UZ

Сўнгги янгиликлар

01:39Расман: Ўткир Юсупов — "Фулад" футболчиси!  5 01:32"Арсенал" Рафиньянинг трансфери бўйича "Барселона"га кўп миллионлик таклиф тайёрлайди  0 01:05Париж-2024. Ўзбекистон - Миср 0:1, Ҳимоядаги хато қимматга тушди  7 00:53"Атлетико" ва Испания терма жамоаси собиқ футболчиси фаолиятини якунлади  0 00:15РПЛ. Эсанов ҳаракат қилаётган "Акрон" меҳмонда "Факел"ни ишончли ҳисобда мағлуб этди  15 23:35Тимур Кападзе: "Иккала ўйинда ҳам ютишимиз мумкин эди"  109 23:01Расман: "Атлетико" Испания терма жамоаси футболчиси билан шартнома имзолади  1 22:29"Навбаҳор" назорат учрашувида йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Қувватовдан норасмий дебют, Никабадзедан хет-трик  10 21:31"Манчестер Юнайтед" форварди ПСЖга ўтиши мумкин  5 21:05Париж-2024. Ўзбекистон иккинчи турда Мисрга ютқазди ва гуруҳдан чиқиш имкониятини йўқотди  849 20:53Париж-2024. Испания терма жамоаси биринчи бўлиб плей-оффга чиқди  7 20:22"Манчестер Юнайтед" испаниялик футболчига қизиқмоқда  1 19:56"Барселона" Уильямс учун кутилганидан 4 млн. евро кўп пул тўлаши керак  2 19:22ФИФА Аргентинанинг эътирозига жавоб берди  5 18:52Ҳусниддин Ғофуров - "Қўқон-1912" футболчиси  3

Бронзашунос мураббий ёхуд ўз фикрига ўзи қарши... Янгиликлар

Бронзашунос мураббий ёхуд ўз фикрига ўзи қарши...

Қаршининг "Насаф" жамоаси ушбу мавсумда одатдагидек бронза медалларини қўлга киритди.


"Насаф"нинг тарихдаги 10-бронзаси, Рўзиқул Бердиев бошчилигида қўлга киритилган кетма-кет тўртинчи бронза медаллари. Мени бир нарса эъииборимни тортмоқда, "Насаф" ҳар доим гранд, кучли жамоаларимиз қаторида эътироф этилади. Аммо жамоа ҳар йили мавсум якунларига келганда ўз жойига, яъни 3-поғонага тушиб қолади.

"Насаф"дек жамоа учун бу барқарорликдан ҳам кўра, кўпроқ янги даражага чиқа олмасликка ўхшаб қолмоқда. Чунки "Насаф" 3-ўриндан кўтарилмаяпти, балки ҳар сафар чемпионлик ёки кумуш медалларига эга чиқиш учун ажойиб имконият бўлган паллаларда ҳам 3-ўринга тушиб кетмоқда. Ўзбекистонда "Насаф" клубида бор ва мавжуд имкониятлар бошқа ҳеч кимда йўқ. Клуб ўзининг замонавий қароргоҳига эга. Футбол мактаби ишлаб турибди. "Насаф" ёшлари учун алоҳида майдон, алоҳида қароргоҳ қуриб берилган. Қаршида ажойиб имкониятларга эга стадион барпо қилинган. Мураббий ва футболчилар ишлаши, шуғулланиши учун "Насаф"да бор имкониятларга исталган клуб ва мураббийлар бемалол ҳавас қилишади. Ўз вақтида "Насаф"да менежер сифатида ишлаган Баҳром Давлатов клуб пойдеворини яратилишида жуда яхши ишларни амалга оширган. Шу ишлар натижасида "Насаф" клуб сифатида ҳақиқий профессионалликка қадам қўйганди.

"Насаф" молиявий жиҳатдан яхши шароитларга эга. Рўзиқул Бердиев "Насаф"ни ҳар доим 3-поғонада ушлаб турибди. Дастлабки мавсум, яъни 2013 йили Бердиев мураббий сифатида"Насаф"га илк бронза медалларини олиб берганди ва Ўзбекистон Кубоги финалига қадар етаклай олганди. 2014 йили ҳам "Насаф" совриндорлар орасида охирги бўлганди. Ўйин тарафлама ҳам "Насаф" дастлабки икки мавсумни анча яхши ўтказганди. Ўша йиллари Бердиев "Насаф"ни ҳужумкор жамоага айлантира олганди. Аммо охирги икки мавсумда "Насаф"да ўйин ташкил этиш борасида пасайишлар кўзга ташланди. Лекин шунга қарамай Бердиев қўл остида "Насаф"нинг энг муваффақиятли мавсуми ўтган йили бўлганди. Ўшанда жамоа ўз тарихида илк маротаба Ўзбекистон кубогида зафар қучганди. Анатолий Демьяненконинг жамоасидан қолган жамоанинг асосий футболчиси Артур Геворкян жамоанинг ўйини чиқмайдиган паллаларда ҳам ўзининг индивидуаль ҳаракатлари эвазига ўйин тақдирини ҳал этиб кетган. Бунга мисоллар жуда кўп. Масалан Ўзбекистон кубоги финалида Артур Геворкянинг жарима зарбасидан урган голи ва жамоадоши Аъзамовнинг голига ҳаммуаллифлик қилгани. Ўзбекистон Суперкубогини қўлга киритишда Артур Геворкяннинг ягона голи ҳал қилувчи ролни бажарганди. ОЧЛдаги ғалабаларга ҳам Геворкяннинг голлари ва ҳаракатлари туфайли эришилганди. Жамоанинг ўйини чиқмайдиган бир паллада ҳам Геворкяннинг маҳорати жамоани қийин вазиятлардан олиб чиқиб кета олган.


Рўзиқул Бердиевнинг ўша кунги фикри одамни ажаблантирди. Яъни финал олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида камина, яъни мен томонимдан берилган: "Авваллари жамоанинг ўйини Артур Геворкянга боғланиб қолганди. Энди эса Драган Черан жамоанинг асосий фигурасига айланиб улгурди. Агарда "Локомотив" эртага Черанни зарарсизлантира олса, унда ўйлаб қўйган иккинчи режангиз борми?", - деган саволимга Бердиев қуйидагича жавоб берди: "Насаф" жамоасининг ўйинлари ҳеч қачон бир ўйинчига боғланиб қолмаган. "Насаф" авваллари Геворкянга, ҳозир эса Черанга ҳам боғланиб қолмаган", - деб жавоб қайтарди. Ваҳоланки "Насаф"да охирги 6 йилликда Артур Геворкян қандай аҳамият касб этганини барча яхши билади. Шунингдек, бундан икки йил илгари Бердиев ўз интервьюсида жамоанинг ўйинини асосан Геворкянга боғлиқлигини таъкидлаб ўтганди. Энди эса фикризга қўшилмадим, жамоа ҳеч қачон ҳеч кимга боғланиб қолмаган, деди. Ўша мураббий, жамоа ўзгарди, ўйини ўзгарди, фикр ҳам ўзгарди. Ўз фикрига ўзи қарши фикр билдирди.

Энди ўйинга тўхталадиган бўлсак, кеча "Локомотив" тезкор гол урди ва "Насаф"нинг ўйлаб қўйган режаларини бузиб қўйди ҳам дейлик. Лекин Бердиевга ўша мен айтган захира, яъни иккинчи режага ўтишга нима тўсқинлик қилди? Бутун бир ўйин олдинда эди. Аммо "Насаф" гол уриш тугул, рақиб дарвозаси олдида айтарли вазият ҳам ярата олмади. Финалда Маъмур Икромов дарвозаси томон тепилган хавфли зарбани кўрмадик. Икки марта Икромовнинг ўзи "Насаф" футболчилари тайёр вазият, имкониятни совға қилмаганини ҳисобга олмаганда. Ўша вазиятда ҳам жамоа футболчилари довдираб қолишди ва оддий вазиятда тўпни жамоадошига узатишда сусткашликка йўл қўйишди. Бу руҳий тарафлама тайёргарлик билан боғлиқ бўлган жиҳат.

Финалдан олдин Бердиев айтган режани кўрмадик. Иккинчи режа ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Ўша режа аслида бор-йўқлигидан ҳам бехабармиз. Шуниси аниқки, биз "Насаф" ижросида ҳеч қандай мазмунли ўйин ёки рақиб томонга уюштирилган хавф кўрмадик.

Мен "Насаф"нинг ОЧЛ доирасидаги "Ал Жайиш"га қарши ўйинидан кейин "Жаноб Бердиев, наҳотки уялмаймиз?" деган мақола ёзгандим. Ўша мақолани ёзишимга ва сарлавҳани шундай қўйишимга, Бердиевнинг гуруҳда қолиб кетсак ҳам бундан уялмаймиз, деган мазмундаги гапи сабаб бўлганди. Шундан кейин Бердиев бу мақолани ёзган одамни менга нисбатан шахсий ғаразлиги бор, дегандек гап қилганди. Бердиев ўшанда "Пахтакор"га қарши ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ўша мақолада Ўзбекистон кубогини қўлга киритганимизни ёзмаган, фақат танқидий руҳда ёзилганидан шикоят қилганди. Мақташга лойиқ ишни амалга оширган пайтда мақталган мураббий танқидни ўз ўрнида қабул қилиш ўрнига буни шахсий ғаразга юйганди. Мени Бердиевга қандай шахсий ғаразим бўлиши мумкин? Шунчаки кулгули ҳолатку бу!

Профессионал мураббий танқидни тўғри қабул қилиши лозим. Ёки ҳеч бўлмаганида танқид ўринсиз, ёқмади, деса ҳам майли эди. Лекин бунга шахсий муносабатлар ёки ғаразни аралаштириш бемаънилик. Рўзиқул Бердиев билан ўртамизда ҳеч қандай баҳсли ҳолат ёки бошқа бирор нарса бўлмаган. Жамоа ОЧЛда кўнгилдагидек иштирок этолмаётган ва бош мураббий гуруҳда қолиб кетсак ҳам бундан уялмаймиз, деганидан сўнг буни мақташ керакми? Қачонгача?

Кеча финалдан кейин Бахтиёр Ширинов Рўзиқул Бердиевга шундай савол берди: "Ёшларга имконият беряпман деяпсиз. Лекин "Насаф" охирги йилларда фақат бронза медали Ўзбекистон кубоги финали атрофидаги натижалар билан чекланиб қолмоқда. Жамоани олдига юқори вазифалар қўйиш учун нима етишмаяпти", деган саволига Бердиев қуйидагича жавоб берди: "Жиддийроқ мақсадни қўйиш учун аввало биз "Локомотив" жамоасидек 15-20 яқин кучлироқ футболчиларга эга бўлишимиз керак. Тўғриси, олдин ҳам бу саволлар бўлган. Биз каттароқ футболчиларни олишга имкониятимиз йўқ. Бу саволларни олдин ҳам кўп беришган. 3 йилдан буён шу саволга жавоб бериб келяпман. Мен бошқа бу саволни қайтарилмаслигини истардим. Биз ўз имкониятимиздан келиб чиқиб футболчиларни оляпмиз. Яна қайтараман, катта футбочиларни олишга имкониятимиз ЙЎҚ! Ҳозирги кўрсатилаётган натижалар ёмон натижа эмас. Биз ҳар йили чемпионатда барқарор ўйин кўрсатяпмиз. Ёшларга кўпроқ эътибор қаратмоқдамиз. Бу албатта келажакда ўз мевасини беради. Клубнинг ўз сиёсат йўли бор ва менимча бундан қайтмаса керак".

Жаноб Бердиев, сиз ўйиндан олдинги матбуот анжуманида мени саволларимга жавоб қайтараётган, Жамоа ҳеч бир футболчига боғланиб қолмаганини, "Насаф"да 20 яқин КУЧЛИ футболчилар борлиги ва уларнинг барчасидан хавф кутиш мумкинлигини айтиб ўтдингиз. Шунингдек, "Насаф" исталган рақиб билан ўйнай олишини алоҳида таъкидлаб ўтгандингиз. Ўйиндан кейин эса "Локо"га ўхшаб 15-20 нафар КУЧЛИ футболчиларга эга эмасмиз деяпсиз!

Ўйиндан олдинги гап билан кейинги гап қарама-қарши. Фикрлар эса Рўзиқул Бердиевники. "Насаф" клуби кўрсатилаётган натижалардан кўнгли тўқ экан. Демак ҳаммаси жойида. Ҳар сафар учинчи ўринни олиш бу барқарорлик, Бердиевнинг фикрича.


Чемпионатимизда бронза медалларига курашадиган жамоалар сони кўп бўлса, рақобат ҳақиқат ҳам кучли бўлганида, бу ўринни мунтазам эгаллаб юришни бақарорлик, деган бўлардим. 2013 йили "Пахтакор"да авлодлар алмашуви, 2014 ва 2015 йиллари "Бунёдкор" Лушан бошчилигида ўз тарихидаги энг ёмон натижаларни қайд этганди. Бу йили эса яна амалдаги чемпион етакчиларимиз турнир жадвалида пасайди. Ўртада эса барқарор молиявий имкониятларга эга "Насаф" бронза медалларига эгалик қилди. Энди эътибор берамиз, ўтган йили "Пахтакор" қарздорлик билан чемпионликка эришганди. Футболчилар декабр ойигача маошсиз ўйнашди. Ўша "Пахтакор" 2012 йили Мурод Исмоилов қўл остида чемпионликка эришганди. Гарчи ўшанда "Пахтакор" таркиби сезиларли даражада ёш бўлган бўлсада. 2014 йили ҳам "Пахтакор" ёшларга эътиборни сусайтириб қўймади ва барибир чемпионликка эриша олди. Гап фақат ёшларга эътибор беришда эмас эканлигига бу фактлар мисол бўла олади. "Пахтакор" молиявий тарафлама "Насаф"дан анча паст имкониятларга эга. Демак чемпионликни қўлга киритиш учун тажрибали, катта номларга эга бўлиш баҳона бўла олмайди. Ёшлардан ҳам тажрибали, маҳоратли футболчиларни чиқарса бўлади. Ҳамма гап мураббийда. "Насаф" турнир жадвалида кимлардан тепада бўлмоқда? "Олмалиқ", "Навбаҳор", "Металлург", "Нефтчи", "Бухоро", "Қизилқум", "Обод", "Шўртан", "Машъал" каби жамоалар. Навбати билан инқироз даврини ўтказган "Бунёдкор" ва "Пахтакор" яна. "Бунёдкор" ва "Пахтакор" бу оралиқда чемпион бўлишга ҳам улгурганига алоҳида эътибор бермоқ лозим.

Бердиев ҳар гапида ёшларга имконият бераётганини таъкидлашдан чарчамаяпти. 2013 йилдан буён бу ёшлар ҳеч юқори даражадага чиқа олишмаяпти. Юқори даражага чиқа олишганида, аллақачон бронза медалини ҳеч бўлмаганида кумуш ёки олтинга бир марта бўлса ҳам алмаштира олишарди. Бу уддаласа бўладиган иш. Муҳими, мураббий футболчиларга керакли йўналишларни кўрсата олиши лозим.

Клуб раҳбарияти Бердиев қайд этаётган натижаларни қониқаётган бўлиши мумкин. Лекин тўғрисини айтиш лозим, "Насаф"дан чемпионатимизда яхши рақобат, чемпионлик учун кураша оладиган жамоа яратса бўлади. Бунинг учун барча имкониятлар мавжуд. Аммо Бердиев айтганидек клубнинг ўз сиёсати бор бўлса ва уларни барчаси қаноатлантираётган бўлса, унду Олий лигада чемпионлик учун курашадиган бошқа бир жамоа чиқишини кутамиз. "Насаф" охирги маротаба Демяненко даврида чинакамига чемпионлик учун курашган ва якунда ўз тарихида ҳозирча энг яхши бўлиб турган натижани қайд этган.

Келаси мавсум "Локомотив", "Бунёдкор" ва "Пахтакор" чемпионлик учун курашишига ишончим комил. Бу жамоаларда ғолиблик руҳи кучли. Уларнинг мақсад ва вазифалари доимо олий бўлади. Шу боис улар навбати билан кўзланган мақсадларига эришишган ва эришиб келишмоқда. Умид қиламанки, янги мавсумда "Бухоро", "Қизилқум" ва бошқа жамоалар совринли ўринлар учун жиддий кураш олиб боришади. Рақобат сунъий тарзда эмас, чинакамига кучайса бу ўзбек футболининг ютуғи.

"Насаф" катта эҳтимол билан Бердиевни алмаштирмайди ва жамоа келаси мавсумда "Бунёдкор", "Локомотив" ёки "Пахтакор" билан чемпионлик пойгасида қатнашмайди, уларга рақобатчилик қилмайди. Буёғига энди "Насаф"га рақобатчилар пайдо бўлади. "Бухоро", "Қизилқум", "Нефтчи" каби жамоалар катта эҳтимол билан совринли ўрин, аниқроғи бронза медали учун "Насаф"га қаршилик қилишга уриниб кўришса керак.

"Насаф" ушбу мавсумда топ учликдаги "Локомотив" ва "Бунёдкор"га қарши ўзаро ўйинларда бирорта ҳам ғалабага эришгани йўқ. Бешта ўйиндан тўрттасида мағлубият ва битта дуранг. Ўтган йили "Локо" икки маротаба, "Бунёдкор" эса сўнгги икки йилда чемпионатда "Насаф"ни мағлубиятга учрата олмаётган эди. Аждарлар" йилдан-йилга натижаларини пасайтириб юборишмоқда. Бу баъзиларга шунчаки сезилмаяпти ёки ўзларини сезмаётгандек тутишмоқда.

Ёшларга имконият бериш яхши. Аммо бу мақтанарли натижа ҳисобланмайди. Ёшлар билан ҳам яхши натижаларга эришса ва уларни юқори савияга чиқара олишса, мана бундан мақтанса ва фахрланса арзийди.

Рўзиқул Бердиев футболчилик ва мураббий фаолияти давомида ҳозирча тўрттадан бронза медалларини қўлга киритган. Бу нимадан далолат беради?

"Насаф"да жанговорлик, ғалаба учун курашишда спортчиларга хос бўлган жаҳл етишмайди.

Бердиевнинг мураббий сифатида ҳам энг юқори "потолоки" балки бронза медалими?

Футболчиларни керакли пайтда руҳлантира олиш, ўйин давомида уларга керакли эҳтирослар ва ҳиссиётларни бера олиш ҳам мураббийга керак бўлган ҳислатлардан бири. Топ жамоаларда бўладиган асосий нарса бу, русча айтганда "чемпионский дух" дейди. "Насаф"га мана шу жиҳатлар етишмаяпти. Футболчиларни эса шу йўналишда шуғуллантириш, уларни миясига ушбу нарсаларни сингдириш мураббийнинг иши.

Таксичилар тили билан айтганда, "Насаф" ўз "питаги"да мустаҳкам жойлашиб олган. Бу ростан ҳам барқарорликми ёки...?

Бу энди ким футболга қандай ёндошув ва қайси кўз билан қарашига боғлиқ...


Шаҳбоз Беғамов

Рейтинг: +19   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика