UZ

Сўнгги янгиликлар

01:48А Серия. "Кальяри" "Ювентус"га қарши ўйинда охирги дақиқалардаги автогол сабаб ғалабани қўлдан чиқарди. Шомуродов 79-дақиқада алмаштирилди  40 01:40Каземиро: "Анчелотти МЮга ўтаётганимни билиб, йиғлаб юборганди"   1 01:15U-23 Осиё кубоги. Ироқ Тожикистонни ишончли тарзда мағлуб қилди  0 00:58Начо "Реал"га мавсум охирида жамоадан кетишини маълум қилди  5 00:40Ўзбекистон Қувайтга қарши ўйинда тўлиқ оқ либосда ҳаракат қилади  2 00:37Виталий Левченко: "Биз учун чемпионат ёки кубок учрашуви фарқланмайди"  1 00:25Иван Бошкович: "Ғалаба осонликча келмаслигини бугунги ўйин ҳам кўрсатиб берди"  0 00:10"Жиззах" бош мураббийи: "Таркибимиз фақат маҳаллий футболчилардан иборат экани мени хурсанд қилади"  1 00:05Футзал бўйича Осиё Кубоги. Ироқ - Ўзбекистон 1:4   0 00:00Саидазамат Мирсаидов: "Рақиб ким бўлишидан қатъий назар, ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишни мақсад қилганмиз"  0 23:45Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг бугунги машғулоти. Эртанги рақиб - Қувайт  1 23:29Ўзбекистон U-23. Навбатдаги машғулот қандай ўтди? Мирсаидов ва Одиловдан интервью  0 23:23U-23 Осиё Кубоги. Саудия Арабистони Таиландга бешта гол урди, Япония БААга имконият қолдирмади  1 22:52Элдор Шомуродов "Ювентус"га қарши ўйинни асосий таркибда бошлайди!  26 22:47Абдуқодир Ҳусанов эртага ўтказиладиган "Ланс" – "Клермон" учрашуви қайдномасига киритилди  1

Қўқонлик спортга ошно тадбиркор ака билан дилдан суҳбат Янгиликлар

Қўқонлик спортга ошно тадбиркор ака билан дилдан суҳбат

Ўзбек футболи ватани бўлмиш Қўқон шаҳрида ажойиб спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди. Яхши ниятлар билан мазкур комплексга “Аҳмадхон” номи берилди.

Хабарингиз бўлса керак, 16 июнь куни Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов шахсан Қўқонга ташриф буюриб мажмуани расман очиб берганди. Эндиликда ушбу комплексда бир қанча маҳаллий ёшлар спортнинг 30га яқин тури билан шуғулланишлари мумкин.

Мажмуани қуриш қачон бошланди, қийинчиликлар бўлмадими, умуман бу мажмуани қуриш фикри қандай юзага келди? Биз шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида "Аҳмадхон" спорт комплекси раҳбари Шавкат Шарипов билан дилдан суҳбатлашдик.

- Шавкат ака, ушбу ажойиб спорт комплексини қуриш фикри қачон юзага келганди?
- 2015 йилда. Бир бошдан бошлайдиган бўлсам, мен ҳам асли спортда катта бўлганман. Фақат биз ёшлигимизда спорт билан шуғулланган йиллари спортга ҳозиргидек эътибор йўқ эди. Ким билади дейсиз, балки эътибор юқори бўлганида профессионал спортчи бўлармидим. Умуман олганда мен кўп спорт турлари билан шуғулланганман. Дастлаб кўча чангитиб тўп тепишни бошладим. Болалигимизда то қора терга ботгунча футбол ўйнаб кўчадан бери келмасдик. 

Ундан кейин ёш улғайиб бадминтонга қизиқиш пайдо бўлди. Ҳозир бўлса стол тенниси жону дилим. Ҳозир ҳам шаҳарда стол тенниси бўйича менга тенги келадигани деярли йўқ. Кўпчилик болалар олдимга келиб, ака бир ўйнайлик деб шунча ҳаракат қилади-ю, лекин ҳеч юта олишмайди. Шундай экан, спорт қонимизда бор дея оламан. Энди бундай катта спорт мажмуасини қуриб битказиш учун пулнинг ўзи камлик қилади. Аввало спортга қизиқиш, спортни яхши кўриш керак. Мен уч йил муқаддам тадбиркорлигимдан фойдаланиб, спортга қизиқишим туфайли енг шимариб мана шу мажмуани қуришга астойдил киришдим.

 

- Мажмуа барпо этилмасидан олдин бу ерлар ташландиқ жой бўлган экан.
- Энди гапни эшитинг. Аслида мана шу бир ярим гектарлик ҳудудда спорт комплексини қуриш ҳокимият дастурига киритилган экан. Бироқ негадир шу пайтгача ҳеч ким олмаётганди. Кейин мен агар ҳеч ким қурмаса ўзим қураман, керак бўлса мана шу қурилишга бор меҳримни бераман дедим. Шундан қилиб 2015 йилнинг 3-5 апрель кунлари ишга киришган бўлсак, орадан уч йил ўтиб ниҳоят битирдик ва фойдаланишга топширилди. Бу ерлар олдин ҳақиқатан ташландиқ жой эди. Ҳеч ким эътибор бермас, ён-атроф ботқоққа ўхшаб ёввойи ўтлар ўсиб кетган, атрофга ёқимсиз ҳид тарқатиб ётган жой эди. Худога шукур, уч йил ичида шу ерларни замонавий кўринишга келтирдик. 

- Очиқ жойдаги футбол майдони ҳам жуда чиройли қурилган экан.
- Биласизми, мен иш юзасидан кўп марта чет давлатларга чиқиб келаман ва ҳар борганимда у ердаги спорт комплексларини кўриб қайтаман. Шунингдек, хориждаги стадионларга ҳам кўп тушганман. Бу ерда стадион қурилишини бошлашдан олдин прораб дўстимни чақириб бирга маслаҳат қилдик. Мен унга айтдим: шунча ишлар бўляпти, кел яна бир иш қиламиз: футбол майдонини худди чет элдаги каби ерни қазиб пастда қурамиз. Четга чиққанда стадионларга аҳамият беринг-да, уларни кўпи ердан 5-6, ҳатто 10 метргача чуқурликда жойлашган. Биз ҳам ўзаро келишиб шундай қилишга қарор қилдик ва ерни бир ярим метр чуқур қазиб кавлай бошладик. Ўзиям роса кўп тупроқ чиққанди. 

Ерни бир ярим метр кавлаш учун ҳам ҳазилакам пул кетмади. Ўзим яшаб турган уйни қанчалик меҳр бериб қурган бўлсам, бу мажмуани қуриш учун икки баравар кўп меҳр бердим. Эрта-ю кеч фақат шуни ўйладим. Мажмуамизнинг тантанали очилиш маросимига шахсан Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджоновнинг ташрифи бизни янада хурсанд қилди. Умид ака Қўқондан катта таассуротлар билан қайтиб кетдилар. Менимча, мажмуа у кишига жуда маъқул келди. 


- Қурилиш ишлари қай тартибда олиб борилганини гапириб берсангиз?
- 2015 йилнинг апрель ойида қурилиш бошланган бўлса, унгача 2014 йил ноябрь ойида шу ҳақда қарор чиққанди. Фақат қарор чиқишидан олдин ўзимнинг шартимни айтдим, яъни жой менинг номимда бўлади ва оиламизга бир умрлик берилади. Кейин ҳокимиятдагилар рози бўлишди ва қарорни оиламиз номига чиқариб беришди. Мен спортчи бўлишни орзу қилганман дея олмайман, лекин спорт билан доим ёнма-ён юрганман. Бу ҳақда юқорида айтиб ўтдим. 

Тўғрисини айтсам, футболда ҳам чакки эмасман. Шаҳримизда фахрийлар жамоаси бор ва бунда Нўъмон Ҳасановлар билан бирга ўзим ҳам ўйнаб тураман. Тадбиркор бўлганим учун қурилиш ишлари бошлангач, ҳар бир ишни етти ўлчаб бир кесишга ҳаракат қилдим, яъни бўлса бўлар бўлмаса йўқ қабилида иш тутмадим, бошидан охиригача тепасида ўзим турдим. 

Лекин мажмуани қуриш осон бўлмади, кетган маблағдан ташқари икки йил солиқчилар билан курашишга мажбур бўлдим. Ҳатто бир сафар 20 миллион сўм ундириб кетишди. Ҳадеб солиқдан келавергач, ўзимнинг ҳам сабр косам тўлиб, қўмитага ёзишга мажбур бўлдим. Ахир болажонлар учун спорт мажмуаси қураётган бўлсам, завод ё фабрика қурсам ҳам бошқа гап эди. 

Кейин охири масалани менинг фойдамга ҳал қилиб беришди ва шундан сўнг елкамга шамол тегиб бемалол ишлай бошладим. Спорт билан шуғулланган одам ҳам жисмонан, ҳам руҳий томонлама соғлом бўлади ва спортга ошно кишилардан асло Ватан хоини чиқмайди. Мен ҳам қўқонлик ёшлар спорт билан шуғуллансин деган мақсадда шу ишга қўл урдим. Агар комплексдан фойдаланадиган ёшлардан келажакда таниқли спортчилар етишиб чиқса бундан фақат хурсанд бўламан. 


- Бу ерга келувчи ёшлар спортнинг қайси тури билан шуғулланади?
- Айтсам ишонмассиз, лекин ёшлар бемалол спортнинг 30га яқин тури билан шуғулланишлари мумкин. Масалан, битта курашнинг қанча тури бор? Гимнастикани-чи? Карате, таэквандо, қўл жанги, стол тенниси, бадминтон, волейбол, баскетбол, тренажёр зали дейсизми, ҳали катта теннис учун ҳам жой бўлади. Шунинг учун бу ерда фақат футбол бор экан дейишлари асабимга тегяпти. Мажмуа ўз номи билан спорт комплекси, демак бу ерда кўплаб спорт турлари бўлади. Фақат бассейн билан муз йўқ, холос. 

- Маълумки, спорт комплексини қуриш осон эмас. Бунинг учун майдон ёки залнимас, балки душ, кийим алмаштириш хоналарини ҳам эътиборга олиш зарур. Айтайлик, спортга қизиқмайдиган одам қурилиш қилаётганида ниманидир унутиб қўйиши мумкин. Сизга шу томонлама ким ёрдам берди?
- Жуда ўринли савол бердингиз. Кўпчилик асосан кечки пайт спорт билан шуғулланади ва баъзан чироқ ўчиб қолиши натижасида иссиқ сув - совуқ сув бўлмай қолиши мумкин. Натижада одам маза қилиб ювина олмай уйига қайтиб кетади. Шу боис мен комплекс қурилиши жараёнида биринчи навбатда эътибор берган жиҳат кийим алмаштириш билан душ хоналари бўлди. Нима учун? Чунки ўзимиз ҳам кўп бор футбол ёки теннис ўйнаб терлагандан кейин сув йўқлигидан ювина олмай мажбур уйга кетардик. Йўлда одам ўзини жуда ноқулай ҳис қиларди. Спортчи астойдил шуғулланиб терлаб бўлгач қачон маза қилади, қачонки сувда маза қилиб чўмилиб олса. Шу боис душ масаласига катта эътибор бердим.


- Қаерда нима бўлишини архитектура бўйича жойлаштириш масаласида ким ёрдам берди?
- Тўғрисини айтсам, ҳеч ким. Менга мана шу бир ярим гектарли ер топширилганидан кейин ўтириб қаерда нима бўлишини ўзим чизиб чиқдим. Спорт зал қаерда бўлади, тренажёр зали қаерда, футбол стадионини қаерга қурамиз - буларнинг ҳаммасини ўзим мияда пишитиб олгандим. Шу боис алоҳида архитекторга мурожаат қилмадим. Биласизми, одамнинг пули кўпайса қизиқишлари ошиб бораверар экан. Масалан, кимдир машинага, кимдир турли кийимларга, кимдир маза қилиб еб-ичишга қизиқади. Мен эса ёшлигимдан негадир қурилишга қизиққанман. Меҳнатдан асло қочган эмасман. Қурилиш менинг жону дилим дея оламан. Бу нарса менга отамдан ўтган. Менга қимматбаҳо кийимлар ёки машина керак эмас, буларга унчалик қизиқмайман. Аммо қурилиш бўлса бошқа гап. 

- Энди кўпчиликни қизиқтираётган яна бир саволни берсам. Бу мажмуага ном қўйиш масаласи.
- Тўғриси, спорт комплексига ном қўйиш борасида кўп ўйладик. “Янги авлод”, “Ёшлик”, сўнгра спортга оид номларни ўзимизча қўйиб қурдик. Лекин бирортаси менга маъқул келмади. Кейин Қўқон - хонлар шаҳри, “Худоёрхон” қўямизми деган фикрга ҳам бордим. Аммо танишларим кўп сиёсийлаштирма, оддий ном бўла қолсин деб маслаҳат беришди. Охири узоқ ўйланишдан сўнг ўғлим Аҳмадхонга атаб мажмуага “Аҳмадхон” номини бердим. Бу қандай бўлди? Бир куни қарасам ўғлим ўзи тенги болалар билан футбол ўйнаётган экан, шунда ўйланиб қолдим: ахир бу мажмуадан ўғлим тенгилар ҳам фойдаланади-ку, кел шунинг учун номи “Аҳмадхон” бўла қолсин дедим. Натижада оилавий тадбиркорлигимиз туфайли мажмуа қуриб битказилганидан сўнг ўғлимнинг номини бердик. 

- Мана, яқинда Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги спортимиз раҳбарлари келиб мажмуани расман очиб беришди. Энди буёғига қандай фаолият юритмоқчисиз?
- Ҳозирги кунда футбол билан биргаликда гимнастика тўгараги тайёр бўлиб қолди. Яқинда олдимга мураббийлар келиб гимнастика бўйича ёш қизларга дарс берсак бўладими деб сўрашди. Уларни эшитганимда фақат гимнастикани ўргатиб қолмай қизчаларнинг оёғини ортопедия йўли билан текислашга ҳаракат қиламиз дейишлари маъқул келди. Натижада уларга ортопедик махсус стол ҳам қўйиб бердим. 

Бадминтон, стол тенниси ҳам бўлади. Бундан ташқари, мен билганим шаҳримизда тўрт-бешта баскетбол гуруҳлари бор, фақат уларга баскетбол ўйнаш учун шароит, яхши заллар етишмаяпти. Насиб қилса уларни ҳам олиб келамиз. Ҳали дзюдочилар, бодибилдингчилар келади. Мен оч одамга ўхшаб бўлди мажмуа ишга тушди, энди буёғига фақат пул ишлайман демайман. Аввал спортчилар келиб кўрсин, шароитлар билан танишсин, майли бир-икки йил фойдаланишсин, агар ёқса ана ундан кейин гаплашамиз. Шунда ҳам мен ўз фойдамни кўзламайман, балки бу ернинг ҳам ўз сарф-харажатлари бўлади. Масалан, сувдан фойдаланиш, электр токи кетиши, майдон чимини янгилаш деганларидек. Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз. 

- Албатта, спорт комплексини қуриш бошланганидан то битгунича сиз билан елкама-елка турган кишилар ҳам бўлса керак. Агар хоҳласангиз, шундай одамларга ўз миннатдорчилигингизни билдиришингиз мумкин.
- Эслатиб жуда яхши қилдингиз. Мана шу ўтган уч йил ичида мен билан ёнма-ён туриб берган синфдошим Мубаширхон Саидовга шу фурсатдан фойдаланиб катта раҳмат айтаман. Мубаширхон ёшлигидан ҳунарманд бўлиб ганжкорликка қизиқди. Кейинчалик моҳир уста бўлиб етишди. Мана шу дўстим менга яқиндан жуда кўп ёрдам берди. Шу боис унга алоҳида миннатдорчилик билдириб қоламан.

- Шавкат ака, ажойиб суҳбат учун раҳмат. Сиздек спортни севадиган тадбиркорлар ҳар доим бор бўлсин. Кейинги ишларингизда омад ва ривож тилаб қоламиз.

Хайрулла Холиқов суҳбатлашди.


Рейтинг: +15   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика