UZ

Сўнгги янгиликлар

10:27Sofascore. Майдонда 20 дақиқа ҳаракат қилган Ғаниев энг яхшиларидан бири бўлди  0 10:02«Реал Мадрид» чемпионлар «қотили». Мадридликлар ЧЛ рекордини ўрнатди  16 09:38Париж сари «юриш» бошланди. Ўзбекистон U-23 — Малайзия U-23 ўртасидаги учрашувдан ГАЛEРEЯ  1 09:10EЧЛ. Ҳафта футболчиси бўлишга номзодлар эълон қилинди  11 08:46Гвардиола: «Ман Сити» бугун ҳар томонлама ажойиб эди»  30 08:20Анчелотти кечаги ғалабадан сўнг нималар деди?  10 07:53EЧЛ. Кечаги учрашувларнинг «Man of the match»лари маълум  14 07:37БАА чемпионати. «Шабаб Ал Аҳли» меҳмонда мағлуб бўлди. Ғаниев захирадан майдонга тушди ва ассист қайд этди  0 04:45Чемпионлар лигаси 1/4 финал. "Манчестер Сити" - "Реал Мадрид" 1:1 (Пенальтилар 3:4)   10 04:40Чемпионлар лигаси 1/4 финал. "Бавария" - "Арсенал" 1:0   2 04:35ОЧЛ. "Ал Айн" - "Ал Ҳилол" 4:2   1 04:25U-23 Осиё кубоги. Вьетнам - Кувайт 3:1   0 02:50ЕЧЛ. "Реал Мадрид" пенальтилар сериясида "Ман Сити"ни мағлубиятга учратиб, ярим финалга йўл олди! Финал остонасидаги рақиб - "Бавария"  404 01:56ЕЧЛ. Киммихнинг голи "Бавария"ни ярим финалга олиб чиқди  32 01:00"Манчестер Юнайтед" форварди ёзда клубни эркин агент мақомида тарк этади  2

Санжар Ризаев: “CAFA U-16 Championship” мусобақаси МОФА учун муҳим аҳамиятга эга” Янгиликлар

Санжар Ризаев: “CAFA U-16 Championship” мусобақаси МОФА учун муҳим аҳамиятга эга”

Бугун Марказий Осиё футбол ассоциацияси (МОФА) ташаббуси билан 16 ёшгача футболчилар ўртасида “CAFA U-16 Championship” мусобақаси старт олади.

Бунда тўртта жамоа иштирок этади ҳамда ўйинлар “Миллий” (аввалги “Бунёдкор”) ва “Локомотив” стадионларида бўлиб ўтади. Мазкур мусобақа олдидан тайёргарлик ҳамда ташкилий ишлар қандай кечгани борасида Марказий Осиё футбол ассоциацияси (МОФА) бош котиби Санжар Ризаев билан суҳбатлашдик.

- Айтинг-чи, “CAFA U-16 Championship” мусобақасини ўтказиш ғояси қачон ва қандай юзага келди?
- Шу йилнинг 26 февраль куни Марказий Осиё футбол ассоциацияси (МОФА)нинг навбатдан ташқари мажлиси бўлиб ўтганди. Нима учун навбатдан ташқари? Чунки ассоциация собиқ президенти Мираброр Усмонов истеъфо бериб, у кишининг ўрнига Миллий олимпия қўмитаси президенти ҳамда ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов МОФА президенти этиб сайланди. Йиғилишда ҳамма бир овоздан Умид Аҳмаджонов вариантини маъқуллади.

Қолаверса, МОФА бошқарув тизими Тошкентда давом этадиган бўлди. Бундай бўлишига Ўзбекистоннинг минтақада ўзига яраша обрўга экани ҳамда футбол инфратузилмаси анча ривож топгани муҳим роль ўйнади. Умид Аҳмаджонов МОФА президенти этиб сайлангач, биз зудлик билан ишга киришиб, 2018 йил учун режа тузишга киришдик ва март ойига келибоқ бир йиллик тўлиқ режага эга бўлдик. Аввало ишни МОФА таркибида штатларни белгилаб олишдан бошладик. Бунгача ҳам кадрлар фаолият юритган, бироқ уларнинг сони унчалик кўп эмасди. Ҳозир эса биргина мана шу “CAFA U-16 Championship” мусобақасини ўтказиш учун 27 нафар ходим жалб этилган.

- Ташкилот фақат шу мусобақани ўтказиш билан чекланиб қолмайди, тўғрими?
- ОФК талабига кўра, МОФА ҳам минтақада ўз мусобақаларини жорий этиши керак. Натижада биз июлда бир эмас, иккита мусобақа ўтказиш режасини тузиб чиқдик. Фақат бу ўринда ОФК қандай мусобақа бўлмасин жаҳон чемпионати тугаганидан сўнг ёки бўлмаса ўйин йўқ кунлари ўтказишни қатъий талаб қилди. Натижада биринчи мусобақа сифатида “CAFA U-16 Championship” тақвимини туздик.

Бунда тўртта жамоа иштирок этади. Мезбон Ўзбекистондан ташқари Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистон. Баъзи сабабларга кўра, Эрон ва Туркманистон “CAFA U-16 Championship” мусобақасида иштирок эта олмасликларини билдиришди. Бундай мусобақалар ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Бунинг учун МОФА аъзо федерацияларнинг барчасига ҳаммасига хат юбориши, яъни ҳаммани расман огоҳлантириши, шунингдек, МОФАга аъзо ассоциацияларнинг розилигини олиш талаб этилади.

Албатта, биз “CAFA U-16 Championship” мусобақасини ўтказиш билан чекланиб қолмаймиз. Бу ой ҳисобидан иккинчи турнир 20-31 июль кунлари бўлиб ўтади ва унда 15 ёшгача футболчилар иштирок этади. Айтиш мумкинки, бунда МОФАга аъзо барча олтита федерация терма жамоалари қатнашади. Ва айнан 20-31 июль кунлари ўтказиладиган мусобақа МОФА тарихида биринчи бор тўлиқ олтита федерация вакиллари қатнашган илк турнир бўлади.

- Турнир давомида бошқа тадбирлар ҳам кўзда тутилганми?
- Албатта. Футбол ўз йўлига, лекин биз фақат ўйинлар ўтказиш билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Мусобақа давом этаётган пайтда МОФА таркибига кирувчи олти давлатнинг ҳар биридан икки нафардан “B” лицензиясига эга мураббийлар малака ошириш курсларида иштирок этади. Бу мураббийлар мусобақада қатнашувчи терма жамоаларда ишлайдиган мураббийлар эмас, балки ҳудудий федерациялар тавсия қилган мураббийлардир.

Бундан ташқари, ёш ҳакамлар ўртасида ҳам семинар ташкил этилади. Биз мусобақада ёш футболчилар иштирок этишини ҳисобга олиб, ўйинларни бошқариш учун ёш ҳакамларни жалб этдик ва бундан кўзланган мақсад ўз навбатида ҳакамларнинг ҳам малака оширишини таъминлашдир.

- Демак, июлнинг ўзидаёқ МОФА Тошкентда иккита халқаро турнир ўтказади.
- Худди шундай. Айтишим мумкинки, бу ой биз учун жуда тиғиз бўлади, чунки кетма-кет иккита мусобақани ўтказишга тўғри келади. Августда мусобақа ўтказиш МОФА режаларига кирмаган, чунки бу ойда Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Шу боис сентябрда 21 ёшлилар ўртасида Марказий Осиё чемпионати ўтказишни мўлжаллаб турибмиз.

Нима учун 21 ёшлилар ўртасида? Чунки кейинги йил 22 ёшгача футболчилар учун Олимпиада ўйинларига саралаш бошланади. Шу боис бу турнир улар учун яхшигина амалиёт вазифасини ўтайди деб ўйлаймиз. Октябрда эса 19 ёшгача бўлган футзалчилар ўртасида футзал мусобақаси ташкил этмоқчимиз. МОФАнинг мақсадларидан бири айнан футзал мусобақаси орқали ҳомийларни жалб этишга қаратилган.

Биласиз, Эрон доим футзал бўйича Осиёда етакчи ўринга эга бўлиб келган ва бу жамоа иштирокидаги ўйинлар ҳамма вақт мухлисларнинг қизиқишига сабаб бўлган. Минтақада бу борада Ўзбекистон Эрондан кейинги ўринда турибди. Қирғизистонда ҳам футзал охирги йилларда анча кучайди. Қирғизлар футзал бўйича Осиё чемпионатларида кучли жамоаларга астойдил қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилишяпти. Биз айнан футзал мусобақаси орқали трансляция ҳуқуқини сотиб, секин-аста МОФАни ўзини ўзи бошқарувчи ҳамда даромад олиб келувчи ташкилотга айлантирмоқчимиз.

- Ҳозирги кунда МОФА ниманинг ҳисобига кун кўряпти?
- Бу ҳам ўринли савол. Маълумки, ФИФАнинг “Forward” лойиҳасига кўра баъзи давлатларга грант асосида пул ажратиб келинади. МОФА ҳам ҳозирча шу маблағ эвазига кун кўриб келмоқда. Бу маблағ йилига бир миллион АҚШ долларини ташкил этади. Маблағ қачон берилади? Қачонки ОФК ва ФИФА регламентлари асосида 19 ёшгача бўлган аёллар ва эркаклар ўртасида мусобақа ташкил этилса. Лекин бу пул бошқа харажатларни қопламайди. Яъни, МОФАни тузишдан мақсад фақат мусобақалар ўтказиш эмас. Бу ерда мураббийлар ва ҳакамлар учун ташкил қилинадиган малака ошириш курсларини ҳам ҳисобга олиш лозим.

Шу ўринда ташкилот раҳбари Умид Адмаджоновга алоҳида раҳмат, у киши ҳомийларни жалб қилиш орқали МОФАни маблағ билан таъминлаб берди, шу боис “CAFA U-16 Championship” турнирига ташриф буюрган меҳмон жамоаларнинг йўлкира, меҳмонхона, виза билан боғлиқ масалалар ва бошқа сарф-харажатлари МОФА томонидан қоплаб берилди.

- МОФА олдин ҳам бирорта мусобақа ташкил этганми?
- 2015 йил Мельбурнда ОФК конгресси бўлиб ўтганди. Ўшанда ОФК уставига баъзи ўзгартиришларни киритиш борасида таклифлар берилганди. Бунгача ОФКда тўртта минтақа бирлашган федерациялари фаолият юритиб келаётган бўлиб, Мельбурндаги конгрессда бешинчи минтақа сифатида Марказий Осиё футбол ассоциациясини тузиш варианти бир овоздан маъқулланган. Ассоциацияга аъзо мамлакатлар сифатида эса олтита давлат белгилаб олинди. Булар - Эрон, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистон.

Шундан бери ОФК уставига кўра Осиёда бешта минтақа мажуд ва ҳар бир минтақанинг ўз ҳудудий федерациялари бор. Оддий қилиб айтганда, ОФК йирик ташкилот деб олсак, унинг бешта устуни бор. МОФА ўзининг илк мусобақасини 2016 йил Тошкентда ташкил этган. Ўшандаёқ ФИФАнинг “Forward” лойиҳасига кўра бир йил эркаклар, бир йил аёллар ўртасида мусобақа ўтказиш шарт қилиб белгилаб қўйилганди. Қоидага кўра агар сиз аёллар ўртасида мусобақа ўтказиш шарт бўлган йили аёллар ўртасида ҳеч қандай турнир ташкил этмасангиз, ФИФА томонидан бериладиган грант пулни ололмайсиз.

Шу боис МОФА Тошкентдаги илк турнирни 2016 йил қизлар ўртасида ташкил этганди. Лекин Тошкентда бунгача фақат шу мусобақани ўтказиш билан чеклаб қолинди. Шунингдек, Тожикистонда ўтган йил иккита мусобақа (15 ва 18 ёшлилар ўртасида) мусобақа ўтказилиб, ён қўшниларимиз ҳар иккала турнирни юқори савияда ташкил этишди. 2016 йилдан бери бу учинчи мусобақа йили ҳисобланади. Бу йил ҳисобидан биз тўртта мусобақа ва учта халқаро семинар ўтказишни режалаштирганмиз.

- Маълумки, МОФА таркибида олтита давлат бор. Мусобақалар қаерда бўлиб ўтиши, яъни ким мезбонлик қилишини тўлиқ МОФА ҳал қиладими ёки ОФК белгилаб берадими?
- Бу борада ОФК асло ҳудудий федерациялар, шу жумладан МОФАнинг ҳам ички ишига аралашмайди. МОФА таркибида МОФА кенгаши мавжуд бўлиб, бизда ҳаммасини кенгаш ва мусобақалар қўмитаси ҳал қилади. Шу ойда бўлиб ўтадиган иккита мусобақани Ўзбекистонга бериш варианти қандай юзага келди деган саволга келадиган бўлсак, ҳар бир мусобақа ўтказиш режаси тузилганидан кейин МОФА уни дастлаб муҳокамага қўяди.

Яъни, ким мезбонлик қилади таклифини ўртага ташлайди. Бунда барча олтита давлат федерациялари расман огоҳлантирилади. Кўпчилик бир овоздан Ўзбекистон вариантини илгари сургач, таклиф мусобақалар қўмитасига ҳавола қилинади. Мусобақалар қўмитаси масалани ўрганиб чиқиб кенгаш муҳокамасига қўяди. Қачонки кенгаш бир овоздан маъқуллаганидан кейингина мусобақани қабул қилувчи ва ўтказувчи давлат расман эълон қилинади.

- Шу ўринда баъзи мухлисларни МОФА ЎФАга бўйсунадими деган савол қизиқтираётган бўлиши мумкин.
- Йўқ, МОФА Тошкентда фаолият юритгани билан алоҳида ташкилот ҳисобланади ҳамда ЎФАга бўйсунмайди. Биз фақат ОФКга бўйсунамиз ва ОФК, ФИФА регламентларидан келиб чиққан ҳолда иш юритамиз. Оддий мисол, “CAFA U-16 Championship” мусобақаси тақвимига назар ташласак, Ўзбекистон терма жамоаси иштирокидаги ўйинлар соат 17:00га қўйилганини кўрасиз. Бизга ЎФА томонидан ўзимизнинг ўйинларни сал кечроққа қўйсак бўлмайдими деган таклиф бўлди, аммо МОФА бунгача барча учрашувлар вақти ва жойини белгилаб бўлганди, шу боис умуман кўчиришнинг иложи йўқ эди. Буни ҳаммага бир хил тушунтиришга ҳаракат қилдик.

- “CAFA U-16 Championship” мусобақасида Эрон ва Туркманистон жамоалари нима учун келмаслигини изоҳлашдими?
- Йўқ. Қоидага кўра МОФА таркибига кирувчи барча давлатларга таклифнома юборганмиз. Кимдан тасдиқ жавоби келмаса, демак ўша ассоциациянинг бошқа режаси борлигини англатади ва биз нима учун келмаяпсмизлар деган саволни бермаймиз. Бу маданият ва этикага тўғри келмайди.

- “CAFA U-16 Championship” қай тартибда ўтказилади?
- Иштирокчилар сони тўртта. Худди лига ўйини мисол ҳамма бир-бири билан ўйнаб чиқади. Якунда мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари аниқланади. “CAFA U-16 Championship” расмий аҳамиятга эга турнир бўлиб, ғолибликни қўлга киритган жамоага бош соврин кубок топширилади. Бошқа жамоалар эса медал ва дипломлар билан тақдирланади. Лекин мусобақанинг мукофот жамғармаси бўлмагани учун ҳеч кимга пул ваъда қилинмаган. Ўйлайманки, ҳамма ўйинлар ўзига яраша қизиқ кечади ва мухлисларни “Миллий” ва “Локомотив” стадионида бўладиган беллашувларга таклиф этиб қоламиз.

- Ўйинларни бошқарадиган ҳакамлар фақат ўзимизданми ё четдан ҳам чақирилганми?
- Албатта, четдан ҳам таклиф этганмиз. “CAFA U-16 Championship” мусобақасида ўзбекистонлик ҳакамлар билан бирга Тожикистон ва Қирғизистондан ҳам реферилар бўлади. Учрашув комиссарлари ҳам Қирғизистон ва Тожикистондан.

- МОФА кейинчалик миллий терма жамоалар ўртасида ҳам шундай мусобақа ташкил этиши мумкинми?
- Бирданига олдинга ўтиб кетиб бир нарса дея олмайман. Ҳар қандай турнир МОФАнинг кейинги тақдирини белгилаб бериши мумкин. Биз ривожланишнинг “ASEAN” минтақаси йўлини танлаганмиз ва улардан ўрнак олишга ҳаракат қиляпмиз. Яшириш шарт эмас, МОФА режаларига миллий терма жамоалар ўртасида ҳам турнир ўтказиш киритилган. Кейинги йил мартда “Наврўз Кубоги” ўтказишни мўлжаллаб турибмиз.

Х.Холиқов суҳбатлашди.

Рейтинг: +4   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика