Акмал Саитқулов: "Асрор Алиқулов жамоамизни тарк этгани йўқ"
17 май 2021 09:03
Янгиликлар
Акмал Саитқулов: "Асрор Алиқулов жамоамизни тарк этгани йўқ"
Ўйин ҳақида
- Авваламбор "Нефтчи" жамоасини ва мухлисларини ғалаба билан табриклайман. Улар Суперлигага чиқишга лойиқ жамоа тузишган, таркибида бир қатор легионерлар бор. Таркибимизда ёш футболчилар бўлишига қарамасдан бугун кучли рақибга муносиб қаршилик кўрсатдик деб ўйлайман. Ҳимояда йўл қўйилган айрим хатолар эвазига гол ўтказиб юбордик. Футболчиларимизда озроқ малака етишмаяпти.
- Бугун жамоангиз кучли рақибга қарши тартибли ҳимояланган холда қарши ҳужумда урғу қаратди. Олдинги чизиқда жамоа ҳужумчиси Бекзод Сувонов ёлғизланиб қолгандек кўринди...
- Тўғри айтдингиз, ҳақиқатдан ҳам ҳужумчимиз Бекзод Сувонов олдинда ёлғизланиб қолди. Биз бугун ҳимоявий ўйин ташкил этдик. Олдинги чизиққа Бекзод Сувоновни чиқариб тезкор қарши ҳужумларга ўтиб кетишни мақсад қилгандик. Лекин ҳужумда бизга озгина куч етишмади. Ўйинни кучайтириш учун захира ўриндиғимиз тор. Шунда бўлса ҳам йигитлар қанотларда фаоллик намойиш этишди.
- Жамоа олдидаги тақиқ олиб ташланган бўлса ҳам ҳозирча трансферларга расмий рухсат берилгани йўқ. Биринчи давра якунига қадар сизларнинг эътиборингиздаги футболчилар бошқа жамоаларга кетиб қолиши эҳтимоли бор. Шу вазиятга қандай изоҳ берасиз?
- Ҳозирда бу борада клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби иш олиб бормоқда. Кўз остига олинган футболчилар бор, лекин уларни заявка қила олганимизча йўқ. Жамоада ҳужумкор ва қанотларда фаоллик намойиш этадиган футболчилар кам. Шу сабаб биз ҳужумкор ёшларни таркибга қўшиб олишни мақсад қилганмиз. Трансфер ойнаси очилса ҳозирда биз билан бирга машғулотлар ўтказаётган футболчиларни рўйхатдан ўтказамиз.
- Кун тартибидаги савол. Асрор Алиқулов жамоани тарк этганми ёки қайтадими?
- Асрор Алиқулов жамоамизни тарк этгани йўқ. У айни дамда даволаниш курсларини олиб бормоқда. Шунингдек яқинда ПРО лицезиясига ўқишлар бошланади, шунга тайёргарлик кўрмоқда. Асрор Алиқулов жамоамиз мураббийлар штаби билан бирга ва бизга мунтазам ўз кўрсатмалари билан ёрдам бериб келмоқда.
Фикрлар