Ярим финал! "Тоттенхэм" - "Ливерпуль" ўйини олдидан
08 янв 12:30
Янгиликлар
Ярим финал! "Тоттенхэм" - "Ливерпуль" ўйини олдидан
Натижа қандай бўлишини айта олмаймиз-ку, аммо ўйин томошабоп бўлишига ишончимиз комил.
Инқирозга учгаран лойиҳалар қаторида
"Тоттенхэм" АПЛда яқин 20 йилдаги энг ёмон мавсумини расмийлаштиришга тобора яқин бормоқда. 04/05-йилги мавсумдан бошлаб, лондонликлар фақат бир марта ўнинчи ўриндан пастга тушишган (07/08-йилги мавсумда 11-поғона). Йигирма биринчи асрда фақат икки мартагина шу каби ҳолат кузатилган (03/04-йилги мавсумда 14-ўрин ва 00/01-йилги мавсумда 12-поғона).
Ҳозир Анге Постекоглу жамоаси 12-ўринни банд этиб турибди. Ҳар қанақасига қарасангиз ҳам ўта омадсиз мавсум. Қизиқ томони, "Тоттенхэм" бошқа омадсизликка учраган лойиҳалар қаторида кетмоқда. Мисол учун "Манчестер Юнайтед" улардан ҳам пастроқ ўринга тушиб кетган. Манчестерликлар мунтазам равишда таркибни кучайтиришга эътибор беришган, бу сафар яна конкрет мураббий учун харидлар амалга оширилганди, Эрик тен Хаг сўраган қатор футболчилар "қизил иблис"га айлантирилди, мураббий эса ўтган мавсумни фақатгина Англия Кубогидаги ғалабаси билан "қутқариб" қолди. Жамоа ҳисобида 23 очко мавжуд. "Вест Хэм"да ҳам худди шунча очко бор. "Болғаурарлар" узоқ йиллик ғолиблик тарихига эга бўлмасада, раҳбарият янги тарих ёзиш учун пул сарфлашга тайёр ва янги бош мураббий Хулен Лопетегини қўллаш мақсадида трансферларни амалга оширишди. Камида ҳозирча ишлар қовушмаяпти. "Тоттенхэм"да айнан шунга ўхшаш муаммолар.
Бу "Тоттенхэм"нинг асосий парадокси. Жамоа ўзидан кучсиз рақибга қарши жуда ёмон ўйин кўрсатмоқда. Дастлабки турдаёқ "Лестер" билан баҳсда очко йўқотилди, кейин "Брайтон", "Пэлас", "Борнмут" ва ҳатто "Ипсвич"га имконият бой берилди. "Вулвз" ва "Фулхэм"га қарши дуранглар. Принципиал рақиблар билан рўбаро келганда эса "шпорлар"ни таниб бўлмай қоляпти.
Лондонликлар Манчестерни таслим этишди, "Сити" ҳам, "Юнайтед" ҳам мағлубиятга учратилди. Эътиборли жиҳати икки бор. Сентябрь ойида Анге жамоаси "қизил иблислар"га умуман имконият қолдирмаганди. Кейин "шаҳарликлар" билан баҳслар. Аввалига камтаргина 2:1, аммо кейинги уринишда – йирик ғалаба (4:0). Декабрь ойи охирида лондонликлар футбол ишқибозларига байрам уюштиришди – МЮ билан ўйинда 2:0ни 4:2га айлантиришди. Кейин яна ҳам чиройлироқ бўлиши учун рақибга яна учинчи голни ҳам уришга имкон беришди.
"Челси" ҳам "Тоттенхэм" билан ўйинларни ҳали унутмагани аниқ (2:0 ҳисобида олдинда бора туриб, "Тоттенхэм" якунда 3:4 ҳисобида мағлуб бўлди), "Астон Вилла" (4:1), "Ливерпуль" (3:6 – ўйин охирида ҳисоб 3:5 бўлди ва "қизиллар" бироз асабийлашишига ҳам тўғри келди). Ким билади дейсиз, балки Постекоглу шунчаки яхши мотиватордир, шу сабаб жамоа катта ўйинларга ўзгача иштиёқ билан чиқар.
МЮ "Арсенал"ни "нокаут"дан қутқариб қолди
"Ливерпуль" – чемпионлик пойгасининг абсолют фаворити. Слот келгач, "Ливерпуль" кучсизланмагани факт, қўшимчасига рақобатчиларнинг деярли барчаси муаммолар гирдобига тушиб қолди. "Ман Сити" бир йўла ТОП-5дан ҳам "чиқиб" кетди. ТОП-3да фақат "Арсенал" бор – лекин "канонирлар" ҳам жароҳатлар туфайли қийинчиликларга дуч келишмоқда ва бу нарса натижаларга таъсир кўрсатмай қолмаяпти. Аввалига Эдегор сафдан чиқди, у тикланиб, қайтгач – Сака. Натижада, мерсисайдликлар 6 очкога (ва захирада яна битта ўйин) қочиб кетишди.
20-турда Микель Артета шогирдлари "Брайтон" билан ўйинда очко йўқотишди. Жамоанинг ягона голига 17 ёшли Итан Нванери муаллифлик қилди, ваҳоланки, қолганларда ҳам вазиятлар бўлганди. Брайтон-энд-Хов жамоаси вазиятларидан фойдаланмаган рақибини аяб ўтирмади. Ушбу баҳс якунига етганидан кейин "Ливерпуль" "Арсенал"ни буткул "нокаут"га учратиши ҳам мумкин эди. 8 очко фарқ ва захирадаги битта ўйин (эҳтимолий – 11 очколик фарқ)ни йўққа чиқариш деярли имконсиз бўларди. Бироқ ЕЧЛ умумий босқич етакчиси МЮга қарши ўйинда очко йўқотди. "Қизил иблислар" кутилмгаанда "Энфилд"да муносиб ўйин кўрсатиб, дуранг қайд этишни уддалашди. Қизиғи, ўйиннинг маълум қисмида айнан МЮ ҳисобда олдинда борди ва "Ливерпуль" қувловчи ролида қолганди.
"Ливерпуль" Клопп билан амалга ошмаган орзуга етмоқчи
2024 йил январида Клопп мавсум охирида "Ливерпул"дан кетишини эълон қилди. Бу идеал палла эди – германиялик клубни инқироздан олиб чиқди ва тезда янги жамоага шакллантиришга муваффақ бўлди ва янги лойиҳага мустаҳкам пойдевор қўйиб берди. Якун эса барчасидан чиройли бўлиши мумкин эди. Жамоа ЕЛ плей-офф босқичига чиққан ва фаворит сифатида қаралаётганди, Лига кубоги финали йўлланмаси, Англия Кубоги фаворитлари қаторида эътироф ва АПЛ етакчиси эди. Афсонавий мураббий билан охирги мавсумда квадрупл – чинакам эртакнамо якун бўларди. Бироқ бошланган ишни охирига етказиш насиб қилмади. Баҳорда жамоа омадсизликларга учради ва якунда фақатгина Лига Кубоги қўлга киритилди.
Ҳозир "Ливерпул"нинг вазияти ўтган йилдагига ўхшаб кетади, лекин ишлар яна ҳам яхшироқдек. Етакчилар янада тажрибали бўлган ва чемпионлик пойгаси ҳақида яхши билишади, рақобатчиларда эса у қадар яхши давр эмаслиги шундоқ кўриниб турибди. Титулни клуб музейига олиб кетиш учун юзага келган устунликни қўлдан чиқармаслик етарли. Лига кубогида рақобат кучлироқ: "Тоттенхэм" билан ярим финал ва эҳтимолий финалда "Арсенал" – "Ньюкасл" жуфтлиги ғолибига қарши тўқнашув. Шундай бўлсада, айнан "Ливерпуль" асосий фаворит. Англия Кубоги ҳақида ҳам шунга ўхшаган фикр билдириш мумкин. Асосийси эса – Чемпионлар Лигаси. "Ливерпуль" дастлабки 6 турда умуман мағлуб бўлмади ва плей-оффдан ўзига жой ажратиб қўйиб улгурди. Агар ҳозирги спорт формасини сақлаб қола олса, жамоа фаворитлар қаторида бўлиши турган гап.
Лондонликлар — аутсайдер
Охирги 20 ўйинни оладиган бўлсак, катта устунлик "қизиллар" томонида. 13 ғалаба, "Тоттенхэм"да эса бор йўғи 2 та. Охирги марта лондонликларга ўз стадиони деворлари ҳам ёрдам бермади: танаффусга жамоалар 3:1 ҳисобида чиқиб кетишган бўлса, ундан кейин ҳисоб 5:1 кўринишига етди. 2018 йилдан буён "шпорлар" фақат бир марта зафар қучишган. Шунинг ўзи кўп нарсани англатади.
Постекоглуга Лига Кубоги керак – менежернинг ўзи иккинчи мавсумида клубга соврин ютиб беришини айтганди. Шу ўринда таъкидлаш лозим, "Тоттенхэм" бошқа ҳеч бир мусобақада соврин учун фаворитлар қаторида эмас. Бироқ "Ливерпуль" билан баҳсда имкониятлар унчалик зўр деб ҳам бўлмайди. Сабаби "қизиллар" ҳозир ажойиб спорт формасида. Слот шогирдлари биринчи баҳсда бўшашишига ишониш қийин ва улар максимал равишда натижа учун ўйнашларини тахмин қилиш мумкин.
Фикрлар