Сурия бош мураббийи: «Тожикистон билан ўйин Ўзбекистонга қарши учрашувга тайёргарлик»
26 авг 2016 18:13
Янгиликлар
Сурия бош мураббийи: «Тожикистон билан ўйин Ўзбекистонга қарши учрашувга тайёргарлик»
Матбуот анжуманида Сурия терма жамоаси бош мураббийи Айман Ал-Ҳаким ва футболчи Муҳаммад Ал Мидани иштирок этди. Бу ҳақда Тожикистон футбол Федерацияси расмий сайти хабар берди.
— Аввало ажойиб меҳмондорчилик учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. ЖЧ-2018 саралаши доирасидаги баҳслардан олдин биз билан ўйнашга рози бўлгани учун Тожикистон футбол Федерациясига раҳмат.
Биз 1 сентябрь куни Тошкентда Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўйнаймиз. Шу боис Тожикистон билан баҳс биз учун катта фойда. Эртанги учрашув мен учун Сурия терма жамоаси бош мураббийи сифатидаги дебют бўлади. Тожикистон билан ўйинни мен Ўзбекистонга қарши учрашувга тайёргарликнинг бир босқичи сифатида қараяпман
Хўжандга келишдан олдин Сурияда бир ойга яқин тайёргарлик кўрдик. Россияда йиғин ўтказмоқчи эдик, афсуски бу амалга ошмай қолди. Агар биз бу ерда шундай шароитлар борлигини билганимизда вақтлироқ келардик. ФИФА куни бўлмагани учун эртага бир қатор легионерлар хизматидан фойдалана олмаймиз. Хўжандга 7 нафар легионер билан ташриф буюрдик. Эртага ўз жамоамдан яхши ўйин кутаяпман.
Муҳаммад Ал-Мидани: — Сурия терма жамоаси сафида иккинчи бор Тожикистонга келдим. Ўтган йил Душанбеда ўтган ўртоқлик учрашувида биз 3:2 ҳисобида ғалаба қозонгандик. Эртанги баҳсда қандай натижа қайд этилишини тахмин қилишим қийин, барчасини ўйин кўрсатади. Тожикистон ўз уйида ўйнайди. Рақиб сафида яхши футболчилар бор. Эртага ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни кўрсатишга уринамиз.
Фикрлар