UZ

Сўнгги янгиликлар

09:20ПСЖ собиқ устози «Барселона»ни бошқариши мумкин  0 08:55Дилшод Раҳматов: «Ўйиндан ўйинга кучайиб борамиз. Мақсадимиз – чемпионлик!»  0 08:31Sofascore. Элдор Шомуродовнинг кечаги ўйини неча баҳога лойиқ кўрилди?  3 08:07Ўзбекистон кубоги. Бугун 2-тур баҳслари давом эттирилади  0 07:43Осиё кубоги. Бугун Кувайтга қарши майдонга тушамиз  5 07:15U-23 Осиё кубоги. Хитой - Корея Республикаси 0:2  0 07:10U-23 Осиё кубоги. БАА - Япония 0:2  0 07:05U-23 Осиё кубоги. Таиланд - Саудия Арабистони 0:5   0 07:00U-23 Осиё кубоги. Тожикистон - Ироқ 2:4   0 06:55Серия А. "Кальяри" - "Ювентус" 2:2   1 06:50Саудия чемпионати. "Ал Насср" - "Ал Файҳа" 3:1   0 01:48А Серия. "Кальяри" "Ювентус"га қарши ўйинда охирги дақиқалардаги автогол сабаб ғалабани қўлдан чиқарди. Шомуродов 79-дақиқада алмаштирилди  42 01:40Каземиро: "Анчелотти МЮга ўтаётганимни билиб, йиғлаб юборганди"   4 01:15U-23 Осиё кубоги. Ироқ Тожикистонни ишончли тарзда мағлуб қилди  0 00:58Начо "Реал"га мавсум охирида жамоадан кетишини маълум қилди  7

Ёлғизлик, онасининг вафоти, рақобат ва шармандали хатолар юкини кўтара олган дарвозабон ҳаёти Янгиликлар

Ёлғизлик, онасининг вафоти, рақобат ва шармандали хатолар юкини кўтара олган дарвозабон ҳаёти

2008 йил Уго Льорис "Милан"га ўтиши мумкин эди, бироқ трансфер амалга ошмади.

Бунга иккита нарса сабаб бўлди: биринчиси — жамоада асосий ўрин йўқлиги. Унга асосий дарвозабон бўлиши учун ҳеч ким кафолат бермади. Иккинчи сабаб — сотиб олиниши режалаштирилаётган янги футболчи туфайли "Милан" директори клуб фахрийси Кристиан Абьяттидан қутилиш пайига тушиб қолганди. Аммо у "Палермо"га кетишни истамади ва натижада трансфер амалга ошмади.

2012 йил "Тоттенхэм" босслари унинг ёнига келди, лекин ўхшаш сценарий уни ажаблантирмади. Франция термаси сардори бўлган Льорис бегона юртга жўнаб кетди. Бироқ у ерда ҳам ҳеч ким унга асосий таркибни ваъда қилмаган эди. Бутун АПЛ ва жумладан Андре Вилаш-Боаш учун Брэд Фриделнинг иккинчи ёшлиги ҳақиқий "шок" бўлди. Аммо америкалик дарвозабон жарима майдонига чиқиб кетар, мунтазам равишда сейвлар қиларди. Бундай посбонни ўйиндан чиқариб юбориш қийин эди. Шунинг учун, Льорис захира ўриндиғидан жой эгаллади.

"Мен бор кучим билан машқ қилдим, аммо мураббий мени барибир асосий таркибга киритмади. Буни тушуниш ва қабул қилиш қийин. Лекин вазият нима учун бундай бўлганини фақат унинг ўзидан сўраш керак. Бироқ мен барибир профессионал бўлиб қолавераман", — деган эди Льорис. Ноябрь ўрталарида у биттагина ўйинда бошланғич таркибда майдонга тушди ва жуда тушунарсиз ўйин намойиш этди.

Льорись билан бўладиган рақобат Фридельни умуман ҳавотирга солмади: "Льорис ажойиб дарвозабон бўлиши шарт. Бироқ Премьер-лигага ўрганиб кетиши учун унга вақт керак бўлади. Менинг Англиядаги биринчи ярим йилим жуда даҳшатли ўтган, аммо бу мен учун яхши тажриба бўлган".

Болалигида теннис ва "Манчестер Юнайтед" шарфини яхши кўрган

Льориснинг отаси − банкир, онаси эса адвокат бўлган. Улар ўғиллари тарбияли бўлиши ва ҳаётда ўз ўрнини топишига ҳаракат қилардилар. Шу сабабли, болакай молиявий томондан ҳеч нарсага зориқмай улғайди. Шунга қарамай, болакай жуда камтар ва тарбияли бўлди: "Уго − оз, аммо аниқ гапирадиган, уятчан, сезгир ва ўзига хос бола эди. Мен уни телевизорда кўрганимда, умуман ўзгармаганига гувоҳ бўлдим: камтар, оғир-босиқ", − ёдга олади мактаб ўқитувчиси Франсуаз Боксьер.

Камгап ва уятчан Льорис 13 ёшга қадар футбол ёки теннисдан қай бирини танлашга роса иккиланган. 1991 йил апрелда онаси билан Монте-Карлода бўлиб ўтган теннис турнирига борган: ўшанда Пит Сампрас чиқиш қилган ва айнан унинг ўйинлари болакайни илҳомлантирган. Льорис икки спорт турини ҳам яхши эплади ва ҳаттоки энг яхши франциялик ўйинчилар қаторидан жой олди (теннисчилар орасида). Орадан икки йил ўтиб футболга қизиқа бошлади.

Льорис икки позицияда ўзини синаб кўришга қизиқарди: ҳужумчи ёки дарвозабон. У буни шундай тушунтирган: "Табиатан уятчан бўлганим сабабли, майдонда эътибор марказида бўлишни истайман. Бунга эришиш учун ё тинимсиз гол уриш, ёки тўплар дарвозага киришини тўхтатиб қолиш керак". Қаҳрамонимиз иккинчи вариантда тўхташга қарор қилди.

Льориснинг футболга бўлган муҳаббати уйғонишига ҳам онаси сабабчи бўлди − 7 ёшга тўлганида, онаси хизмат сафаридан "Манчестер Юнайтед" шарфини олиб келди. Шундан кейин болакай футболга қизиқа бошлади. Кичик Льорисга Эрик Кантонанинг ўйинлари жуда ёқарди, Петер Шмейхельга эса шунчаки қойил қоларди: "Мен дарвозабон маҳоратини Шмейхель мисолида ўрганганман − у тенгсиз футболчи эди. У доим жарима майдонини назорат қилишга ҳаракат қилар, яхши ўйин намойиш этар ва ҳужумчи билан бирга-бир ўйнашдан қўрқмас эди".

2008 йил. "Ницца" - "Лилль" учрашувидан бир неча кун олдин Льорис ҳаётида ҳақиқий фожиа юз берди: саратон касаллигига чалинган онаси вафот этди. Мураббий Фредерик Антонетти зудлик билан посбонни таътилга чиқарди. Бироқ Льорис бошқа йўлни танлади: онасининг ўлимидан икки кун ўтиб майдонга тушди ва ажойиб ўйин намойиш этди — даҳшатли сэйвлар қилди ва умуман тўп ўтказмади.

Фридель билан бўлган рақобатда бардошлилик ва совуққонлик Льорисга катта ёрдам берди. Ёпиқ ва зиддиятсиз ҳолат: жанжал қилмади, ультиматум қўймади. Аммо бор кучи билан машғулотларга қатнади, тинимсиз равишда ўз устида ишлади ва келаси мавсумда асосий таркиб дарвозабонига айланди. Бундай натижага қандай эришгани ҳақида сўрашганида, Льорис болаликдаги бир воқеани ёдга олди ва қуйидагича жавоб берди: "Ота-онам бирор иш билан шуғулланаётган бўлсанг, бўшашишга ҳаққинг йўқ. Бир ишни бошладингми − уни тўлиқ бажар, ана ўшанда ижобий натижага эришасан деб ўргатишган".

Льорис энг яхши дарвозабон бўла олмаганининг асосий сабаби

Шу вақтгача Льорис жаҳоннинг энг яхши посбонлари қаторида тилга олинмаслигининг асосий сабаби — унга доим паст баҳо беришарди. У ҳеч қачон йил жамоасига номзод бўлмаган, "Олтин қўлқоп"га лойиқ топилмаган ва кўпчиликнинг онгида Премьер-лиганинг энг яхши дарвозабони сифатида гавдаланмайди. Бу ерда икки сабаб бор: биринчиси Льориснинг ўзи ва Давид Де Хеа. Льориснинг асосий муаммоси − ҳал қилувчи хатоларнинг кўплиги. Ҳа, у бу нарсани қолган бир дунё нарсалар билан ёпиб кетади, лекин унинг қўпол хатолари ўта муҳим паллаларда содир бўлган ва кўпчиликнинг хотирасида қолиб кетган. 

Солиштириш учун бошқа посбонларни олайлик: аввалроқ эслаганимиз Де Хеа ва Петр Чех. Охирги саккиз мавсумни улар Англияда ўтказишди (худди Льорис каби), Премьер-лигани тарк этишмади (худди Куртуа каби) ва чемпионатга яқинда келганлар тоифасига ҳам кирмайдилар (худди Алиссон ва Эдерсон каби). Биринчи кўрсаткич − "қуруқ" ўтказилган ўйинлар сони. Бу натижага дарвозабон ўйини ва ҳимоячилар тенг равишда жавобгардирлар. Де Хеанинг устунлиги − минимал. Унда етти мавсумда 87 қуруқ ўйин, Льорисда биттага кам. Чех уларнинг иккисидан ҳам бироз ортда − 74.

Энди 2012 йилдан буён амалга оширилган сэйвлар сонига мурожаат қиламиз. Бу ерда яна Де Хеа етакчи, лекин Льорис ҳам деярли тенгма-тенг келаяпти: Де Хеа − 666, Льорис − 602, Чех − 554 (бу натижалар ўтган мавсум якунлари бўйича).

Энди навбат натижасида гол қўйиб юборилган хатоларга етиб келди. Ўтган мавсум Де Хеа учун энг ёмонларидан бири бўлган бўлса-да, саккиз йил давомида у бор йўғи 10 марта бундай хатога йўл қўйган. Льориснинг бу борадаги натижаси анча ёмонроқ − 16. Чехда − 13. Барчаси айнан якунига етган мавсумда ўзагриб кетди. Льорис мавсум давомида фақат бир марта − "Ливерпуль" билан учрашувда хатога йўл қўйди, Де Хеа эса бир йўла беш марта голли хатога сабабчи бўлди. 

Испаниялик ва франциялик посбонлар ўртасида, класс борасида аслида унчалик катта фарқ йўқдек. Уго рақибидан камроқ қутқармаган ёки унинг сейвлари осонроқ вазиятларда деб ҳам бўлмайди. Лекин Де Хеанинг кучи − деярли "қовун туширмаслигида", Льорис эса фақат ўтган мавсумда нисбатан барқарор ўйин кўрсатди.

Льорис ҳам ҳурматга лойиқ эканлигининг исботи

Ўтган мавсум Льорис учун энг яхшиси дейишимизга нафақат қўпол хатоларнинг деярли йўқ бўлгани сабаб бўла олади. Келинг, дарвозабонлар ўйинини баҳолашда кўп ишлатиладиган xG-метрикага мурожаат қиламиз. Буни қарангки, 2018/19-йиллар мавсумида Льорис − гол бўлиши кутилган вазиятлар сони ва ўтказиб юборилган голлар сони бўйича АПЛда энг яхши натижага эришди. Францияликнинг сейвлари жамоасини олтита қўшимча голдан қутқарди. 

Яна бир муҳим кўрсаткич − қайтарилган зарбалар сони. Одатда бу борадаги кўрсаткич 70%дан юқори бўлса, ё дарвозабоннинг омадли сериясига тўғри келган ёки у чиндан кучли посбон. Льорис бутун мавсум давомида натижасини юқори нотада ушлаб тура олди − мавсум якунига келиб унинг кўрсаткичи 75%ни ташкил қилди. 2019 йилда Льорис даврозасига уч бор пенальти белгиланди. Зарбани − Обамеянг, Варди ва Агуэро амалга оширди. Уларнинг барчаси АПЛ тўпурарлари пойгасида етакчилик учун курашаётганди. Льорис ҳар учала зарбани ҳам қайтаришга муваффақ бўлди.


Льорис ўйинининг яна бир эътиборга лойиқ жиҳати − дарвозабоннинг жарима майдончасидан чиқиб келиши. У мунтазам равишда рақиб ҳужумчиларидан чаққонроқ ҳаракат қилиб, ҳимоячиларининг хатоларини ёпиб "свипер-кипер" вазифасини бажаради. Льориснинг ўзига хос услуби ҳақида 2014 йилдаёқ Брэд Фридель фикр билдирганди: "Уго сониялар ичида қарор қабул қилишга қодир. Унинг Шимолий Лондон дербисидаги Тео Уолкоттдан тўпни олиб қўйган вазияти ва "Кардифф"га қарши ўйиндаги сейви − нозик вазиятни жуда яхши ҳис қила олишини билдиради. Бундай паллада бошқа дарвозабон қизил карточка олиши ҳеч гап эмасди". Беш йил аввал айтилган гаплар бугун ҳам долзарблигини йўқотмаган: сабаби Льорис ҳамон АПЛнинг энг зўр киперларидан бири!

Льорис бир неча бор ўйин услуби ҳақида гапириб ўтган: "Тўп менга етиб келишини кутишга сабрим етмайди, шунинг учун ўзим тўпга қараб интиламан. Ўз жарима майдонимда бўлаётган жараённи тўлиқ бошқаришни истайман. Майдонда ўйнашни ёқтираман ва дарвозабонлар ҳам майдондаги футболчилар сифатларига эга бўлиши шарт: яхши пас етказиб бериш, "подкат" амалга ошира олиш, тўп билан нафақат қўлда, балки оёқда ҳам яхши муомалада бўлиш. Бу билан мен ҳимоячиларимизга ёрдам бераман. Шунда улар янада юқорироқ ўйнаб, рақибга босим уюштира оладилар!", — дейди Уго Льорис.


Нозима Зарипова таржимаси

Рейтинг: +19   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика