Терма жамоага хорижлик мураббий керакми?
18 июл 14:40
Янгиликлар


Терма жамоага хорижлик мураббий керакми?
Бугунги ахборот асрида бирор маълумотни бекитиш ниҳоятда қийин бўлиб қолди. Интернет сабаб кўп нарсани тезроқ билиб оляпмиз. Дастлаб Йоахим Лёв терма жамоамизни бошқариши мумкинлиги ҳақида ўқидик, сўнгра Славен Билич номзоди пайдо бўлди.
Иккала мутахассис ҳам ўзига яраша кучли ва футбол оламида катта обрўга эга. Масалан, Йоахим Лёвни олайлик. 65 ёшли мураббий 2006-2021 йилларда Германия миллий терма жамоасини бошқариб, 2008 йил Европа чемпионатида қатнашган. Ўшанда немислар финалга қадар бориб, ҳал қилувчи ўйинда Испанияга 0:1 ҳисобида ютқазишганди.
Орадан икки йил ўтиб Германия Лёв қўл остида ЖАРда ўтказилган Жаҳон чемпионатида иштирок этиб, учинчи ўринни қўлга киритди. Қизиғи, Германия 1/2 финалда яна Испанияга мағлуб бўлиб, 3-ўрин учун баҳсда Уругвайни 3:2 ҳисобида мағлуб этганди. Сўнгра терма жамоа Евро-2012да қатнашди ва яна 1/2 финалда Италияга ютқазиб қўяди.
Лёвнинг шубҳасиз энг катта ютуғи - 2014 йилги Жаҳон чемпионатида рўй берган. "Немис машинаси" ўша йил финалда Аргентинадан 1:0 ҳисобида устун келиб Жаҳон кубогини қўлга киритганди. Бу ютуқ табиийки жамоа бош мураббийи учун улкан шараф келтириб, Йоахим Лёв ФИФА томонидан "Йилнинг энг яхши мураббийи" деб топилади.
Орадан икки йил ўтиб Европа чемпиони бўлиш мақсадида йўлга чиққан Лёв жамоасини бу сафар 1/2 финалда Франция тўхтатиб қолади. 2017 йил ўтказилган Конфедерациялар Кубогида эса Германия яхши ўйин намойиш этиб олтин медалларни қўлга киритади. Мусобақа финалида Лёв шогирдлари Чилини 1:0 ҳисобида мағлуб этишганди.
2018 йил Россия мезбонлик қилган Жаҳон чемпионати Лёв учун учинчи мундиал бўлди. Лекин бу мусобақа Германия учун жуда омадсиз кечиб, терма жамоа гуруҳдан чиқа олмайди. Жамоа дастлаб Мексикага 0:1 ҳисобида имкониятни бой берган. Кейинчалик Швеция 2:1 ҳисобида мағлуб этилгани билан гуруҳдаги учинчи ўйинда "немис машинаси" кутилмаганда Жанубий Кореяга 0:2 ҳисобида ютқазиб қўяди. Шу тариқа Германия ўз иштирокини гуруҳ босқичида якунлайди.
Жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсиз иштирокка қарамай, Йоахим Лёв терма жамоада қолиш истагини билдиради. Аммо натижалар ҳа деганда ўнгланмайди. Германия 2020-21 йилги УЕФА Миллатлар Лигасида Испанияга 0:6 ҳисоби билан шармандали тарзда имкониятни бой беради ва 1931 йилдан буён давом этган антирекордни такрорлайди. 1931 йил Германия ўз майдонида Австрияга 0:6 ҳисобида ютқазиб қўйган.
Лёв учун терма жамоадаги охирги иш Евро-2020 мусобақаси бўлди. Ковид сабаб 2021 йилга кўчирилган қитъа биринчилигида Германия Англияга ютқазиб мусобақани тарк этади ва шу билан Лёвнинг терма жамоадаги 15 йиллик миссияси тугайди. Ҳозирги пайтда ушбу мутахассис ишсиз.
Энди қисман Славен Биличга тўхталамиз. 56 ёшли хорватиялик мутахассис 2006-2012 йилларда миллий термага устозлик қилган. Аслида Славен Билич мураббийлик фаолиятини 2001 йил ўзининг севимли клуби "Хайлук Сплит"да бошлаган. Хорватия U-21 терма жамоасидаги ишидан сўнг 2006 йилга келиб миллий терма жамоани бошқариш таклифини қабул қилади. Ўшанда ЖЧ-2006даги муваффақиятсиз иштирок сабаб аввалги мураббий Златко Кранчар истеъфога чиқарилганди.
Билич учун 2008 йилги Европа чемпионати терма жамоа рулида биринчи катта мусобақа бўлди. Унинг қўл остида хорватлар чорак финалда Туркияга имкониятни бой бериб мусобақани тарк этади. Тўрт йилдан сўнг ўтказилган навбатдаги қитъа биринчилигида Хорватия гуруҳда Ирландия устидан зафар қучиб, Италия билан дуранг ўйнаб, Испанияга мағлуб бўлган ҳолда мусобақани гуруҳ босқичида якунлайди. Шундай қилиб мураббийнинг ҳам терма жамоадаги олти йиллик фаолиятига якун ясалади.
Кейинчалик Славен Билич "Локомотив" Москва (2012-13), "Бешиктош" (2013-15), "Вест Хэм" (2015-17), "Ал Иттиҳод" (Саудия Арабистони, 2018-19), "Вест Бромвич" (2019-20), "Бейжинг Гоан" (2021-22), "Уотфорд" (2022-23) каби клубларда фаолият олиб борди. Мураббийнинг охирги иш жойи Саудия Арабистонининг "Ал Фатеҳ" клуби бўлди. 2024 йил 16 август куни Билич ва "Ал Фатеҳ" ўртасидаги шартномага якун ясалди ва шундан бери у ҳам ишсиз.
Бу гап ҳақиқатми?
Ўзбекистон терма жамоасига хориждан мураббий қидирилаётгани ростми? Интернетдаги янгиликларга қарасак, ҳақиқатга ўхшайди. Лекин ЎФА вакилининг айтишича, бу гаплардан мутлақо бехабар. Шу ўринда агар хорижлик мураббий келса, нималар ўзгаришини кўриб чиқамиз.
Биринчидан, кучли мураббий келиши терма жамоамиз имиджига жуда катта таъсир қилади. Фараз қилинг, Йоахим Лёв Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу жаҳон футбол жамоатчилиги учун ҳам катта воқеа бўлади. Биз ҳақимизда нафақат Осиё, балки Европа гапиришни бошлайди. Футболимизга қизиқиш ортади. Футболчилар ҳам бунга бошқа назар билан қарайдилар. Ҳар ҳолда Йоахим Лёв - катта шахс.
Терма жамоамиз келаси йил Жаҳон чемпионатига дебютант сифатида боради. Ҳозирги шароитда бизга нисбатан қанчалик эътиборли бўлишади, буни билмаймиз. Ҳар ҳолда юқори бўлмаса керак. Чунки номдор ўйинчиларимиз йўқ. Лекин терма жамоа рули номдор мураббий қўлида бўлса, ташкилотчилар ҳам, ОАВ ҳам ўзгача муносабатда бўлади. Ўз пайтида Того терма жамоаси мундиалда қатнашганида таркибда Адебайордан бошқа ҳеч ким бўлмагани учун эътибор жуда кам бўлганди.
Терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионатига чиқишида Сречко Катанец катта ҳажмдаги ишни бажарди. Кейинчалик Тимур Кападзе охирги тўртта ўйинда унинг ишини муваффақиятли давом эттирди. Лекин энди яна бир поғона юқорига қадам ташлаш вақти келди. Биз Жаҳон чемпионатига шунчаки иштирок учун эмас, гуруҳдан чиқиш мақсадида боришимиз керак ва бунга имкониятимиз етарли.
Тарихда илк бор Жаҳон чемпионати 48та давлат иштирокида ўтказилади. Янги форматдаги Жаҳон чемпионатида жамоалар 4тадан 12 гуруҳга бўлинади. Ҳар бир гуруҳдан иккитадан жамоа, шунингдек энг яхши кўрсаткич қайд этган 8та 3-ўрин эгалари ҳам кейинги босқичга чиқади. Бу дегани биз "музқаймоқ ейиш" учун бормаймиз.
Париждаги натижа
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси аввалги йил Олимпиадага чиқишни ажойиб тарзда уддалади. Лекин Парижда ўтган Олимпия ўйинларида футболчиларимиз биз кутган ўйинни намойиш қила олишмади. Гап Испания ва Мисрдан енгилиб, Доминикан Республикаси билан дуранг ўйнаганимизда эмас. Гап бир очко билан гуруҳда охирги ўринни олганимизда ҳам эмас. Гап орадаги тафовутда, биз Осиё чемпионатида бошқача жамоа эдик. Аммо Парижда бу терма жамоа негадир ўзгариб қолди. Умуман ўз ўйинимизни намойиш эта олмадик.
Бу нимадан дарак беради? Терма жамоамизнинг кучи ҳаминқадар даражага етиб, кейинги поғонага чиқишда оқсоқланяпмиз. Балки хорижлик кучли мураббий ҳозирги даражамиздан битта тепага кўтарар. Чунки Жаҳон чемпионатида гуруҳдан чиқиш учун бемалол курашсак бўлади. Ҳатто учинчи ўринни олган 8та жамоа кейинги босқичга чиққанидан кейин нега энди курашмаслигимиз керак?
Хулоса ўрнида
Терма жамоамизнинг ҳозирги бош мураббийи Тимур Кападзе аввалги интервьюларидан бирида шартномам кузда тугайди, ундан кейин нима бўлишини билмайман деганди. Одатда кўп федерациялар мураббий вазифани бажариши биланоқ янги шартнома таклиф қилишади. Лекин ЎФА бундай қилишга шошилмаяпти ва бошқа режаси борга ўхшайди. Кападзега ҳалигача янги шартнома таклиф қилинмагани ЎФА бошқа мураббий қидираётганини англатадими? Шундай бўлиши ҳам мумкин.
Хайрулла Холиқов
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар
Темур сан хеч нима қилмадинг қолган ўйинларга М Қосимовми ёки бошқа қўйилганда хам бажарилар эди пишган овқатни хохлаган одам сузиб берарди яхшироқ тренер қўйиш керак
0