UZ

Сўнгги янгиликлар

16:53"Пахтакор" фахрийлари 11 август куни Минскда "Динамо"га қарши ўйнайди  5 16:11Ўзбекистон терма жамоаси амалдаги Жаҳон чемпионига қарши ўйнайди  7 15:29Расман: "Навбаҳор" ёзда 7 футболчини ўз сафига қўшиб олди  15 14:57"Мен ҳамон МЮ билан АПЛ ва ЕЧЛни ютишни орзу қиламан"  4 14:32Англия терма жамоаси футболчиси тез орада "Атлетико"га ўтади  1 13:33Гвардиола: "Улар бизга муаммо туғдиришди"  2 13:04"Челси" яна бир дарвозабонга пул сарфлади, энди уларда 7 нафар посбон бор  4 12:27Суперлига. Андижондаги марказий ўйинни ким бошқаради? 14-турнинг дастлабки 3 ўйини ҳакамлари маълум  5 11:59ОЧЛ тугатилди, энди янги мусобақа кўрамиз  25 11:26Ўзбекистон делегациясига Футзал Жаҳон чемпионати-2024 кубогини топшириш маросими бўлиб ўтди  4 10:56"Локомотив" эртага янги ўйинчиларни таништиради  1 10:45«Барселона» узоқ вақт қизиққан футболчисининг трансферидан воз кечди  3 10:11«Фулҳэм» «Арсенал» футболчиси учун рекорд миқдорда пул тўлайди  4 09:43«Ал Садд» «Монако» футболчисини сотиб олди  2 09:15Sofascore. Кечаги учрашув учун Ўзбекистон ОТЖ футболчилари қандай баҳоларга лойиқ кўрилди?  15

Бахтиёр Ашурматов: «Бухоро»нинг натижасидан кўнгил тўлмади…» Янгиликлар

Бахтиёр Ашурматов: «Бухоро»нинг натижасидан кўнгил тўлмади…»

Олий лига-2017 кутилмаган натижаларию, айниқса, сўнгги турларда юзага келган муросасиз курашлар билан эсда қоладиган бўлди.

Зеро, чемпионат якунланишига 4та тур қолган вақт ЎФФ ва ПФЛ томонидан янги формат бўйича қарор эълон қилингач, кучлилар сафида қолиш учун кураш авж нуқтага чиқди.

Шунингдек, ОЧЛ йўлланмалари масаласи ҳам охиригача очиқ турди. Келаси мавсум чемпионатимизнинг янада қизиқарли кечиши кутилмоқда. Ҳар ҳолда, янги форматдаги лигада 12тагина жамоа иштирок этади.

Бугунги меҳмонимиз - истеъдодли мураббий Бахтиёр Ашурматов. Футболчилик фаолиятида метин ҳимоячи сифатида танилган Ашурматов якунланган мавсум Улуғбек Бақоев бошқарувида ўйнаган «Бухоро»да катта мураббий ролини бажарди.

Айтиш мумкинки, «Бухоро» мураббийлар штаби самарали иш олиб борди. Дейлик, жамоа хорижлик футболчилар хизматидан ҳам имкон қадар унумли фойдаланди. Мисол учун, россиялик марказий ҳимоячи Владимир Баенко қисқа фурсатда орқа чизиқнинг етакчисига айланиб, «Бухоро»ни майдонга сардор сифатида ҳам бошлаб тушди.

27 ёшли легионер шунинг баробарида ўз ҳисобига 3та гол ёзиб қўйди. Хорватиялик 29 ёшли Ивор Вейцер эса 19та ўйинда майдонга тушиб, 4та гол урди. Мураббийлар уни асосан иккинчи бўлимда жангга ташлаб, ўйинни кучайтиришга уринишганини айтиш ўринли.

Қозоғистонлик яна бир ҳимоячи Кирилл Пасичник ҳам чакки таассорот қолдиргани йўқ, гарчи кўп ўйнамаган бўлсада. Хуллас, мавсум бошида таклиф этилган легионерлар финишга қадар «Бухоро»да ўйнашди.

Умуман, қадим шаҳар жамоаси якунда 6-ўринни банд этди. Хўш, бу натижа мураббийлар штабини қониқтирдими?

- Бахтиёр ака, якунланган мавсум давомида ўзига яраша кутилмаган натижалар қайд этилди. Чемпионат шахсан сизда қандай таассурот қолдирди? Плюс ва минуслар айнан нималарда кўринди?

- Ҳа, таассуротлар аралаш. Ижобий томони - кутилмаган натижалар кўпроқ қайд этилди. Хусусан, «Бухоро» ва «Қўқон-1912» жамоалари мавсумнинг каттагина қисмида етакчиларга яхшигина рақобат тақдим қилди ва анча вақт 2-3-ўринларда борди.

Бу олий лига савияси ошаётганидан далолат. Яна бир плюс - бир қатор истеъдодли йигитлар ўзларини кўрсатишди. Дейлик, Жавоҳир Сиддиқов, Азиз Турғунбоев, Жавоҳир Қаҳрамонов...

Тажрибали ҳужумчи Иван Нагаевнинг яна ўз савиясига қайтгани ҳам қувонарли ҳол. Бу футболчига ҳозирнинг ўзида хориж клубларидан таклифлар тушмоқда. Энди салбий жиҳатларга келсак, афсуски, улар ҳам етарли. Масалан, якунда яна ўша етакчилар - «Локомотив», «Насаф», «Пахтакор» ва «Бунёдкор» кучли тўртликдан жой олди.

Ваҳоланки, биринчи даврадан сўнг турнир жадвалининг якуний кўриниши шундай бўлиши ақлга сиғмасди. Ҳар ҳолда, ўша пайт «Бухоро», «Қўқон-1912» ва «Навбаҳор» юқори ўринларда бораётганди. Бироқ бу клублар охиригача суръатни бир маромда ушлаб туролмади.

Шуни назарда тутсак, чемпионат савияси ошаётгани ҳақидаги хулосалар алдамчи таассуротдек кўринади. Демоқчиманки, қачонки, бошқа клублар ҳам охирига қадар доимий етакчиларга муносиб қаршилик кўрсатса, шундагина савияси ошаётганини баралла айтиш мумкин.

Энг оғриқли масала клубларнинг Ўзбекистон миллий термасини муносиб футболчилар билан таъминлашда оқсаётганидир. Мана, миллий жамоамиз яна жаҳон чемпионатидан четда қолди. Қанчалик аччиқ бўлмасин, очиқ тан олишимиз керак, бу омадсизлик ички чемпионатимизда футболчиларнинг ўсишлари талаб даражасида эмаслиги билан боғлиқ.

- Мураббий сифатида айтингчи, биринчи даврада отилиб чиққан жамоаларнинг кейинчалик бўшашиб кетганининг асосий сабаби нима?

- Фикримча, улар таркибида юқори ўринлар учун курашишга ўрганган футболчилар кам эди ва қолган йигитларнинг ўз кучларига охиригача ишонишмагани панд берди. Қаранг, энг савияли футболчилар кучли тўртликдан жой олган жамоаларда жамланишган.

Энди ўз жамоамиз ҳақида гапирсам, мавсумда икки хил таассурот қолдирдик. Бош мураббий Улуғбек Бақоев максималчи ва ўз олдига фақат олий мақсадларни қўяди.

Хуллас, биз - мураббийлар қандай рақиб билан ўйнашдан қатъий назар, футболчилар олдига ғалаба қозониш вазифаси қўйиб келдик. Бироқ айрим учрашувларда йигитларимизга шунчаки, ишонч ҳисси етишмади. Бир томондан қарасак, жанговар ва курашувчан аҳил жамоа шакллантирдик.

Шунинг эвазига мухлислар меҳрини қозондик. Стадионимизга мухлислар ташрифи фикримни тўлиқ тасдиқлайди. Ахир жамоа яхши ўйнамаса, мухлислар стадионга келмай қўйишади. Аммо мураббийлар штаби якуний натижадан қониқмади. Бундай таркиб, истеъдодли йигитлар ва ажойиб мухлислар билан совриндор бўлишимиз керак эди.

Бизга айниқса, «Локомотив» ва «Пахтакор» каби етакчи клубларга қарши ўйинларда ишонч етишмади. Айнан муҳим баҳсларда сув ва ҳаводек зарур очколарни йўқотганимиз якунда қимматга тушди. Албатта, бунда биз - мураббийлар ҳам айбдормиз қайсидир маънода.

Ўз ўрнида, бутун мавсум жамоамизни қўллаб-қувватлаб турган жонкуяр мухлислар, вилоят раҳбарлари, хусусан, Тўрахўжа Барноев, Амрилло Гиясов ва Амрилло Нажмиддиновга мураббийлар штаби ҳамда футболчилар номидан миннатдорчилик билдираман.

- Энди таркибни сақлаб қолиш муҳим ҳисобланади. Хўш, келаси мавсум учун режалар тузилдими? Хусусан, мураббийлар ўз ишларини давом эттиришадими?

- «Бухоро», «Қўқон-1912», «Олмалиқ» ва «Навбаҳор» каби жамоаларнинг чемпионатда барқарор қатнашолмаслигининг асосий сабаблардан бири ҳам шу - таркиб ҳар мавсум камида 50 фоиз янгиланади.

Етакчи жамоаларда бундай ҳолатни кўрмаймиз. Уларда фақат легионерлар алмашиши мумкин. Масаланинг асосий моҳияти шуки, кўплаб клубларда футболчилар билан атиги бир йиллик шартнома тузилади. Оқибатда ҳар йили таркиб кескин ўзгариб кетади.

Ҳозирги асосий вазифамиз - таркибни имкон қадар сақлаб қолиш. Лекин бу борада ўзига яраша муаммолар йўқ эмас. Масалан, тезкор ҳужумчи Иван Нагаевнинг хорижга кетиши эҳтимоли катта.

Ижара келишуви асосида ўйнаган ва қисқа муддатда етакчилар қаторига қўшилишган Эргаш Исмоилов ва Жавоҳир Қаҳрамонов эса «Бунёдкор»га қайтишади. Бу йигитлар 21 ва 22 ёшда. Исмоилов бу йил олий лига доирасидаги 28та ўйинда майдонга тушди.

Умуман, кўплаб етакчи футболчилар олий лиганинг кучли клубларидан таклиф олишган. Улуғбек Бақоев мураббий сифатида дебют мавсуми учун яхши таассурот қолдирди. Уни жуда яхши биламан ва бундан-да кўпроғига қодир эканлигини айта оламан.

Асосийси, ўз салоҳиятига ишончи баланд. Шубҳам йўқ, Улуғбек мураббийликда ҳали катта ютуқларга эришади. Унинг бош мақсади - Бухоро футболининг янги босқичга чиқишига ўз ҳиссасини қўшиш.

Хуллас, бош мураббий яқин кунларда клуб раҳбарлари, вилоят футбол федерацияси мутасаддилари билан учрашиб, кейинги мавсум режаларига ойдинлик киритади.

Насиб қилса, мураббийлар штаби ҳам бошланган ишни давом эттиради. Оддий айтсак, ҳозирги вазифамиз таркибни янада кучайтириб, жамоани совринлар учун курашадиган даражага олиб чиқишдир.

- Улуғбек Бақоевга Қозоғистон клубларидан таклиф тушаётгани ростми? Бу масалада унинг ўзи билан гаплашдингизми?

- Очиғи, бу саволга Бақоевнинг ўзидан жавоб олганингиз маъқулроқ. Тўғри, чемпионат охирида суҳбатлашганимизда, «Бухоро»ни янада кучайтириш зарурлиги, бу борада бир қатор футболчиларни кўз остига олиб қўйгани ва кейинги мавсумга тайёргарлик режаси хусусида гапирганди.

- «Бухоро» ёшлар жамоасида муносиб йигитлар борми? Умуман, вилоятда болалар футболининг аҳволи қандай?

- Айтиш жоиз, ўринбосарларимиз ҳам чакки иштирок этишмади. Мисол учун, ҳужумчи Акобир Тўраев ва ҳимоячи Миржалол Жумаев кўзга яққол ташланишди. Лекин улар асосий таркибда ўзларини кўрсатадиган ёшдалар.

Шунингдек, дарвозабон Шоҳжаҳон Насимовни бош жамоага жалб қила бошладик. Умумий ҳолда гапирсак, вилоятда болалар футболи ҳавас қиладиган даражада эмас.

Ҳарқалай, охирги йиллар Бухородан Улуғбек Бақоев ва Шавкат Саломов савиясидаги футболчилар чиқишгани йўқ. Шундай экан, вилоятда бу йўналишда амалга оширилиши зарур ишлар кўп.

- Футбол мактабларидаги шароитлар, болалар мураббийлари масаласи қандай? Вилоят футбол федерацияси бу жиҳатларга эътибор қаратяптими?

- Маҳаллий мутахассислар болалар футболини ривожлантириш йўлида имкон қадар меҳнат қилишмоқда. Лекин болалар билан ишлайдиган мураббийлар кам. Бош жамоа ишларидан ортмай, болалар футболи ривожига эътиборсизроқ қараганимиз - бизнинг камчилик.

Тўғри, Улуғбек Бақоев бошчилигида ёшлар турнирларига бориб, футболчиларни кузатдик. Лекин «Бухоро» мураббийлари бутун вилоят футболига масъул эмаслар-ку. Шундай бўлсада, келаси йилдан бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришга ҳакарат қиламиз.

- Келаси йили элитада 12та жамоа иштирок этишига муносабатингиз қандай?

- Бу масалада ҳамма турлича фикр билдиряпти. Лекин ҳар бир янгилик ва ўзгаришнинг ўзига яраша ҳикмати бор. Федерацияда иш бошлаган янги раҳбарлар тинимсиз изланиб, янгиликларга қўл уришяпти.

Умид қиламанки, ўзгаришлар ўз мевасини беради, албатта. Қаранг, жаҳон чемпионати биз учун ҳамон армон бўлиб қолмоқда. Ислоҳотлар аввало, Ўзбекистон терма жамоаси манфаатига хизмат қилса, ажабмас. Тўғри, жамоалар ўзгариш ҳақида мавсум бошида огоҳлантирилганида, ҳеч қандай эътироз туғилмасди.

Чунончи, бу йил 12-13-ўринларни эгаллаган жамоалар мавсум бошида ўз имкониятларидан келиб чиқиб, олий лигада қолиш вазифасини қўйганди ва амалда буни бажарди ҳам. Айни шу ҳолат клубларга оғир ботмоқда.

- Яна бир ислоҳотга биноан, биринчи лигада 24 ёшдан катта футболчиларнинг ўйнашларига рухсат берилмаслиги мумкин. Аммо айримлар фақат 25 ёшдан ошгач, «очилишади»...

- Менимча, бундай тақиқ ҳали расман тасдиқлангани йўқ. Бордию, шундай қарор қабул қилинса, балки ёшларга йўл очилар. Лекин бу ҳолатда 24 ёшдан катта кўплаб футболчилар ишсиз қолишади. Ахир олий лига жамоалари сони ҳам камайди.

Шундай бўлгач, баъзи савияли йигитлар қандайдир сабабларга кўра, жамоа тополмасликлари мумкин.

Ўзингиз ўйланг, дейлик, жароҳат туфайли спорт формасини йўқотган футболчининг аввалги ҳолатига қайтиши қийин. Менимча, бу қарор бўйича ҳали атрофлича ўйлаб кўриш керак.


Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди "Интерфутбол" газетаси

Рейтинг: +18   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика