UZ

Сўнгги янгиликлар

12:11"Реал" 11 ойдан бери "Бернабеу"да 15 млн. евро даромад келтириши кутилаётган бар-ресторанни очолмаяпти  0 11:39Пети: "Анчелотти ва яна бир неча футболчилар Мбаппе "Реал"га ўтишини хоҳламаганига ишончим комил"  3 10:54Аморимнинг МЮдаги илк трансфери бразилиялик футболчи бўлиши мумкин  1 10:20Кейн Холландга тегишли бўлган Бундеслига рекордини янгилади  1 09:47Лунин А Серияга кўчиб ўтиши мумкин  1 09:11Goal мундиал фаворитлари рўйхатини янгилади. ТОП-10да ўзгаришлар бор  5 08:45Аморим «Манчестер Юнайтед»да нималарни ўзгартириш кераклигини айтди  1 08:18Sofascore. «Ал Ваҳда» дуранг ўйнади. Ҳожимат Эркиновнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  3 07:46Суперлига. Бугун турнинг қизиқарли баҳсига гувоҳ бўламиз  4 03:00Франция. ПСЖ "Тулуза" дарвозасига 3та гол урди  0 03:00Бундеслига. "Бавария" йирик ғалабага эришди, Кейндан хет-трик  0 01:47Арне Слот: "Гвардиоланинг қолишидан хурсанд бўлдим"  0 01:13"Манчестер Сити" Чемпионшипга тушириб юборилса, Пеп жамоада қоладими? Унинг ўзи жавоб берди  2 00:43Флик Левандовскининг оффсайди борасида тушунтириш беришларини сўради  6 00:10Саудия Арабистони. Обамеянгнинг голи "Ал Насср"ни мағлуб қилди, Роналдудан 911-гол  17

Асрор Алиқулов: “Футболчилик фаолиятимни якунлашга қарор қилдим” Янгиликлар

Асрор Алиқулов: “Футболчилик фаолиятимни якунлашга қарор қилдим”

Ўқувчиларимизга яхши маълумки, таниқли футболчи Асрор Алиқулов сўнгги йилларда “Шўртан” жамоаси учун ўйнаб келмоқда.

Яқинда Тошкентда ўтказилган “С” мураббийлик лицензияси учун таҳсил олган Алиқулов 37 ёшга тўлган бўлсада ҳамон майдонда жавлон ураётгани таҳсинга лойиқдир. Бўлиб ҳам ғузорликларнинг кўплаб учрашувларида тажрибали ҳимоячи бошланғич таркибдан ўрин эгаллади. Билсангиз керак, у билан тенгқур бўлган “Пахтакор” ҳужумчиси Анвар Солиев бу йил футболчиликдаги сўнгги мавсуми эканлигини билдирганди. Асрор Алиқулов билан ҳам бу борада суҳбатлашганимизда, бутсаларини михга илишга қарор қилганини айтди.

- Асрор ака, бу йил 37 ёшда бўлсангизда ҳамон яшил майдондасиз. Футболчилик фаолиятингизни якунлаш ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?
- Жорий мавсум сўнггиси бўлди. Бу борада аввалроқ ўйлагандим ва шу боис мураббийлик курсларида ҳам таҳсил олишни бошлаб юбордим. Менимча энди мухлислар футболчи Алиқуловни эмас, балки мураббий Алиқуловни кўради.

- “Шўртан” таркибидаги энг кекса ўйинчилардан бири бўлишингизга қарамай, кўплаб учрашувларда жамоангизнинг бошланғич таркибидан ўрин эгаллаб келдингиз. Айтингчи бу йилги мавсумдан кўнглингиз тўлдими?
- Йўқ. Умуман қониқмадим. Айрим сабабларга кўра кўплаб машғулотларни ўтказиб юборишимга тўғри келди. Бу эса спорт формам бир меёрда бўлишига таъсир ўтказди.

- Йил бошида айрим ишқибозлар “Шўртан”нинг таркибига назар ташлаб, жамоа чемпионатда камида 6-7-ўринлардан бирини эгаллаши мумкинлигини айтганди. Аммо финишга 11-ўринда етиб келдинглар. Бунга нима сабаб?
- Натижага фақат молиявий муаммолар сабаб бўлди дейиш нотўғри. Биласиз бу йил деярли янгитдан жамоа тузилди. Йигитлар бир-бирини тушуниб кетиши учун бироз вақт талаб этилади. Аммо вақт кутиб турмайди. Эътибор берган бўлсанггиз, биринчи давранинг бошида иштирокимиз яхши кечаётганди. Лекин танаффусга оз қолганида салбий томонга ўзгара бошлади. Иккинчи даврада ҳам ҳудди шундай холат такрорланди. Қолаверса барқарорлик етишмаганининг боиси шуки, машғулотларда асосан бир ҳиллик кузатилди. Рақиб жамоа номига қараб тайёргарлик кўрилмади.


- Энди узоқ давом этган футболчилик фаолиятингиз ҳақида гаплашсак. Бизнингча олтин даврлар “Пахтакор”да ўтказган йилларингизга тўғри келса керак?
- Шубҳасиз. Бой тарихга эга бўлган клубда ўйнаганимдан доимо фахрланаман. Албатта “шерлар” таркибида ўйнаб кўплаб совринларни қўлга киритдим. Чемпионлик шохсупасига бир неча бор кўтарилдим. Кўплаб футболчилар орзу қилган совринларга эга чиқдик. Жуда ажойиб дамларни ўтказдик. “Пахтакор”да ўйнаб терма жамоадан ҳам чақирув ола бошлаганман ва мамлакатимизнинг бош жамоасида ҳам озми кўпми ўйнаб, ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга бор кучимни берганман. Буларни фақат ширин хотиралар билан эслайман ва ҳеч қачон унутмайман. Дарвоқе, бугунги кундаги ёшларга шуни маслаҳат қиламанки, имкон қадар кучли ва ўз олдига аниқ мақсад қўядиган клубларда ўйнашга интилишсин. Сабаби бундай жамоаларда ўйнаш бир томондан қулай ва енгил. Ўзимдан қиёс биз “Пахтакор”даги йигитлар билан ҳар бир учрашувга фақат ғалаба учун чиқардик.

- Сиз билан бирга яшил майдонда харакат қилган футболчилардан 11талик рўйхатни тузиб берсангиз. Кейин уларнинг ҳар бирига қисқача изоҳ бериб ўтсангиз мақсадга мувофиқ бўларди?
- Майли, бемалол. Дарвозабондан бошлайдиган бўлсак, ўзим билан бирга узоқ йиллар давомида ўйнаган Игнатий Нестеровни айтган бўлардим. Игнат жуда мехнаткаш посбон. Учрашув пайтида биз ҳимоячиларга йўл-йўриқ кўрсатиб, бошқариб туриши билан ажралиб турарди. Ҳақиқий профессионал. Кейинчалик унга ўхшаш дарвозабонни бошқа жойда учратмадим.

Ҳимоячиларга келадиган бўлсак, ўнг қанотга (бироз ўйланиб) гарчи ўзим билан бирга ўйнамаган бўлсада, “Насаф”даги Шуҳрат Муҳаммадиевни қўяман. Бу йигитнинг харакатлари менга манзур бўлмоқда. Аввалдан кузатиб келаман. “Машъал”да ўйнаб юрган пайтлари кўзга ташланганди. Ўшанда “Шўртан” раҳбариятига тавсия қилдим. Аммо кейинчалик “Насаф”га ўтди. Марказий ҳимоячилар: Бу борада биринчи навбатда Бахтиёр Ашурматовни тилга оламан. Якка курашларда ўзини ҳеч қачон олиб қочмаган ва майдонда борини берарди. Жон-жаҳди билан тиришарди. “Пахтакор” ва МТЖда бирга ўйнаганимизда менга ҳам анча енгиллик бўлган. Яна бир марказий ҳимоячи эса Анзур Исмоилов. У билан ҳам “Пахтакор”да бирга тўп тепдик. Ўша пайтлари энди-энди асосий таркибда ўйнай бошлаганди. Ёш йигит эди. Мана бугунги кунга келиб эса МТЖнинг ҳимоясида асосий қўрғон бўлиб турибди. Унинг ўйинлари мени жуда хурсанд қиляпти. Чап қанот ҳимоясига Николай Ширшовни қўйган бўлардим. Кучли зарба ва тезкорлиги билан ажралиб турарди. МТЖда бирга ўйнаганмиз. Қолаверса бу қанотга бугунги кундаги энг яхшилардан бири бўлиб турган Виталий Денисовни ҳам қўяман. У ҳам ҳудди Ширшов каби жуда тиришқоқ йигит. Марказий ярим ҳимояга Азиз Ҳайдаров, Одил Аҳмедов ва Сервер Жепаровни қўямиз. Азиз билан битта клубда ўйнамаганмизу, аммо МТЖда бўлгандик. “Локомотив” сафида ўйнаб юрган пайтидан бери биламан. Ўша кезларда ҳам рақибдан тўпни олиб қўйиш хусусияти бор эди. Аҳмедов ва Жепаров ҳақида эса ортиқса изоҳга ҳожат бўлмаса керак деб ўйлайман. Қанот ярим ҳимоясига эса Жасур Ҳасанов (каттаси) билан Акмал Холматов. Ўз вақтида “Пахтакор” таркибида “Нефтчи”га қарши ўтказган ўйинларимизда Холматов катта қийинчилик туғдирарди. Тезкор харакатлари билан ҳимоячиларни доимо саросимада ушлаб турган. Ҳасанов ҳам ҳудди шундай. Унинг ажойиб тўп оширишлари натижасида жамоадошлари кўплаб голларни уриб келмоқда. Ҳужум чизиғига келадиган бўлсак, ўзим ҳимоячи бўлганим учун ҳам кўплаб ҳужумчиларга қарши ўйнашга тўғри келган. Улардан Анвар Солиев билан Анвар Бердиевни кўрсатган бўлардим. Шунингдек МТЖда бирга ўйнаган Максим Шацкихни айтиш мумкин. Бу ҳужумчилар яримта имкониятдан ҳам унумли фойдаланишни қойиллатарди.

Бошқарув постига эса кимни қўйса бўлади? (Бироз ўйланиб) Бу борада Равшан Ҳайдаровни айтаман. Сабаби “Пахтакор” ва МТЖда Равшан Акмалович билан бирга кўп йиллар давомида ҳамкорлик қилдик.   

- Шу кунгача бошқа мураббийлар билан ҳам ишлашингизга тўғи келган. Улардан яна қайсиларини алоҳида эътироф этишингиз мумкин?
- Ҳақиқатдан ҳам футболчилик даврим мобайнида бир қатор таниқли мутахассислар билан бирга ишладим. “Пахтакор”да ўтказган йилларим давомида Равшан Ҳайдаровдан ташқари, Виктор Жалилов ва Тачмурод Агамуродов сингари тажрибали мураббийлар билан ишлаш бахтига муяссар бўлдим. Терма жамоада эса англиялик Роберт Хоугтон ва германиялик Хайнц Юрген Гёде билан бирга ҳамкорлик қилдик. Умуман олганда шу кунгача қайси мураббийлар билан ишлаган бўлсам, уларнинг ҳар бирининг ўзига яраша иш услуби бор. Қайсидир жиҳатларини ўзимга олишга интилганман. Эндиликда улардан ўрганганларимни амалда ўзим қўллаб-кўрмоқчиман.

- Айрим футболчилар бутсаларини михга илгач, мураббийликни олий лига клубида ишлаш билан бошлаб юборади. Яна баъзилари эса бу борада барчасини қуйидан, босқичма-босқич бажариб болалар футболидан иш топади. Хўш, Асрор Алиқулов қандай йўл тутмоқчи?
- Фикримча болалар билан ишлаш орқали секин-секин катта футболга ўтган афзал. Болалар билан ишласангиз ўзингизнинг тушунчангизни уларга етказиш ва ўйин услубни яратиш осон кечади. Қолаверса натижа ҳам у даражада асосий ўринга чиқмайди. Профессионал клубда эса бугунги кунга келиб қисқа фурсат ичида курашчан жамоа тузиш талаб этилмоқда. Агарда таркибдаги йигитлар кўнглингиздагидек бўлса-ю яхши. Аммо ўзингиз истаганингиздек таркиб туза олмасангиз жуда қийин бўлиши турган гап.


- “Шўртан” раҳбарияти билан келгуси режалар хусусида гаплашиш имкони бўлдими? Балки ёшлар жамоасида ишларсиз?
- Клуб билан тузган шартномам ниҳоясига етиб бормоқда. Аммо кейинги йил учун ҳозирча ҳеч гап йўқ. Балки раҳбарият билан яқин орада гаплашиб олармиз. Ёшлар жамоасида ишлашга келадиган бўлсак, бу раҳбариятнинг талаб ва истагига қаралади. Агарда ёшлар жамоасига ҳам жиддий эътибор қилиб, терма жамоаларимизга ва асосий таркибга ўйинчиларни етказиб бериш вазифаси асосий ўринга чиқадиган бўлса, ишласа бўлади. Аксинча шунчаки расмиятчилик қилинса, у холда ишлашдан наф йўқ.

- “Пахтакор”нинг собиқ футболчиларини бугунги кунда ушбу клуб тасарруфида мураббийлик қилаётганларини ҳам кўрмоқдамиз. Нўъмон Ҳасанов, Шуҳрат Раҳмонқулов... Шулар жумласидандир. Айтингчи сизда ҳам бир кун келиб “Пахтакор”да мураббий сифатида ишлаш мақсади борми?
- Жуда тўғри фикрни айтдингиз. Ҳақиқатдан ҳам “Пахтакор” жамоасида собиқ футболчиларга бўлган эътибор юқори. Бутсани михга илгач, ушбу клуб тасарруфидаги болалар жамоасида ишлаш имконияти пайдо бўлмоқда. Бу йўлдан сўнгги пайтларда “Бунёдкор” ҳам кетмоқда дейиш мумкин. Бу яхши албатта. Клуб раҳбариятида ишлаб келган Самвел Бабаяннинг ушбу сиёсатини мақуллайман. Ким ҳам “Пахтакор”дек Осиёда ўз ўрнига эга бўлган клубда ишлашни истамайди дейсиз?! Албатта, менга ҳам таклиф бўлса ҳеч иккиланмасдан бажонидил қабул қилган бўлардим.


- Мураббийлик лицензиясига ўқиб юрганингизда таклифлар бўлмадими?
- Клуб раҳбариятида ишлаб келаётган таниқли мутахассислар Виктор Жалилов билан Григорий Цейтлин илгари клубда мураббий сифатида ҳам ишлайсан бир кун келиб дея ярми ҳазил, ярми чин манода айтиб турарди. Буни энди вақт кўрсатади.   

- Характерингиздан келиб чиқиб айтингчи, ўзизни бош мураббийлик ролида қандай кўрмоқдасиз?
- Анча оғир босиқ бўлганим билан футболчилик давримда ўзимга бўлган талабни асло сусайтирмасдим. Ўйлайманки мураббийликда ҳам шу ўзимга бўлган талабни пасайтириб юбормасам, бемалол бош мураббий сифатида ҳам ишлай оламан.

- Яқин орада олий лиганинг бирор-бир клубини олиб, бошқариш режангизда борми?
- Йўқ. Аввало ёрдамчи мураббий бўлсада ишлаб, маҳоратимни оширишим керак. Бош мураббийлик жуда ҳам катта масъулиятли ишдир. Бунга олдин ҳар томонла ўзингизни тайёрлаб бориш талаб этилади.

- Хайрлашув учрашувингизни ўтказишни ўйлаб кўрмадингизми?
- Ҳозирча бундай режа йўқ.


Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди.

Рейтинг: +9   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика