсларида майдонга тушуради. Айтиш жоизки, ўша йиллари миллий термамизнинг ҳужум чизиғидаги рақобат жуда кучли бўлган эди. Игорь Шквирин, Олег Шацких, Шуҳрат Мақсудов, Равшан Бозоров кабилар бунга мисол бўла олади. Бироқ, шундай ҳужумчилар йиғилганига қарамай, миллий термамиз мундиалнинг саралаш баҳсларида мувафақиятсизликка учрайди. Айнан ўша йили Ирисметов Грециянинг машҳур "Панатинаикос" жамоаси билан шартнома тузади. Бу жамоа унинг Европадаги фаолияти учун ажойиб трамплин бўлиши мумкин эди. 

Аммо бор-йўғи 20 ёшда бўлган ҳужумчига бу ердаги кучли рақобатни енгиб ўтиш қийинчилик туғдирар эди. Шу сабаб, Ирисметов Афинада узоқ қолмайди ва "Дўстлик" жамоаси қайтиб келади. Бу ерда яна оз муддат тўп тепгач, унга Россия жамоасидан қизиқиш бўлади. Шундай қилиб, Новосибирскнинг "Черноморец" жамоаси Жаъфарнинг фаолиятидаги илк рус жамоаси бўлади. Бу ерда ҳам қаҳрамонимиз айрим сабабларга кўра кўп қолмайди. Футболчи қолган икки йилни Ўзбекистон миллий чемпионатида ўтказади. Даставвал марҳум Маҳмуд Раҳимов қўл остида Самарқанднинг "Динамо" жамоасида ўйнаган футболчи бу ерда 27 учрашув ўтказиб, 19 маротаба рақибларини гол билан жазолайди. Келаси мавсумни эса, Ирисметов яна ўзининг қадрдон жамоаси ҳисобланган "Дўстлик" да ўтказади. 2000 йилги мавсумни ҳам жамоа, ҳам ҳам ҳужумчи ажойиб кайфиятда ўтказади. Ўз сафига бир неча тажрибали футболчиларни қўшиб олган жамоа миллий чемпионатда ғолибликни қўлга киритишдан ташқари, Ўзбекистон кубогига ҳам эга чиқади. Ирисметов эса, бу мавсумда  37 учрашувда, рақиблар дарвозасини 45(!) бор ишғол қилади. Ҳа, бу натижани ҳар қандай моҳир тўпурарлар ҳам орзу қилиши тайин. Гол танлаш қобилиятининг юқорилиги, ажойиб тезлик ва "иккинчи қават" даги устунлик боис ҳар қандай дарвозага хавф туғдирадиган Жаъфарнинг бу кўрсаткичидан тез орада хориж жамоалари ҳам хабардор бўлади. У бир қатор таклифлар орасидан энг мақбули дея Россияда "халқ жамоаси" бўлган, ўша вақатларда ҳар қандай собиқ иттифоқ заминида туғилган футболчоларнинг орзуси ҳисобланган, машҳур Олег Романцевнинг "Спартак" жамоаси билан келишувга эришади. 

Бу вақтга келиб, Жаъфар Ирисметов анча кучга тўлиб, етарлича тажриба оширган эди. Шу сабаб ҳам жамоанинг асосий таркибида ўз маҳоратини кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. "Спартак"даги дебют Жаъфар Ирисметов учун жуда яхши бошланди. Ҳар йили ўтказиладиган анъанавий "Ҳамдўстлик кубоги" баҳсларида футболчи ажойиб тарзда ўзини кўрсатади ва мусобақанинг бир неча учрашувида тўп киритиб, якуда жамоасининг ғолиб бўлишида муносиб ҳисса қўшади. Тез орада Европа чемпионлар лигасининг навбатдаги раундида қатнашган "Спартак" Жаъфар Ирисметовни бу мусобақа учун  рўйхатдаги футболчилар қаторига қўяди.  Шу тариқа, Ирисметов "кўҳна қитъа"нинг энг муҳим мусобақасида қатнашиш шарафига муяссар бўлади. Бу вақтга қадар ўзбекистонлик футболчилар орасида Чемпионлар лигасида фақатгина Киев "Динамо"сида тўп тепадиган Максим Шацких ўйнаганди. "Спартак" ўз гуруҳида "Арсенал","Бавария" ва "Лион" каби жамоалар билан куч синашади. Бу ўйинларда Ирисметов ҳам, ўзига берилган имкониятдан фойдаланиш учун астойдил ҳаракат қилади. Айниқса Мюнхен супеклубига қарши учрашувда унинг қайчи усулдаги зарбасини афсонавий Оливер Кан катта қийинчилик билан қайтариб қолмаганда, балки унинг Европадаги шуҳрати янада ошиши мумкин эди. Яна айтиш жоизки, бу учрашувларда Ирисметов негадир жамоадошлари томонидан ёлғизлантириб қўйилганини, сезиш қийин эмасди. Титов, Тихонов, Ковтун, Парфёнов, Тетрадзе каби жамоа етакчилари Жаъфарни эмас, балки бошқа легионер ҳужумчи бразилиялик Робсонни тўп билан таъминлашар эди. 

Бу орада Ўзбекистон терма жамоаси учун ҳам муҳим учрашувлар бошланади. Хитой Тайпейи, Туркманистон ва Иорданияга қарши кечган, ЖЧ-2002 саралшининг 1-босқич баҳсларида мурабийлар штаби барча легионерлар қатори Жаъфар Ирисметовнинг ҳам имкониятларидан фойдаланади. Дастлабки Хитой Тайпейига қарши учрашувдаги Жаъфарнинг "покери"ни мухлислар ҳали унутишмаган бўлса керак. Терма жамоа сафида тўпурарлик қобилиятларини намоён этиб, клубга қайтиб келган ҳужумчини Олег Романцев Россия чемпионати баҳсларида захира футболчилари қаторига қўшиб қўяди. Табиийки, бу ҳолат Ирисметовга маъқул эмас эди. Мавсум ярмида у жамоасини ўзгартиради ва Беларусь вакили саналган Мазир шаҳрининг "Славия" жамоаси сафига бориб қўшилади. Футболчи бу ерда ярим йил давомида 9 бора майдонга тушиб, 3 та гол уради. Бу жамоа сафида камроқ майдонга тушишига миллий терма жамоа ўйинлари сабаб эди. Афсуски мундиал саралаш баҳслари Ирисметов ва жамоадошлари учун омадсиз якунланади ва терма жамоа Осиё қитъасида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга кирита олмайди.


Жаъфар Ирисметов 2002 йилги мавсумни яна Россияда ўтказади, бу сафар Махачқалъанинг "Анжи" жамоасида. Афсуски, бу ерда ҳам турли сабабларга кўра унга омад кулиб боқмайди. Махачқалъада 11 учрашув ўтказган ҳолда, бирорта гол ура олмайди.

2003 йилги мавсумни Ирисметов, ўз олдига катта мақсадларни қўйиб, Осиё чемпионлар лигасида ғолибликни кўзлаган "Пахтакор" жамоасида бошлайди. Бу ерда у ўз тажрибаси орқали жамоа мувафақиятларига ҳисса қўшиши мумкин эди. Лекин  у Тошкентда узоқ қолмайди. Ярим йилни Украинанинг "Кривбасс" жамоасида ўтказган ҳужумчи учун 2004 йилги мавсумдан бошлаб, янги саҳифа очолди, десак муболаға бўлмайди.  Сабаби айнан у ўша йилдан бошлаб ўз омадини Қозоғистон чемпионатида синаб кўради. Ўша йиллари УEФАнинг янги аъзосига айланган юртда ўнлаб футболчиларимиз, жумладан, Бугало, Хвостунов, Давлетов, Бақоев каби тажрибали футболчилар қўшни юртда тўп тепишар эди. Олма-Отанинг "Қайрат" жамоасида ўйнаган футболчи бу ердаги фаолияти давомида 49 бора майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 22 бор нишонга олади ва жамоанинг 2004 йилги мавсумда чемпионликка эришишида катта ҳисса қўшади. "Қайрат"дан сўнг "Олма-Ота" жамоаси шарафини ҳимоя қилган Ирисметов 2006 ва 2007 йилги мавсумларда чемпионат тўпурарига айланади. Қозоғистондаги фаолияти давомида Ирисметов умумий ҳисобда 75 бора рақибларини ранжитади. Бироз муддат Хитой биринчи лигаси жамоаси "Ляонинг"да ўйнаган футболчи 2010 йилда Ўзбекистон чемпионатига қайтиб келади ва Самарқанднинг "Динамо", "Шўртан", "Қизилқум", "Навбаҳор" каби жамоаларда тўп суради. Шуни таъкидлаш жоизки, Жаъфар Ирисметов турли чемпионатларда 239 бора рақиблари дарвозасига тўп киритиб, бу борада Халқаро футбол тарихи ва статистикасининг тўпурарлар рўйхатидан ўрин эгаллайди.


2014 йилдан мурабийлик соҳасида ишлаган Жаъфар Ирисметов "НБУ-Осиё", "Обод" каби жамоаларни бошқарди. Ҳозирда эса, ўз олдига катта мақсадларни қўйган "Пахтакор" жамоасида иш олиб бормоқда. Биз унинг келгуси фаолиятида омадлар тилаб қоламиз.

Мақсуд Яҳёев

Рейтинг: +29   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика