Улуғбек Усмонхўжаев: "Эҳтимол ишимиз кўринмас, лекин катта масъулият юклайди"
07 фев 2020 21:43
Янгиликлар
Улуғбек Усмонхўжаев: "Эҳтимол ишимиз кўринмас, лекин катта масъулият юклайди"
Шунингдек, футбол мутасаддилари билан ҳам суҳбатлашиб турамиз. Лекин футболда шундай касб эгалари борки, уларнинг иши бир қарашда кўзга ташланмайди, лекин жамоада тутган ўрни юқори. Айтиш мумкинки, уларсиз ўйинни ўтказиб бўлмайди. Биз ана шундай кишиларни жамоа администраторлари (маъмур) деймиз.
Бугунги суҳбатдошимиз “Локомотив” ПФК ташкил этилганидан бери шу клубда администратор бўлиб ишлаб келаётган Улуғбек Усмонхўжаев. Улуғбек акани мухлислар танимаслиги мумкин, лекин футболда ишлаётганларнинг жуда кўпчилиги билади. Энди бошқа клублардаги администраторларни айтмаса ҳам бўлади. Ўйлаймизки, мазкур интервью сабаб администратор фаолияти билан яқиндан танишасиз.
- Улуғбек ака, “Локомотив”га келганингизга қанча бўлди?
- Клуб ташкил қилинганидан бери, яъни 2002 йилдан буён шу ерда меҳнат қилиб келяпман. Насиб қилса 16 февраль куни “Локомотив”га келганимга 17 йил бўлади. Дастлабки икки йилни Биринчи лигада ўтказганмиз, 2004 йил клуб Олий лигага чиққан. 23-24 ёшимдан бери шу жамоада ишлаб келяпман.
- Бу жамоага келиш қандай рўй берган?
- Ўз пайтида шу клубда фаолият юритган дадам раҳматли Равшан Усмонхўжаев чақиргандилар. (Маълумот учун, Равшан Усмонхўжаев 2002-2007 йиллар мобайнида “Локомотив” ПФКда техник директор бўлиб ишлаган - Х.Х.) Унгача ҳам келиб баъзи ишларга қарашиб турардим. Мактабни тугатгач ПТУга ўқишга кирдим. Қурилиш йўналиши бўйича ўқиганман.
Ундан кейин Тошкент давлат университетида Автомобил ва трактор муҳандислиги бўйича таҳсил олдим. Олийгоҳни битириб барибир футболда қолишга қарор қилдим. Чунки оилавий футбол кишиларимиз. Дадам бир неча йил футболда турли лавозимларда ишлаганлар. Акам Ойбек Усмонхўжаев кўп йиллар футбол ўйнаган, укам Собир Усмонхўжаев ҳам футболчи бўлган. Футболни севиш менга ҳам юққанди, шу сабаб ташлаб кета олмасдим.
- «Локомотив”га энди келган пайт кимлар билан танишгансиз?
- Клубимиз спорт директори Равшан ака Муқимовни ёшликдан биламан. У киши бизга қўшни бўлиб, шу билан бирга дадамнинг шогирдлари ҳам эди. Олдин “Чорсу” бозор томонда “Спартак” деган жамоа бўларди. Дадам шу жамоани бошқарган пайт Равшан ака дадамнинг қўлида тўп тепган. Жамоамиз бошлиғи сифатида ишлаб келаётган Қобил ака Юнусовни ҳам узоқ йиллардан бери биламан. Биринчи танишганимда у киши Самарқанднинг “Динамо” клубида ишларди.
- “Локо” иш фаолиятингиздаги биринчи жамоами?
- Йўқ. Унгача МҲСКда ишлаганман. 1997 йил дастлаб МҲСКга администратор бўлиб ишга борганман. МҲСКга боришим жуда қизиқ бўлган. Шундай бўлганки, ҳарбий хизматни ўташга тўғри келган. Кейин МҲСК футбол клубида ҳам ишлаб, ҳам ҳарбий хизматни ўтаганман.
МҲСК 1997 йил Ўзбекистон чемпиони бўлганди. Мавсум якунлангач нимадир сабаб бўлиб клуб инқирозга юз тута бошлади: кўплаб футболчилар ва ишчилар жамоани тарк этди. Адашмасам, эскилардан фақат жамоа бошлиғи Виталий Ни иккаламиз қолдик. 1998 йилги мавсум омадсиз келиб МҲСК биринчи лигага тушиб кетди. Уч йил шу клубда ишлагач, кейин кетдим.
- “Локомотив”га келгунча нима иш билан шуғуллангансиз?
- Расман ҳеч қаерда ишламаган бўлсам ҳам ўзим учун кичик бизнесни йўлга қўйгандим. Танишлар орқали жамоаларга спорт кийимлари етказиб берардим. Яна бошқа ишлар билан ҳам шуғулланганман. Кейин эса “Локо”да иш бошладим.
- Ўз касбингизни қанчалик ёқтирасиз?
- Агар ишим ёқмаганида шунча йилдан бери битта клубда ишлаб келмаётган бўлардим. Эҳтимол кўпчилик учун администраторлик оддий иш, биров эътибор қилмайдиган соҳа бўлиб кўриниши мумкин, лекин бизнинг касбда ҳам ўзига яраша қийинчиликлар бор. Шу боис ҳар доим масъулиятни ҳис қилишга тўғри келади.
- Маълумки, ҳар бир соҳада кимдир устоз бўлади. Сизга ким иш ўргатган?
- Энди иш бошлаганимда Виталий Николаевич Ни қандай ишлаш кераклигини кўрсатиб берган. Имкон қадар у кишининг ҳар бир гапини илиб олишга ҳаракат қилардим. “Локомотив”га келганимдан сўнг Қобил ака Юнусов бу борада кўп иш ўргатди. Қобил ака Самарқандда администратор бўлиб ишлаган кезлари мен ҳам Самарқандга тез-тез бориб турардим, чунки дадам у ерда ишлардилар. Кейинчалик Қобил ака иккаламиз бир пайтда “Локо”га келдик. У киши жамоа бошлиғи этиб тайинланди, мен эса администратор бўлдим.
- “Локомотив”га келганингиздан бери фақат асосий жамоада ишлаяпсизми ёки ўринбосарлар билан ҳам ишлаганмисиз?
- Биласизми, у пайтлари асосий жамоага алоҳида, ўринбосарларга алоҳида администратор бўлмасди. Бир ўзим ҳамма ишга улгурардим.
- Қандай улгургансиз? Айтайлик, асосий жамоа ўйинидан бир кун олдин ўринбосарлар ўйнайди. Сиз ёшлар билан ўйинга кетганда асосий таркиб машғулот ўтказиши мумкин.
- Ҳа, шунақа воқеалар кўп бўлган. Лекин ҳаммасига улгурардим. Сафар учрашувларига борганда ўринбосарлар баҳси бироз вақтли бошланар, мен ўйинга керакли ҳамма нарсани тайёрлаб олиб борардим. Форма, фишка, тўпларни берганимдан сўнг стадиондан чиқиб такси ушлаб асосий таркиб машғулотига етиб келардим.
Машғулотга керак бўладиган ҳамма нарсани меҳмонхонада тайёрлаб қўярдим ва жамоа шифокори билан массажчилар автобусга ортиб беришарди. Машғулот тугаганидан кейин жамоа автобусда меҳмонхонага қайтиб кетар, мен эса яна таксида стадионга кетардим. Хуллас ўринбосарлар ўйини тугагунча яна етиб келардим.
- Жамоа уйда ўйнаганида ҳам иш тартиби шундай бўлармиди?
- Уйда ўйнаганимизда аcосий жамоа кўпинча ўринбосарлар баҳси тугаганидан кейин шу майдонда машғулот ўтказарди. Шу боис кўп югур-югур бўлмасди. Ўша пайт асосий жамоа ҳам, ўринбосарлар ҳам “Жар” стадионида ўйнарди. Ундан кейин ТТЙМИ стадионига кўчдик, сўнгра ТТЗга келдик.
- Ҳозирги ишингиз қанчалик қийин?
- Йилдан йилга футболда инвентарлар кўпайиб боряпти, бу ҳам администраторларга катта масъулият юклаяпти. Нимадир йўқолса биз жавоб берамиз. Лекин барибир ҳамма ишга улгурса бўлади. Ишим янада осонроқ бўлиши учун мураббийларнинг бир ҳафталик режа ёзиб бериши кўп ёрдам беради. Машғулот ва ўйин қачон, қаерда бўлишини бир ҳафта олдин билсангиз, шунга қараб режалаштириб қўясиз.
- Шу пайтгача нечта мураббий билан ишлаганингизни ҳеч ҳисоблаб кўрганмисиз?
- Йўқ, умуман санамаган эканман. Фақат шуни айтишим мумкин, жуда кўплаб мураббийлар билан ишлаганман.
- Қайси мураббийлар билан ишлаш осон бўлган?
- Ҳар бир мураббийнинг ўзига хос иш услуби бўлади. “Локомотив”да ишлаб кетган ҳар бир мураббий билан ўзаро келишиб ишлаганман дея оламан.
- 2002 йилдан бери узлуксиз битта клубда ишлаб келаётганингиз сири нимада?
- Тўғриси, бунинг сирини билмайман. Балки ҳеч кимнинг ишига аралашмаслигим учунми, ўтган йиллар ичида раҳбарият ҳам ўзгарди, кўп мураббийлар келиб кетди, лекин мени ҳар доим жамоада олиб қолишган. Шу пайтгача ҳеч қайси мураббийнинг сен менга керак эмассан, ўзимнинг администраторим бор демагани хурсанд қилади.
- Сиз мураббий ажратасизми ёки ҳаммага бир хил қарайсизми?
- Энди бизнинг ишда бунақа нарса йўқ. Чунки ҳар бир мураббийнинг менга қарата айтган гапи мен учун буйруқ ва ўшани бажаришим шарт. Тўғри, ҳар бир мураббийда ўзига яраша принцип бўлади, лекин мен ҳеч қачон одам ажратмаганман. Мураббий машғулот ё ўйин пайти нимани керак деб билса, шуни бажаришга ҳаракат қиламан.
- “Локомотив”да шу пайтгача кўп футболчилар ўйнаб кетди. Кимлар билан алоқани сақлаб қолгансиз?
- Кўча-кўйда кўришиб қолсак, ҳамма билан гаплашаман. Ҳеч ким билан ёмон муносабатда эмасман. Олдин ўйнаб кетганлардан кўпчилиги футболни тугатган. Баъзан йиғилиб кўришиб турамиз.
- Жамоа сафар учрашувларига борганда рақиб сафида битта бўлса ҳам танишингиз чиқади, тўғрими?
- Тўппа-тўғри. Танишлар ҳамма клубда бор, чунки ким биландир олдин ишлаганман, кимдир бизда ўйнаб кетган бўлиши мумкин.
- Ойбек акангиз ва укангиз Собир кўп йил футбол ўйнаганини биламиз. Сизда ҳам тўп тепишга қизиқиш бўлганми?
- Мен ҳам ёшлигимда футболга қатнаганман. “Пахтакор”га борганман. Лекин футболчи бўлиш пешонамга ёзилмаган экан. Шунга қарамай барибир футболда қолдим ва ҳозирги ишимдан жуда мамнунман.
- “Локомотив”да қачондан асосий ва ўринбосарлар таркиби учун алоҳида администратор ишлай бошлади?
- 2012 йилдан. 2010 йил биринчи лигага тушиб кетгандик. 2011 йилни биринчи лигада ўтказиб яна олий лигага қайтганимиздан сўнг ўринбосарлар жамоасида Бекзод Арслонов иш бошлади. Шу-шу мен асосий таркиб билан ишлаб келяпман.
- Қандай тоифадаги футболчилар ишлаш осонроқ?
- Энди футболчилар ҳар хил бўлади. Бу нарса олдин ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Фақат аввал ёшлар бошқача эди. Олдин доим катталарнинг гапига қулоқ солишарди. Ҳозир эса кўп ёшлар ҳали футбол ўйнамай туриб ўзини футболчиман деб ўйлайди. Авваллари бирорта ёш ўйинчи икки-уч йил асосий таркибда ўйнаганидан кейин мен футболчиман деб айта оларди. Ҳозир эса ўринбосарларда ўйнаб ҳам ўзини зўр футболчиман деб ўйлайдиганлар бор.
- Ишингиз давомида қандай кўнгилсизликлар бўлиб туради?
- Тўғрисини айтсам, бунақа нарса бўлмаса керак. Бўлса ҳам индамай қўямиз. Чунки ўрганиб кетганман.
- Бошқа клубларда ишлаётган касбдошлар билан қандай алоқадасиз?
- Жуда яхши. Суперлигадаги ҳамма администраторларни танийман ва уларнинг барчаси билан яхши муносабатдаман. Барибир ўзаро ўйнаганда ишимиз тушади, шундай пайт бир-биримизга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Бугун биз меҳмонга борсак, эртага улар бизга келади.
- Қайси администраторлар ишини кўпроқ ҳурмат қиласиз?
- Ҳамма клубда ўз ишининг усталари ишлаяпти деса бўлади. Лекин тажрибали администратор сифатида “Машъал”да ишлаган Асат ака, “Навбаҳор”даги Ғанишер акани айтган бўлардим. Ёшлардан “Қизилқум”да Шерзод, АГМКда Қудрат ака, яна Шерзод ва бошқа клублардагилар ҳам яхши ишлашяпти.
- Оилангиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
- Беш нафар фарзандим бор, тўрт ўғил ва бир қиз. Ўғилларим Исмоил, Имрон, Искандар ва Ислом. Қизимнинг исми Асала. Катта ўғлим билан ўртанчаси футболга қатнайди. Менга футболчи бўлиш насиб қилмади, шу боис ўғилларим яхши футболчи бўлиб етишсин деб ният қиламан. Чунки мақсадимиз оилавий анъанани давом эттириш.
Х.Холиқов суҳбатлашди.
Фикрлар