Денисов, Яхшибоев, Шацких, Насимов ёхуд чемпион легионерларимиз ҳақида
11 май 2023 18:17
Янгиликлар
Денисов, Яхшибоев, Шацких, Насимов ёхуд чемпион легионерларимиз ҳақида
Биз сизга хорижий чемпионатларда ғолиб бўлган ўзбекистонлик футболчиларнинг айримларини рўйҳатини тақдим этамиз.
1. Виталий Денисов
Чемпионлик: Россия чемпионати 2017/2018
Клуб: "Локомотив" Москва
Узоқ йиллар давомида Москванинг "Локомотив" клубида тўп сурган қанот ҳимоячимиз, 2017/2018 мавсумда Россия чемпионатида ғолиб бўлган. Юрий Семин бошчилигидаги "Локомотив" ўша мавсум 14 йиллик танаффусдан сўнг яна Россия чемпионига айланган эди. 6 мавсум "темирйўлчилар" таркибида тўп сурган Денисов бир марта бронза медалларига ҳам сазовор бўлган.
2. Максим Шацких
Чемпионлик: Украина чемпионати 1999/2000, 2000/2001, 2002/2003, 2003/2004, 2006/2007, 2008/2009
Клуб: "Дианмо Киев"
Украина чемпионати тарихидаги энг яхши тўпурар Максим Шацких, "Динамо Киев" сафида 6 марта Украина чемпионатининг олтин медалларини тақишга улгурган. Шацкихнинг ҳисобида жами 124та гол мавжуд. Шунингдек амалдаги "Пахтакор" бош мураббийи уч карра Украина чемпионатининг кумуш медалларига сазовор бўлган(2001/02, 2004/05, 2005/06) ва 5 карра Украина кубоги ғолиби ҳисобланади (1999/2000, 2002/03, 2004/05, 2005/06, 2006/07).
3. Сервер Жепаров
Чемпионлик: Жанубий Корея чемпионати 2010/2011, Саудия Арабистони чемпионати 2011/2012
Клуб: "Сеул" ва "Ал-Шабаб"
Икки карра Осиёнинг энг яхши футболчиси, ҳорижий чемпионатларда бир эмас, нақд икки маротаба чемпион бўлган. "Сеул" жамоаси таркибида 2010/2011 мавсумда чемпион бўлган Сервер, орадан бир йил ўтиб Саудия Арабистони миллий чемпионатида ҳам кубокни боши узра кўтарган (2011/2012 мавсум). Қўшимчасига ўзбек футбол афсонаси Корея лига кубоги ва Корея футбол ассоциацияси кубогининг қўлга киритган ("Соннам" клуби сафида).
4. Одил Аҳмедов
Чемпионлик: Хитой суперлигаси 2018
Клуб: "Шанхай Порт" собиқ "Шанхай СИПГ"
6 карра Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси дея эътироф тилган Аҳмедов, 2017 йили Чин юртига кўчиб ўтганидан сўнг, 3 йил давомида Шанхай клубининг шарафини ҳимоя қилди ва 2018 йилги мавсумда, Хитой суперлигасиинг олтин медалини қўлга киритди.
5. Миржалол Қосимов
Чемпионлик: Россия чемпионати 1995
Клуб: "Алания"
Ўзбек футболи тарихида энг яхшиси дея эътироф этиладиган Миржалол Қўшоқович. 90 йиллардаги "Спартак"нинг "гегемон"лигини тўхтатиб чемпионликни қўлга киритган. Шунингдек Қосимов "Алания" таркибида кумуш медалларга ҳам сазовор бўлган (1997 йилги мавсум)
6. Жасур Ҳасанов
Чемпионлик: Қатар чемпионати 2010/2011
Клуб: "Лахвия"
Ўзбек футболи "мэтри" Жасур Ҳасанов узоқ йиллик фаолияти давомида нафақат Ўзбекистон чемпионати балки Қатар майдонларида ҳам шуҳрат қозонган. Ҳасанов 2010 йили "Лахвия" сафида Қатар суперлигасида ғолиб бўлган.
7. Отабек Шукуров
Чемпионлик: БАА чемпионати 2018/2019
Клуб: "Шаржа"
Ҳозирги кунда Андреа Пирло қўл остида тўп тепаётган терма жамоамиз етакчиси, Отабек Шукуров. Туркияга кўчиб ўтишидан аввал Бирлашган Араб Амирликларида фаолият олиб борган. Ўз жамоасининг марказига жавоб берадиган Отабек 2018/2019 мавсумда Бирлашган Араб Амирликлари чемпионатининг олтин медалларини қўлга киритган.
8. Жасур Яхшибоев
Чемпионлик: Беларусь 2020, Польша 2020/2021 ва Молдова 2021/2022
Клублар: "Шахтёр Солигорск", "Легия" ва "Шериф"
Бир неча поғона тепароқда ўрин эгаллаган Максим Шацкихдан сўнг "Реал" дарвозасига гол урган ўзбекистонлик футболчимиз, нақд учта ҳорижий чемпионатда ғолиб бўлган. Пандемия даврларида Беларусда "порлаган" Жасур, ҳақли тарзда кучлироқ жамоа "Легия"га ўтган эди ва Полшада кўп ўшланиб қолмаган бўлса ҳам ҳамюртимиз Польша чемпионатида олтин медалларга эга чиққан. Польшадан кейинги манзили "Шериф"да ҳам боши узра кубок кўтарган Жасурнинг коллекциясида нақд 3та ҳорижий чемпионатларнинг олтин медаллари бор.
9. Азиз Амонов
Чемпионлик: Эрон чемпионати 2021/2022
Клуб: "Истиқлол" Эрон
2 йил давомида Эрон чемпионатида тўп тепишга улгурган ва ушбу мавсум "Насаф"га қайтган Азиз. Ўз титуллар коллекциясида Эрон чемпионатининг олтин медалини сақлайди.
10. Андрей Фёдоров
Чемпионлик: Россия чемпионати 2007/2008
Клуб: "Рубин"
"Рубин"нинг гуллаган даврларида Андрей Фёдоров футболчилик фаолиятида сўнги мавсумни ўтказаётган эди, шунга қарамасдан Фёдоров сўнги мавсумини чиройли тарзда якунлаб Россия чемпионатининг олтин медалини қўлга киритган эди.
11. Баҳодир Насимов
Чемпионлик: Озарбайжон чемпионати 2011/2012, 2012/2013, 2013/2014
Клуб: "Нефтчи" (Баку)
Баҳодир Насимовни Озарбайжонда жуда яхши билишади. У тўпурарлик салоҳиятини кўрсатибгина қолмай, "Нефтчи" (Баку) сафида 3 карра Озарбайжон чемпионлигини қўлга киритган . Унинг совринлари қаторида мамлакат кубогининг 2та бош соврини ҳам ўрин олган (2012/2013, 2013/2014)
Яна кимлар қолиб кетди? Фикрларингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг
Абдулвосит Бектемиров
Фикрлар