UZ

Сўнгги янгиликлар

23:30Жоау Канселунинг кейинги манзили Саудия Арабистони бўладими?  0 22:55Ханс-Дитер Флик: "Ямалнинг оёғи ердан узилмаслиги керак"  0 22:15ОКМК назорат ўйинида "Олимпик"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1 21:35Матс Хуммелс Еврокубокларда ўйнайдиган А Серия клубига ўтиши мумкин  0 20:54"Қизилқум" назорат ўйинида "Локомотив U21"га мағлуб бўлди  0 20:31Расман: Стадиондаги муаммо сабаб "Динамо" — "Навбаҳор" учрашуви қолдирилди  46 20:00Де Хеа фаолиятини А Cерияда давом эттирадими?  0 19:39Ана холос! "Рома" ва "Тоттенхэм" собиқ ҳужумчиси 11 йилдан сўнг фаолиятини тиклашга қарор қилди  4 19:13УEФА Суперкубоги ўйинини ким бошқариши маълум  0 18:49Погбанинг акаси Бельгиянинг учинчи лигасида ўйнайди  4 18:25"Бунёдкор" собиқ бош мураббийи Парижда ўғриликка учради  13 18:01"Шўртан" учта трансферни амалга оширди  3 17:39"Ланс" "Челси" собиқ ҳимоячиси билан битим тузди. У Ҳусановга рақобатчи бўлади  5 17:15Тер Штеген – "Барса"да сардорлик учун асосий номзод  2 16:48"Хоразм" бир қатор футболчиларни сафига қўшиб олди  4

Қосимовнинг "қалдирғочлари" Қаршида парвоз қилишди Янгиликлар

Қосимовнинг "қалдирғочлари" Қаршида парвоз қилишди

Теглар :  НасафБунёдкор
Журналист Шаҳбоз Беғамов кеча бўлиб ўтган марказий ўйин "Насаф" - "Бунёдкор" (0:1) учрашуви ҳақида ва ўйин атрофидаги баъзи ҳолатлар бўйича батафсил тўхталди.


Мухлислар қаторида футбол томоша қилишни завқи барибир бошқача.
Кеча Қаршида бўлиб ўтган Олий лиганинг 18-туридан ўрин олган марказий беллашув "Насаф" - "Бунёдкор" (0:1) учрашувини томоша қилиш учун стадионга боргандим.


УЧРАШУВ АҲАМИЯТИ
Аккредитация Тошкентда қолиб кетгани туфайли ўйинни медиа-трибунада эмас, балки мухлислар қаторида кузатиб бордим.
Қаршида маҳаллий мухлислар томонидан ушбу ўйинга бўлган қизиқиш анча юқори эди.
Тўғри, авваллари "Бунёдкор" Қаршига келганида стадион деярли тўларди. Аммо охирги йилларда "Насаф" ҳам анча мухлисларини йўқотиб қўйди. "Марказий" стадионда қачон охирги марта чинакамига аншлаг бўлганини эслаш мушкул.
Ўтган йилги ОЧЛ ўйинларида ҳам стадион тўлмай қўйганди.
Бу сафар ўйинга 8586 нафар ишқибоз ташриф буюрди. Ҳозирги Олий лига учун бу ёмон кўрсаткич эмас.
Маҳаллий ишқибозлар учун бу қарама-қаршилик анча принципиаль аҳамият касб этади. Турнир жадвали жиҳатидан ҳам, биринчи даврадаги аламли мағлубият учун қаршилик ишқибозлар ушбу учрашувда ўз суюклиларидан фақат ғалабани кутиб стадионга ташриф буюришди.
Ўйинга қанча чипта чиқарилганини билмадим-у, аммо чипта ахтари беллашувга кира олмаган мухлислар ҳам бўлди.


ЎЙИН ҲАҚИДА
Ўйинга тўхталадиган бўлсам, аввало беллашув анча шиддаткор ҳамда кескин курашларга бой ўтганини алоҳида эътироф этмоқ лозим. Учрашувнинг ички динамикаси анча юқори эди.
Тошкентдаги ўйинда ҳам ушбу жамоалар жуда чиройли футбол намойиш этишганди. Кечаги тўқнашувда ҳам ўша жозиба сезилиб турди. Фақатгина бу сафар голларга бой эмас, курашларга бой ва эҳтиросларга тўла учрашув гувоҳига айландик. Биринчи даврадаги баҳсда имкониятлардан фойдаланган жамоалар, Қаршида ўйинда вазиятларни кўкка совуриш бўйича мусобақалашишди.
Жамоалар яратган вазиятлардан унумли фойдаланишганида, камида таблода Тошкентдаги ҳолат кузатилиши мумкин эди.


Тенг кучли, бир-бирига муносиб жамоалар тўқнаш келганида одатда ўйин тақдирини индивидуаль жиҳатдан кучли футболчилар ёки мураббийларнинг тактик юришлари ҳал этади.
Таркиб жиҳатдан "Насаф" тажрибали ижрочилар борлиги учун ҳам кучлироқ эди. Аммо Миржалол Қосимовнинг ўйинга пухта режа тайёрлагани ва жамоани ўша режа асосида тўғри йўналишда ўйната олгани амалда ўз натижасини берди.
Бу ўйин нафақат "Насаф" - "Бунёдкор" учрашуви, балки мураббийлар тўқнашуви ҳам эди. Миржалол Қосимов эса бу гал ҳам ҳамкасбини мағлубиятга учратишга муваффақ бўлди.
"Насаф"да гол уриш учун вазиятлар етарлича бўлди, аммо гол урадиган футболчи топилмади. Эркинов, Черан, Голбанда гол уриш учун вазиятлар юзага келганди. Аммо бу футболчилар сўнгги зарбани беришда фаол бўлишмади.
"Бунёдкор"га қимматли ва муҳим уч очкони келтирган голни Отабек Шукуров пенальтидан урди. Ўша вазиятда "Насаф" ҳимоячиси Умар Эшмуродовнинг ўз жарима майдончасида Нурматовга нисбатан қўполлик ишлатгани "Насаф"га қимматга тушди.
"Бунёдкор" таблодаги ҳисобни янада йирикроқ қилиш учун бир қатор имкониятларга эга бўлганди. Бироқ Аҳмадалиев, Шукуров, Чемиртан, Гадоевда сўнгги зарбани беришда хатолик кузатилди.
Ўйиндаги энг қулай имконият захирадан тушган Чемиртанда вужудга келганди. "Бунёдкор"нинг Қосимов имзоси остида ҳақиқий қарши ҳужумидан кейин Чемиртан бўм-бўш дарвозани ишғол қилиш ўрнига тўсинни пойлади.
Бу эса ўйин сўнгги дақиқаларгача асабий руҳда ўтишини таъминлади.
"Насаф" ҳарчанд уринмасин, аммо таблодаги ҳисобни 1:1га келтириш уларга насиб этмади.
Натижада "Насаф" жорий мавсумда илк бор ўз уйида мағлубиятга учради. Шунингдек, "Бунёдкор"га ушбу мавсумда ҳар иккала ўйинда ҳам ютқазди. Бу эса 2010 йилдан буён биринчи маротаба содир бўлди.
"Насаф"нинг ҳимояси Аъзамов кетганидан кейин анча кучсизлангани кўриниб қолди. "Бунёдкор" эса мудофаа чизиғида ишончли ўйнагани кечаги ғалабага замин яратди.


ЭНГ ЯХШИЛАР

Учрашувдаги энг зўр сейвни майдондаги дарвозабонлар эмас, балки "Бунёдкор"нинг таянч ярим ҳимоячиси Жавлон Иброҳимов намойиш қилди.
Тўп дарвозага кириб кетаётган бир вазиятда Иброҳимов дарвозабонлардан кам бўлмаган ҳаракат билан Эркиновни зарарсизлантиришга эришди ва жамоасини муқаррар голдан сақлаб қолди.
"Бунёдкор"нинг янги дарвозабони Суҳроб Султоновнинг қўпол хатосидан кейин Баҳром Абдурахимовда гол уриш учун қулай имконият юзага келганди. Аммо бу сафар ҳам Жавлон Иброҳимов хавфни бартараф этиб жамоаси жонига оро киргани таҳсинга сазовор.

Шу куни "Бунёдкор"нинг ёш ҳимоячиси Ислом Қобилов марказий ҳимояда шу қадар ишончли ўйнадики, унинг ҳаракатларини марказий ҳимоячиларга қўлланма сифатида фойдаланса ҳам бўлади, деган фикр туғилди.
Ҳақиқатдан ҳам Ислом Қобилов кеча Драган Черан, Шаҳбоз Эркиновни зарарсизлантиришда фаол ўйнади ва бутун ўйин давомида бир қатор хавфларни бартараф этди.
Ислом Қобиловнинг кечаги ўйини олдида шляпамни ечишга тайёрман. Анвар Ғофуров ва Ислом Қобилов тандеми ҳимоя марказида эндигина ўйнашни бошлади ва қисқа муддат ичида яхши кўникиб ҳамда мослашиб кетишни уддалашди.
Қобилов кечаги баҳсда ҳимоядаги ҳақиқий қурғон эканини исботлади.


Шоҳруҳ Гадоев ҳам ўзининг собиқ жамоасига қарши ўйинда эски Гадоевга айланди. Қаршидаги "Марказий" стадионда ҳар доимгидек ўзининг энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди. Охирги йилларда аввалги Гадоев йўқолиб бораётганди. Кечаги учрашувда биз ўша мухлислар соғинган Гадоевни кўрдик. Қосимов қўл остида Гадоев яна порлашни бошлагандек таассурот уйғотди.
Тезкорлиги, ҳимояга қайтиб жамоага орқада ёрдам бериши, заргарона тўп узатмалари ва жозибадор ҳаракатлари билан кечаги ўйинда ажралиб турган Гадоевдан мунтазам шу тарзда ўйнашини кутиб қоламиз.
Қосимов Гадоевни қайтараётгани рост бўлсин.
Буёғига футболчи ўз устида ишлашдан тўхтамаслиги ва шу руҳда давом этиши лозим.

"Насаф"дан эса Азиз Ғаниев бошқалардан яққол ажралиб турди. Тўғри, майдон маркази шу куни "Бунёдкор"га бой бериб қўйилди. Лекин Азиз Ғаниев бир қатор вазиятларда рақиб ҳужумларини бузишда жонбозлик кўрсатди, жамоасининг ҳужумлари ҳам аксарият вазиятларда айнан Ғаниев орқали бошланди. Шу куни Ғаниев Отабек Шукуров билан бўлган ўзаро дуэлда ғолиб чиқди, десам муболаға бўлмайди. Ўйин давомида Ғаниев ва Шукуров ўзаро жуда кўп тўқнаш келишди ва бу тўқнашувларнинг деярли барчасида Азиз Ғаниев ғолиб чиқди.
Марказда "Бунёдкор" ўйинни назорат қилишида Жавлон Иброҳимовнинг хизматлари катта бўлди. Отабек Шукуров эса ҳужумларга йўналиш беришда жонбозлик кўрсатди. Шукуров охирги ўйинлари билан жамоадаги етакчи футболчига айланаётганини исботламоқда.


КЎНГИЛНИ ХИРА ҚИЛГАН ЖИҲАТ


Кеча "Марказий" стадионда яхши муҳит юзага келганди. 8 мингдан ошиқ ишқибозлар фонида ўйин ҳам чиройли ўтди. Учрашувдаги кескинлик, эҳтирослар қанчалик юқори бўлган бўлса, мухлисларнинг ҳам хис-ҳаяжонлари шу қадар кучли эди. Лекин кўнгилни хира қилган бир жиҳат борки, бу ҳақида гапирмаса бўлмайди. Ўйин давомида ишқибозлар ўз жамоаларини қўллаб-қувватлашдан ҳам кўра кўпроқ футболчи, мураббийлар ва ҳакамларни ҳақорат қилиш билан машғул бўлишди.

Тўғри, принципиал қарама-қаршилик, ўйин қиймати, динамикаси жуда юқори. Табиийки, ишқибозларда ҳам ҳиссиёт, эҳтирослар жунбушга келади. Асабий руҳда ўтган учрашувда ҳар қандай мухлис асабийлашади, ўз жамоаси учун қайғуради. Лекин бу уларга кимнидир ҳақорат қилишга ҳеч қандай ҳуқуқ бермайди.
Футболчининг хатоси ёки қайсидир ҳаракати учун эътирозли оҳангдаги гапларни тушунса бўлади. Бу барча жойда бор. Футболнинг бир қисми.

Лекин ҳеч қаерда ўз жамоаси учун жон куйдираётган футболчини оила аъзолари, онасини қўшиб ҳақорат қилинмайди. Ёки мураббий ўз шогирдларига кўрсатма бериш учун турганда уни ҳақорат қилишни қандай тушуниш мумкин? Ҳақорат бўлганда ҳам айнан унга қаратилган эмас, балки энг мўътабар зот онасини қўшиб сўкишни ким қўйган уларга? Биласизми энг ёмони нимада, ўша ҳақорат ва сўкаётган одамларнинг ёши 30дан ошган ва улар орасида набирали кишиларнинг ҳам кўплиги ачинарли.

Ёшлар ичидан ҳақорат қилганлар деярли учрамади ёки кўрмадим. Аммо "Насаф"да "CIP" секторида ўтирадиган ишқибозларнинг аксарияти футбол кўриш учун эмас, балки футболчи, мураббий ва ҳакамларни ҳақорат қилиш учун келишгандек таассурот қолдиришди. Ҳакамнинг рақиб жамоа фойдаси учун чиқарадиган ҳар бир қарорини ҳақоратли сўзлар билан шарҳлаб бориш ўтирган сектордаги муҳитни бузиб юборарди. Футболдан завқланиш, ўз жамоасини қўллаб-қувватлаш ўрнига бировни айби бўлмаса ҳам сўкиб ўтираверишни роса боплашаркан бу секторда.

Футбол томоша қилиш маданияти ноль. Мухлислик маданияти ноль. Ачинарли, лекин бу ҳақиқат. Масалан бизнинг стадионларда оилавий футбол томоша қилиш учун бориш русча айтганча, "не выгодно". Ёши катта амакиларнинг бировни шахсиятига тегиб сўкиб ўтираверишидан ёш ўспирин болалар ҳам ўрнак олишадими? Улар ҳам шу муҳитда футбол томоша қилганидан кейин табиийки, эртага бу болакайлар ҳам ҳақорат қилиш бўйича уста бўлиб кетишади.
Кечаги хунук ҳолат кишини кўнглигини хира қилди.

Европада футбол зўр, деймиз. Лекин у ерда мухлислик маданияти икки карра зўр. Европада, умуман жаҳонда жамоаси ютқазса ҳам қўллаб-қувватлашади, уларга далда бўлишади. Ҳеч ким футболчини ҳақоратламайди ёки унинг оила аъзоларини эсламайди. Ҳамманинг ўз вазифаси, ўз функция бор. Футболчи майдонда тер тўкади, қўлидан келганича ўйнайди. Мухлислар уларни қўллаб-қувватлаш ёки ҳеч бўлмаса шунчаки футбол томоша қилиб кетади. Уларга ҳеч ким уларни ҳақорат қилиш ҳуқуқини бермайди. Эътирозли чиқишлар ёки баннерлар билан уларга ўз муносабатларини билдиришади. Эътирозларни билдиришда ҳам маданият билан ёндошишади.

Гуруч кўрмаксиз бўлмайди, дегандек мухлислар ичида ҳам маданиятсизлари учраб туради. Аммо қаршилик ишқибозларнинг жуда кўпчилиги ўзларининг юксак маданиятлари билан ажралиб туришади.
Кечаги ўйин танаффусида ҳам бир гуруҳ ишқибозлар терма жамоани қўллаб-қувватлаш акциясида иштирок этишгани ва ажойиб ролик тайёрлашганига гувоҳ бўлдик.

ИНОБАТГА ОЛИНМАГАН ГОЛ
Кечаги ўйинда "Насаф" ҳужумчиси Бобир Абдихолиқов урган гол ён ҳакам томонидан бекор қилинди. Ўшандан кейин стадионга йиғилган мухлислар кескин эътирозлар билдиришди. Аммо ҳакам ўз ишини қилди ва голни инобатга олмай қоида бўйича тўғри қарор чиқарди. Бу вазиятда Бобир Абдихолиқов ростан ҳам ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетганди. Демак барча эътирозлар ўринсиз.



ХУЛОСА
Кечаги ўйин шуни кўрсатдики, "Насаф"га нисбатан кўп ишлатадиган гапим, жамоага характер етишмайди. Кучли жамоалар фонида "Насаф" кучсизланиб қолади. Ўзидан даражаси паст жамоалар билан ўйинда эса улардан кучли жамоани топиш қийин. Кечаги ўйинда "Бунёдкор" ҳар жиҳатдан рақибига нисбатан кучли ва фаол ўйнади. Қосимов тактик курашда Бердиевни қисқа муддат ичида иккинчи бор доғда қолдирди.
Бу тўқнашувда асосий планга мураббийлар чиқади. Кеча эса Қосимовнинг имзоси ўйин тақдирини ҳал этди.
Лушаннинг "Бунёдкор"идан асар ҳам қолмаган. Мен жамоанинг ўйинга бўлган ёндошуви, натижа учун курашиши ва характерини назарда тутяпман. Қосимов жамоага аллақачон ғолиблик руҳини олиб киришга эришгани кўриниб турибди. Жамоада ютуқларни қўлга киритган футболчилар йўқ. Аммо мураббий уларга қайси жамоа шарафини ҳимоя этаётганини миясига сингдирмоқда ва жамоа ўша мураббий айтган "Бунёдкор"ни мадҳиясини қайтаришга бел боғлашгани сезилиб турибди.
Қосимов мавжуд таркибдан максимум тарзда фойдаланмоқда ва футболчилар ўз бошларидан бир бош баланд сакрашга муваффақ бўлишмоқда. Кечаги ўйиндаги жанговор "Бунёдкор" охирги йилларда йўқолиб бораётганди. Қосимов қайтганидан кейин аввалги "қалдирғочлар" ҳам қайтаётганидан дарак бу.


"Насаф"да пасайиш давом этмоқда.
Жамоа Бердиев қўл остидаги ўзининг энг гуллаган даврини 2015 йилги мавсумда ўтказганди. Кейинчалик эса ўйин жиҳатидан ҳам, натижалар борасида ҳам пастлаш давом этмоқда.

Оддий мисол:
"Насаф":
▪️2015 - бронза✔️, Ўзбекистон кубоги✔️, ОЧЛ гурух боскичи✔️.
▪️2016 - бронза✔️, Ўзбекистон кубоги финали✔️, ОЧЛ гурух боскичи✔️.
▪️2017 - бронза? финал? ОЧЛ плей-офф.


Ҳа-я, айтганча, "Насаф"нинг кечаги мағлубияти жорий мавсумдаги еттинчиси бўлди. Бу кўрсаткич бўйича "Насаф" "Обод" (12), "Шўртан" (10), "Нефтчи" (9), "Сўғдиёна" (9), "Металлург" (9), "Динамо" (8) жамоаларидангина яхшироқ натижага эга.
Қолган (9та) тўққиз жамоа "Насаф"дан кўра камроқ мағлубиятга учраган.

Барча гранд жамоаларда мураббийлар ўзгарди. "Бунёдкор" ҳамда "Пахтакор" мисолида шуни айтиш мумкин. Лекин эътибор беринг, уларда мураббийлар алмашувидан олдин аввал раҳбарият буткул янгиланди. "Насаф" янги марраларни кўзласа, демак ўзгаришлар қилиши зарур. Ҳозирги жамоа бор потенциалини ишга солиб бўлди ва улардан бундан ортиғини кутишдан наф йўқ.
"Насаф"нинг ҳозирги раҳбарияти мураббийларга тўлиқ ишонади ва улар катта эҳтимол билан Рўзиқул Бердиевга ишонишда давом этишади. Улар бир жамоа. Демак янги раҳбарият келмагунча ҳеч нарса ўзгармаса керак. Мухлисларнинг эса уларга ишончи сўниб бормоқда. Бунга жамоа қайд этаётган натижалар сабаб бўлмоқда.
"Насаф"да ҳам аллақачон ўзгаришлар пайти келган. Бу қачон амалга ошишини вақт кўрсатади.


Шаҳбоз БЕҒАМОВ

Рейтинг: +1   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика